Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Мақсуда ВОРИСОВА: Жамиятимиз саломатлиги учун барча масъулиятли бўлиши керак

Мақсуда ВОРИСОВА: Жамиятимиз саломатлиги учун барча масъулиятли бўлиши керак

Соғлиқ, хотиржамлик инсонга ато этилган бебаҳо неъматлардан экани ҳақида кўп эшитганмиз, лекин бу ҳикматнинг мағзи, маъноси нақадар чуқур эканини энди тушуниб етаётгандекмиз. Бу неъматлар шундайки, уларни дунёдаги бойликларнинг бирортасига тенглаштириб ҳам, алмаштириб ҳам бўлмайди.

Бугунги кунда дунё мамлакатларининг биринчи даражадаги муаммоси ўз аҳолисини шиддат билан тарқалаётган коронавирус инфекциясидан ҳимоялаш, етказилиши мумкин бўлган талафотни имкон даражасида камайтириш бўлмоқда.

2020 йил 24 март ҳолатига COVID-19 дунёнинг 196 малакатида қайд этилди ва 378 мингдан ортиқ инсонни зарарлади. Касаллик кенг тарқалгани сабабли, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти уни пандемия деб эълон қилди.

Глобаллашув даврида жаҳондаги давлатлар иқтисодиёти бир-бири билан узвий боғлангани сабабли, касаллик тарқалиши оқибатида чегаралар ёпилиши, глобал ишлаб чиқариш занжири узилиши, савдо алоқалари издан чиқиши, нархлар кескин ўзгариши глобал инқироз шаклланишига асос бўлиши мумкин.

Хитой Халқ Республикасида 2019 йил декабрь ойида вирус тарқала бошлаган вақтданоқ Ўзбекистонда бу касаллик кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш, аҳолини иқтисодий инқирознинг асоратларидан ҳимоялаш бўйича чора-тадбирлар кўрила бошланган. 2020 йил 19 март куни давлатимиз раҳбарининг “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони имзоланди.

Унда аҳоли турмуши, юртимиз иқтисодиётига тааллуқли бўлган барча соҳалар тўлиқ таҳлил қилиниб, зарур чора-тадбирлар тўрт йўналиш бўйича белгиланган. Айниқса, аҳолини касалликдан ҳимоя қилиш учун аниқ режалар баён этилган.

Шу ўринда мазкур касаллик ҳақида қисқа маълумот бериб ўтиш жоиз, деб ўйлайман.

Коронавирус инсон организмига киргач, унинг барча аъзоларини, асосан ўпка ва овқат ҳазм қилиш тизимини шикастлайди. Касаллик, айниқса, иммун тизими сусайган кекса ёшдаги инсонларда оғир кечади ва оғир оқибатларга сабаб бўлади. Касаллик ўта юқувчанлиги сабабли ҳам хавфлидир. Унга қарши вакцина ҳам, махсус дорилар ҳам ҳозиргача мавжуд эмас. Шунинг учун ҳам Фармонида аҳоли орасида касаллик тарқалишининг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилган.

Ушбу ҳужжатга кўра, коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш ва бошқа глобал хавф-хатарлар даврида макроиқтисодий барқарорликни, иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш, ташқи иқтисодий фаолиятни рағбатлантириш, аҳолини самарали ижтимоий қўллаб-қувватлаш, мамлакат аҳолиси даромадлари кескин пасайиб кетишининг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузурида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда, 10 трлн. сўм миқдоридаги Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ташкил этилмоқда.

Бу маблағлар соҳалар бўйича аниқ тадбирларга тақсимланган. Коронавирус инфекциясининг тарқалишига қарши курашиш бўйича тадбирларни молиялаштириш учун алоҳида сумма белгиланиб, шу жумладан, 500 миллиард сўм соғлиқни сақлаш объектлари таъмирлаш, реконструкция қилиш, тиббий жиҳозлар харид қилиш учун сарфланиши мўлжалланган.

