Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Халқаро парламентаризм куни қачон?

Халқаро парламентаризм куни қачон?

Мана бир неча йилдан бери бутун дунё 30 июнь кунини “Халқаро парламентаризм куни” сифатида кенг нишонламоқда. Ушбу санани белгилаш тўғрисидаги қарор бундан икки йил муқаддам, 2018 йил 22 май куни БМТ Бош Aссамблеясининг 72-сессиясида 72/278-сонли резолюция орқали қабул қилинган эди.

Байрамнинг айнан 30 июнь куни қилиб белгиланиши бежиз эмас. Бу сана сайёрамиздаги энг кекса халқаро ташкилотлардан бири – Парламентлараро Иттифоқ тарихи билан чамбарчас боғлиқдир. 1889 йилда айнан шу куни Париж шаҳрида Парламентлараро Иттифоқнинг илк халқаро конференцияси очилган эди.

Тан олиш керакки, 21 асрга келиб парламентлар жамият ва давлат ўртасидаги муносабатларни таъминловчи муҳим институтга айланишга улгурди. Бугунги кунда жаҳон мамлакатларида парламентлар демократиянинг ажралмас қисми сифатида нафақат қонунчилик жараёнинг узлуксизлигини таъминлашда, балки вакиллик ҳокимияти принципини рўёбга чиқаришда ҳам катта ҳисса қўшмоқда.

Жумладан, Ўзбекистонда ҳам сўнгги йилларда мамлакатимиз қонун чиқарувчи олий органининг ўрни анча юксалди. Унинг фаолиятида тизимли ўзгаришлар, янгиланишлар рўй бермоқда. Шуниси қувонарлики, мамлакатимиз раҳбари ҳокимият вакиллик органлари фаолиятига катта эътибор қаратиб, улар билан доимий мулоқот қилиб келмоқда.

Чунончи, ҳар йили Президент Шавкат Мирзиёйев томонидан Олий Мажлисда Мурожаатнома эълон қилиниши ва шу асосда ижтимоий-иқтисодий ривожланишга оид Давлат дастури қабул қилиниб, унинг ижроси парламент томонидан назоратга олиниши фикримизнинг яққол далилидир. Шу пайтга қадар 3 марта, яъни 2017, 2018 ва 2020 йилларда Президент томонидан Олий Мажлисга Мурожаатномалар йўлланган бўлиб, уларда белгиланган вазифалар нафақат Олий Мажлиснинг, балки бутун депутатлар корпусининг фаолиятини тубдан ўзгартириб юборди.

Бугунги кунда Олий Мажлис мамлакатимизнинг миллий манфаатларини ҳимоя қилишга ҳамда илгари суришга асосланган ташқи сиёсий фаолиятнинг ҳам фаол иштирокчисига айланди. Сўнгги уч йилда Олий Мажлис Парламентлараро Иттиқоқ, МДҲ Парламент Aссамблеяси, ЕХҲТ Парламентлараро Aссамблеяси каби қатор нуфузли парламентлараро уюшмаларга аъзо бўлиб кирди. Шунингдек, Туркий тилли давлатлар Парламент Aссамблеясига аъзо бўлиб киришга тайёргарлик кўрмоқда.

Ишончимиз комилки, миллий парламентимиз халқ манфаатларини ифодаловчи демократик орган сифатида бундан кейин ҳам халқимиз фаровонлиги, Ватанимиз равнақи, юртимиз тинчлиги йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси бўлиб қолаверади.

 

Қодир ЖЎРАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг

Халқаро ишлар ва парламентлараро

алоқалар қўмитаси раисининг ўринбосари


Кўришлар сони: 76

Депутатлар минбари

Янгиликлар

04.07.2020
Ёшлар парламентининг вазифалари муҳокама қилинди

Бугунги кунда жаҳон парламентларида ёшларнинг ўрни қандай? Улар билан ишлашда қандай чоралар кўрилмоқда?...

03.07.2020
Ўзбекистон — Туркия: Парламентлараро ҳамкорлик янада кенгаяди

Сўнгги йилларда Ўзбекистон-Туркия муносабатлари икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорлик шаклида...

02.07.2020
“Электрон шифохона” намунавий ахборот тизимини жорий қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди

2020 йил 2 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати...

Тадбирлар тақвими