Cайт ранги: A A


Депутат фикри

ЎзЛиДеП: Синовли кунларда четда турганимиз йўқ

ЎзЛиДеП: Синовли кунларда четда турганимиз йўқ

Бугун мамлакатимизда фаолият юритаётган сиёсий партиялар сайловчилар ишончини қандай оқламоқда? Қайд этиш керак, ҳозирги глобал шароит, мураккаб вазият улар зиммасига масъулиятли вазифларни қўймоқда. Ана шундай синовли кунларда партиялар, уларнинг парламент қуйи палатасидаги фракциялари аҳоли билан янада яқин бўлиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун нималарга аҳамият қаратишмоқда?        Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси, партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси раҳбари Актам ХАИТОВ билан суҳбатимиз шу хусусда бўлди.

 — Актам Аҳмадович, жорий йилнинг ўтган даври ЎзЛиДеПнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси фаолиятида қандай амалий ишлар билан ёдда қолди. Янги таркибдаги фракция билан ишни бошлаш қийин бўлмадими?

— Ташкилий масалаларни инобатга олмаганда депутатларимиз билан иш бошлаш қийин бўлмади, деб бемалол айтишим мумкин. Негаки, партиямиз томонидан халқ орасидаги энг муносиб инсонлар орасидан депутатликка номзодлар сараланган. Қолаверса, партия раҳбари сифатида сайловолди тарғибот-ташвиқот ишлари даврида имкон қадар барча номзодларимизни  жойига бориб қўллаб-қувватлаб, улар билан бевосита ҳамфикр бўлганлигим туфайли фракция фаолиятини ҳамжиҳатликда йўлга қўйиш осон бўлди.

Энди, бевосита қонунчилик ташаббусларига тўхталсам. “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, ўтган давр давомида Қонунчилик палатасида муҳокама қилинган 40 дан зиёд қонун лойиҳаларини маромига етказишда ЎзЛиДеП фракцияси депутатлари ўзларининг амалий таклифлари билан фаол иштирок этишди. 4 та қонун лойиҳаси депутатларнинг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилган бўлса, улардан биттаси фақат ЎзЛиДеП фракциясининг аъзолари ташаббуси билан, яна бири бошқа парламентарийлар билан биргаликда ишлаб чиқилган. “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида” ва “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонунлар шулар жумласидан.

Фракция томонидан шунингдек, Иқтисодиёт, Молия, Инновацион ривожланиш ва Инвестициялар ва ташқи савдо вазирликлари билан конструктив ҳамкорлик йўлга қўйилган. Ушбу вазирликлар фаолияти устидан самарали парламент назоратини амалга оширган ҳолда жорий йилнинг ўтган даври давомида 3 та очиқ эшитувлар ташкил этилди, давлат органларининг мансабдор шахсларига сайловчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш билан боғлиқ масалалар юзасидан 68 та депутатлик сўровлари чиқарилди. Депутат сўровларининг 64 тасига жавоб олинган бўлса, 4 тасининг муддати етиб келмаган. Мазкур сўровларнинг 50 таси вазирлик ва идоралар, бошқа марказий муассаса ва ташкилотларга ҳамда 18 таси маҳаллий ижроия ҳокимияти органларига юборилган.

Бундан ташқари, фракциямиз аъзолари томонидан парламент назоратини амалга ошириш борасидаги ишларга ҳам сифат жиҳатидан алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, ўтган давр мобайнида Қонунчилик палатаси мажлисларида “Ҳукумат соати” доирасида ҳукумат аъзоларини, шунингдек фракция йиғилишларида эса вазирликлар, давлат қўмиталари ва муассасаларнинг раҳбарларини эшитиш механизми жорий этилди ва у амалда самарали ишлаб келмоқда.

Бу йил мамлакатимиз учун оғир йил бўлди. Халқимиз бошига кўплаб синовлар тушди. Мана шундай шароитда ЎзЛиДеП томонидан аҳоли қандай қўллаб-қувватланмоқда?

— Дарҳақиқат, тақдирнинг кутилмаган синовлари мард ва танти халқимиз иродасини қайта-қайта синовдан ўтказди. Президентимиз раҳбарлигида дунёга кенг ёйилган офат ва унинг оқибатлари моҳияти, хавф-хатарини эл-юрт манфаатлари нуқтаи назаридан ўз вақтида тўғри баҳоланди ва тезкор чора-тадбирлар амалга оширилди. Давлатимиз раҳбарининг бир нечта мурожаатлари, қатор Фармон ва қарорлари билан ўз вақтида кўрилаётган жуда кенг кўламли, тиббий, ташкилий чоралар халқимизни коронавирус балосидан сақлаш ҳамда глобал пандемия келтириб чиқарган инқироз таъсирини мумкин қадар юмшатишга имкон бермоқда.

