Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Замонавий демократия ва инсон ҳуқуқлари мезонлари

Замонавий демократия ва инсон ҳуқуқлари мезонлари

Жорий йилнинг 20 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг биринчи йиғилишида парламентнинг устувор вазифалари тўғрисида тўхталиб, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда, халқаро ташкилотлар тавсиялари ижросини ташкил этиш, “йўл хариталари”ни ишлаб чиқиш ва ижро этиш ҳам Қонунчилик палатасининг диққат марказида бўлиши кераклигига алоҳида эътибор берган эдилар.

Шу муносабат билан, биринчи маротаба Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмиталарида, сиёсий партия фракциялари ҳамда  ялпи йиғилишида 2018-2019 йилларда Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларга риоя қилинишининг ҳолати юзасидан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан тайёрланган Ахбороти атрофлича кўриб чиқилди.

Бугунги кунда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари соҳасидаги 70 дан зиёд халқаро ҳужжатга, шу жумладан БМТнинг 6 та асосий ва 4 та Факультатив протоколига қўшилган ҳамда уларнинг бажарилиши юзасидан миллий маърузалар доимий равишда БМТнинг тегишли органларига тақдим этилмоқда.

Фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари халқаро ҳуқуқ нормалари билан уйғунлаштирилмоқда. Ўзбекистон қатор нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан қабул қилинган шартнома, битим ва конвенцияларга қўшилмоқда. Хусусан, 2017 – 2020 йиллларда Ўзбекистон Республикаси 7 та шартнома, 10 та битим, 7 та конвенция, 5 та устав ҳамда 5 та битим ва конвенцияга баённомани ратификация қилди, шунингдек, 6 та халқаро конвенция ва шартномага қўшилди. Уларнинг бажарилиши юзасидан БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ҳамда шартномавий қўмиталарига доимий равишда миллий маърузаларнинг тақдим этилиб борилаётганлиги, Ўзбекистонда  халқаро ҳуқуқ ва эркинликларини миллий қонунчиликка имплементация қилиш, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларни ривожлантириш ҳамда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда фуқаролик жамияти институтларининг ролини ошириш борасида бир қатор ижобий ишлар амалга оширилганлигини кўрсатмоқда.

Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларни амалга ошириш бўйича қатор қонун ҳужжатлари халқаро норма ва стандартлар асосида такомиллаштирилмоқда. Жумладан, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини амалга ошириш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси қабул қилинди. Кодексга ўнлаб янги норма ва қоидалар киритилиб, амалда бўлган айрим
тартиб-таомиллар бекор қилинди. Хусусан, Экологик ҳаракатга қўйилган квота бекор қилинди, ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятларни содир этган шахсларнинг сайловда иштирок этишини чекловчи нормалар чиқарилди, сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини юритиш тартиби жорий этилди.

Хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш механизмларини кучайтиришга қаратилган “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қабул қилинган Қонун билан давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгиланди. Хотин-қизларга нисбатан тазйиқлар ва зўравонликнинг олдини олиш, уларни аниқлаш, уларга чек қўйишнинг самарали ташкилий-ҳуқуқий механизмлари яратилди, тазйиққа дуч келган хотин-қизларга ҳимоя ордери бериш тартиби жорий этилди.

Маъмурий назоратнинг асосий принципларини белгилаш, жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган айрим тоифадаги шахслар томонидан ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олишга қаратилган “Жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган айрим тоифадаги шахслар устидан маъмурий назорат тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди.

Қонун ҳужжатларини инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги халқаро-ҳуқуқий нормалар билан уйғунлаштиришга ҳамда инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлашга қаратилган Ўзбекистон Республикасининг Фуқролик процессуал ва Иқтисодий процессуал кодекслари, “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги, “Хотин-қизлар
ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги, “Жабрланувчиларни, гувоҳларни ва жиноят процессининг бошқа иштирокчиларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги каби қонунлар қабул қилинди.

Бундан ташқари, халқаро мажбуриятларни бажариш ҳамда коррупцияга қарши курашиш тизими самарадорлигини ошириш мақсадида 2019-2020 йилларда коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат дастури қабул қилинди, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, жамият ва давлат манфаатларини самарали ҳимоя қилишга тўсқинлик қилувчи ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигини такомиллаштириш концепцияси тасдиқланди. Бунинг ёрқин мисоли сифатида тергов ўтказишда суд назоратини кучайтиришга қаратилган “Хабеас корпус” процедурасининг имплементация қилинаётганлигини келтириш мумкин.

