Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Экологик барқарорликни таъминлашнинг дастурий вазифалари белгилаб олинди

Экологик барқарорликни таъминлашнинг  дастурий вазифалари белгилаб олинди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси келгусидаги вазифалар ва мақсадларни рўёбга чиқаришда бош дастуриламал ҳисобланади. Хусусан, Президентимиз томонидан 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлисга йўлланган Мурожаатномада, парламент палаталари қўшма мажлиси ва ташкилий йиғилишларида белгилаб берилган устувор вазифалардан келиб чиқиб ишлаб чиқилган 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури кенг жамоатчилик томонидан атрофлича муҳокама қилинганидан сўнг тегишли соҳа мутахассислари ва экспертлар иштирокида чуқур таҳлил этилиб, қабул қилинди.

Давлат дастурида белгилаб берилган устувор вазифалар ижросини таъминлаш ва парламент назорати тартибида олиб борилаётган ишлар тўғрисидаги ахборотларини мунтазам равишда эшитиш тартибини доимий амалиётга татбиқ этиш барчамизнинг олдимиздаги муҳим вазифамиздир. “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида белгилаб берилган устувор вазифалардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2020 йилга мўлжалланган Иш режаси қабул қилинди.

Фармон билан тасдиқланган Давлат дастури 2020 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати фаолиятида барча шарт-шароитлар яратишга қаратилган бўлиб, у билан фуқароларнинг интернет тармоғидаги мурожаатлари асосида парламент ва депутат сўровларини шакллантириш, сайловчилар билан бевосита мулоқот қилиш мақсадида электрон портал ҳамда мобиль иловадан фойдаланиш имконини берувчи “Электрон парламент” тизими жорий этилмоқда.

Шу билан бирга, Қонунчилик палатасида йил якунига кўра, қабул қилинган ҳар бир қонун халқ томонидан қандай баҳоланганини, унинг самарадорлик даражасини мониторинг қилиш ҳамда мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли чораларни кўриш амалиёти шакллантирилаётгани фуқароларимизнинг бизга бўлган юксак ишончини мустаҳкамлаш билан бирга, олдимизга улкан масъулият ҳам юклайди.

Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси белгилаб берилган устувор вазифалардан келиб чиқиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фаоллигини ошириш мақсадида алоҳида чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиб, унда сайловолди учрашувларда аҳоли томонидан кўтарилган долзарб масалаларни ҳал этиш бўйича аниқ дастур ва “йўл харита”сини қабул қилди ҳамда уларни мутасадди идоралар билан ҳамкорликда тўлиқ амалга оширишни белгилаб олди. Ушбу ҳужжат қонун ижодкорлиги фаолияти бўйича жорий ва истиқболга мўлжалланган дастурларини ва илгари сурилаётган ҳар бир таклифни сайловчилар билан муҳокама қилиш тизимини йўлга қўйиш масалаларини назарда тутади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев қонунлар, Фармон ва қарорлар, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш жараёнини тубдан такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Ўтган уч йиллик янги ривожланиш даврида қонун ижодкорлиги фаолияти сифатини тубдан ошириш давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштиришнинг устувор йўналиши сифатида белгиланиб, туб ўзгаришлар амалга оширилди. Қонунларнинг мукаммаллигига эришиш, бундан кейин уларда тўғридан-тўғри амал қилувчи механизмларни жорий қилиш доимийлик касб этишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, қонунларни қабул қилиш жараёнида жамоатчиликнинг иштирокини таъминлаш қонунларнинг сифатли ва самарали бўлишининг энг муҳим гаровидир. Бу борада аҳолини қонун ижодкорлигига жалб этишга алоҳида эътибор берилмоқда. Бунда давлатимиз раҳбарининг ташаббусига билан ташкил этилган фуқароларнинг жамоавий электрон мурожаатлари бўйича “Meningfikrim.uz” веб-портали муҳим аҳамият касб этмоқда. Мазкур портал мамлакатимизда жамоатчилик ташаббусларининг оммабоп майдонига айланмоқда.

