Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Инсон ҳуқуқлари — олий қадрият

Инсон ҳуқуқлари — олий қадрият

Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Чунончи, аҳолининг тўғридан-тўғри Президентга мурожаат этишини таъминлаш мақсадида Президент қабулхоналари ташкил этилди. Инсон ҳуқуқларини таъминлашга масъул бўлган ички ишлар, прокуратура, суд каби ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотлар фаолияти танқидий баҳоланди ҳамда инсон ва унинг манфаатлари олий қадрият тамойили асосида ишни янгитдан ташкил этиш бўйича топшириқлар берилди. Давлат ташкилоти ходимларининг, ўқитувчи ва ўқувчиларнинг мажбурий меҳнатига чек қўйилди. Инсон ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган 10 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Аммо қилинган ишларни етарли, деб ҳисоблаш ва хотиржамликка берилиш асло мумкин эмас.

Сўнгги вақтларда жамоатчилик орасида катта муҳокамаларга сабаб бўлган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг фуқароларга тазйиқи, раҳбарларнинг қўл остидаги ходимларни ҳақоратлаши, маҳаллий ҳокимият вакилларининг тегишли қонунчиликка зид ҳаракатлари каби масалалар бу соҳада қилишимиз лозим бўлган ишларимиз ҳали кўп эканлигидан далолат бермоқда.

Куни кеча Президентимиз томонидан имзоланган “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармон ва у асосида қабул қилинган миллий дастур, йўл харитаси, низом ҳам бу бўйича келгусидаги ишларимизнинг асосий йўналишларини белгилаб берди.

Ушбу Фармонда фуқаролик жамияти институтлари, парламент ва маҳаллий Кенгашларга алоҳида йўналишлар белгилаб берилгани муҳим масалага жамоатчиликнинг эътиборини янада кучайтириш механизми сифатида хизмат қилади. Жумладан, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларни бажариш соҳасида Президент ҳузуридаги Жамоатчилик палатаси ва фуқаролик жамиятлари институтлари билан самарали ҳамкорликни амалга ошириш белгиланган.

Шу билан бирга, парламент ҳузурида халқаро мажбуриятларга риоя этилиши бўйича парламент комиссиясини тузиш кўзда тутилмоқда. Аҳамиятлиси, мазкур Фармоннинг ҳар бир банди ижросини таъминлаш мақсадида вазирлик ва идоралар раҳбарларининг ахборотини ҳар чоракда эшитиш ва танқидий муҳокама қилиш вазифаси қўйилмоқда. Худди шу амалиётни ҳудудлар миқёсида маҳаллий Кенгаш сессияларида ҳам жорий этиш белгиланаётир.

Бу борада партия фракцияси ва маҳаллий Кенгаш депутатларимиз анча фаол бўлиши талаб этилади. Чунки адолатни, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш партиямизнинг ва унинг сайловолди дастурининг бош ғояси ҳисобланади.

Албатта, инсон ҳуқуқларини таъминлашда давлат мажбуриятлари билан бирга, фуқароларнинг ҳуқуқий маданияти ҳам етарли бўлиши лозим. Яъни инсон ўз ҳуқуқини талаб қилиб олиши учун, аввало, уни билиши лозим. Айни шу мақсадда партиямиз сайловолди дастурига таълим муассасаларида ижтимоий-гуманитар йўналишдаги ўқув предметларини оптималлаштириш ҳисобидан инсон ҳуқуқлари предметини жорий этиш масаласи қўйилган эди. Қувонарлиси, мазкур масала Фармонда ўз аксини топди. Жумладан, тегишли вазирликларга олий таълим муассасалари, кадрлар малакасини оширишга ихтисослаштирилган муассасалар, шунингдек, мактаблар ва касб-ҳунар таълими муассасаларида “Инсон ҳуқуқлари”, “Аёллар ҳуқуқлари” ва “Бола ҳуқуқлари” бўйича ўқув курслари (дарсликлари)ни жорий этиш бўйича таклифларни киритиш вазифаси юклатилди.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича етарлича сиёсий ирода, сиёсий қарорлар қабул қилинмоқда. Энди ижро этувчи тузилмалар томонидан уларни ҳаётга татбиқ этиш асосий масалага айланяпти. Инсон ҳуқуқлари ҳар бир инсон ва ўз ўрнида дунё ҳамжамияти эътиборидаги масала бўлгани туфайли унда арзимас ёки кичкина масаланинг ўзи бўлмайди. Чунки, қайсидир тузилманинг хатоси мамлакат имиджи тушиши, сиёсий иродага шубҳа қилувчилар пайдо бўлишига олиб келиши мумкин. Шундай экан, бу йўналишдаги ҳар бир вазифанинг ижроси сўзсиз таъминланиши лозим.

 

 

Наримон УМАРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари,

“Адолат” СДП фракцияси раҳбари


Кўришлар сони: 79

Депутатлар минбари

Янгиликлар

04.07.2020
Ёшлар парламентининг вазифалари муҳокама қилинди

Бугунги кунда жаҳон парламентларида ёшларнинг ўрни қандай? Улар билан ишлашда қандай чоралар кўрилмоқда?...

03.07.2020
Ўзбекистон — Туркия: Парламентлараро ҳамкорлик янада кенгаяди

Сўнгги йилларда Ўзбекистон-Туркия муносабатлари икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорлик шаклида...

02.07.2020
“Электрон шифохона” намунавий ахборот тизимини жорий қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди

2020 йил 2 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати...

Тадбирлар тақвими