Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Абдураҳим ҚУРБОНОВ: Наврўз — янгиланиш, яшариш байрами

Абдураҳим ҚУРБОНОВ: Наврўз — янгиланиш, яшариш байрами

Ер, сув, ҳаво, наботот олами, умуман, табиат неъматларини асраб-авайлаш, атроф-муҳитни покиза сақлашга даъват этувчи баҳорий гўзаллик байрами — Наврўз ҳам миллий қадриятларимиз орасида катта ўрин тутади. Ҳар йили 21 март санаси юртимизда Наврўз умумхалқ байрами сифатида катта кўтаринкилик билан, кенг кўламда нишонланиб келинади. Мазкур кўклам тантанаси жамиятнинг ижтимоий-сиёсий, маънавий-ахлоқий жиҳатдан янгиланиши, халқимизнинг тарихий ва маданий мероси булоғи қайта кўз очганининг ёрқин рамзига айланди.

Наврўзнинг ҳаётимизга қайтарилиши анъаналар, табиатга муҳаббат, деҳқон меҳнатини ҳурмат қилиш, яхши қўшничилик, меҳр-мурувват, бошқалар дардига малҳам бўлиш каби фазилатларни ривожлантиришда, юртимиз обод, гуллаб-яшнашини таъминлашда муҳим аҳамият касб этди.

Шу ўринда мозийга мурожаат этсак. Наврўз байрами ҳақидаги илк маълумотлар “Авесто”да қайд этилган. Кўплаб қомусий олимлар ўз китобларида бу ҳақда алоҳида тўхталиб ўтган. Ҳаким ат-Термизий ва Умар Ҳайём “Наврўзнома” номли асарлар ёзган.

Абу Райҳон Беруний қолдирган маълумотларга кўра, Наврўз баҳор ёмғирининг биринчи томчиси тушишидан гуллар очилгунича, дарахтлар гуллашидан мевалари етилгунича, ўсимлик униб чиқа бошлашидан такомиллашгунича давом этган вақтда келади.

Дарҳақиқат, узоқ қишдан сўнг кўкда қуёшнинг юз кўрсатиши, қирда майсалар ниш уриб чиқиши ҳақиқий шодиёнадир. Чунки, халқимиз таъбири билан айтганда, илигузилди пайтида она-табиат меҳр-муруввати бутун борлиқда ўзини яна намоён этади. Кексаларимиз шу кунларга эсон-омон етиб келишганига шукроналар айтиб, “Осойишталигимиз, фаровонлигимиз бундан-да зиёда бўлсин”, дея дуо қилишади. Катта оммавий сайиллар бошланади. Уларда халқ ўйинлари, мусобақалар ўтказилади, куй-қўшиқлар янграйди. Дастурхонга қут-барака тимсоллари — сумалак, ҳалим, ёрма, кўксомса, пишириқлар тортилади.

Далаларда баҳорги экин-тикин ишлари авж олади. Жамоа бўлиб ҳашарлар уюштирилади. Маҳаллаларда, қишлоқларда ободонлаштириш ишлари уюшқоқлик билан амалга оширилади. Оммавий тарзда мевали ва манзарали дарахтлар ўтқазилади, ариқ ҳамда зовурлар тозаланади. Зотан, бундай эзгу ишлар, яратувчанлик турмуш тарзимизнинг узвий бўлагига айланган.

Мустақиллик шарофати билан Наврўз халқимиз маънавий юксаклигининг ажралмас қисми сифатида қайта бўй чўзди, теран илдизлари мустаҳкамланди. Диёримизда мазкур айём ҳар йили ўзгача шукуҳ билан кутиб олиниб, элимизнинг ободлик, покизаликка бўлган иштиёқи, фаровонлик йўлидаги ғайрат-шижоатига янгича суръат бағишламоқда.

Мамлакатимизга Наврўз бетакрор файзу тароват тақдим этади. Чунончи, ёш авлодимизни миллий анъаналаримизга садоқат ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида камол топтиришда муҳим аҳамият касб этади. Бу борада ёши улуғ отахону онахонларимизнинг берган панду насиҳатлари ва ўгитлари беқиёс ўринга эга. Албатта, шу аснода ёши улуғларнинг ижтимоий ва маиший турмушини янада яхшилаш борасида қатор амалий тадбирлар бажарилади. Уларга меҳр-мурувват, катта ҳурмат кўрсатилади. Айниқса, ёлғиз қариялар ва ногиронлар ҳолидан хабар олиниб, улар моддий ҳамда маънавий қўллаб-қувватланади. Табаррук отахону онахонлар яшаётган, хаста ва ногирон кишилар истиқомат қилаётган хонадонлардан хабар олиниб, совға-саломлар улашилади.

Мухтасар айтганда, Наврўз — ҳар бир инсон, айниқса, ёшлар онгига мустақиллик, меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, халқларнинг урф-одатларига ҳурмат туйғуларини чуқур сингдириш, ёши улуғларга эъзозу эҳтиром кўрсатишда муҳим ўрин тутадиган беқиёс қадриятдир. Унинг ҳаётимиздаги ролини ошириш, асраб-авайлаш жамиятда юксак маънавиятни қарор топтириш, баркамол авлодни вояга етказишнинг муҳим шарти ҳисобланади.

 

Абдураҳим ҚУРБОНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзоси


Кўришлар сони: 53

Депутатлар минбари

Янгиликлар

08.04.2020
Депутатлар ўз сайловчиларига мурожаат билан чиқди

Инсоният тараққиётнинг ҳозирги кунига қадар жаҳоншумул ютуқларга эришди. Уларни бирма-бир санаш муш...

07.04.2020
Депутатлар жарималар оширилишига қарши овоз берди

Гап шундаки, мамлакатимизда кейинги пайтларда автотранспорт воситалари сонининг кескин ортиши йўлларда...

07.04.2020
Экотуризмни ривожлантириш — муҳим вазифа

Парламент қуйи палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида депутатлар томонидан “Ўзбекистон Республикасининг...

Тадбирлар тақвими