Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Пандемия оқибатлари қандай бартараф этилади?

Пандемия оқибатлари қандай бартараф этилади?

Жаҳон ҳамжамиятини ташвишга солиб, тобора барча мамлакатлар ҳудудига суқилиб кираётган, чегара билмас коронавирус инфекциясининг тарқалиши нафақат фуқаролар соғлиғига, балки давлатлар иқтисодига ҳам ўзининг таъсирини кўрсатмоқда.

Инсоният бошига тушган бу синов оқибатида бугунги кунга келиб кўплаб мамлакатлар ўз ҳудудларида вақтинчалик карантин ҳолатини эълон қилди. Чегаралар ёпилди. Ҳаракатланишлар бўйича чекловлар ўрнатилди. Корхоналар фаолияти тўхтатилди. Чет давлатлар билан барча соҳада алоқа чекланди. Шу ва шунга ўхшаш тезкор чоралар кўриш орқали коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш чораларини излашмоқда.

Вируснинг жаҳон иқтисодиётига таъсири

Юқоридаги каби чекловлар нафақат бир мамлакатнинг иқтисодига, балки улар билан олди-берди қилиб турган бошқа давлатлар иқтисодини ҳам инқироз томон етакламоқда.

Бундай вазиятларда одатда ишлаб чиқариш ва истеъмол ҳажмларининг кескин қисқариши, глобал ишлаб чиқариш занжирлари ва савдо алоқаларининг издан чиқиши, дунё молия бозорларида хомашё товарлари нархининг пасайиши ва конъюнктуранинг ёмонлашуви кузатилади.

Бу глобал хавф-хатарлар бизда ҳам экспорт тушумининг кескин пасайиши, мамлакатга келаётган хорижий туристлар сонининг камайиши, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва импорт қилинаётган хомашёлар камайишига олиб келиши мумкин.

Жорий йилнинг 19 март куни Президентимиз томонидан қабул қилинган “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони, аввало, мамлакатимизда тарқаб улгурган “коронавирус” балосини батамом тугатиш ва жаҳон аренасида кутилаётган инқироз оқибатининг салбий таъсирларини юмшатиш бўйича олдимизда турган, кечиктириб бўлмайдиган ва ўта муҳим вазифаларимизни белгилаб берди.

10 триллион сўм нималарга ишлатилади?

Мамлакатимизда коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш ва уни батамом тугатиш, иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш, мамлакат аҳолиси даромадлари кескин пасайиб кетишининг олдини олишга қаратилган, 10 триллион сўмлик Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ташкил қилиниши белгиланди.

Бу жамғарма маблағлари асосан коронавирус инфекциясининг тарқалишига қарши кураш тадбирларини молиялаштиришга, тадбиркорликни ва аҳоли бандлигини қўллаб-қувватлашга, иқтисодиёт тармоқларини барқарор фаолият юритишини таъминлашга ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашни кенгайтиришга йўналтирилади.

Бу маблағларнинг асосий қисми коронавирус инфекциясининг тарқалишига қарши курашиш тадбирларига, яъни коронавирус инфекцияси профилактикаси учун зарур бўладиган дори воситалари, тиббий буюмлар, ҳимоя воситалари, тест тизимларини харид қилишга, касалликда гумон қилинган шахсларни карантинда сақлаш билан боғлиқ харажатларни қоплашга, коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишда иштирок этаётган тиббиёт ходимларини моддий рағбатлантириш ва ҳимоя чораларини амалга ошириш харажатлари учун қўшимча маблағлар ажратиш ҳамда юқумли касалликларни аниқлаш, профилактика қилиш, даволаш, муассасалар қуриш, таъмирлаш, реконструкция қилиш ва жиҳозлашга сарфланиши белгиланмоқда.

Шунингдек, жамғарма маблағларидан ижтимоий аҳамиятга эга истеъмол товарларини ишлаб чиқариш учун берилган кредитлар бўйича фоиз харажатларини қоплашга кафиллик бериш ва кичик саноат зоналарида муҳандислик-коммуникацияларини қуриш, кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш ва нафақа олувчилар сонини ошириш ҳамда “Ишга марҳамат” мономарказлари ва касбга тайёрлаш марказларини ташкил қилиш ишларига кўмаклашилади.

