Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Муҳаммад ВАЛИЕВ: Таълим тизими қачон коррупциядан холи бўлади?

Муҳаммад ВАЛИЕВ: Таълим тизими қачон коррупциядан холи бўлади?

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда мамлакатимиз Президенти томонидан коррупцияга қарши курашиш ҳамда жамоатчилик назорати тизимларини такомиллаштиришга бағишлаб ўтказилган йиғилишда кўтарилган долзарб масалалар хусусида сўз юритилди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда жамият тараққиётининг илдизига болта ураётган коррупцияга қарши курашиш куннинг долзарб масаласига айланмоқда. Шу мақсадда мазкур иллатга қарши курашувчи масъул алоҳида давлат органини тузиш, давлат хизматчилари мол-мулки ва даромадларини декларация қилиши тизимини амалиётга киритиш муҳим ҳисобланади. Шунингдек, бу иллатга барҳам беришда жамоатчилик назоратини янада кучайтириш мақсадида Жамоатчилик палатасини ташкил этишнинг ҳам аҳамияти долзарбдир.

Айтиб ўтиш ўринлики, “Адолат” СДП ўз сайловолди дастурида коррупцияга қарши курашишни ўзининг устувор вазифалари қаторига қўшгани бежиз эмас. Шу маънода, коррупция авж олган соғлиқни сақлаш, таълим ва қурилиш соҳалари доимо фракция депутатларининг танқидига учраб келмоқда. Айниқса, депутатлар томонидан жойларда ўтказилаётган ўрганишларда халқнинг эътирозлари ҳам ушбу соҳаларга қаратилаётгани бежиз эмаслиги қайд этилди.

Хусусан, депутатлар таъкидлаганидек, олий таълим тизими, магистратурага қабул қилиш синовлари жамоатчиликнинг танқидига нишон бўляпти. Ҳозирги кунда олий таълим муассасаларининг магистратурасига қабул қилиш жараёни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июндаги қарорига кўра, “Олий таълим муассасаларининг магистратурасига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисида”ги Низомга асосан амалга оширилмоқда. Магистратурага кириш синовлари танланган мутахассислик бўйича билим даражасини белгиловчи махсус фанлардан синов, чет тили ҳамда олий таълим муассасаси битирувчисининг умумий рейтинги ёки ўзлаштириш кўрсаткичи асосида ўтказилмоқда.

Маълумотларга кўра, сўнгги уч йилда магистратура йўналишларига қабул қилиш суръатлари жадал ўсиб бормоқда. Хусусан, 2017-2018 ўқув йилида умумий квота 5 минг нафар, 2018-2019 ўқув йилида 5 903 нафар, 2019-2020 ўқув йилида 7 695 нафарни ташкил этди. Бу эса, магистратурада таҳсил олишга бўлган талаб йилдан-йилга ўсиб бораётганидан далолатдир.

Таъкидлаш лозимки, бакалавриат йўналишларига қабул жараёни кейинги йилларда ислоҳ этилиб, турли хил кўзбўямачиликлар бартараф этилмоқда. Магистратурага қабул қилиш жараёни эса, тўлалигича олий таълим муассасалари томонидан ташкил этилмоқда. Яъни, тест саволларини тузиш, имтиҳонлар шаффофлигини назорат қилиш, тест натижаларини текшириш жараёнининг барчаси олий таълим муассаса ходимлари томонидан амалга оширилади.

Бу эса, ўз навбатида, магистратурага қабул қилиш синовлари жараёнида коррупциоген ҳолатларнинг авж олишига кенг йўл очиб бермоқда. Жумладан, кириш синовлари жараёнида “шпаргалка”лардан фойдаланилиши ёки тест саволлари ва жавоблари имтиҳондан олдин “керакли” абитуриентларга тарқатилиб, улар томонидан тест саволларини ёдлаш ва жуда юқори балл тўплаш ҳолатлари кузатилмоқда.

Жорий йилнинг 18 январь куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори раислигида Коррупцияга қарши курашиш бўйича Республика Идоралараро комиссиясининг кенгайтирилган йиғилишида магистратурага қабул қилиш тизими коррупцияга сабаб бўлаётган йўналишлардан бири экани таъкидлагани ҳам фикримизнинг исботидир.

Мамлакатимизда илм-фанни ривожлантиришга алоҳида эътибор берилаётган бир пайтда, бу каби салбий ҳолатлар, айниқса, магистратурага қабул жараёнларида йўл қўйилаётган айрим суиистеъмолчиликлар депутатлар томонидан кескин танқид қилинди.

Ана шулардан келиб чиққан ҳолда, “Адолат” СДП фракцияси йиғилишида магистратура йўналишларига қабул тизимини ўзгартиришга оид қатор таклифлар илгари сурилди. Уларга биноан, магистратура йўналишларига қабул жараёнини олий таълим муассалари эмас, балки Давлат тест маркази томонидан шаффофлик асосида умумий павильонларда, видеокамера кузатуви ва онлайн трансляция этиш орқали амалга ошириш мақсадга мувофиқ.

Иккинчидан, турли олий таълим муассаларида баҳолашга ёндашув турлича бўлгани, баҳолаш тизими рейтинг тизимидан
“5” баҳолик тизимга ўтилгани сабабли Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июндаги қарорига ўзгартириш киритиш мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Магистратурага қабул тартибини жамоатчилик муҳокамаси асосида қайта кўриб чиқиш, қабул жараёни шаффофлигини таъминлаш таълим сифатини оширишга ҳамда соҳада коррупция элементларига барҳам беришга кўмаклашади.

Муҳаммад ВАЛИЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси


Кўришлар сони: 432

Депутатлар минбари

Янгиликлар

28.02.2020
Жарқўрғондаги сайловчилар депутатга қандай талаблар қўйди?

Ҳаёт шиддат билан ўзгариб бораяпти ва олдимизга янгидан- янги вазифаларни қўймоқда. Бунда энг асосийси...

28.02.2020
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутаталари Тожикистонда бўладиган парламент сайловларини кузатишади

Шу кунларда МДҲнинг Парламентлараро Ассамблеяси халқаро кузатувчилари координатори, Олий Мажлис ...

28.02.2020
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси вакили ТуркПА семинарида иштирок этмоқда

Парламентлараро ҳамкорлик, депутатларнинг нуфузли халқаро анжуманлардаги иштироки ва уларда кўтарилаётан...

Тадбирлар тақвими