Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Наврўзбек ЮСУПОВ: Халқимизга қилинган мурожаат жавобсиз қолмаслиги лозим

Наврўзбек ЮСУПОВ: Халқимизга қилинган мурожаат жавобсиз қолмаслиги лозим

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 3 апрель куни коронавирус пандемияси келтириб чиқарган инқирозга қарши курашиш шароитида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилишида яна бир бор халқимизга мурожаат қилди.

Муҳтарам Президентимиз ўз мурожаатида бутун дунё мураккаб вазиятни бошидан кечираётган бир даврда, мамлакатимизда эпидемиологик вазиятнинг жиловини қўлга олиш ҳамда аҳоли саломатлигини ҳар томонлама ҳимоя қилиш учун барча чоралар кўрилаётганини билдириб ўтди.

Мурожаатда Президентимиз Зангиота туманида 10 минг ўринли 2 та вирусология шифохонаси қурилаётганлиги ва яқин кунларда ушбу шифо масканларидаги 2 мингта ўрин ишга туширилишини билдирар экан, яна бугунги кунгача 245 мингта тест, 700 мингга яқин ҳимоя воситалари олиб келиниб, даволаш муассасаларига етказилиб, ишлар жадаллик билан амалга оширилаётганини қайд этди.

Шунингдек, коронавирусга чалинган юртдошларимизни даволаш учун хориждан тажрибали врач мутахассислар таклиф этилгани, айниқса, Жанубий Кореядан малакали шифокорлар келиб, беморларни даволаётгани ва яқин кунларда бир гуруҳ хитойлик мутахассислар ҳам етиб келиши билдирилди.

Юртбошимиз мурожаатида бу касаллик бутун дунёда тарқалаётган бир даврда, айрим давлатларда вазият оғир кечаётгани, касалликка қарши курашда барча чоралар кўришига қарамасдан, уни юқтириб олиш ҳолатлари кўпайиб бораётганини кузата туриб, мамлакатимизнинг барча фуқароларини бир мушт бўлиб, курашишга чақирди.

Бундай вазиятда Ватанимиз келажаги бўлган ёш авлодни уйда ўтказаётган ҳар бир дақиқа вақтини унумли ташкил этишини, китоб ўқиб, билимини янада бойитиб боришини айтиб, баркамол авлод бўлиб тарбияланишида бадантарбия ва жисмоний машқларни канда қилмасликка даъват этди.

Юзага келаётган ҳар қандай қийинчиликка қарамасдан, ўз хизмат бурчини виждонан бажараётган тиббиёт ходимларини ва барча фуқароларни фидойилиги давлат томонидан юксак қадрланишини таъкидлаб ўтди.

Пандемиянинг мамлакат иқтисодиётига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида ҳамда тадбиркорларни фаол қўллаб-қувватлаш учун яна бир муҳим Фармонлар қабул қилингани ҳам бу борада самарали иш ташкил этишга йўналтирилган муҳим чора эканини кўришимиз мумкин.

Ушбу Фармонлар билан бир қатор имтиёзлар берилмоқда.

Биринчидан, туристик ва меҳмонхона фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлар шу йил якунига қадар ер ва мол-мулк солиқларини тўлашдан озод этилиши билан бирга, ижтимоий солиқ ставкаси ҳозирги 12 фоиздан 1 фоизга туширилиши, ушбу имтиёздан соҳада хизмат кўрсатаётган мингдан ортиқ субъектлар фойдаланиш имкониятини таъминлайди.

Иккинчидан, карантин даврида ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган якка тартибдаги тадбиркорларга даромад солиғи ва ижтимоий солиқни ҳисоблаш тўхтатилиши қарийб 150 минг якка тартибдаги тадбиркорга катта кўмак бўлади.

Учинчидан, тушуми ўтган ойдагига нисбатан 50 фоизга камайган кичик бизнес субъектларига айланмадан олинадиган солиқ, ер солиғи, мулк солиғи, ижтимоий солиқ ва сув солиғини тўлаш муддати шу йил 1 октябрга қадар кечиктирилади.