Бундан ташқари, иқтисодиёт тармоқларининг барқарор фаолият юритишини таъминлаш мақсадида Давлат кафолати остида жалб этилган кредитларни сўндириш, фоизсиз бюджет ссудалари ажратиш йўли билан стратегик корхоналарни қўллаб-қувватлаш, экспортёр корхоналар транспорт харажатларининг бир қисмини компенсация қилиш ва Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларида олинмай қолинадиган даромадлар ўрнини тўлдиришга сарфланиши белгиланмоқда.

Жамғармага маблағ қаердан жалб қилинади?

Фармонда Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағлари манбалари қилиб Давлат бюджети маблағлари, халқаро молия институтларининг имтиёзли кредитлари ва қонун билан таъқиқланмаган бошқа манбалар белгиланмоқда.

Шу мақсадда 2020 йилда бюджетни қўллаб-қувватлаш учун халқаро молия институтларининг имтиёзли кредитлари ва бошқа манбалар ҳисобидан 1 млрд. АҚШ доллари миқдоригача ташқи қарз маблағларини, шунингдек, иқтисодиётнинг реал сектори корхоналари, экспорт қилувчилар ва тижорат банкларини қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирларни молиялаштириш учун қўшимча маблағларни жалб қилиш белгиланмоқда.

Инқироз сабабли даромади камайган тадбиркорлар ва фуқаролар қандай ҳимоя қилинади?

Тадбиркорлик субъектларига ва жисмоний шахсларга солиқларни ҳисоблаш ва тўлаш муддатлари бўйича имтиёзларни назарда тутувчи “Солиқ кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Кодексга киритилаётган ўзгартиришларга кўра:

2020 йил 1 апрелдан 1 октябргача қуйидаги миқдорларда пасайтирилади.

-         якка тартибдаги тадбиркорлар учун ижтимоий солиқнинг ойлик энг кам суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизига қадар;

-         алкоголь маҳсулотларининг улгуржи савдоси билан шуғулланувчи корхоналарнинг ажратмалари миқдори 5 фоиздан 3 фоизга;

-         умумий овқатланиш корхоналари учун алкоголь маҳсулотларини чакана сотиш ҳуқуқи учун йиғимлар миқдори белгиланган миқдорлардан 25 фоизга;

-         қишлоқ хўжалигида сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари 2020 йилда ўрнатилган ставкалардан 50 фоизга.

2020 йил 1 апрелдан 1 июлгача бўлган даврда туристик йиғимини ҳисоблаш тўхтатилади.

Ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлик учун хўжалик юритувчи субъектларга жарималар қўллаш ва вақтинча қийинчиликларни бошдан кечираётган хўжалик юритувчи субъектларга мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ бўйича пенялар ҳисобланишини 2020 йил 1 октябргача тўхтатилади ва солиқ қарзини мажбурий ундириш чораларини кўрилмайди.

2021 йил 1 январга қадар тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини солиқ аудитидан ўтказиш ҳам тўхтатилади.

Мажбурий карантинга олинган шахсларга қандай

имтиёзлар бор?

Коронавирус инфекцияси билан зарарланган деб карантинга жойлаштирилган ота-оналар, шунингдек, уларнинг 14 ёшгача бўлган боласини парвариш қилаётган шахсларга ўртача ойлик иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси тўланади ва улар билан тузилган меҳнат шартномаларини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш таъқиқланади.

14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа, бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам олувчилар сони 2020 йил 1 апрелдан бошлаб 10 фоизга оширилади.

Тиббиёт соҳаси ва ўз фаолиятини тўхтатган таълим муассасалари ходимларининг меҳнат муҳофазаси қандай бўлади?

Тиббиёт, санитария-эпидемиологик ва бошқа ходимлар коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш тадбирларига жалб қилинадиган даврда уларнинг ойлик лавозим маошига 6 фоиз миқдорида ҳар кунлик қўшимча тўловлар жорий қилинади.