Давлат дастурида ижтимоий ривожланиш соҳасида диққатга молик вазифалар белгиланган. Улар орасида мажмуавий, тўғридан-тўғри амал қиладиган Экологик кодекс, “Экологик аудит тўғрисида”ги, “Сув таъминоти ва оқова хизматлар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси, “Ичимлик сув таъминоти ва канализация тизимини ривожлантириш концепцияси” каби ҳужжатларни ишлаб чиқишдек залворли вазифалар ҳам бор.

Албатта, ҳозирги глобаллашув жараёнида саноатнинг кескин тараққий этиши экология соҳасини қонунлаштириш, қонунларни эса, такомиллаштириб бориш, айрим амалдаги экологик қонунларни такомиллаштириш мақсадида уларни “кодекслаштириш” муҳим аҳамиятга эгадир. Бу борада Президентимиз 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида ҳукумат саноат ривожининг экологияга таъсирининг олдини олиш бўйича 2025 йилгача мўлжалланган комплекс чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқишини, шунингдек, нуфузли халқаро экспертларни жалб этган ҳолда, жорий йил 1 октябрга қадар Экология кодекси лойиҳасини ишлаб чиқиши лозимлигини қайд этган эди. Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси ҳамда Қонунчилик палатаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси ташаббуси билан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида қонунчилик базасини тизимлаштириб, Ўзбекистон Ресубликаси Экологик кодексини ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳи шакллантирилиб, дастлабки фаолият бошлаб юборилди.

Ўзбекистон Ресубликаси Экологик кодекси лойиҳасида экологияга оид қонунчилик базасини тизимлаштириш ҳамда уни кодификациялаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича ваколатли давлат органининг фаолияти устидан парламент ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилишда фуқаролар ва жамоат бирлашмаларининг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари, экологик назорат ва мониторинг турлари ҳамда уларни амалга ошириш, экологик экспертизани амалга ошириш тартиби, табиий ресурслардан фойдаланишга қўйиладиган талаблар назарда тутилади.

Давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга Мурожаатномасида “Ишлаб чиқариш жараёнини экологик назорат қилиш тизимини такомиллаштириш, экологик аудит ўтказиш тартибини қайта кўриб чиқиб, хусусий аудиторлик фаолиятини жонлантириш ҳам муҳим вазифадир”, деб таъкидлаганди. Белгилаб берилган устувор вазифалардан келиб чиқиб, “Экологик аудит тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонун лойиҳасини қабул қилиш борасида таҳлилий ишлар олиб борилмоқда. Мазкур қонун лойиҳасида хўжалик юритувчи суъектлар фаолиятини текширишларни, шу жумладан, Давлат экология қўмитаси органлари томонидан амалга ошириладиган текширишларни камайтириш, йирик хўжалик юритувчи субъектларнинг атроф табиий муҳитга таъсири даражаси ҳақида тўлиқ ва объектив маълумотларни жамлаш, республикада экологик аудит хизмат турининг янги бозорини ривожлантириш масалалари назарда тутилади.

“Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилиниши муносабати билан айрим қонун хужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда эса, соҳага оид амалдаги қонунларга атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш борасидаги тегишли қўшимча ва ўзгартишлар киритиш назарда тутилади.

Дарҳақиқат, давлат дастури юртимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларни халқ манфаатлари йўлида изчил давом эттириш баробарида, мамлакатимиз экологик барқарорлигини таъминлашнинг дастурий асосидир. Унда парламент қуйи палатаси мажлисларида давлат органлари ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг ўз фаолияти бўйича, шунингдек, Ҳукумат аъзолари ва тармоқлар раҳбарларининг БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларини бажариш, илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисидаги ахборотларини мунтазам равишда эшитиш тартиби амалиётга татбиқ қилиниши белгилаб берилган.

