Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Нуриддин СУЛТОНОВ: Озиқ-овқат хавфсизлигига барча бирдек масъул

 Нуриддин СУЛТОНОВ:  Озиқ-овқат хавфсизлигига барча бирдек масъул

Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, тиббий хизмат сифатини ошириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар рўёбга чиқарилмоқда.

Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида бу борадаги саъй-ҳаракатларни изчил давом эттириш зарурлиги таъкидланиб, гематологик ва вирусологик ёрдам сифатини ошириш, бу турдаги даволаш қийин бўлган беморларга тиббий хизмат кўрсатишни тубдан ислоҳ этиш, қон ва вирусли касалликларни барвақт аниқлаш, даволаш учун малакали гематолог, вирусолог ва иммунолог тайёрлаш, дори-дармон ва тиббиёт техникаси учун маблағларни кўпайтириш кераклиги бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб берилган эди.

Куни кеча давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам ушбу масалаларга алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар айтиб ўтилди.

Чунончи, санитария-эпидемиология муассасалари фаолияти, уларнинг моддий-техник базаси, айниқса, лабораторияси, тиббий анжом ва жиҳозлари ачинарли ҳолатга келиб қолгани танқид қилинди. Бу бежиз эмас. Чунки кейинги пайтларда ушбу муассасалар фаолияти эътиборсиз қолаётган эди.

Шу билан бирга, тўғри овқатланиш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш, пиёда юришнинг фойдасини тарғиб этиш, оммавий спортни ривожлантириш ишларини “умуммиллий ҳаракат”га айлантириш зарурлиги қайд этилди.

Инсон учун энг муҳим бойлик бу — унинг саломатлигидир. Уни таъминлашнинг 55 фоизи эса соғлом турмуш тарзи ва тўғри овқатланишга боғлиқ. Шу боис давлатимиз раҳбари йиғилишда ҳар бир қишлоқ ва шаҳар поликлиникаларига, врачлик пунктларига тўғри овқатланиш, гигиена ва жисмоний тарбия бўйича мутахассис штатлари ажратилишини айтиб ўтди. Бу ҳар бир фуқаронинг сиҳат-саломатлигини муҳофаза қилишда катта ўрин тутади.

Шу нуқтаи назардан айтганда, юртимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда. Бироқ кўрилаётган чора-тадбирларга қарамай, ушбу йўналишда айрим камчиликлар кўзга ташланаётгани ачинарли. Хусусан, мамлакатимизга олиб кирилаётган пальма ёғи ва унинг асосида ишлаб чиқарилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг инсон саломатлигига таъсири тўғрисидаги масала бугун ҳар қачонгидан долзарб аҳамият касб этмоқда.

Маълумотларга кўра, охирги йилларда мамлакатимизга ўртача 50 минг тоннадан ортиқ пальма ёғи импорт қилинган. Жорий йилнинг бугунги кунига қадар эса юртимизга 16 минг тоннадан зиёд пальма ёғи кириб келган. Пальма ёғи импорти ўтган йилларга нисбатан кескин ўсаётгани парламент вакилларини хавотирга соляпти, аҳолининг эса ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда. Нима учун? Чукни ушбу маҳсулотлар таркибида бегона ёғларнинг миқдори 2 баробардан юқоридир.

Пальма ёғи парчаланиши қийин бўлган қуюқ мой (трансжир)лар сирасиган киради. У хона ҳароратида туси ва таъмини, қуюқлигини ўзгартирмайди. 40-42 даража иссиқликдагина эриш-суюлиш жараёни кузатилади. Энди тасаввур қилинг: инсон танаси ҳарорати 36,6 даражани ташкил қилади. Демак, пальма ёғи организмда парчаланмай қолиб кетади.

Энг асосий масала, бизнинг мамлакатимизга кириб келаётган пальма ёғлари техник (ноозиқ-овқат маҳсулотлар учун ишлатиладиган) пальма ёғими ёки озиқ-овқат маҳсулотлари учун ишлатиладиган пальма ёғими? Бу саволга аниқ жавоб борми? Бизда тегишли лаборатория ускуналари борми?    

Қайд этиш жоиз, ушбу долзарб масала аввалги чақириқда депутатлар томонидан кўтарилган, парламент аъзолари таклифи бўйича манфаатдор вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат махсус Ишчи гуруҳи ташкил этилиб, мавжуд ҳолатни чуқур ўрганиш ва тегишли хулосалар чиқаришга келишилган эди.

Вазирлар Маҳкамаси раёсати мажлиси баёнида ўтган йилги Давлат дастури ижроси юзасидан импорт қилинаётган пальма ёғининг озиқ-овқат саноатида ишлатиш билан боғлиқ вазиятни ўрганиш бўйича манфаатдор вазирлик ва идораларга вазифалар юклатилиб, тегишли муддатлар белгиланганди.

Бироқ Ҳукуматнинг ушбу масала бўйича тасдиқланган чора-тадбирлар режасида белгиланган импорт қилинаётган пальма ёғининг озиқ-овқат саноатида ишлатиш билан боғлиқ қонун ҳужжатларини тўлиқ инвентаризациядан ўтказиш натижаси бўйича топшириғининг ижроси номаълумлигича қолмоқда.

Ҳозирги коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар шароитида озиқ-овқат хавфсизлигига эътибор қаратиш зарур ва шарт. Зеро, мамлакатимизда инсон саломатлиги барча нарсадан устун.

Айни пайтда ЎзЛидеП фракцияси аъзолари ушбу масалани охирига етказишга астойдил киришган. Бу эса аҳоли сиҳат-саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом турмуш тарзини кенг қарор топтиришга хизмат қилади.

 

Нуриддин СУЛТОНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси.


Кўришлар сони: 105

Депутатлар минбари

Янгиликлар

08.04.2020
Депутатлар ўз сайловчиларига мурожаат билан чиқди

Инсоният тараққиётнинг ҳозирги кунига қадар жаҳоншумул ютуқларга эришди. Уларни бирма-бир санаш муш...

07.04.2020
Депутатлар жарималар оширилишига қарши овоз берди

Гап шундаки, мамлакатимизда кейинги пайтларда автотранспорт воситалари сонининг кескин ортиши йўлларда...

07.04.2020
Экотуризмни ривожлантириш — муҳим вазифа

Парламент қуйи палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида депутатлар томонидан “Ўзбекистон Республикасининг...

Тадбирлар тақвими