Вақтинчалик ўз фаолиятини тўхтатган мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус ва олий таълим муассасалари, спорт ва маданият муассасалари ходимларининг иш ҳақлари ўз вақтида тўлаб берилади.

Шу даврда боғча тарбияланувчилари ва бошланғич синфлари ўқувчиларининг ота-оналарига йиллик таътил тақдим этилади.

Карантин даврида иш берувчилар ходимларни, айниқса ҳомиладор аёллар, кексалар, имконияти чекланган ҳамда сурункали касалликка чалинган шахсларни, уларнинг розилиги билан, қулай иш графигига ёки уйдан туриб ишлашга ўтказишлари мумкин.

Инқироз туфайли вақтинчалик молиявий қийинчиликка учраган корхоналарга қандай имтиёзлар бор?

Туризм тармоғи корхоналарига ва ташқи савдо операцияларига жорий этилган чекловлар туфайли молиявий қийинчиликларга дуч келган хўжалик юритувчи субъектларга банклар томонидан ажратилган кредитлар бўйича умумий суммаси 5 трлн. сўмлик қарздорликларни тўлаш 2020 йил 1 октябрга қадар узайтирилади.

Хусусий тадбиркорлик корхоналарига айланма маблағларни тўлдириш учун қайта тикланадиган револьвер кредитлар ажратиш ва тадбиркорлик субъектларига кредитлар бўйича фоиз харажатларини қоплаш учун кафилликка бўлган талабни ҳисобга олган ҳолда, Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси капиталлашувини 500 млрд. сўмгача ошириш белгиланмоқда.

Эътиборлиси, Бош вазир раҳбарлигида Инқирозга қарши курашиш республика комиссияси ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар, туман ва шаҳарлар ҳокимлари бошчилик қиладиган Инқирозга қарши курашиш республика комиссиясининг ҳудудий штаблари ташкил этилади. Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш ва хавф-хатарлар даврида иқтисодиёт тармоқларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш, юзага келадиган муаммоли масалаларни тезкорлик билан ҳал қилиш Комиссия ва штабларнинг асосий вазифаси қилиб белгиланмоқда.

Карантин даврида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг юзага келган муаммо ва қийинчиликларни ҳал этиш мақсадида қилган мурожаатларига алоҳида эътибор қаратиш, расмиятчилик, сансалорлик ва бюрократияга йўл қўйилмаслиги юзасидан барча даражадаги раҳбарларнинг шахсий жавобгарлиги белгилаб қўйилмоқда.

Фармонда белгиланган ўта муҳим вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан парламент аъзолари ҳам жойларга чиққан ҳолда, пандемия оқибатларини тугатиш борасида ҳудудларда олиб борилаётган ишларнинг ҳақиқий ҳолати юзасидан ўрганишлар ўтказиш, жойларда фуқароларимиз билдирган фикрлар, таклифлар асосида ўз ечимини кутаётган долзарб масалаларни ижобий ҳал қилишга қаратилган, шунингдек, мамлакат ривожланишига хизмат қиладиган қонун нормаларини ишлаб чиқиб, амалиётга жорий этишимиз лозим бўлади.

Абдуғани УМИРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

 


Кўришлар сони: 384

Депутатлар минбари

Янгиликлар

08.04.2020
Депутатлар ўз сайловчиларига мурожаат билан чиқди

Инсоният тараққиётнинг ҳозирги кунига қадар жаҳоншумул ютуқларга эришди. Уларни бирма-бир санаш муш...

07.04.2020
Депутатлар жарималар оширилишига қарши овоз берди

Гап шундаки, мамлакатимизда кейинги пайтларда автотранспорт воситалари сонининг кескин ортиши йўлларда...

07.04.2020
Экотуризмни ривожлантириш — муҳим вазифа

Парламент қуйи палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида депутатлар томонидан “Ўзбекистон Республикасининг...

Тадбирлар тақвими