Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Дунё келажаги ҳақидаги глобал муҳокамалар

Дунё келажаги ҳақидаги глобал муҳокамалар

Пойтахтимизда “Ўзбекистон ва БМТ: Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлидаги ҳамкорлик” мавзуида халқаро форум бўлиб ўтди.

Видеоконференц шаклида ташкил этилган анжуманда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Олий Мажлис Сенати аъзолари, Ўзбекистон Республикасида аккредитациядан ўтган халқаро ташкилот ва дипломатик ваколатхоналар ходимлари, шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти мутасаддилари, бир қатор хорижий экспертлар иштирок этди.

Маълумки, 1945 йил 26 июнь куни Сан-Франциско шаҳрида дунёнинг 50 мамлакати томонидан БМТ Низоми имзоланган. Жорий йилда ушбу муҳим ҳужжат қабул қилинганига 75 йил тўлди. Зеро, мазкур Низом кучга кирган 24 октябрь санаси жаҳонда БМТ ташкил топган кун сифатида қарши олинади. Бу саналар ҳар йили кўплаб давлатларда кенг нишонланади.

Таъкидлаш жоиз, 1945 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тинчлик, барқарор ривожланиш ва инсон ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш бўйича ялпи саъй-ҳаракатларни амалга ошириш мақсадида тузилди. Низомда БМТнинг тинчлик ва халқаро хавфсизликни сақлаш, инсон ҳуқуқларини қўллаб-қувватлашга содиқ эканлиги эътироф этилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев халқаро форум иштирокчиларига табрик йўллади. Уни Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева ўқиб эшиттирди.

Форумда БМТ Бош котиби ўринбосари, Ташкилот ташкил топганининг 75 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш бўйича махсус маслаҳатчиси Фабрицио Хохшильд, БМТ Бош котиби ўринбосари, БМТнинг Женевадаги бўлими Бош директори Татьяна Валовая, БМТ Бош котибининг махсус вакили, Марказий Осиёда превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари Наталья Герман, Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева, Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ директори Акмал Саидов ва бошқалар БМТнинг мамлакатлар тараққиёти, тинчлик ва фаровонлик таъминлаш йўлидаги ўрни ҳақида сўз юритдилар.

Дарҳақиқат, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низомда тақдим этилган ваколатлари ва ўзининг ноёб халқаро хусусиятидан келиб чиқиб, тинчлик ва хавфсизлик, иқлим ўзгариши, барқарор ривожланиш, инсон ҳуқуқлари, қуролсизлантириш, терроризм, гуманитар ва фавқулодда вазиятлар, гендер тенглик, бошқарув, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш каби XXI асрда инсоният олдида турган масалалар бўйича қарорлар қабул қилиши мумкин.

Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотига янги суверен, мустақил давлат сифатида 1992 йилнинг 2 мартида аъзо бўлди. Ушбу универсал халқаро ташкилотга кирганидан бери мамлакатимиз БМТ ва унинг турли йўналишларга ихтисослаштирилган ташкилотлари билан самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда. Кўп қиррали ўзаро муносабатларнинг асосий устуворлари — хавфсизлик,  замонавий таҳдидларга қарши курашиш, Афғонистонни барқарорлаштириш ва тиклаш, оммавий қирғин қуролларини тарқатмаслик, экологик муаммоларни бартараф этиш, жумладан, Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш, туризмни тараққий топтириш ва бошқалардир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясида иштироки Ўзбекистоннинг ушбу нуфузли ташкилот билан ўзаро муносабатларидаги тарихий босқич бўлди. Унда давлатимиз раҳбари томонидан халқаро ва минтақавий тинчликни мустаҳкамлаш, таълим, фан, маданият, экология, туризмни ривожлантириш ва бошқа йўналишларда кўплаб ташаббуслар илгари сурилди.

Ўзбекистон томонидан кейинги йилларда амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар халқаро миқёсда қўллаб-қувватланиб, БМТ Бош Ассамблеясининг “Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш”, “Маърифат ва диний бағрикенглик”, “Марказий Осиёда барқарор туризм ва барқарор ривожланиш” деб номланган учта махсус резолюциялари қабул қилинди. Ўзбекистон БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини қабул қилишга доир яна бир ташаббусни илгари сурмоқда.

Бугунги кунда БМТ олдида турган энг долзарб масалалар, шунингдек, Ўзбекистоннинг халқаро аренада ўсиб бораётган ролини муҳокама қилиш мақсадида мамлакатимиз “БМТнинг 75 йиллиги: келажакка назар” тадбирлар циклига қўшилди.

