Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Фирдавс ШАРИПОВ: Илм, маърифатли ва юксак салоҳиятли кадрлар ҳар доим керак

Фирдавс ШАРИПОВ: Илм, маърифатли ва юксак салоҳиятли кадрлар ҳар доим керак

Дунё тажрибаси ва амалиёти кўрсатмоқдаки, инсон капиталига йўналтирилган маблағлар бошқа омилларга нисбатан ўзини тез ва самарали оқлайди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида юртимизда таълим соҳасини тубдан ислоҳ қилиш лозимлигини таъкидлар экан, жорий йилдан бошлаб, мутлақо янги профессионал таълим тизимини йўлга қўйиш бўйича устувор вазифаларга алоҳида тўхталиб ўтди.

Ҳақиқатан ҳам, ҳозирги кунда ҳар қандай мамлакатнинг жаҳон бозорида рақобатбардошлиги, биринчи навбатда, замонавий технологияларни яратиш ва ўзлаштиришга қодир бўлган сифатли инсон капиталига боғлиқ бўлмоқда.

Тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, инсон капиталига инвестициялардан олинадиган фойда техникага киритилган инвестицияларга нисбатан уч баравар ортиқлигини кўрсатган. Шу билан бирга, ходимлар таълим даражасининг 10,0 фоизга ортиши меҳнат унумдорлигини 8,6 фоизга кўпайтириши аниқланган. Демак, мамлакат иқтисодий жиҳатдан тараққий этиши учун жамиятга истеъдодли одамларни етиштириш талаб этилади.

Ҳозирга пайтга қадар Ўзбекистонда олий таълим муассасалари қабул квотаси қамрови умумтаълим мактаблари, ўрта-махсус таълим битирувчиларига нисбатан 7,0-9,0 фоизни ташкил этиб келган. Ўтган йили бу кўрсатгич 20 фоизга етказилди. Ҳолбуки, Сербияда бу кўрсаткич 97,4 фоизни, Янги Зеландияда 95,6 фоизни, Россия Федерациясида 84,2 фоизни, АҚШда 50,9 фоизни, Қозоғистонда 69,2 фоизни ташкил этади.

Мурожаатномада таъкидландики, олий маълумот оламан, ўз устимда ишлаб, илмли бўламан деган, юрагида ўти бор жўшқин ёшларимизнинг таҳсил олиши учун ҳамма қулайликларни яратишимиз шарт. Шу боис, мактаб битирувчиларини олий таълим билан қамраб олиш даражасини 2020 йилда камида 25 фоизга ва келгусида 50-60 фоизга етказиш, олий ўқув юртларига талабалар қабул қилиш давлат грантларини 2 баробар кўпайтириш кўзда тутилаётгани қайд этилди.

Яна бир жиҳат, Жаҳон банки экспертлари томонидан амалга оширилган тадқиқотлар бугунги кунда туғилган болаларнинг бутун умри давомида ишлаб топадиган даромадлари улар ишлаб топиши мумкинлигига нисбатан 50,0 фоиздан камроқни ташкил этишини кўрсатган. Бу инсон капиталига етарлича инвестиция киритилмаётганининг натижасидир, десак янглишмаймиз. Инсон капитали кўрсаткичининг 1 фоизга ошиши ҳар қандай мамлакат иқтисодиётининг 0,13 фоизга кўтарилишига замин яратар экан.

Ҳозирги давр талаби — ходимдаги юқори билим ва малаканинг ўзи етарли эмаслиги билан изоҳланади. Унда мантиқий ва ижодий фикр юритиш ҳамда юқори натижа берадиган қарорлар қабул қилиш салоҳияти талаб этилмоқда.

Шу ўринда савол туғилади: бундай кадрлар қандай тайёрланади? Фикримизча, бундай қобилият тизимли тарзда боғчадан шакллантира бошланиб, олий таълимгача ва унда тўла ривожлантирилиши керак.

Шу нуқтаи назардан, давлатимиз раҳбари Мурожаатномада бу борадаги ривожлантириш ва ислоҳ қилиш зарур бўлган устувор вазифаларни бирма-бир белгилаб берди. Хусусан, “боғча ёшидаги болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражасини жорий йилда 60 фоизга етказишимиз зарур (амалда 52 фоиз, ўтган йили 38 фоиз бўлган). Ушбу мақсадларга жорий йилда бюджетдан қарийб 1,8 триллион сўм маблағ ажратилади.

Бу йилдан бошлаб, тарихимизда илк бор 6 ёшли болаларни мактабга тайёрлаш тизими жорий қилинади. 2020 йилда бюджетдан ажратиладиган 1,7 триллион сўм маблағ ҳисобидан 36 та янги мактаб қурилиб, 211 таси капитал таъмирланади. Шунингдек, 55 та хусусий мактаб очилиб, уларнинг сони 141 тага етказилади.

Жорий ўқув йилидан бошлаб мутлақо янги профессионал таълим тизими йўлга қўйилиб, 340 та касб-ҳунар мактаби, 147 та коллеж ва 143 та техникум ташкил этилади.

Кадрлар малакасини халқаро меҳнат бозори талабларига мослаштириш мақсадида Миллий малака тизими ишлаб чиқилади. Ушбу тизим 9 мингга яқин касб бўйича кадрлар тайёрлаш имконини беради.

Умуман, бу борада олдимизда қилинадиган ишлар жуда кўп. Буни юқорида келтирилган рақамларнинг ўзи ҳам кўрсатиб турибди. Энди биздан талаб этиладигани Президентимизга камарбаста бўлиб қаттиқ ишлаш, айни соҳада амалга оширилаётган ишлар устидан парламент назоратини таъминлашдир.

 

Фирдавс ШАРИПОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Халқ демократик партияси фракцияси аъзоси

 


Кўришлар сони: 222

Депутатлар минбари

Янгиликлар

28.02.2020
Жарқўрғондаги сайловчилар депутатга қандай талаблар қўйди?

Ҳаёт шиддат билан ўзгариб бораяпти ва олдимизга янгидан- янги вазифаларни қўймоқда. Бунда энг асосийси...

28.02.2020
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутаталари Тожикистонда бўладиган парламент сайловларини кузатишади

Шу кунларда МДҲнинг Парламентлараро Ассамблеяси халқаро кузатувчилари координатори, Олий Мажлис ...

28.02.2020
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси вакили ТуркПА семинарида иштирок этмоқда

Парламентлараро ҳамкорлик, депутатларнинг нуфузли халқаро анжуманлардаги иштироки ва уларда кўтарилаётан...

Тадбирлар тақвими