Албатта, партия фракцияси ҳамда Қонунчилик палатаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси бу йўналишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 19 июлдаги «Ўзбекистон Республикасида атом энергетикасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ижросининг Жиззах вилоятида бажарилиши ҳолатини ўрганишга эътибор қаратган. Мазкур жараёнда саноат ва экология хавфсизлигининг халқаро талабларига жавоб берадиган замонавий технологиялар ва асбоб-ускуналарни жорий этган ҳолда, атом энергетикаси объектларини лойиҳалаштириш, қуриш ва улардан фойдаланиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳолати ҳамда уларни кенг оммага тарғиб этиш борасида қилинаётган ишларга эътибор қаратилади. Ўрганиш якунида аниқланган камчиликларни бартараф этиш борасида тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 30 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикасида ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижросини Қашқадарё ва Фарғона вилоятларида ўрганишда эса, ушбу қарорга кўра оқова сув объектларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича белгиланган вазифалар доирасида амалга оширилаётган ишлар ҳолатини таҳлил қилиш назарда тутилади. Тадбир якунлари қўмита мажлисида муҳокама қилиниб, оқова сув объектларини қуриш ҳамда реконструкция қилиш юзасидан тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилади.

Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси ҳамда Қонунчилик палатаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси ўз фаолиятида Юртбошимизнинг парламентга Мурожаатномасидаги: “атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва экологик ҳолатни яхшилашга эътиборни кучайтиришимиз керак”, деган сўзларига ўз фаолиятида қатъий амал қилиб келмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг «2016 – 2020 йилларда Ўзбекистон Республикасида атроф табиий муҳит мониторинги дастури бажарилишининг бориши тўғрисида»ги ахборотини Қонунчилик палатаси мажлисида эшитиш белгиланган бўлиб, эшитувда 2016 – 2020 йилларда Ўзбекистон Республикасида атроф табиий муҳит мониторинги Дастурининг бажарилиши бўйича ишларнинг ҳолатини ўрганишга эътибор қаратилади.

Тадбирда сув ресурслари, атмосфера ҳавоси, тупроқ, ерости ва ерусти сувларининг ифлосланиши, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектлари мониторинги, даврий ва тезкор маълумотларни тайёрлаш, атроф табиий муҳит мониторингининг метрологик асосини ва услубий базасини такомиллаштириш, атроф табиий муҳитнинг ягона мониторинг тизимини олиб бориш учун экологик таҳлил лабораторияларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилган ишларни таҳлил қилиш назарда тутилади. Назорат-таҳлил тадбири якуни бўйича атроф табиий муҳит мониторинги соҳасидаги қонунчиликни ва норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, мазкур Дастурдаги тадбирларни ўз вақтида бажариш бўйича чора-тадбирлар ва тавсиялар ишлаб чиқилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 18 январдаги «2017-2021 йилларда Оролбўйи минтақасини ривожлантириш Давлат дастури тўғрисида»ги қарорининг бажарилиш ҳолатини Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманида назорат-таҳлил тартибида ўрганиш режага киритилган. Бу ўринда шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, 2019 йилнинг 13-14 июнь кунлари Бишкек шаҳрида ўтказилган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида Президентимиз томонидан амалий ҳамкорликни кенгайтиришга доир аниқ ташаббуслар билдирилди. Хусусан, мамлакатимизда замонавий ресурс тежовчи ва экологик тоза технологияларни кенг жорий этиш мақсадида Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг “Яшил белбоғ” дастурини қабул қилиш долзарб аҳамиятга эга экани таъкидланди.

Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида эса, “Аввало, Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш бўйича бошлаган мисли кўрилмаган ишларимизни давом эттириб, денгизнинг қуриган тубида ўрмонзорларни кенгайтириш, Нукус, Урганч ва Хива шаҳарлари атрофида “яшил белбоғ”лар барпо этишимиз лозим”, деб таъкидлагандилар.

