Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Ногиронликни белгилашда сансалорлик бўлмайди

Ногиронликни белгилашда  сансалорлик бўлмайди

Бугун жамиятда тақдир тақозоси билан туғма хасталик ёки ҳаёт давомида орттирилган бирор оғир касаллик ва фавқулодда ҳолатлар туфайли меҳнат қобилиятини йўқотган инсонларга бўлган эътибор кучаймоқда.

БМТнинг ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясига мувофиқ, ногирон сўзи ўрнига “ногиронлиги бўлган шахс” атамаси татбиқ этилмоқда. Бу атаманинг киритилишида ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамият ҳаётида фаол иштирок этиши, ўз салоҳиятини намоён этиши учун зарур шароит яратишни мақсад қилинган. Маълумотларга кўра, бугун сайёрамизда салкам бир миллиардга яқин ногиронлиги бўлган шахслар ҳаёт кечирмоқда.

Давлатимиз раҳбари томонидан 2017 йил 1 декабрда қабул қилинган “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони бу борадаги ишларда муҳим ҳуқуқий асос бўлмоқда.

Ушбу ҳужжатда белгиланган чора-тадбирлар изчиллик билан ҳаётга татбиқ этилиши натижасида кейинги йилларда олтмиш тўрт минг нафар ёлғиз кексалар, пенсионерлар ва ногиронлиги бўлган шахслар уйида тиббий-ижтимоий хизмат билан қамраб олинди. Реабилитация техник воситалари ва протез-ортопедия буюмларига муҳтож бўлганларга юз минг дона шундай воситалар етказиб берилди. Тиббий-ижтимоий муассасаларда икки юз миллиард сўмдан кўпроқ қурилиш-реконструкция ишлари амалга оширилди.

Мамлакатимизда аҳолининг ушбу қатламини манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш, ногиронлиги бўлган шахсларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатишнинг барқарор тизими жорий этилган.

Жорий йил 2 март куни қабул қилинган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида” Фармонда жамиятимизнинг бошқа соҳалари каби бу йўналишда амалга ошириладиган устувор вазифалар белгилаб берилди. Бу чора-тадбирларни ҳаётга татбиқ этиш бизнинг зиммамизга ҳам катта масъулият юклайди. Аввало, замон талаби ва аҳоли эҳтиёжидан келиб чиқиб соҳанинг ҳуқуқий асосини такомиллаштириш долзарб аҳамиятга эга.

Таъкидлаш керак, “Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги янги таҳрирдаги қонун қабул қилинганига ўн тўрт йил бўлди. Мазкур қонунда ногиронликка асосан тиббий тушунча сифатида ёндошилиб, бундай инсонларнинг жамиятга фаол интеграциялашувини таъминлаш борасида ҳуқуқий асослар етарли акс эттирилмаган. Сўнгги йилларда соҳага янгича ёндошувлар кириб келмоқда.

Халқаро тамойиллар ва миллий қонунчилигимиз тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини кенг қамровда ҳимоялай оладиган янги қонун ишлаб чиқиш ва қабул қилиш зарурати юзага келди. Бугунги кунда парламент парламент қуйи палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги янги қонун лойиҳасида ана шундай устувор вазифалар ўз ифодасини топган.

Миллий қонунчиликда мавжуд бўлмаган “ногиронлик белгиси бўйича камситиш”, “ногиронлиги бўлган шахсларнинг нодавлат нотижорат ташкилотлари”, “протез-ортопедия буюмлари”, “абилитация”, “сурдотаржима”, “сурдотехник воситалар”, “тифлотехник воситалар” каби янги тушунчалар биринчи марта акс эттирилмоқда.

Ногиронлиги бўлган шахсларнинг тиббий-ижтимоий ҳимояси ҳақида гапирилганда, тиббий-меҳнат экспертиза комиссиялари (ТМЭК) томонидан ногиронликни белгилаш, ногиронликни қайта-қайта тасдиқлаш каби муаммолар эътирозларга сабаб бўлаётганини эшитамиз.. Амалдаги тартибда белгиланган муддатдан олдин тиббий кўрикдан ўтказиладиган касалликлар рўйхати тасдиқланмагани сабабли айрим ҳолларда ногиронлик белгилари аниқ кўриниб турган шахслардан ҳам ҳар олти ойда ёки йилига бир марта шифохоналарда даволаниш талаб қилинмоқда.

Мазкур муаммоларни ҳал этиш мақсадида ногиронликни белгилаш механизмларини ва унинг муддатларини, тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш юзасидан бир қатор янги нормалар қонун лойиҳасига киритилмоқда. Жумладан, ногиронликни белгилаш янги қонун лойиҳасида тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари ва ўн саккиз ёшгача бўлган болалар педиатрия тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари томонидан амалга оширилиши белгиланяпти. Бундан ташқари, ногиронлик белгилари яққол кўриниб турган беморларни ортиқча ташхис-текширувлари ўтказмасдан тўғридан-тўғри тиббий-ижтимоий эксперт комиссияларига юбориш тартиби киритилмоқда.

Фуқаронинг соғлиги тақазоси билан тиббий-ижтимоий эксперт комиссиясига боролмаслиги даволанаётган тиббий муассаса томонидан тасдиқланса, тиббий-ижтимоий экспертиза ушбу шахснинг уйида ўтказилишига рухсат берилмоқда.

Тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари ишини ташкил этишда керакли тиббий ускуналар билан жиҳозланган давлат тиббиёт муассасаларига бириктириб қўйилиши ҳам комиссия ишини тезлаштиришда муҳим ҳисобланади.

Қонун лойиҳасини такомиллаштириш жараёнида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги, Ўзбекистон Ногиронлар жамияти, Ногиронлар ассоциацияси каби бир қатор давлат ва жамоат ташкилотлар вакиллари иштирокида муҳокама ташкил этилди. Шунингдек, кенг жамоатчилик фикр-мулоҳазалари ва таклифлари асосида шу кунларда қонун лойиҳаси иккинчи ўқишга тайёрланяпти.

Бир сўз билан айтганда, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, уларни жамият ҳаётида фаол иштирок этишида муҳим омил бўлади.

 

Мухторжон ҲОЖИМАТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси


Кўришлар сони: 280

Депутатлар минбари

Янгиликлар

01.06.2020
Депутатлар Давлат бюджети ижросидан қониқдими?

Ҳисоб палатаси томонидан 2019 йилда бюджет маблағларининг бирламчи тақсимловчилари соҳага ажратилга...

01.06.2020
Давлат бюджетининг ижроси депутатлар муҳокамасида

2020 йил 1 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги...

30.05.2020
Ривожланишимизга нималар тўсиқ бўляпти?

Тадбиркорлар бугунги пандемия шароитида қандай фаолият кўрсатмоқда? Ҳукуматимиз томонидан кичик бизн...

Тадбирлар тақвими