Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Пенсия ислоҳоти капитал бозорини ривожлантиришда қандай ўрин тутади?

Пенсия ислоҳоти капитал бозорини ривожлантиришда қандай ўрин тутади?

Капитал бозорининг ривожланганлиги ва унинг иқтисодиётдаги улуши мамлакатдаги бозор муносабатларининг қай даражада тараққий топгани, хусусий мулк дахлсизлиги, инвестицион жозибадорлигини намоён этувчи асосий мезонлардан саналади. Бугунги кунда Ўзбекистонда капитал бозори ҳали ҳам шаклланиш жараёнида қолмоқда. Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, АҚШда капитал бозорининг ЯИМдаги улуши 157 фоиз, Қозоғистонда 5, Россияда, 32, Ўзбекистонда эса атиги 0,5 фоизни ташкил этади. Бу эса мамлакатимизда капитал бозорини ривожлантириш, инвестицияларни жалб этиш ва шу орқали иқтисодий ўсиш, аҳоли даромадларини ошириш, муносиб пенсия билан таъминлаш учун улкан имкониятлар мавжудлигини англатади.

Қайд этиш керак, юртимизда сўнгги йилларда капитал бозорини ривожлантиришга жиддий эътибор қаратилмоқда. Капитал бозорини ривожлантириш агентлигининг ташкил этилиши ва мазкур агентлик томонидан ушбу соҳадаги хорижлик етакчи компаниялар ҳамда мутахассислар билан ҳамкорликда 2020 — 2025 йилларда капитал бозорини ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқилаётганлиги халқаро бизнес ҳамжамияти тарафидан эътироф этиляпти. Агентликнинг мамлакатимизда ва хорижда инвестицион форумлар, тадбирлар ўтказиши натижасида хорижлик инвестиция компаниялари, молия ташкилотларининг капитал бозоримизни ривожлантиришга кўмак бериш ва сармоя киритишга бўлган қизиқишлари ортмоқда. Шу ўринда АҚШ Конгресси томонидан Ўзбекистонда капитал бозорини ривожлантиришга, шунингдек, мамлакатнинг молиявий ислоҳотларига кўмаклашиш мақсадида 1 млн. АҚШ доллари ажратиш масаласи ижобий ҳал этилаётганлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз.

АҚШнинг Securities and Exchange Commission (капитал бозори регулятори)нинг халқаро алоқалар департаменти бош директори ўринбосари, капитал бозорини ривожлантириш агентлигининг маслаҳатчиси Зивен Скот Бердвел мамлакатимизда капитал бозорини ривожлантириш учун аҳолининг бўш пул маблағларини “ёстиқ ортидан” чиқариб, капитал бозорларга йўналтириш орқали маҳаллий инвесторлар базасини шакллантириш ҳамда пенсия тизимини ислоҳ этиш энг муҳим омиллардан эканини билдирган.

Дарҳақиқат, пенсия тизими ислоҳотларини ўтказиш ва капитал бозорларини ривожлантириш ўртасида бевосита боғлиқлик мавжуд. Пенсия тизимидаги саъй-ҳаракатларнинг капитал бозорига ижобий таъсири бир қатор жиҳатларда яққол номоён бўлади.

Энг аввало, капитал бозорининг ҳажми ошади. Ислоҳотлар натижасида жамиятда жамғариш кўникмалари пайдо бўлади ва жамғармалар ҳажми кўпайиб боради. Пенсия фондларининг институционал инвестор сифатида шаклланиши натижасида капитал бозори ҳажми ошишига эришилади. Молия бозори иштирокчиларида молиялаштиришнинг янги манбалари пайдо бўлади.

Пенсия фондларининг капитал бозорларидаги фаол иштироки инвесторларга тақдим этиладиган маълумотларнинг тезкор ва сифатли бўлишига ундайди. Пенсия фондлари томонидан инвестор сифатида бундай маълумотларга эҳтиёжларининг юқори бўлиши ҳамда турли эмитентларнинг пенсия фондларининг талабларини бажаришга қаратилган саъй-ҳаракатлари инвесторларга тақдим этиладиган маълумотларни янги даражага олиб чиқади.

Пенсия фондларининг молиявий бозорда фаол иштирок этиши ҳамда молиявий инструментларга талабнинг юқори бўлиши қонун ижодкорлари ва бошқарув органлари томонидан капитал бозорига тааллуқли бўлган қонунлар ва норматив ҳужжатларни қайта кўриб чиқилишини талаб этади. Масалан, молиявий инструментларни эмиссия қилиш ва сотиб олиш жараёнларида солиқ қонунчилиги ва қимматбаҳо қоғозлар биржасида савдо механизмларини ислоҳ қилиш, инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид қонун ҳужжатларини такомиллаштириш барча капитал бозори иштирокчилари учун манфаатли бўлади.

Пенсия фондларининг қимматбаҳо қоғозларга эгалик қилиш ҳуқуқининг мавжудлиги улар томонидан сармоя киритилган компанияларда корпоратив бошқарув стандартларини яхшилашга эътибор кучаяди. Ўз навбатида, компаниялар ҳам пенсия фондаларидаги молиявий ресусларни жалб қилиш илинжида корпоратив бошқарувга алоҳида эътибор бериб, ўз компанияларини инвесторлар учун жозибадор қилиб кўрсатишга ҳаракат қилишади.

Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, пенсия тизимидаги ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш учун, энг асосийси, давлатнинг мазкур соҳани ислоҳ қилишда ўзининг танлаган йўли бўлиши лозим. Аҳоли ўртасида бўш пул маблағларини жамғариш, кўпайтириш ва сармоя киритиш кўникмаларини ошириш ва қонунчиликда инвестор манфаатларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилиши зарур бўлади.   

Умуман айтганда, мамлакатимизда режалаштирилаётган ижтимоий суғурта тизимини ислоҳ қилиш ҳамда уч поғонали пенсия тизимини шакллантириш бевосита капитал бозорини ривожлантиришга хизмат қилади.

 

Нодирбек ТИЛАВОЛДИЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг

Саноат, қурилиш ва савдо масалалари

қўмитаси раиси ўринбосари.

 


Кўришлар сони: 290

Депутатлар минбари

Янгиликлар

04.07.2020
Ёшлар парламентининг вазифалари муҳокама қилинди

Бугунги кунда жаҳон парламентларида ёшларнинг ўрни қандай? Улар билан ишлашда қандай чоралар кўрилмоқда?...

03.07.2020
Ўзбекистон — Туркия: Парламентлараро ҳамкорлик янада кенгаяди

Сўнгги йилларда Ўзбекистон-Туркия муносабатлари икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорлик шаклида...

02.07.2020
“Электрон шифохона” намунавий ахборот тизимини жорий қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди

2020 йил 2 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати...

Тадбирлар тақвими