Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Хавфсиз саёҳат кафолатланади: Ўзбекистон буни қандай амалга оширмоқчи?

Хавфсиз саёҳат кафолатланади: Ўзбекистон буни қандай амалга оширмоқчи?
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, бугунги мураккаб жараёнда иқтисодиётни пандемия шароитида барқарор ишлашга мослаштирган, аҳолининг яратувчанлик қобилиятини тўғри йўналтирган мамлакатларгина катта йўқотишларга дуч келмаслиги мумкин. Бу борада Ўзбекистонда ҳам имкониятлар етарлича. Айниқса, туризмни ривожлантириш орқали салмоқли натижаларга эришиш мумкин. Бу билан нафақат соҳанинг ўзи, балки унга хизмат кўрсатувчи умумий овқатланиш, транспорт, чакана савдо каби йўлдош тармоқларда ҳам иш жойлари ташкил этилади.

Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 19 июндаги “Туризм соҳасини санитария-эпидемиологик хавфсизликнинг кучайтирилган режими талабларига қатъий риоя қилган ҳолда ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳам юқоридаги мақсадларга хизмат қилади.

3 та аэропорт “Очиқ осмон” режимига ўтади

Қарорга мувофиқ, 2021 йил 1 январдан 2023 йил 31 декабрга қадар меҳмонхонага берилган тоифа сақланган тақдирда, тегишли йил якунига кўра улардан тоифаси учун ундирилган йиғим суммасининг 50 фоизи ўзларига қайтарилади. Ушбу имтиёз орқали 29 та тоифага эга меҳмонхонанинг 3 миллиард сўмга яқин маблағи ўз ихтиёрида қолиши кутилмоқда.
2020 йил 1 августдан бошлаб рейслар сони ва йўналишлари бўйича чекловлар бекор қилиниб, хорижий авиакомпанияларга бешинчи даражадаги ҳаво эркинлигини назарда тутувчи “Очиқ осмон” режими “Андижон”, “Бухоро” ва “Урганч” халқаро аэропортларида халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ жорий этилади. Бу эса, ўз навбатида, юртимиз аэропортларининг жозибадорлигини янада ошириб, минтақадаги “хаб” аэропортларга айланишига замин яратади.
Яна бир жиҳат: бугунгача халқаро парвозлар икки томонлама битим асосида амалга оширилган. Яъни, дейлик, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” АК Туркияга иккита авиарейсни амалга оширадиган бўлса, улар ҳам шунча миқдорда рейсларни йўлга қўйиши мумкин эди. Эндиликда юқоридаги қарор билан бундай чекловлар олиб ташланиб, халқаро авиакомпаниялар “Очиқ осмон” режими жорий этилган халқаро аэропортларга доимий қатновларни амалга ошира олади.
Қарор билан инвесторлар 2023 йил 31 декабрга қадар янги дор йўлларини қуриб фойдаланишга топширса, харажатларининг бир қисми Туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан қопланади. Бунда ҳар бир 500 метр йўл учун 1 миллиард сўмгача маблағ ажратилади. Худди шундай, туристик зона ва қишлоқ жойларда тадбиркорларнинг намунавий лойиҳалари асосида енгил конструкцияли ўтовлар, контейнерлар, сендвич панелларни қуриш харажатларининг бир қисми ҳам Давлат бюджети ҳисобидан қопланади. Бунда ҳар бир жой учун 5 миллион сўмгача миқдорда маблағ ажратилади.

Энди гидлар ҳам ўзини ўзи банд қилган фуқаро саналади

Маълумотларга кўра, ҳозирги кунда юртимизда сертификатга эга минг нафардан зиёд гид фаолият юритади. “Туризм тўғрисида”ги қонунда гидларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари кафолатларган бўлса-да, иш билан бандлик, иш стажи ва пенсия ҳисоби масалалари очиқ қолаётган эди. Эндиликда, гид (гид-таржимон), экскурсия етакчиси ва йўриқчи-йўл бошловчилар ўзини ўзи банд қилган шахслар рўйхатига киритилиши ҳам уларга катта имкониятлар яратади. Хусусан, бу билан соҳага қизиқувчи ёшлар сони, чет тилларини, мамлакатимиз тарихини ўрганишга бўлган талаб ортади.

