Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Алишер ҲАМРОЕВ: Адвокатнинг сўзлашув ва ёзишмалари қачон, ким томонидан назоратга олинади?

Алишер ҲАМРОЕВ: Адвокатнинг сўзлашув ва ёзишмалари қачон, ким томонидан  назоратга олинади?

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан 2020 йил 24 март куни маъқулланган тегишли қонун билан «Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида»ги Қонуннинг 6-моддасига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар жамоатчилик томонидан кенг муҳокама этилмоқда.

Қонунларнинг оммавий ахборот воситаларида, ижтимоий тармоқларда муҳокама этилиши жуда қувонарли ҳолат. Ушбу ҳолат қонунларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш жараёнлари, шунингдек, уларнинг ижроси устидан жамоат назорати ўрнатилаётганининг яққол далилидир.

Аммо оммавий ахборот воситаларида ҳамда ижтимоий тармоқларда қонун ва қонун лойиҳалари муҳокамасида иштирок этиш учун кишида оз бўлса-да ҳуқуқий билим, тажриба ва малака талаб этади. Қонуннинг мақсади, вазифаси, энг муҳими, унинг тўлиқ матнидан хабардор бўлмасдан муҳокама қилиш, фикр билдириш, таъбир жоиз бўлса, шов-шув кўтариш унча яхши эмас.

Шу сабаб, ижтимоий тармоқларда тарқатилган бир мақоланинг сарлавҳасига эътиборингизни қаратмоқчиман: «Прокурор адвокатларнинг телефонини эшитишга санкция бериши мумкин. Адвокатлар бундан кескин норози».

Ижтимоий тармоқларимиздаги оломонга хос “фикрлаш фалсафаси”га кўра, кўпчилик сарлавҳани ўқибоқ, матнни тўлиқ “хатм” қилмасдан, ўзича хулоса чиқараверади. Мазкур мақолада ҳам, назаримда, худди шундай ҳолат юз берди. Яъни, одамлар «ҳар қандай прокурор, ҳар қандай адвокатнинг телефонини эшитишга санкция бериши мумкин экан», деган нотўғри ва асоссиз фикрга келди. Ваҳоланки, қонунда бундай норма белгиланмаган.

Хўш, аслида қонунда нима назарда тутилган? Адвокатнинг телефони қандай ҳолатларда эшитилиши, назоратга олиниши мумкин?

Ўзбекистон Республикасининг Жиноят процессуал кодексининг 170-моддаси ва «Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида»ги қонунининг 6-моддасига асосан, адвокатлик мақомига эга бўлган шахс, суриштирув, тергов ва суд қарорларида, гумон қилинувчи, айбланувчи ва судланувчи сифатида асослантирилган ҳолда қайд этилган тақдирда, унинг телефон сўзлашувлари санкция асосида эшитилиши, назоратга олиниши мумкин.

Демак, адвокатнинг телефонини санкция асосида эшитиш учун у жиноят иши бўйича асослантирилган важлар билан гумон қилиниши, айбланувчи ёки судланувчи бўлиши шарт.

Хўш, бундай санкцияни ҳар қандай прокурор бера оладими? Йўқ, албатта.

Юқорида номлари келтирилган қонун ҳужжатларининг нормаларига асосан, фақат ва фақат Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори, Қорақолпоғистон Республикаси прокурори, вилоят, Тошкент шаҳар прокурори ва уларга тенглаштирилган прокурорларгина санкция беришга ваколатлидир.

Бу ерда «уларга тенглаштирилган прокурорлар» деганда, «Прокуратура тўғрисида”ги қонуннинг 10-моддасига асосан, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокурори ва Ўзбекистон Республикаси Транспорт прокурори тушунилади. Демак, қонунга асосан, ҳар қандай прокурор ҳар қандай адвокатнинг телефонини эшитишга санкция беришга ваколатли эмас.

Шуни таъкидлаш лозимки, суриштирувчи ва терговчининг адвокатнинг телефонини эшитиш, назоратга олиш тўғрисидаги қарори етарли даражада асослантирилмаган бўлса, прокурор қарор юзасидан санкция беришни рад этишга ҳуқуқлидир.

Ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган қонун нормасида адвокатнинг телефонини эшитиш ёки назорат қилиш учун санкция берилиши мумкин бўлган ҳолатлар яққол акс эттирилган бўлиб, санкция берувчиларнинг ва санкция остига олинувчиларнинг доираси ҳам аниқ ва қатъий белгиланган.

Қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш давомида адвокатларнинг ҳуқуқларини чекловчи нормалар киритилмаган. Аввал, яъни амалда бўлган қонунда ваколати мавжуд бўлган прокурорнинг санкцияси асосида гумон қилинувчи, айбланувчи ва судланувчи сифатида қарорда белгиланган адвокатнинг телефонини эшитишга йўл қўйилган.

Шу ўринда масаланинг яна бир нозик жиҳатига эътибор қаратиш лозим. Ҳозир ахборот-коммуникация технологиялари ривожланган давр. Эндиликда, телефон қўнғироқлари билан бир қаторда, СМС-хабарлар, ижтимоий тармоқлардаги ёзишмалар шаклидаги узатмалар орқали ҳам мулоқотда бўлиб, жиноятлар содир этиш ҳолатлари учрамоқда. Матн шаклидаги маълумот узатилишларини эса, эшитиб бўлмайди. Шу боис, уларни назорат қилиш эҳтиёжи мавжуд. Қонундаги “эшитиш” деган тушунчанинг “назоратга олиш” билан алмашганининг сабабини шу билан изоҳлаш мумкин.  

Аммо Қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар қиритилиши натижасида илгари санкция, яъни, рухсат талаб этилмаган ҳолат — адвокатнинг телекоммуникация қурилмалари орқали узатиладиган хабарлари ва маълумотномаларини назорат қилиш учун ҳам санкция талаб қилинмоқда.

Ҳолбуки, аввал гумон қилинувчи, айбланувчи ва судланувчи сифатида қарорда белгиланган адвокатнинг телекоммуникация қурилмалари орқали узатиладиган хабарлари ва маълумотномаларини назорат қилиш учун санкция талаб этилмас эди. Қонунда адвокатнинг ҳуқуқлари, тергов ва суриштирув органларига бундай ҳолатларда санкция олиш мажбуриятини юклаш орқали кафолатланмоқда.

Ҳуқуқни яхши тушунган одам бу нормалар моҳиятини англашда қийналмайди. Яъни, мазкур нормалар, айрим юртдошларимиз талқин қилаётганидек, адвокатларнинг ҳуқуқларини чеклаш, улар фаолиятини асоссиз назоратга олиш эмас, аксинча, адвокат институти мустақиллигини янада мустаҳкамлашга қаратилган.

Алишер ҲАМРОЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати


Кўришлар сони: 399

Депутатлар минбари

Янгиликлар

08.04.2020
Депутатлар ўз сайловчиларига мурожаат билан чиқди

Инсоният тараққиётнинг ҳозирги кунига қадар жаҳоншумул ютуқларга эришди. Уларни бирма-бир санаш муш...

07.04.2020
Депутатлар жарималар оширилишига қарши овоз берди

Гап шундаки, мамлакатимизда кейинги пайтларда автотранспорт воситалари сонининг кескин ортиши йўлларда...

07.04.2020
Экотуризмни ривожлантириш — муҳим вазифа

Парламент қуйи палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида депутатлар томонидан “Ўзбекистон Республикасининг...

Тадбирлар тақвими