Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Энди коррупция ҳолатлари тизимли таҳлил қилинади

Энди коррупция ҳолатлари тизимли таҳлил қилинади

Коррупциянинг илдизлари жуда олис тарихга бориб тақалади ва у билан барча миллат ва элатлар қадимдан курашиб келса-да, жамиятни бу касалликдан батамом халос этишнинг ҳамма учун бирдек мақбул воситаси топилмаган. Дунёда бирор бир мамлакат ўзида коррупцияга барҳам берилди ёки бўлмаса коррупция устидан ғалаба қозонилди деб айта олмайди. Энг жирканч жиноят сифатида коррупция инсоният билан ёнма-ён бўй кўрсатиб келмоқда.

Тўғри, айрим мамлакатлар коррупцияга қарши курашишда муайян ижобий натижаларга эришган бўлса-да, коррупциянинг олдини олиш, уни салбий таъсирини камайтириш жуда кўп омилларга боғлиқ бўлганлиги сабабли айрим мамлакатларда кўрилаётган чоралар етарли даражада самара бермаяпти.

Коррупцион жиноятларда пора олаётган ҳамда пора бераётган шахсларнинг манфаатлари уйғунлашганлиги сабабли кўп ҳолларда иккала томон ҳам бу ишни “ёпиқли қозон ёпиқлигича қолиши”ни истайди.

Коррупцион жиноятларнинг оқибатлари йиллар ўтганидан кейин ўнглаб бўлмас салбий иллатларини кўрсатади.    Масалан, “фалон пул” ёки “таниш-билиш” орқали тиббиёт олийгоҳига ўқишга кирган талаба эртага ўзимизни ёки яқинларимизни даволашини кўз олдимизга келтирмаймиз. Ҳайдовчилик гувоҳномасини сотиб олиб автомашина бошқараётган шахс бегуноҳ бир инсоннинг умрига зомин бўлишида ўша гувоҳномани пора эвазига қилиб берган шахс ҳам айбдор эканлигини ўйлаб ҳам ўтирмаймиз.

Булар кичкина мисоллар эди. Энди катта-катта қурилиш-муҳандислик ёки ишлаб чиқариш лойиҳаларига коррупция аралашган тақдирда келиб чиқиши мумкин бўлган фалокатларни тасаввур қилиб кўраверинг.

Бу каби ҳолатлар демократия ва қонун устуворлигига путур етказади, инсон ҳуқуқлари бузилади, амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасиз бўлади. Энг ачинарлиси жамиятда ўзаро ишонч йўқолиб, таназзул юзага келади.

Ўзбекистон тараққиётнинг янги босқичида бу иллатга қарши курашнинг энг самарали усулларини мужассам этган комплекс ёндашувда давлатимиз раҳбари томонидан 2020 йил 29 июнь куни имзоланган “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонни алоҳида эътироф этиш зарур.

Мазкур ҳужжат билан коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантирадиган ва амалга оширадиган, давлат органлари, оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти институтлари ва бошқа нодавлат сектор вакилларининг биргаликдаги самарали фаолиятини таъминлайдиган, шунингдек, мазкур соҳадаги халқаро ҳамкорликни амалга оширадиган махсус ваколатли давлат орган — Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлик ташкил этилди.

Таъкидлаш жоиз, бизда ҳозирда агентлик зиммасига юклатилган вазифаларни тизимли амалга оширадиган орган мавжуд эмас эди. Коррупциянинг олдини олиш, унга имкон яратиб бераётиган омилларни бартараф этиш борасидаги ишлар тизимли равишда амалга оширилмас эди. Корруцияга қарши курашадиган махсус ваколатли органлар кўп ҳолларда коррупцион жиноятларни фош этиш ва унинг оқибатларини бартараф этиш билан шуғулланиб қолаётган эди.

Халқимизда “касалликни даволагандан кўра, унинг олдини олган
яхши” деган нақл бор. Худди шундай коррупцион жиноят содир этилгандан кейин уни фош этиб, тергов қилгандан шу турдаги жиноятларнинг содир этилишининг олдини олиш мақсадга мувофиқдир. Яъни, коррупцияга қарши курашишда коррупциядан ҳимояланиш тизимини яратиш энг долзарб вазифа ҳисобланади.

