Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Мавлудахон ХЎЖАЕВА: 2020 йилги Давлат дастуридаги вазифалар ижросини таъминлашга барчамиз масъулмиз

Мавлудахон ХЎЖАЕВА: 2020 йилги Давлат дастуридаги вазифалар ижросини таъминлашга барчамиз масъулмиз

Кейинги пайтларда муҳим ҳужжатлар, қонун лойиҳалари, Давлат дастурлари кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилмоқда. Жумладан, Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури лойиҳаси ҳам халқимиз муҳокамасига қўйилди. Жамоатчилик муҳокамаси доирасида уч мингдан ортиқ таклиф келиб тушди, улар асосида Давлат дастури лойиҳасига юзга яқин концептуал ва таҳририй ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 2 мартдаги Фармони билан мазкур дастур тасдиқланди.

Давлат дастури бешта устувор йўналишдаги 284 та банддан иборат бўлган муҳим тадбирларни ўз ичига олгани унинг кўлами нақадар кенг, белгиланган вазифалар салмоғи қанчалик катта эканини кўрсатади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳам 2020 йилга мўлжалланган иш режасини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида қуйи палата зиммасига юклатилган вазифалар ижросини таъминлаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлисга Мурожаатномаси, парламент палаталари қўшма мажлиси ва ташкилий йиғилишларида белгиланган вазифаларни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқди.

Бугунги кунда қуйи палата депутатлари томонидан давлат дастурининг давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш соҳасида белгилаб берилган бир қатор вазифалар ижросини таъминлаш борасида қизғин ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, «Электрон парламент» тизимини жорий этиш юзасидан белгиланган чора-тадбирлар режасига мувофиқ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатида фуқароларнинг интернет тармоғидаги мурожаатлари асосида парламент ва депутат сўровларини шакллантириш кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, депутатларни ўз сайловчилари билан боғлаш, шу жумладан, улар билан тўғридан-тўғри мулоқот олиб бориш, амалга оширилаётган ишлар, кўриб чиқилаётган ҳужжатлар ва сайловчиларни қийнаётган муаммоларни муҳокама қилиш имкониятини берадиган электрон портал ва мобиль иловалар ишга туширилади. Қонунчилик палатасининг расмий веб-сайти такомиллаштирилади. Унда фуқаролар томонидан депутатга электрон мурожаат юбориш ва фуқаролар билан қайта алоқа қилиш имкониятлари яратилади.

Дастурда «Mening fikrim» веб портали фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида, ушбу портал орқали электрон жамоавий мурожаат қилиш ва уларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги, шу жумладан, ташаббусларни кўриб чиқиш, қабул қилиш ва рад этиш жараёнининг шаффофлигини таъминловчи янги низомни ишлаб чиқиш, фойдаланувчиларга қулайлик яратиш мақсадида веб-порталнинг мобиль иловасини яратиш ва порталдан фойдаланиш тартибини соддалаштириш, келиб тушаётган мурожаатларни оммавий ахборот воситаларида депутатлар, мутахассислар, кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиш учун кўрсатув ва эшиттиришлар ташкил этиш назарда тутилмоқда.

Амалиётда шу нарса маълум бўлдики, баъзан парламент қуйи палатасига қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектлари томонидан пухта ишланмаган, яъни “хом” қонун лойиҳаларини ҳам тақдим этиш ҳолатлари кузатилди. Айнан мазкур масалага Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида ҳам алоҳида эътибор қаратилган эди. Шу нуқтаи назардан, дастурга кўра, қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектларининг қонун ижодкорлиги жараёнидаги ташаббускорлиги ва масъулиятини оширишга оид Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси тайёрланмоқда. Лойиҳада қонунчилик ташаббуси ҳуқуқини амалга оширишнинг аниқ тартибини белгилаш назарда тутилмоқда.

Дастурда белгиланганидек, эндиликда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида йил якунига кўра қабул қилинган ҳар бир қонун халқ томонидан қандай баҳоланганини ва унинг самарадорлик даражасини мониторинг қилиш ҳамда мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли чораларни кўриш амалиёти масъул қўмиталар томонидан амалга оширилади. Ҳар бир қонун юзасидан қўмитанинг тегишли хулосаси тайёрланади. Бу эса, ўз навбатида, қабул қилинган қонунлар қанчалик халқчил эканини баҳолаш имконини беради.