Юртимизда инфекция тарқалишининг олдини олиш учун бир қатор тадбирларга алоҳида маблағлар ажратилган. Хусусан, бунда маблағларни даволаш ва бошқа муассасаларни коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш учун зарур бўладиган дори воситалари ва тиббий буюмлар, ҳимоя воситалари ва тест тизимлари билан таъминлашга сарфлаш, хавф-хатар остида бўлган ёки вирус юқтирганлар билан мулоқотда бўлган шахсларни карантинда сақлаш билан боғлиқ харажатларни қоплашга йўналтириш кўзланмоқда. Шунингдек, коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишда иштирок этаётган тиббиёт ходимларини моддий рағбатлантириш, республика санитария-эпидемиология хизмати томонидан ҳимоя чораларини амалга ошириш харажатлари учун қўшимча маблағлар ажратиш режалаштирилмоқда. Юқумли касалликларни аниқлаш, профилактика қилиш ва даволаш бўйича тадбирларга жалб этилган даволаш ва бошқа муассасаларни қуриш, таъмирлаш, реконструкция қилиш ва жиҳозлашга йўналтириш кўзда тутилмоқда.

Ўзбекистонда коронавирусга қарши курашиш ишларига қарийб 5,5 минг нафар тиббиёт ходими жалб этилган. Уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаб, ойлик маошига қўшимча 120 фоиз устама тўлаш бўйича кўрсатмалар берилди.

Касалланганларни ўз вақтида аниқлаш ва профилактикага эътиборни кучайтириш, бунинг учун барча ҳудудий юқумли касалликлар шифохоналарини экспресс-тестлар билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда.

Айни пайтда эпидемиологик суриштирув ҳамда касаллик тарқалиб кетмаслиги учун барча профилактик чора-тадбирлар тўлиқ амалга оширилмоқда. Алоҳида рейслар билан хориждан келтирилаётган ватандошларимиз махсус тайёрланган дам олиш масканлари, санаторий ва шифохоналарга жойлаштирилиб, 14 кунлик назоратга олинмоқда. Яъни, давлат синовли кунларда фуқаролар олдида вазифасини масъулият билан бажариш учун астойдил интиляпти.

Бундай вазиятда барчамиз масъулиятли бўлиб, гигиена қоидаларига риоя қилиб, аввало, ўзимизнинг, шу аснода яқинларимизнинг ҳам саломатлигини ҳимоя қилишимиз талаб этилади.

Агарки, биз беэътибор бўлсак, атрофдаги ишларга лоқайдлик билан қарасак, вирус тарқалишига қарши олиб борилаётган ишларни янада қийинлаштирамиз. Вазият мураккаблигини унутмаслигимиз лозим. Карантин муддати қанча чўзилса, иқтисодий вазият ҳам шунча оғирлашади. Бу ижтимоий муаммолар янада кўпаяди, деганидир. Шунинг учун коронавирусдан, узоқ муддат хотиржамликни йўқотишдан ўзингизни ва яқинларингизни асранг. Ҳаммамиз шундай қилишимиз шарт.

 

Мақсуда ВОРИСОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 

Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси

 раиси ўринбосари


Кўришлар сони: 295

Депутатлар минбари

Янгиликлар

08.04.2020
Депутатлар ўз сайловчиларига мурожаат билан чиқди

Инсоният тараққиётнинг ҳозирги кунига қадар жаҳоншумул ютуқларга эришди. Уларни бирма-бир санаш муш...

07.04.2020
Депутатлар жарималар оширилишига қарши овоз берди

Гап шундаки, мамлакатимизда кейинги пайтларда автотранспорт воситалари сонининг кескин ортиши йўлларда...

07.04.2020
Экотуризмни ривожлантириш — муҳим вазифа

Парламент қуйи палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида депутатлар томонидан “Ўзбекистон Республикасининг...

Тадбирлар тақвими