Янги ташкил этилган Агентлик зиммасига юклатилаётган энг муҳим вазифалардан бири мамлакатда коррупция ҳолатини тизимли таҳлил қилишни таъминлаш, шунингдек, коррупцияга оид хавф-хатарлар юқори бўлган соҳалар ҳамда коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг сабаб ва шарт шароитларини аниқлаш ва уларни бартараф этиш юклатилди.

Бундан ташқари, Агентлик норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизаси самарадорлигини таъминлаш, шунингдек, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш, халқаро стандартларни ва илғор хорижий амалиётни жорий этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишга масъул этиб белгиланди.

Демократик ҳуқуқий жамиятда барча ижтимоий, шу жумладан шахс ва давлат ўртасидаги муносабатлар ҳам қонун билан тартибга солинишини ҳамда ҳар қандай ҳуқуқбузарликка қонун кучи билан билан қарши турилишини инобатга олсак, бу экспертизани самарали ўтказилишини ташкил этиш нақадар муҳим эканлигини англаб етамиз.

Қонун ҳужжатлари билан ҳуқуқни қўлловчиларга чегарасини аниқлаш имкони бўлмаган ваколатларнинг берилиши, ҳеч бир сабабсиз белгиланган муддатни чўзиш ёки қисқартириш имкониятининг назарда тутилиши, ҳуқуқни қўлловчилар томонидан ҳар хил талқин қилишга имконият яратадиган нормаларнинг мавжудлиги, жисмоний ва юридик шахсларга қонунда назарда тутилмаган ҳужжатлар, ахборотни тақдим қилиш мажбуриятининг юкланиши, органларга уларга тегишли бўлмаган ваколатларнинг тақдим қилиниши амалиётда коррупциоген вазиятларни келтириб чиқаради.

Тасаввур қилайлик, фуқарога қонунда назарда тутилмаган ҳужжатлар ёки ахборотни тақдим қилиш мажбурияти юклатилса, у ортиқча сарсонгарчиликлардан қутилиш мақсадида шу ҳужжатларни йиғиб тақдим этиш ўрнига ваколатли давлат хизматчисига моддий манфаатдорлик ваъда қилиб, ушбу мажбуриятдан озод қилиш билан “илтимос” қилишга ҳаракат қилади.

Ёки аксинча, қонунда ваколатларни амалга оширишнинг процессуал тартиби аниқ белгилаб берилмаса, ҳуқуқни қўлловчи уни ўзига мослаштириб билганича талқин қилади. Бунинг оқибатида давлат хизматчиси фуқарони моддий наф беришга мажбур қилиб қўйиши мумкин.

Шу сабабли Агентлик томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши самарали экспертизаси таъминланса, юқорида қайд этилган салбий ҳолатларга барҳам берилади.

Бир сўз билан айтганда, фармонда белгиланган вазифаларнинг ижроси коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини тубдан ошириш, коррупция ҳолатларининг сабаб ва шарт-шароитларини аниқлаш, уларни бартараф этиш имконини беради.

 

Шерзод ТЎХТАШЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати


Кўришлар сони: 112

Депутатлар минбари

Янгиликлар

08.07.2020
Хусусий бандлик агентликларига ишониш мумкинми? Соҳага оид қонунчилик такомиллаштирилмоқда

Бандлик. Аслида дунёнинг аксарият мамлакатлари учун ўта долзарб, айниқса, бугунги коронавирус панде...

06.07.2020
Аудиторлик ташкилотлари аудитнинг халқаро стандартлари асосида мустақил аудит ўтказади

Аудиторлик фаолияти мустақиллик, холислик, ҳалоллик, профессионал малакалилик ва махфийлик принципл...

04.07.2020
Ёшлар парламентининг вазифалари муҳокама қилинди

Бугунги кунда жаҳон парламентларида ёшларнинг ўрни қандай? Улар билан ишлашда қандай чоралар кўрилмоқда?...

Тадбирлар тақвими