Албатта, халқимиз бошига тушган бундай оғир дамларда ЎзЛиДеП ҳам четда тургани йўқ. Чунончи, партиямиз томонидан кўрилган чора-тадбирларга мувофиқ, ходимлар масофавий иш тартибига ўтказилди, халқ депутатлари вилоятлар, туман ва шаҳар Кенгашларидаги ЎзЛиДеП депутатлик гуруҳи аъзоларидан иборат ишчи гуруҳ тузган ҳолда жамоатчилик назорати тартибида жойларда кенг кўламли ишлар олиб борилди. Хусусан, фракциямиз аъзоси, депутат А. Рўзметов Урганч шаҳридаги деҳқон бозорининг 2 та асосий дарвозаси олдига “Дезинфекция туннели”ни ўрнатди.

Аҳоли томонидан ўз томорқасидан самарали фойдаланишда уларга ҳар томонлама ёрдам бериш мақсадида партия фракцияси аъзолари ҳамда халқ депутатлари вилоят ва туман (шаҳар) Кенгашлари депутатлари, партия фаолларидан иборат ишчи гуруҳлар ташкил этилиб, улар томонидан барча ҳудудларда аҳолининг томорқалари ўрганилди ва амалий ёрдамлар кўрсатилди.

Жумладан, О. Отаханова томонидан Асака туманидаги “Озод” МФЙдаги эҳтиёжманд оилаларга 5000 туп помидор, 5000 туп бодринг, 5000 туп булғор қалампири кўчатлари етказиб берилди. Шу билан бир қаторда Шаҳрихон туманидаги 100 та оила 3 ой давомида оталиққа олинди. Депутат Б. Мирзамова томонидан Наманган шаҳрида 6 нафар фуқарога фойдаланилмаётган 30 сотих ер майдони экишга тайёрланди, Уйчи тумани “Қаҳрамон” маҳалласида яшовчи аҳоли вакилларига 10 минг туп помидор ва бодринг кўчатлари етказиб берилди. Маҳаллий кенгашдаги депутатларимиз ва партия фаолларимиз томонидан юртимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида шу кунга қадар 2 млн. 420 минг дона кўчатлар аҳолига беғараз етказиб берилди.

Булар ҳали ҳаммаси эмас. Карантин бошланганидан сўнг партиямиз фаоллари бўлган маҳаллий Кенгаш депутатлари, жамоатчилик асосидаги раис ва раис ўринбосарлари томонидан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига турли ҳомийлик ёрдамлари кўрсатиб келинмоқда. “Меҳр-шафқат ва саломатлик” жамғармаси, “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати фондларига ҳомийлик маблағлари ўтказиб берилмоқда. Хусусан, 15 мартдан то шу кунга қадар 19 млрд. сўмдан зиёд ҳомийлик ёрдамлари кўрсатилган.

Шу билан бир қаторда партиянинг Сирдарё вилояти Кенгаши раиси Улуғбек Сотиболдиев вилоятнинг Мирзаобод ва Ховос туманларида аҳолининг эҳтиёжманд қатлами турмуш даражасини яхшилаш мақсадида 2000 та оилага кўмак бериш ташаббусини билдирган бўлса, партия фаоли, сенатор Муртазо Раҳматов раҳбарлик қилаётган Бухородаги “BCT Cluster”, Қуйи Чирчиқ туманидаги “ТCT Cluster” кластерлари ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган 1025 та оилани уч ой давомида оталиққа олди. ЎзЛиДеП Тўрақўрғон тумани Кенгаши фаоли, “Денгиз Тулпори” фермер хўжалиги раҳбари Алимардон Бозоров 1100 та хонадонни озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлади.

Шунингдек, “МЕХМАШ” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Зокиржон Ходжаев томонидан “Тадбиркорлар саховат жамғармаси”га 130 миллион сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда Давлат санитария эпидемиология марказига 86 миллион сўмлик дезинфекция мосламалари хайр-эҳсон қилинди ҳамда “Саховат ва кўмак” ҳаракатига 350 миллион сўм миқдорида пул маблағлари ажратилди. Халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгашидаги ЎзЛиДеП депутатлик гуруҳи аъзоси, “Art soft tex” кластери раҳбари Олимхон Бабаханов Наманган шаҳри, Поп, Мингбулоқ ва Янгиқўрғон туманларида уч минг нафар оилани оталиққа олди. Бундай мисолларни яна жуда кўплаб келтириш мумкин.

Аҳамиятли томони, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, унинг парламентдаги фракцияси ҳамда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши Бухоро ва Сирдарёда содир бўлган воқеани эшитган заҳотиёқ, “ЎзЛиДеПнинг инсонпарварлик карвони” акцияси доирасида Сардобадаги сув омбори ўпирилишидан жабр кўрганларга турли озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошқа маҳсулотларни етказиб беришди.

— Бугун бутун дунёда озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи глобал кўриниш оляпти. Мамлакатимизда ушбу масалани ижобий ҳал этишнинг самарали чора-тадбирлари қўлланилмоқда. Айтингчи, партия томонидан бу борада қандай ишларга қўл урилди ва улар қанчалик даражада кутилган самарани беряпти?

