Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Мақсуда ВОРИСОВА: Имтиёзли ордерлар билан таъминлаш коррупциядан холи бўлиши керак

Мақсуда ВОРИСОВА: Имтиёзли ордерлар билан таъминлаш коррупциядан холи бўлиши керак

Бугунги кунда аҳоли ўртасида тиббиёт соҳасига нисбатан айрим эътирозлар пайдо бўлмоқда.

Шифохоналарда ўринлар етишмаслиги, ихтисослашган марказларда даволаниш учун имтиёзли ордерлар жуда кам ажратилиши норозиликка сабаб бўлаётган ҳолатлардан биридир. Айниқса, бемор болалар учун шифо ўринлари етишмаслиги ташвишланарли.

Мисол учун, 2010 йилда ҳар 10 минг болага 34,2 шифо ўрни тўғри келган бўлса, 2018 йилга келиб, бу кўрсаткич 24,6 ни ташкил этди. Баъзи вилоятларда бу кўрсаткичнинг жуда камлиги болалар саломатлигига етарли эътибор беришга имкон қолдирмайди. Жумладан, Сурхондарёда болаларга ажратилган шифо ўринлари ҳар 10 минг болага 15,2, Хоразмда 18,2, Қашқадарёда 20,1 ни ташкил этмоқда.

Амалдаги тартибга кўра, ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган аҳоли вакиллари шифохоналарда даволаниш учун бепул ордер олиш имтиёзига эга. Бу тоифага ногиронлиги бўлган шахслар, якка ёлғиз яшовчилар, кам таъминланган оила вакиллари каби фуқаролар киради. Республикамиздаги имтиёзли аҳоли сони имтиёзли ордерлар сонига номутаносиблиги кўплаб норозиликларга сабаб бўлмоқда.

Аҳолидан келаётган кўплаб мурожаатларда ҳамда одамлар билан ўтказилган учрашувларда кўтарилган муаммоларнинг салмоқли қисмини имтиёзли ордерлар масаласи ташкил этгани учун яқинда қўмитамиз томонидан бу масала муҳокамага қўйилди. Масалани ўрганиш даврида вилоятлардаги ҳолатни билиш учун улар билан боғланишга ҳаракат қилдик.

Лекин бу осон бўлмади, чунки бир неча вилоятларда имтиёзли ордер ҳисобини юритувчи шахсларни, бошқарма бошлиғини ёки унинг ўринбосарларини топиш иложи бўлмади.

Олинган маълумотларга эътибор берилса, фақат Тошкент вилоятида ҳаққоний аҳволни кўриш мумкин. Чунки бу вилоятда аҳолининг ихтисослашган тиббий ёрдамга муҳтожлигини ўрганиш тизимли асосга қўйилган.

Бошқа вилоятларда эҳтиёж ўрганилмаслигига гувоҳ бўлдик. Масалан, Жиззах вилоятида 2020 йил учун аҳолидан фақат 37 нафар бемор ихтисослашган травматологик-ортопедик ёрдамга муҳтож бўлса, бирорта болага бундай ёрдамнинг кераги йўқ экан. Бу ҳудудда 2019 йилда болалар травматологиясига эҳтиёж 63, деб белгиланган лекин 120 ордер ажратилган.

Ҳозирги кунда ўлим сабабларининг асосий қисмини кардиологик беморлар ташкил қилиб, бу касаллик билан оғриган беморлар имтиёзли ордер масаласи бўйича кўплаб шикоят қилишига қарамай, 2020 йил учун Жиззах вилоятида эҳтиёж 6 дона, деб белгиланган. Худди шунингдек, урологик касалликлар ҳам ҳисобга олинмаган.

Сирдарё вилоятида ҳам кардиологик ва урологик беморларнинг ҳисоби ва стационар даволанишга муҳтожлиги ўрганилмаган. 2020 йилга эҳтиёж 2019 йилда ордер олмаган беморлар сонидан иборат қилиб белгиланган. Умумий аҳоли сони 3 миллиондан ортиқ бўлган Андижон вилоятида ҳам имтиёзли даволанишга муҳтож бўлганларга етарли эътибор берилмаган.

Ихтисослаштирилган илмий амалий марказларда беморлар асосан пулли равишда даволанади, лекин бу нарх қандай белгиланади, қайси кўрсаткичлар асосида калькуляция қилинишини тушуна олмадик. 2019 йил ноябрь ойида Тошкент шаҳридаги бир қанча шифохоналардаги нархлар ўрганиб чиқилган. Масалан, травматология ортопедия — оддий палата овқатдан ташқари 134 минг сўм, люкс палата — 160 минг бир кунга, тиббий текширувлар алоҳида. акушерлик ва гинекология оддий палата — 285 минг сўм, люкс — 447 минг сўм, овқат, муолажа алоҳида. Бошқа марказларда ҳам худди шунга ўхшаш рақамларни кўриш мумкин.

Умуман айтганда, аҳолига ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш ҳамда стационар даволаниш учун ордерлар билан таъминланишни адолатли, коррупциядан холи шаклда ташкил этиш зарур. Бунинг учун имтиёзга эга, марказда даволанишга муҳтож беморларнинг электрон рўйхатини юритиш ва онлайн тизими орқали ордерлар билан таъминланишини йўлга қўйиш, тиббий танлов комиссияларида жамоатчилик назорати ва депутатлар иштирокини таъминлаш, марказлардаги хизматлар нархларини қайта калькулация қилиш, 2004 йилда қабул қилинган меъёрий ҳужжатларни замон талабига кўра, қайта кўриб чиқиш, Молия вазирлиги орқали имтиёзли беморлар учун молиялаштиришни тўлиқ ҳажмда бажариш мақсадга мувофиқ. Шу ўринда қайд этиш жоизки, мазкур масала қўмитамиз томонидан қатъий назоратга олинади.

 

Мақсуда ВОРИСОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари

қўмитаси раиси ўринбосари

 

 


Кўришлар сони: 443

Депутатлар минбари

Янгиликлар

08.04.2020
Депутатлар ўз сайловчиларига мурожаат билан чиқди

Инсоният тараққиётнинг ҳозирги кунига қадар жаҳоншумул ютуқларга эришди. Уларни бирма-бир санаш муш...

07.04.2020
Депутатлар жарималар оширилишига қарши овоз берди

Гап шундаки, мамлакатимизда кейинги пайтларда автотранспорт воситалари сонининг кескин ортиши йўлларда...

07.04.2020
Экотуризмни ривожлантириш — муҳим вазифа

Парламент қуйи палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида депутатлар томонидан “Ўзбекистон Республикасининг...

Тадбирлар тақвими