Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Депутат сўрови ортида халқ манфаати ётади

Депутат сўрови ортида халқ манфаати ётади

Бугунги кунда парламент, депутат ва сенатор сўровларини юбориш билан боғлиқ масалалар 8 та қонун билан тартибга солинмоқда.

Хусусан, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида», “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида”ги Конституциявий қонунлар, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида”ги, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида»ги, «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида»ги, “Парламент назорати тўғрисида”ги қонунлар.

Юқоридаги қонунларга асосланиб Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан ўтган 5 йил ичида 856 та депутат сўрови юборилган.

Таъкидлаш лозимки, депутат сўрови айнан мансабдор шахс номига юбориладиган ҳужжат бўлсада, афсуски ўтган давр мобайнида ушбу парламент назорати шаклига мансабдор шахслар етарлича эътибор беришмаган. Масалан, 2019 йилда жами 242 та депутат сўрови муайян идоранинг биринчи шахси (раҳбари) номига юборилган бўлсада, уларнинг 175 тасига (72%) ўринбосарлар томонидан,
13 тасига (5%) қуйи ташкилот раҳбарлари ва 2 тасига (1%) умуман бошқа идора мансабдор шахслари томонидан жавоб хати берилган.

Шуни таъкидлаш жоизки, депутат сўровига жавоб хатини тегишли давлат органи раҳбарининг ўзи томонидан берилишини талаб қилиш – депутатларнинг иззатталаблиги деб баҳоланмаслиги лозим. Чунончи, депутат мансабдор шахсларга, тегишли сайлов округи сайловчиларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш билан боғлиқ масалалар юзасидан сўров юборади. Яъни ҳар бир депутат сўрови ортида халқ манфаати ётади.

Бироқ, таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, юборилган депутат сўровига тегишли мансабдор шахснинг ўзи эмас, балки қуйи турувчи лавозимлардаги бошқа шахслар томонидан жавоб берилиши натижасида, депутат сўровларига жавоблар сифатсиз, кўтарилган масалага юзаки ёндашув ҳамда саволларга аниқ жавобнинг йўқлиги каби ҳолатлар вужудга келмоқда. Бу эса, авваламбор сайловчилар манфаатини таъминлашга салбий таъсир кўрсатмоқда.

Айнан шунинг учун, жорий йилнинг январь ойида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг биринчи таъсис йиғилишида халқ вакилининг сўровига бундай беписандлик Президентимиз томонидан кескин танқид қилинган эди.

Мазкур масала юзасидан хорижий мамлакатлар тажрибаси ўрганилганда, аксарият мамлакатларнинг қонунчилигида парламент ёки депутат сўровига жавоб бевосита мансабдор шахс томонидан берилишини назарда тутувчи нормалар мавжудлиги аниқланди. Масалан, Россия, Грузия, Тожикистон, Беларусь қонунчилигида ана шундай нормалар мавжудлигини кузатиш мумкин.

Юқоридагиларга асосан, Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан қонун лойиҳаси ташаббус қилиниб, унда парламент, депутат ва сенатор сўровига жавоб хати, сўров кимнинг номига юборилган бўлса айнан ўша мансабдор шахс томонидан ёки унинг вазифасини бажариш юклатилган шахс томонидан имзоланиши тўғрисидаги мажбурий нормани жорий қилиш кўзда тутилмоқда.

Мазкур таклифнинг ҳаётга татбиқ этилиши депутатлик сўрови самарадорлиги ва аҳамиятининг ошишига, унинг натижасида сайловчилар манфаатини таъминлаш, пировардида сайловчиларнинг депутатга бўлган ишончини ортишига хизмат қилади.

 

Жаҳонгир ШИРИНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ

масалалари қўмитаси раиси


Кўришлар сони: 111

Депутатлар минбари

Янгиликлар

04.07.2020
Ёшлар парламентининг вазифалари муҳокама қилинди

Бугунги кунда жаҳон парламентларида ёшларнинг ўрни қандай? Улар билан ишлашда қандай чоралар кўрилмоқда?...

03.07.2020
Ўзбекистон — Туркия: Парламентлараро ҳамкорлик янада кенгаяди

Сўнгги йилларда Ўзбекистон-Туркия муносабатлари икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорлик шаклида...

02.07.2020
“Электрон шифохона” намунавий ахборот тизимини жорий қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди

2020 йил 2 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати...

Тадбирлар тақвими