2020 йил 1 июлдан бошлаб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси мажлисларида давлат органлари ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг ўз фаолияти бўйича, шунингдек, Ҳукумат аъзолари ва тармоқлар раҳбарларининг Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадларини бажариш, илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисидаги ахборотларини мунтазам равишда эшитиш амалиёти йўлга қўйилади. Бу амалиёт парламент назоратини янада кучайтириш имконини беради.

Давлат дастурининг ижтимоий соҳани ривожлантиришга оид қисмида аҳоли бандлиги ва реал даромадларини изчил ошириш масалалари алоҳида вазиф қилиб белгиланган. Йил давомида мамлакатимизда камида 500 мингта доимий иш ўринлари яратиш, 40 минг шахсни меҳнат бозорининг реал эҳтиёжидан келиб чиқиб, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, 50 минг ўзини ўзи банд қилган шахсларни вақтинчалик меҳнат гувоҳномаси билан таъминлаш, 30 минг ишсиз аҳолининг бандлигини таъминлаш мақсадида Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасидан субсидия ва грантлар ажратиш белгиланган.

Президентимиз Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида таъкидлаганидек, республика аҳолисининг 12-15 фоизи ёки 4-5 миллион киши камбағаллик даражасида кун кечирмоқда. Йил дастурига кўра, жорий йил август ойига қадар Жаҳон банки, БМТнинг Тараққиёт дастури ва бошқа халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда Камбағалликни камайтириш дастури ишлаб чиқилади.

Таъкидлаш жоиз, Президентимиз раислигида 2020 йил 27 февралда ўтказилган видеоселектор мажлиси ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантириш орқали камбағалликни қисқартириш чора-тадбирларига бағишланган эди. Маълумки, камбағалликни камайтириш, аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш борасидаги ишларни тизимли ташкил этиш ва уни маҳалла даражасига тушириш мақсадида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташкил этилди. Маҳалла-туман(шаҳар)-вилоят-республика даражасида тадбиркорликни ривожлантириш ва камбағалликни камайтиришга масъул алоҳида ўринбосар лавозимлари жорий қилиниб, вертикал тизим яратилди. Шунингдек, Бош вазирнинг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари лавозими ҳамда Ҳукуматда алоҳида котибият ташкил этилди.

Вилоят ва туман (шаҳар) ҳокимларининг биринчи ўринбосарларига камбағалликни камайтириш вазифаси юклатилди.

Масаланинг долзарблигидан Ўзбекистон Республикасида камбағаллик даражасини қисқартириш ва қулай тадбиркорлик муҳитини шакллантириш умуммиллий ҳаракат сифатида белгиланди. Тегишли вазирлик ва ташкилотлар томонидан 2020 йил май ойига қадар халқаро стандартлар асосида камбағаллик даражаси ва уни баҳолаш мезонлари, шунингдек, жорий йил 1 сентябрга қадар бир қатор халқаро ташкилотлар билан бирга “2020-2030 йилларда Ўзбекистонда камбағалликни қисқартириш стратегияси” ишлаб чиқилади. Дастурга кўра, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тасарруфига ўтказилган 30 та коллеж базасида, шунингдек, Тошкент шаҳрининг ҳар бир туманида камида биттадан “Ишга марҳамат” мономарказлари ва касбга тайёрлаш марказларини ташкил этиб, уларда, биринчи навбатда, ишсизлар ва камбағал оилалар аъзоларининг тадбиркорлик асослари бўйича ҳамда касбга ўқитилиши таъминланади. Тадбиркорлик субъектларига молиявий ресурслардан, шу жумладан, микромолиялаштириш хизматлари ва давлат харидларидан фойдаланишда кенг имкониятлар берилади.