“БМТнинг 75 йиллиги: келажакка назар” цикли Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан ўзининг юбилей санаси муносабати билан эълон қилган “БМТ — 75” глобал ташаббусининг бир қисмидир. Бундан кўзланган мақсад “Дуч келинадиган муаммоларга қарамасдан қандай чоралар эзгу дунё қуришга хизмат қилади?” деган саволга жавоб топиш учун халқаро мулоқотни рағбатлантиришдир.

“БМТ — 75” ташаббуси ўқувчилардан тортиб юқори лавозимдаги раҳбарларгача, парламент аъзоларидан тортиб қишлоқ аҳолисигача, хуллас, барча даражадаги инсонларни муҳокамага жалб этишга қаратилган. Айниқса, бу борада ёшлар ва кўпинча фикрлари эшитилмайдиган ёки халқаро ишларда етарли даражада эътибор қаратилмайдиган аҳоли қатламлари ташаббусларига алоҳида аҳамият берилади.

Қайд этилганидек, Ўзбекистон томонидан ташкил этаётган онлайн муҳокамалар БМТнинг ушбу чақириғига муносиб жавоб ҳамда мамлакатнинг глобал ташаббусга қўшаётган ҳиссасидир.

Тадбир давомида Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик, юртимизда Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш натижалари, инсон ҳуқуқлари контекстида БРМни бажариш ишидаги хатарлар ва ечимлар кўриб чиқилди.

Якунда қайд этилганидек, иштирокчилар томонидан ишлаб чиқилган турли ғоялар 2020 йил сентябрь ойидаги дунё давлатлари етакчилари ва БМТ раҳбарияти муҳокамасига киритилади.

  

 

Сўз — халқаро форум иштирокчиларига

 

Акмал САИДОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ директори:

— Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги мамлакатимиз позицияси Умумжаҳон Инсон ҳуқуқлари декларацияси қоидалари, улардан келиб чиқадиган халқаро келишувларга асосланади. Мамлакатда амалга оширилаётган ҳуқуқий ислоҳотларнинг ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш институционал механизмларини яратишнинг муҳим босқичи бўлиб Вена декларацияси ва Ҳаракатлар дастури асосида 2020 йил 22 июнда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг миллий стратегияси қабул қилиниши бўлди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг миллий стратегияси Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган халқаро шартномаларда белгилаб берилган инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасида ягона ва мувофиқлаштирувчи сиёсатнинг самарали воситаси бўлишига шак-шубҳа йўқ.

Ўзбекистон БМТ билан барқарор ривожланиш масаласида узвий ҳамкорлик қилади. БМТнинг 2030 йилгача бўлган кун тартибини амалга ошириш мақсадида ҳукуматимиз томонидан Барқарор ривожланиш бўйича 2030 йилгача бўлган даврга мўлжалланган миллий мақсад ва вазифалар қабул қилинди, 16 та миллий мақсад ва 125 та вазифа тасдиқланди. Миллий мақсад ва вазифаларни имплементация қилиш бўйича “йўл харитаси” қабул қилинди ва мувофиқлаштирувчи кенгаш тузилди.

 

Фабрицио ХОХШИЛЬД,

БМТ Бош котиби ўринбосари, Тузилма ташкил топганининг 75 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш бўйича махсус маслаҳатчиси:

— Ҳақиқатан ҳам, бундан 75 йил аввал БМТ Низоми АҚШнинг Сан-Франциско шаҳрида имзоланган. Бугунги кунда тузилмамизга аъзо 193 та давлат бу ҳужжатдаги вазифаларни бажариб, қўллаб-қувватлаб, фаровонликка интилмоқда. Барча давлатлар бир-бирига боғлиқ. Улар ўртасидаги муносабатларни мувофиқлаштиришда ЬМТ алоҳида ўрин тутади. Масалан, айни пайтда дунёни безовта қилаётган COVID-19га қарши курашишда мамлакатлар саъй-ҳаракатларини бирлаштириш муҳим аҳамиятга эга.    

Ўзбекистонда кейинги йилларда бўлаётган ўзгаришлар, ислоҳотларни кўриб, кузатиб турибмиз. Мамлакатингиздан ўрнак олиши керак бўлган жиҳатлар тобора кўпайяпти. Айниқса, демократия, плюрализм масалаларида юртингиз тажрибасини ўрганиш мумкин. Ёки коронавирусга қарши курашишда давлатингиз тажрибасини  ўрганиш муҳим аҳамиятга эга.  Буларнинг бари Ўзбекистон БМТ Низомидаги мажбуриятларни аниқ бажараётганидан даракдир. Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон глобал даражадаги лидерга айланиш йўлида илдам боряпти.

