Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш фаолияти мувофиқлаштирилади

Коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш фаолияти мувофиқлаштирилади

Бугун жаҳон сиёсатчилари, олимлар ва умуман, башариятнинг эртанги тақдирига бефарқ бўлмаган ҳар бир инсон томонидан терроризм, диний экстремизм, гиёҳвандлик, геосиёсий тўқнашувлар, экологик муаммолар, моддий ва маънавий инқирозлар қаторида коррупция ҳам энг хатарли воқелик сифатида тилга олинмоқда.

Таъкидлаш жоиз, коррупция жамиятни турли йўллар билан исканжага оладиган даҳшатли иллатдир. Мазкур иллат демократия ва қонун устуворлиги асосларига путур етказади. Инсон ҳуқуқларининг бузилишига олиб келади. Ислоҳотларга тўсқинлик қилиб, жамият тараққиётини ортга суради. Оқибатда ҳаёт сифати ёмонлашиб, одамлар хавфсизлигига таҳдид соладиган уюшган жиноятчилик, терроризм ва бошқа ҳодисаларнинг илдиз отиши учун шароит юзага келади.

Коррупция хозирги кунда трансмиллий ҳолат ҳисоблангани боис, бутун дунё ҳамжамиятига хавф туғдирмоқда. Бу иллатга қарши курашиш масаласи барча давлатларда энг долзарб масала бўлиб қолмоқда.

Қайд этиш жоиз, коррупция билан курашиш борасида бир қатор давлатлар ижобий натижаларга эришган. Бу борада  Финляндия, Дания, Янги Зеландия, Исландия, Сингапур, Швеция, Канада, Нидерландия, Люксембург, Норвегия, Австралия, Швейцария давлатлари тажрибасини мисол қилиш мумкин.

 Мазкур давлатлар ҳуқумати коррупцияни нафақат ички ва ташқи муаммо, балки миллий хавфсизликка жиддий хавф сифатида баҳолайди. Унга қарши курашиш тизими ҳал қилувчи жараёнли ва институционал чора-тадбирларга асосланган. Хусусан, Нидерландияда коррупцияга қарши курашиш борасида давлат хавфсизлиги тизими, яъни коррупцияга қарши курашиш борасида махсус полиция ташкил қилинган бўлиб, унга коррупция ҳолатларини аниқлаш борасида барча зарур ваколатлар берилган.

Шунингдек, экспертлар томонидан эталон сифатида тан олинган Жанубий Кореянинг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунига кўра, мамалакатда коррупцияга қарши курашишда ваколатли давлат органи сифатида Аудит ва инспекция қўмитаси белгиланган. Мазкур орган коррупция ҳолати бўйича келиб тушган ҳар қандай мурожаат бўйича тергов ҳаракатларни амалга ошириши мажбурдир.

Сингапур давлатининг тажрибаси ўзига ҳос ютуқлари билан ажралиб туради. Яъни, коррупцияга қарши курашиш сиёсатининг асосий ғояси — коррупция келиб чиқиши учун имкон берадиган омил ва сабабларни минималлаштиришга йўналтирилган. Бу борада коррупцияга қарши курашиш бир қатор тамойилларга асосланган. Хусусан, давлат хизматчилар меҳнатига ҳақ тўлашда хусусий секторда фаол ишлайдиган ходимлар иш ҳақига тенглаштирилган формулага асосланиш, давлат органлари мансабдор шахсларининг мулки, активлари ва қарзлари ҳақидаги йиллик ҳисоботларини назорат қилиш, юқори турувчи мансабдор шахсларга нисбатан коррупцияга оид ишларда қатъий талаблар ҳамда иқтисодиёт ривожланиши учун ғов бўладиган ортиқча маъмурий тартиб-таомилларни йўқ қилишдир.

Мамлакатимизда ҳам коррупцияга қарши курашиш масаласи сўнгги йилларда энг муҳим устувор йўналиш сифатида қаралиб, бу борада бир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилиниб, салмоқли ишлар олиб борилмоқда.

Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистоннинг 2008 йилда БМТнинг Коррупцияга қарши Конвенциясига қўшилиши – коррупцияга қарши курашнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришда муҳим қадам бўлди. 2017 йилда “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши – давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтларининг коррупцияга қарши куч ва имкониятларини бирлаштириб, яхлит тизимни яратиш имконини берди.

Бироқ шиддат билан ривожланаётган замонамизда рўй бераётган янгидан-янги ўзгаришлар, жамиятда яшовчи ҳар бир фуқаро билан давлат органлари ўртасида рўй берадиган муносабатлар шакли ва сони ошиб бормоқда. Бу эса, ўз навбатида, юқорида қайд этилган иллатга қарши курашиш борасида янгича механизмларга асосланган тизимни жорий қилишни тақозо қиляпти.

Бундан ташқари, амалдаги қонунчиликка мувофиқ коррупцияга қарши курашиш фаолиятини амалга оширувчи бир нечта давлат органлари бўлиб, коррупцияга қарши курашиш улар фаолиятининг бир йўналишларидан бири бўлган. Шунингдек, мазкур йўналишни яхлит, тизимли мувофиқлаштирувчи ваколатли давлат орган мавжуд эмас эди. Натижада коррупцияга қарши курашишни тўлиқ ўз зиммасига олувчи ва бу борадаги давлат сиёсатининг амалга оширилишига масъул бўлган давлат органи йўқ эди.

Куни кеча давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармон мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга самарали қарши курашиш борасида муҳим ҳуқуқий қадам бўлди.

Мазкур ҳужжат билан ташкил қилинган Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги юртимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантирувчи ва амалга оширувчи, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш фаолиятини мувофиқлаштирувчи, шунингдек мазкур соҳада халқаро ҳамкорликни амалга оширувчи махсус ваколатли давлат органи сифатида белгилаб берилиши юқорида қайд этилган муаммоларнинг бартараф қилинишида ва коррупцияга қарши курашишни ягона тизимлаштирилишига хизмат қилади.

Агентлик юртимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда мамлакатнинг имиджини мустаҳкамлаш ва унинг халқаро рейтинглардаги ўрнини ошириш бўйича тизимли чораларни амалга оширади.

Шу билан бирга, Агентлик Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг коррупцияга қарши курашишга масъул қўмиталари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг тегишли қўмитаси, халқ депутатлари вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар, туман ва шаҳар Кенгашларининг масъул комиссиялари билан ҳамкорлик қилиши белгиланди. Бу эса, ўз навбатида, Агентлик ўзига юклатилган вазифларни руёбга чиқаришда халқ вакиллари билан ўзаро узвий алоқасини таъминлаш билан бирга, коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олишга қаратилган давлат сиёсатини амалга ошириш борасида давлат ҳокимиятининг вакиллик органи ролини ошишига олиб келади.

Шунингдек, жойлардаги коррупциоген вазиятни тўғри баҳолаш орқали, коррупцияга қарши курашишга қаратилган дастурларнинг ишлаб чиқилишида депутатлик корпуси билан ҳамкорликнинг мустаҳкамланишига хизмат қилади.

Хулоса қилиб айтганда, мазкур ҳужжатнинг  ҳаётимизга кенг татбиқ этилиши мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш, унга қарши курашиш, давлат ва жамият қурилишининг барча соҳаларида коррупциоген омилларга чек қўйишда муҳим омил бўлади.

                                                          Дилмурод ИСМОИЛОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг

Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзоси


Кўришлар сони: 205

Депутатлар минбари

Янгиликлар

04.07.2020
Ёшлар парламентининг вазифалари муҳокама қилинди

Бугунги кунда жаҳон парламентларида ёшларнинг ўрни қандай? Улар билан ишлашда қандай чоралар кўрилмоқда?...

03.07.2020
Ўзбекистон — Туркия: Парламентлараро ҳамкорлик янада кенгаяди

Сўнгги йилларда Ўзбекистон-Туркия муносабатлари икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорлик шаклида...

02.07.2020
“Электрон шифохона” намунавий ахборот тизимини жорий қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди

2020 йил 2 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати...

Тадбирлар тақвими