— Биз тупроғига чўп суқса, униб-ўсадиган юртда яшаймиз. Демак, озиқ-овқат таъминоти ва хавфсизлиги масаласида халқимизнинг эҳтиёжини қондира олиш имконига эгамиз. Бунинг учун томорқамиздан унумли фойдаланишни ўргансак кифоя.

Бугун кафтдек томорқасидан миллионлаб даромад олаётганлар ҳам бор, афсуски, унумдор ердан фойдаланмаётганлар ҳам йўқ эмас. Бизнинг мақсадимиз аҳолининг ана шу қатламини жонлантириш, уларни ўз томорқасидан фойда олишга ундашдан иборат. Айни вақтда аҳоли бандлиги ва даромадини оширишнинг асосий манбаи бўлган томорқачиликка алоҳида эътибор қаратилаётганидан кўзланган мақсад ҳам шу аслида. Карантин даврида ҳам бу ҳаракатимиз бир сония бўлса-да, тўхтаб қолгани йўқ.

Президентимизнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, томорқачиликни ривожлантириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишидаги маърузасидан келиб чиқиб, ҳар бир ҳудудда халқ депутатлари вилоят ва туман (шаҳар) Кенгашлари депутатлари, партия фаолларидан иборат ишчи гуруҳлар ташкил этилди.

Ишчи гуруҳ томонидан, биринчи навбатда, фуқароларни “Уйда қолинг” лойиҳаси доирасида пандемияга қарши курашишда карантин даврида яшаш уйларида “олиб қолиш” бўлса, иккинчидан, деҳқон хўжаликлари, томорқа ер участкаларидан фойдаланиш самарадорлигини ҳамда юртдошларимизнинг реал даромадини оширишга эътибор қаратилди.

Агар таҳлилларга қарайдиган бўлсак, жорий йилнинг ўтган даврида аҳолининг ўз томорқасидан самарали фойдаланишига кўмаклашувчи ЎзЛиДеП ишчи гуруҳлари томонидан жами 50 мингдан зиёд хонадонларга кириб, уларнинг томорқаси ўрганилди. 10 минг нафар намунали томорқачилар иштирокида мастер-класслар ўтказилди. 20 мингга яқин кам таъминланган қаровчиси бўлмаган оилаларга илғор фермерлар бириктирилди. Кам таъминланган аҳоли хонадонларининг томорқаси учун 3 млн.дан ортиқ кўчатлар ҳомийлик асосида етказиб берилди. Мақсад битта — иқтисодий фойда кўриш билан бирга, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, халқ фаровонлигини оширишдан иборат.

— Парламент Ўзбекистонни ЕОИИга “кузатувчи давлат” бўлиб кириши тўғрисидаги қарорни қабул қилди. Очиғи, бу узоқ, қизғин муҳокама этилган масалалардан бири бўлди, дейиш мумкин. Бу мақом мамлакатимизга нима беради? ЎзЛиДеПнинг бу борадаги позицияси қандай бўлган?

— Парламентдаги кўп сонли фракция сифатида ЎзЛиДеП жаҳон иқтисодиёти тизимига фаол интеграциялашувга, савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга катта эътибор қаратади. Шу боис ушбу масалада сайловчиларимиз ва электорат манфаатларидан келиб чиқиб, аниқ позициямизни ишлаб чиққан эдик.

Таъкидлаш жоиз, биз чуқур таҳлил асосида Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлик масалаларида ижобий томонларни ва хавф-хатарларни баҳолаганмиз. Жойларда партиямиз ижроия аппарати, маҳаллий Кенгашлардаги депутатларимиз, партиямиз фаоллари, тадбиркор ва фермерлар билан маслаҳатлашиб, уларнинг фикр-мулоҳазаларини эшитганмиз.

Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлиги ҳудудларда ер ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга қаратилган янги технологик ёндашувларни қўллаш баробарида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтиришга хизмат қилади.

Аҳоли билан бўлган барча учрашувлар, телефон ҳамда интернет орқали ўтказилган умуммиллий ижтимоий тадқиқот сўровида қатнашганларнинг 53 фоизи Ўзбекистон ва ЕОИИ ўртасидаги ҳамкорлик чуқурлашишини маъқуллаган.

Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан ҳамкорлиги ижобий натижаларга олиб келиши мумкинлигини инобатга олиб, муносабатларнинг илк босқичида “кузатувчи давлат” мақомидан фойдаланган ҳолда иштирок этиш мақсадга мувофиқ, деган позицияни билдирганмиз.

Зиёда АШУРОВА


Кўришлар сони: 89

Депутатлар минбари

Янгиликлар

01.06.2020
Депутатлар Давлат бюджети ижросидан қониқдими?

Ҳисоб палатаси томонидан 2019 йилда бюджет маблағларининг бирламчи тақсимловчилари соҳага ажратилга...

01.06.2020
Давлат бюджетининг ижроси депутатлар муҳокамасида

2020 йил 1 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги...

30.05.2020
Ривожланишимизга нималар тўсиқ бўляпти?

Тадбиркорлар бугунги пандемия шароитида қандай фаолият кўрсатмоқда? Ҳукуматимиз томонидан кичик бизн...

Тадбирлар тақвими