Татьяна ВАЛОВАЯ,

БМТ Бош котиби ўринбосари, БМТнинг Женевадаги бўлими Бош директори:

— Мазкур форумда қатнашаётганимдан хурсандман. Чунки Ўзбекистонда кўп маротаба бўлганман ва уни жуда яхши кўраман. Мамлакатингиз кейинги пайтларда глобал аҳамиятга эга ташаббусларни илгари суряпти ва бу эътирофга лойиқ.

2030 йилгача Барқарор ривожланиш дастуридаги вазифаларни бажариш муҳим саналади. Олдимизда яна ўн йил муддат қолди. Бироқ дунёда кузатилаётган пандемия шароити кучларимизни янада бирлаштиришни талаб этяпти.

Ўзбекистон кейинги йилларда БМТнинг Женевадаги бўлими билан ҳамкорликни янада кучайтирмоқда. Мухожирларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида давлатингиз Халқаро миграция ташкилотига аъзо бўлди. Умуман, халқаро тузилмалар билан ҳамкорлик қачонгидан кучайган.

Мен ўз томонимдан Ўзбекистон амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга тайёрлагимни алоҳида айтмоқчиман.

 

Ҳелена ФРЕЙЗЕР,

БМТнинг Ўзбекистондаги доимий вакили:

— Ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш мақсадида Ўзбекистон БМТ ва унинг ихтисослаштирилган ташкилотлари билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар режаси (“йўл харитаси”)ни қабул қилди. Ташкилотнинг 75 йиллигини тантанали нишонлаш борасида ҳамкорликдаги тадбирлар режаси имзоланди.

Кўрсатилган “йўл харитаси” асосида 2021 — 2023 йиллар давомида БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияси ва Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди, деб эълон қилиш бўйича БМТ Бош Ассамблеясининг резолюциясини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш, БМТнинг  сайланадиган органларига, жумладан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгаш аъзолигига Ўзбекистон номзодини кўрсатиш борасида изчил фаолият амалга оширилади.

Умуман олганда, мазкур ташаббуслар Ўзбекистоннинг кўп томонлама муносабатларга содиқлигининг яққол намойишидир.

 

Абдулазиз КОМИЛОВ,

Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири:

— Сўнгги уч йил ичида бизнинг БМТ билан ҳамкорлигимиз сезиларли даражада фаоллашди. Олий даражада мунтазам мулоқотлар ўрнатилган ва давом эттирилмоқда.

Ўзбекистон БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига (БРМ) эришишга қатъий содиқдир. Мамлакатимизда амалга оширилаётган Ҳаракатлар стратегиясининг устувор йўналишлари БРМ билан тўлиқ мос келади. Президент Шавкат Мирзиёев БМТ Бош котиби Антониу Гутерришга йўллаган мактубида қайд этганидек, “икки ҳужжатни “инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган бош тамойил бирлаштиради”.

2018-2019 йилларда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан таклиф этилган Марказий Осиёда тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш, маърифат ва диний бағрикенглик, минтақавий туризмни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришга оид учта резолюция БМТ Бош ассамблеяси томонидан бир овоздан маъқулланиши Ўзбекистоннинг БМТ фаолиятига қўшаётган ҳиссасининг эътирофидир.

Ўзбекистон шу билан чегараланиб қолиш ниятида эмас. Бугунги кунда Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияни тайёрлаш ва келишиш бўйича музокаралар жараёнини бошлаш борасида фаол ишлар олиб борилмоқда. 2021-2023 йилларда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига Ўзбекистоннинг номзоди илгари сурилмоқда.

 


Кўришлар сони: 61

Депутатлар минбари

Янгиликлар

04.07.2020
Ёшлар парламентининг вазифалари муҳокама қилинди

Бугунги кунда жаҳон парламентларида ёшларнинг ўрни қандай? Улар билан ишлашда қандай чоралар кўрилмоқда?...

03.07.2020
Ўзбекистон — Туркия: Парламентлараро ҳамкорлик янада кенгаяди

Сўнгги йилларда Ўзбекистон-Туркия муносабатлари икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорлик шаклида...

02.07.2020
“Электрон шифохона” намунавий ахборот тизимини жорий қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди

2020 йил 2 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати...

Тадбирлар тақвими