Маълумки, мамлакатимизда виждон эркинлигига, турли конфессия ва диний ташкилотларнинг фаолият юритишига алоҳида эътибор берилади. Диний бағрикенглик тарафдори бўлган Ўзбекистоннинг диний эркинликлар бузилаётган “алоҳида ташвиш уйғотадиган” мамлакатлар рўйхатидан расман чиқарилиши ҳам юртимизда инсон ва фуқаронинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари таъминланаётганини, шу ерда яшовчи миллат ва элатларнинг этник-маданий ўзига ҳослиги сақланиб ривожлантирилаётганлигини билдиради.  Мазкур масалалар Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсий концепцияси ҳамда парламент томонидан тасдиқланган Дин ва эътиқод эркинлигини таъминлаш бўйича “Йўл харитаси”да ўз аксини топган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган муҳокамада инсон  ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон халқаро норма ижодкорлик жараёнининг фаол иштирокчиси сифатида янги халқаро шартномаларнинг ташаббускори бўлиб майдонга чиққанлиги, хусусан, 2018-2019 йиллар давомида Ўзбекистон томонидан инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари масалалари бўйича Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги ҳамда Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги пактларнинг бажарилиши бўйича миллий маърузалар тайёрланганлиги ҳам эътироф этиб ўтилди.

Шу билан бирга, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг миллий тизимини янада такомиллаштириш, бу соҳасидаги умум эътироф этилган қоидаларни ҳамда халқаро шартномаларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш борасидаги ишларни доимий равишда давом эттириш талаб этилмоқда.

Сўнгги йилларда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этиш ва уларни ҳимоя қилишнинг қонунчилик, таълим ва институционал асослари яратилди. Давлат раҳбарининг парламентга мурожаатномасида янги - “Жамият – ислоҳотлар ташаббускори” ғояси илгари сурилган эди. Зеро, ислоҳотларнинг самарадорлиги қонун устуворлиги, коррупцияга қарши қатъий кураш, институционал салоҳиятни юксалтириш ҳамда кучли демократик институтларни шакллантиришга боғлиқ.

Фуқароларнинг  ҳуқуқ ва эркинликлари ишончли ҳимоясини таъминлашга салбий таъсир кўрсатувчи тизимли муаммолар борлиги, ўз навбатида, демократик ислоҳотларни самарали амалга оширишга ва инсон ҳуқуқлари бўйича миллий моделнинг барқарор ривожланишига тўсқинлик қилмоқда. Бу борада Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро шартномаларидан, шунингдек, халқаро ва минтақавий ташкилотларнинг тавсияларидан келиб чиқадиган мажбуриятларни самарали бажаришга эришиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмини такомиллаштириш, инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантириш мақсадида Инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясининг қабул қилиниши устувор вазифа бўлиб турибди.

Бунинг учун қонунчилигимизни такомиллаштириш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг халқаро механизмлари, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар самарадорлигини баҳолаш, гендер тенглиги даражаси ва инсон ҳуқуқларига риоя қилишни ўлчаш индикаторлари, инсон ҳуқуқларини судда ҳимоя қилиш даражасини ўлчаш учун қиёсий кўрсаткичлар каби йўналишларда миллий ва халқаро тажрибани ўрганиш зарур.

Шу билан бирга, замонавий демократия тамойиллари ва инсон ҳуқуқлари мезонлари асосида фуқаролик, сиёсий, ижтимоий, иқтисодий, маданий ҳуқуқлар ҳамда глобаллашув ва ахборот технологиялари шароитида инсон ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этиш ва уларни ҳимоя қилишни таъминлашга доир кўрсаткичларнинг ишлаб чиқилиши давр талаби бўлиб қолмоқда.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси томонидан тегишли қарор қабул қилинди. Жумладан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг «2018 – 2019 йилларда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши ҳолати тўғрисида»ги ахбороти маълумот учун қабул қилиниб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасидаги сиёсий партияларнинг фракциялари ҳамда қўмиталарига “2018 – 2019 йилларда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши ҳолати тўғрисида”ги ахборотни ўз фаолиятларида эътиборга олиш тавсия этилди.

Шу билан бирга Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказига инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ўзбекистон Республикаси халқаро мажбуриятларининг бажарилиши борасидаги ишларда давлат органлари фаолиятига кўмаклашишни кучайтириш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилишининг ҳолатини мунтазам равишда мониторинг ҳамда таҳлил қилиб бориш каби вазифалар белгиланди.

Парламентда илк бор ташкиллаштирилган мазкур эшитув очиқ ва конструктив руҳда ўтказилди. Унда инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро ташкилотлар ва тузилмалар, хорижий мамлакатлар миллий институтлари билан ҳамкорликни янада жонлантириш, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномаларни миллий қонун ҳужжатларига имплементация қилиб бориш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқилди.

Гулруҳ АГЗАМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати


Кўришлар сони: 94

Депутатлар минбари

Янгиликлар

01.06.2020
Депутатлар Давлат бюджети ижросидан қониқдими?

Ҳисоб палатаси томонидан 2019 йилда бюджет маблағларининг бирламчи тақсимловчилари соҳага ажратилга...

01.06.2020
Давлат бюджетининг ижроси депутатлар муҳокамасида

2020 йил 1 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги...

30.05.2020
Ривожланишимизга нималар тўсиқ бўляпти?

Тадбиркорлар бугунги пандемия шароитида қандай фаолият кўрсатмоқда? Ҳукуматимиз томонидан кичик бизн...

Тадбирлар тақвими