Ўзбекистон Республикаси Париж битимини ратификация қилган томон сифатида 2030 йилга келиб иссиқхона газлари солиштирма ташланмаларини 2010 йилдаги даражага нисбатан 10 фоизга қисқартириш бўйича мажбуриятни олган. Шундан келиб чиқиб, Давлат дастурининг тегишли бандига мувофиқ, Ўзбекистоннинг Париж битимига қўшилиши муносабати билан “яшил иқтисодиёт”га ўтиш бўйича давлат стратегияси ишлаб чиқилди.

«Экология хавфсизлигини таъминлаш – «яшил иқтисодиёт»нинг муҳим қисми ҳисобланади. Бу Оролбўйи минтақасида жуда аҳамиятли. Сўнгги йилларда Ўзбекистон иқтисодий ўсиш ва атроф-муҳит муҳофазасида мувозанат бўлишига интилмоқда. Бу экологик тоза, энергия, сув ва бошқа табиий ресурсларни иқтисод қиладиган технологияларни жорий қилишда ўз аксини топяпти.

Давлатимиз раҳбари жаҳон ҳамжамиятининг Орол фожиасига алоҳида эътиборини қаратди, зеро, у бугунги куннинг энг ўткир экологик муаммоларидан бири эканини таъкидлади ҳамда минтақа барқарорлик, ривожланиш ва яхши қўшничилик ҳудудига айланишига бевосита манфаатдорлик билдирди. Ўзбекистон мулоқот, конструктив ўзаро ҳамкорлик ва яхши қўшничиликнинг қатъий тарафдори, Марказий Осиё мамлакатлари билан барча масалалар бўйича оқилона муросаларга тайёр ҳамда бу йил қабул қилинган Орол инқирозидан азият чеккан аҳолига таъсирчан ёрдам кўрсатиш бўйича БМТнинг махсус Дастурининг тўлиқ ҳажмда бажарилишининг тарафдори.

Барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш учун атроф-муҳит муҳофазаси муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Сўнгги йилларда Ўзбекистон Оролбўйи ҳудудида бир нечта катта лойиҳаларни бажарди. Хусусан, Орол денгизининг қуриб қолган ҳудудида, умумий майдони 1200 минг гектар ерда саксовул ҳамда бошқа чўлга чидамли ўсимликлар экилди. Мўйноқ шаҳрининг инфратузилмаси кескин яхшиланди.

Дарҳақиқат, сўнгги йилларда кўкаламзорлаштириш соҳасида ҳам улкан ишлар амалга оширилмоқда. Мазкур эзгу ишларни амалга оширишда Ўзбекистон экологик партияси аъзолари ҳам ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Жумладан, жорий йил 15 январь ҳамда 21-22 февраль кунлари Ўзбекистон Экологик партияси фаоллари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси ҳамда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси томонидан тегишли вазирлик, идора ва ташкилотлар ҳамкорлигида Оролбўйи ҳудудида ўрмонзорлар барпо этишга ҳисса қўшиш мақсадида “Оролга мадад” ҳамда “Парламентнинг Оролга нигоҳи” мавзусида экологик акциялар ўтказилди ва уч ярим минг тоннага яқин саксовул уруғлари етказиб берилди. Мазкур акциялар доирасида парламент вакиллари томонидан “Орол денгизи боғи” ташкил этилди.

Ўзбекистонда 2019-2030 йилларда «яшил иқтисодиёт»га ўтиш концепцияси бир қатор вазифаларни ўз ичига олади: сув таъминоти харажатларини пасайтириш, сувдан фойдланиш самарадорлигини ошириш, аҳоли ва иқтисодиёт соҳаларини ишончли ва арзон энерготаъминотга ўтишини таъминлаш, ҳавога чиқарилаётган иссиқхона газларини 2010 йилги ЯММ даражасидан 10 фоизга қисқартириш, саноат корхоналари инфратузилмасини модернизация қилиш, энергиянинг муқобил манбаларидан фойдаланиш, энергосамарадорликни камида 20 фоизга ошириш.