Тўртинчидан, жорий йил 1 апрелдан бошлаб, юридик шахсларнинг табиий газ ва электр энергияси учун олдиндан тўлов мажбурияти амалдаги 100 фоиздан 30 фоизга туширилади.

Бешинчидан, Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан ёрдам бериш кўлами янада кенгайтирилади. Ҳозирги кунда тадбиркор олган кредит ставкаси 24 фоизгача бўлганда унинг 8 фоизини жамғарма қоплаб берар эди. Энди кредит ставкаси 28 фоизгача бўлганда ҳам унинг 12 фоизини давлат қоплаб берилиши таъминланади.

Бунинг учун тадбиркорларнинг 3 триллион сўмлик кредитлари фоизини қоплашга жамғармадан қўшимча 400 миллиард сўм йўналтирилиши ва жамғарма бир тадбиркорнинг фақатгина битта лойиҳасига кафиллик бериши бўйича чеклов бекор қилинади.

Олтинчидан, қийин аҳволдаги корхоналар, якка тартибдаги тадбиркорлар ва аҳолининг 12 триллион сўмлик кредит мажбурияти муддати узайтирилади.

Шунингдек, Президентимиз томонидан бугун қишлоқларда кўп иш жойларини ташкил этиб, энди оёққа тураётган пахта-тўқимачилик кластерларини молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича ҳам алоҳида қарорга имзо чекилди. Уларнинг 2019 йилда пахта етиштириш учун олган кредитларини қайтариш муддати 1 октябргача узайтириладиган бўлди.

Аҳолини, айниқса, унинг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш бўйича қатор чоралар белгиланаётгани, жумладан, шу йил якунига қадар ун, ўсимлик ёғи, гўшт ва сут маҳсулотлари, шакар, гигиена воситалари каби асосий истеъмол товарларини импорт қилишда божхона божи ва акциз солиғи ундирилмайдиган бўлгани ҳам жуда катта янгилик бўлди.

Шунингдек, жорий йил март-июнь ойларида муддати тугайдиган болали оилаларга нафақа, бола парваришлаш нафақаси ва моддий ёрдамларни тўлаш учун қўшимча мурожаат ва ҳужжатлар талаб этилмайди. Улар автоматик тарзда 6 ойдан 1 йилгача узайтирилади. Ушбу даврда бошқа муҳтож оилаларга ҳам шундай нафақалар тайинлаш давом эттирилади.

Бу чоралар орқали яна 120 мингдан зиёд кам таъминланган оилаларни қамраб олиниши ва карантин даврида ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга 18 турдаги асосий озиқ-овқат ва гигиена товарлари бепул етказиб берилиши таъкидланган.

Карантин даврида уй шароитида ривожлантириш мумкин бўлган фаолият турлари янада қўллаб-қувватланиши айтиб ўтилган.

Мамлакат раҳбарининг бундай вазиятда фуқароларнинг саломатлигини, юрт тинчлиги ва халқ фаровонлигини ўйлаб қилаётган ишлари, кўрилаётган чораларига жавобан барчамизга ўрнатилган тартиб-интизомга сўзсиз итоат этиш, ҳар биримиз бир тану бир жон бўлиб, бир мушт бўлиб бирлашишимиз лозим. Халқимизга куюнчаклик билан қилинган мурожаат жавобсиз қолмаслиги лозим.

Наврўзбек ЮСУПОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси депутати


Кўришлар сони: 205

Депутатлар минбари

Янгиликлар

26.05.2020
Ичимлик суви таъминотига бўлган эҳтиёж ошмоқда

Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзолари ҳисоботни кўриб чиқишда ижобий натижаларни эътироф...

26.05.2020
Фракция аъзоларининг эътирозларига нима сабаб бўлди?

Шунингдек, 2019 йилда 1,6 трлн. сўм миқдоридаги маблағ 992 та нодавлат мактабгача таълим муассасаларини...

26.05.2020
Қайси вилоятда ишсизлик даражаси юқори?

Таъкидланганидек, 2019 йил ҳолатига, аҳоли умумий даромадлари 344,7 трлн. сўмни ташкил этиб,...

Тадбирлар тақвими