Ўзбекистонда ҳам нодавлат музей ва галереялар иш бошлайдиган кунлар яқин. Чунки мазкур қарорга асосан, 2020 йил 1 июлдан 2023 йил 1 июлга қадар нодавлат (хусусий) музейлар, бадиий галереялар ва ҳунармандчилик марказларининг асосий фаолият тури бўйича фойда солиғи, мол-мулк ва ер солиқлари ҳамда айланмадан олинадиган солиқ ставкалари белгиланган миқдорга нисбатан 50 фоизга камайтирилади. Бу, албатта, хизматлар бозорида янги турларнинг пайдо бўлиши ва соғлом рақобатга имкон яратади.

Туристларга пул тўланади. Нега?

Албатта, юртимизга келаётган сайёҳларнинг саломатлигини асраш ҳам долзарб масала. Ана шу мақсадда “Ўзбекистон. Хавфсиз саёҳат КАФОЛАТЛАНГАН” (“Uzbekistan. Safe travel GUARANTEED”) санитария-эпидемиологик хавфсизлик тизими жорий этилмоқда.

Туроператорлар томонидан хорижий туристларга хизмат кўрсатиш карантин даврида фақат ушбу тизимнинг хавфсиз объектлари реестрига киритилган туризм ва ёндош инфратузилма объектларида ташкил қилинади. Туристларга хизмат кўрсатувчи объектларда тизим мажбурий тартибда жорий этилади.

Шунингдек, қарорга мувофиқ, дунёда биринчи марта Ўзбекистонда янги амалиёт жорий қилиняпти. Яъни, Ўзбекистон ҳудудида ташкил этилган саёҳат давомида хорижий туристлар коронавирус (COVID-19) инфекциясини юқтириб олган тақдирда, уларга 3 минг АҚШ доллари миқдорида компенсация тўлаб берилади.

Чегараларда “Fast track” хизмати жорий этилади

“Заҳириддин Муҳаммад Бобур” номидаги халқаро аэропортга хуш келибсиз!” Яқин келажакда Андижонга борсангиз, аэропортда сизни ана шундай калом билан кутиб олишади. Гап шундаки, юқоридаги қарор билан “Андижон” халқаро аэропортига “Заҳириддин Муҳаммад Бобур” номи берилди. Мамлакатимизнинг бошқа халқаро аэропортларини номлаш учун оммавий танлов эълон қилинади.

Қарор билан сайёҳларга чегаралардан ўтиш жараёнида максимал қулайликларни назарда тутувчи кўплаб янгиликлар жорий этилмоқда. Жумладан, 2021 йил 1 январдан бошлаб “Ғишткўприк” ва “Хайратон” халқаро назорат-ўтказиш пунктларида мавжуд инфратузилма доирасида чегарадан тезкор ўтиш механизмлари — “Fast track” хизмати жорий этилади. У пуллик асосда амалга оширилади.

Бундан ташқари, Aйдар-Aрнасой кўллар тизими, Тўдакўл кўли ҳудудида туристик зона, Зомин туманида умуммавсумий, қишки ва ёзги дам олиш масканлари ташкил этилади. “Пиёда туристик маршрут”, “Ўзбекистон — умидли ва шифобахш замин” (“Uzbekistan — hope and healing land”), “Clean&Eco” лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилган.

Умуман олганда, мазкур ҳужжатда туризмни ривожлантириш мисолида бугунгидек мураккаб шароитларда ишлаш кўникмасини шакллантириш, кам ресурс ва маблағ сарфлаб, кўпроқ натижага эришиш ва бу орқали аҳолини барқарор даромад билан таъминлаш бўйича яна кўплаб чора-тадбирлар ўрин олган. Уларнинг ижроси тадбиркорларга, аҳолининг кенг қатламларига янги фаолият турлари билан шуғулланиш, янги сайёҳлик маршрутларини очиш, “Туризм маҳалласи”, “Туризм қишлоғи”, “Туризм овули” орқали янги иш ўринларини ташкил этишга шароит яратади.

Жамшид ҚОСИМОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзМТДП фракцияси аъзоси

Кўришлар сони: 300

Депутатлар минбари

Янгиликлар

04.07.2020
Ёшлар парламентининг вазифалари муҳокама қилинди

Бугунги кунда жаҳон парламентларида ёшларнинг ўрни қандай? Улар билан ишлашда қандай чоралар кўрилмоқда?...

03.07.2020
Ўзбекистон — Туркия: Парламентлараро ҳамкорлик янада кенгаяди

Сўнгги йилларда Ўзбекистон-Туркия муносабатлари икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорлик шаклида...

02.07.2020
“Электрон шифохона” намунавий ахборот тизимини жорий қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди

2020 йил 2 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати...

Тадбирлар тақвими