Қуйи палатанинг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси 2020 йилга мўлжалланган иш режасини айнан Давлат дастурида қайд этилган ижтимоий соҳани ривожлантиришга оид масалаларни инобатга олган ҳолда ишлаб чиқди. Бугунги кундаги ислоҳотларни ҳисобга олган ҳолда, қўмитага тегишли бўлган қонун ҳужжатларини ҳар томонлама инвентаризациядан ўтказиш ва таҳлил қилиш ишлари олиб борилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 мартдаги «2019 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш ва янги иш ўринларини ташкил этиш бўйича давлат буюртмаси тўғрисида»ги қарорининг ижро ҳолати Навоий ва Бухоро вилоятида назорат-таҳлил тартибида ўрганилди. Яқин кунларда ўрганиш натижалари қўмитанинг кенгайтирилган йиғилишида муҳокама этилади. Ҳозирда қўмитада айнан меҳнат муносабатларини тартибга солиш, аҳоли бандлигини таъминлашга оид қонунчиликни такомиллаштириш борасида қизғин иш олиб борилмоқда. Жумладан, “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишга тайёрланди. Айнан мазкур ҳужжатда юқоридаги масалаларнинг қонуний ечими, яъни ишсиз фуқароларни касбга ўқитиш, жамоат ишларига жалб қилиш, ўзини ўзи банд қилиш, меҳнат органлари томонидан ишсиз шахсларга кўрсатиладиган хизматлар, аҳолини иш билан таъминлаш каби тўғридан-тўғри ишлайдиган нормаларда очиб берилмоқда.

Қайд этиш жоиз, ногиронлик, дафн маросими, боқувчисини йўқотганлик бўйича нафақалар, иш пайтида майиб бўлганлик учун товон пули каби тўловларни қайта кўриб чиққан ҳолда, мазкур соҳадаги халқаро тажрибани ўрганиб, таҳлил қилиб, “Ижтимоий суғурта тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасига таклифлар тайёрлаш вазифасини ҳам мақсад қилганмиз.

Жорий йилдаги асосий ишимиздан бири бу – янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексини қабул қилиш. Бу борада ўтган йиллар давомида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан ҳамкорликда лойиҳани тайёрлаш жараёнларида кўп тадбирларни ўтказдик. Қисқа муддатларда мазкур кодекс Вазирлар Маҳкамаси томонидан Қонунчилик палатасига расман киритилади.

Бу йил назорат-таҳлил тартибида “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонун ижросини Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Хоразм вилоятида ўрганиш, фуқароларимиздан пенсия таъминоти юзасидан келган мурожаатларни ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижро этувчи директорининг “Фуқароларнинг пенсия таъминоти тизими самарадорлигини ошириш ва пенсионерларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида”ги ахборотини қўмита мажлисида эшитиш, тадбир якунлари бўйича мазкур соҳадаги қонунчиликни такомиллаштиришга оид таклифларни ишлаб чиқиш каби бир қатор вазифалар белгилаб олинди.

Йил давомида Давлат дастурининг ижроси бўйича парламент назорати кучайтирилади. Депутатлар томонидан ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш мақсадида ажратилган давлат бюджети маблағларининг тўғри ва самарали сарфланиши ҳудудлар кесимида ўрганилади. “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йилга мўлжалланган давлат дастури бажарилишининг бориши тўғрисида”ги ҳисоботини, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадларини бажариш бўйича ҳамда «Бандлик соҳасида давлат сиёсатини янада такомиллаштириш ва меҳнат органлари фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш масаласида олиб борилаётган ишлар тўғрисида»ги ахборотини қўмитанинг кенгайтирилган йиғилишларида эшитишни ҳам режалаштирганмиз.

Бир сўз билан айтганда, Давлат дастуридаги вазифалар аҳоли фаровонлигининг янада ошишига хизмат қилади. Биз – халқ вакиллари дастурда белгиланган ҳар бир банд ижроси юзасидан парламент назоратини ўрнатсак, белгиланган тадбирлар ўз муддатида сифатли бажарилади. Шундай экан, дастур ижросини таъминлашда барчамиз бирдек масъул эканимизни унутмаслигимиз лозим.

 

Мавлудахон ХЎЖАЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Меҳнат ва ижтимоий масалалар

қўмитаси раиси


Кўришлар сони: 349

Депутатлар минбари

Янгиликлар

08.04.2020
Депутатлар ўз сайловчиларига мурожаат билан чиқди

Инсоният тараққиётнинг ҳозирги кунига қадар жаҳоншумул ютуқларга эришди. Уларни бирма-бир санаш муш...

07.04.2020
Депутатлар жарималар оширилишига қарши овоз берди

Гап шундаки, мамлакатимизда кейинги пайтларда автотранспорт воситалари сонининг кескин ортиши йўлларда...

07.04.2020
Экотуризмни ривожлантириш — муҳим вазифа

Парламент қуйи палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида депутатлар томонидан “Ўзбекистон Республикасининг...

Тадбирлар тақвими