Стратегияда иссиқхона газларининг ялпи ички маҳсулот бирлигига нисбатан солиштирма ажратмаларини 2010 йилдаги даражадан 10 фоиз қисқартириш, энергия самарадорлиги кўрсаткичини икки карра ошириш ва ялпи ички маҳсулот углерод сарфи ҳажмини камайтириш, қайта тикланувчи энергия манбаларини янада ривожлантириш, уларнинг улушини электр энергиясини ишлаб чиқариш умумий ҳажмининг 25 фоизидан кўпроғига етказиш, 100 фоизгача аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини замонавий, арзон ва ишончли энергия билан таъминлаш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, саноат корхоналари инфратузилмасини модернизациялаш, энергия самарадорлигини 20 фоиздан кам бўлмаган миқдорга ошириш ҳамда соф ва экологик хавфсиз технологиялар ва саноат жараёнларидан янада кенг фойдаланиш ҳисобига уларнинг барқарорлигини, иқтисодиётнинг барча тармоқларида сувдан фойдаланиш самарадорлигини сезиларли даражада юксалтириш, 1 миллион гектаргача майдонда томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш ва уларда етиштириладиган экинлар ҳосилдорлигини 20-40 фоизгача кўпайтириш, ерларнинг таназзулга учраши бўйича нейтрал балансга ҳамда асосий турдаги қишлоқ хўжалиги озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг ўртача ҳосилдорлигини 20-25 фоизгача оширишга эришиш мўлжалланган.

Ушбу дастуриламал ҳужжатда қайд этилган қишлоқ ва сув хўжалиги, қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш, “яшил” технологияларни жорий этишнинг институционал асосларини ривожлантириш, “яшил иқтисодиёт” тамойилларини таълим ва фанга интеграция қилиш муҳим вазифалардан биридир. Стратегиянинг тўлиқ ва муваффақиятли татбиқ этилиши энергия самарадорлигини орттириш борасидаги бошқарувни яхшилашга, табиий ресурсларни сақлаш ва улардан оқилона фойдаланишга, шу орқали аҳоли фаровонлиги ва иқтисодиёт барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.

Давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга Мурожаатномасида “Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, туман ва шаҳарлар ҳокимликлари ҳар бир ҳудуд ва корхона бўйича экологияни яхшилаш, чиқиндиларга доир ишлар юзасидан дастурлар ишлаб чиқиши ва уларнинг ижросини таъминлаши шарт”лигига эътибор қаратгандилар. Бу борада «Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисида»ги Қонуннинг ижро этилиш ҳолатини Навоий ва Тошкент вилоятлари мисолида ўрганишга эътибор берилди. Унда ёқилғи-энергетика балансининг қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда электр, иссиқлик энергияси ва биогаз ишлаб чиқаришга доир қисмини диверсификациялаш, соҳага инновацион технологияларни, илмий-техникавий ишланмаларни жорий этиш, уларнинг ишлаб чиқарилишини кенгайтиришни ва маҳаллийлаштиришни рағбатлантириш, энергия ишлаб чиқариш қувватларини яратишга тадбиркорлик субъектларини жалб этиш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан энергия ишлаб чиқарувчиларни, шунингдек, қайта тикланувчи энергия манбаларининг қурилмаларини ишлаб чиқарувчиларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш борасида қилинган ишлар ҳолатини ўрганиш назарда тутилган. Қонуннинг ижро этилиши ҳолатини ўрганиш натижаларига кўра аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли тавсиялар ишлаб чиқилади.

Ўзбекистон Экологик партияси Жанубий Кореянинг “Корейско” компаниясини маиший чиқиндиларни чуқур қайта иишлаш лойиҳасини амалга ошириш учун 70 миллион доллар миқдоридаги тўғридан-тўғри инвестициясини жалб қилиш чорасини кўриш ҳамда лойиҳани ўз вақтида ва тўлиқ ишга туширилишига кўмаклашиш, экологик партия томонидан ишлаб чиқилган парчаланадиган пластик пакетларни ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш бўйича аниқ таклифлари билан чиқмоқда.

БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларини бажариш, илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида Ҳукумат аъзолари ва тармоқ раҳбарларининг ҳисоботини мунтазам эшитиб боришда қўмита ўз фаолият йўналишидан келиб чиқиб, вазирликлар томонидан БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларини изчил амалга ошириш бўйича тизимли ишларни ташкил этиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 20 октябрдаги қарори билан тасдиқланган 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларнинг бажарилиши борасидаги амалга оширилаётган ишларни таҳлил қилиши назарда тутилади.

Жаҳон миқёсида коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишда, шу жумладан, инсонларнинг ҳаракатланишига чекловлар киритиш ва корхоналар фаолиятини тўхтатиш орқали мисли кўрилмаган чоралар кўрилмоқда. Бу эса, энг йирик иқтисодиётга эга мамлакатларда ишлаб чиқариш ва истеъмол ҳажмларининг кескин қисқариши, глобал ишлаб чиқариш занжирлари ва савдо алоқаларининг издан чиқиши, дунё молия бозорларида хомашё товарлари нархининг пасайиши ва конъюнктуранинг ёмонлашувини келтириб чиқарди.

Глобал иқтисодиёт тизимининг бир қисми бўлган Ўзбекистон иқтисодиётига ҳам мазкур омиллар таъсир қилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, ушбу ҳолатнинг салбий таъсирларини юмшатиш бўйича самарали чоралар кўришни талаб қилади. Бунда туризм, транспорт, фармацевтика ва тўқимачилик саноати каби республика иқтисодиётининг жадал ривожланаётган тармоқларини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг барқарорлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонида келтириб ўтилди. Партия фракцияси ҳамда Қонунчилик палатаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари – Бош давлат санитария врачининг «Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг санитария-гигиена тадбирларини ва эпидемияга қарши тадбирларни ташкил этиш ҳамда ўтказишга доир талаблари бажарилишининг ҳолати тўғрисида»ги ахборотини Қонунчилик палатаси мажлисида эшитишни режалаштирган.

Эшитувда санитария-эпидемиологик вазиятни яхшилаш, инсонларга яшаш муҳити омилларининг зарарли таъсирини камайтириш, унинг ҳаёт фаолияти учун қулай шарт-шароитларни таъминлаш, юқумли ва паразитар касалликлар пайдо бўлишининг ҳамда тарқалишининг олдини олишга ва уларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирларнинг ижроси, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишларининг олдини олиш, уларни аниқлаш ва бартараф этиш борасидаги ишларни муҳокама қилиш назарда тутилади.

Дарҳақиқат, “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” давлат дастурида белгиланган устувор вазифаларни қатъий амалга оширишимиз барча жабҳа қатори атроф-муҳит муҳофазаси, аҳоли саломатлигини сақлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш баробарида мамлакатимиз экологик барқарорлигини таъминлашда долзарб аҳамият касб этади.

Борий АЛИХОНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикерининг ўринбосари,

Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси раҳбари,

Абдураҳим ҚУРБОНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзоси


Кўришлар сони: 408

Депутатлар минбари

Янгиликлар

08.04.2020
Депутатлар ўз сайловчиларига мурожаат билан чиқди

Инсоният тараққиётнинг ҳозирги кунига қадар жаҳоншумул ютуқларга эришди. Уларни бирма-бир санаш муш...

07.04.2020
Депутатлар жарималар оширилишига қарши овоз берди

Гап шундаки, мамлакатимизда кейинги пайтларда автотранспорт воситалари сонининг кескин ортиши йўлларда...

07.04.2020
Экотуризмни ривожлантириш — муҳим вазифа

Парламент қуйи палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида депутатлар томонидан “Ўзбекистон Республикасининг...

Тадбирлар тақвими