Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Хотин-қизлар демократик жараёнларнинг фаол ва ташаббускор иштирокчисига айланмоқда

Хотин-қизлар демократик жараёнларнинг фаол ва ташаббускор иштирокчисига айланмоқда

Мустақил тараққиёт ва ривожланиш йўлидан дадил одимлаётган Ўзбекистонда демократик ҳуқуқий давлат, эркин фуқаролик жамияти қуриш жараёнида унинг яхлитлигини кафолатловчи оила институтини мустаҳкамлаш, оила ва хотин-қизларнинг ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилишга йўналтирилган сиёсат олиб борилмоқда.

Аввало, ўтган давр мобайнида юртимизда оила институтини мустаҳкамлаш ва қўллаб-қувватлашнинг мустаҳкам ҳуқуқий асослари яратилди. Хусусан, Конституциямизга алоҳида “Оила” боби киритилди. Ушбу бобда оиланинг ижтимоий мақоми аниқ белгиланиб, оила жамиятнинг асосий бўғини, жамият ва давлат муҳофазасида экани мустаҳкамланди.

Кейинроқ алоҳида Оила кодекси қабул қилинди.

Бугун Конституциямизга таянган ҳолда қабул қилинган қонунлар, Президентимизнинг Фармон ва қарорлари, Ҳукумат қарорлари ҳамда бир қатор Давлат дастурлари оилалар мустаҳкамлигини таъминлашга хизмат қилиб келмоқда.

Мамлакатимиз БМТ томонидан қабул қилинган аёллар ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга оид кўплаб халқаро ҳужжат ҳамда шартномаларга қўшилган. БМТнинг Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенцияси, Хотин-қизларнинг сиёсий ҳуқуқлари тўғрисидаги, Халқаро меҳнат ташкилотининг Оналикни муҳофаза қилиш тўғрисидаги, Меҳнат ва бандлик соҳасида камситишлар тўғрисидаги конвенциялари шулар жумласидандир. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 12 июлда парламент палаталари, сиёсий партиялар, Ўзбекистон экологик ҳаракати фаолиятини таҳлил қилишга бағишланган видеоселектор йиғилишида Хотин-қизлар ўртасида олиб борилаётган ишлар самарадорлигини ошириш, жумладан, энг оғир масала бўлган ўз жонига қасд қилиш, жиноятчилик ва оилавий ажримларнинг олдини олишда Олий Мажлис палаталарининг роли сезилмаяпти. Бу борада на самарали ишлайдиган қонунлар қабул қилинмоқда, на жойларда амалий фаолият олиб борилмоқда. Ҳолбуки, халқимиз, сайловчиларимиз биздан бу борада амалий ҳаракатларни кутмоқдадеб, оилалар ва аёллар билан олиб бориладиган ишлар доимо давлатимизнинг диққат-эътиборида эканини алоҳида таъкидлаган эди.

Шундан келиб чиққан ҳолда, мамлакатимиз раҳбари Олий Мажлис Қонунчилик палатасида оила ва аёллар масалалари бўйича комиссияни тузиш мақсадга мувофиқ эканини қайд этган эди.

Давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган устувор вазифалардан келиб чиқиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Оила ва аёллар масалалари бўйича комиссияси тузилди. Оилани мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, аёлларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоялаш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий фаолигини ошириш, соҳага оид қонунчиликни такомиллаштириш, ушбу йўналишдаги давлат дастурларини ҳаётга изчил татбиқ этиш мазкур комиссиянинг асосий вазифаси этиб белгиланди.

Таъкидлаш лозимки, эришилган муваффақиятлар билан биргаликда, оила институтига, аёллар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни янада такомиллаштириш, аёллар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, эрта турмуш қуриш, шунингдек, шаръий ва қариндошлар ўртасидаги никоҳ каби муаммоларни бартараф этиш ушбу соҳада ўз ечимини кутаётган долзарб масалалардан бўлиб қолмоқда.

Мазкур муаммоларнинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш, ушбу ҳолатларнинг олдини олиш бўйича тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш бугунги кунда энг долзарб масалалардандир. Албатта, бу борада Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Оила ва аёллар масалалари бўйича комиссияси томонидан ўтган давр мобайнида оила ва аёллар масалаларига оид бугунги кундаги мавжуд муаммолар таъсирчан парламент назорати шаклларидан самарали фойдаланган ҳолда таҳлил қилинди ҳамда жойларга чиққан ҳолда 40 дан зиёд амалий мулоқот, давра суҳбатлари ўтказилди. Тадбирларда асосан, мамлакатимизда оила институти мустаҳкамлигини таъминлашга, хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси, хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш каби масалалар ҳар томонлама муҳокама қилинди.

Оилада вояга етаётган ёш авлодни ҳар томонлама баркамол этиб тарбиялаш масаласи кўп жиҳатдан ота-оналарнинг ҳуқуқий, маънавий-ахлоқий ва физиологик билими даражасига боғлиқ. Шу нуқтаи назардан, комиссия тадбирлар давомида маҳалла ва ўқув юртларида ёшларнинг, айниқса, ёш оилалар аъзоларининг ижтимоий, ҳуқуқий, маънавий-маърифий, тиббий, педагогик, психологик соҳалардаги билимини бойитишга қаратилган тарғибот-ташвиқот тадбирларига кўпроқ эътибор қаратди.

Мазкур тадбирларда навқирон авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялашда “Оила — маҳалла — таълим муассасаси” ҳамкорлиги, мазкур ҳамкорлик вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг профилактикасини кучайтириш, тарбиявий ишлар самарадорлигини оширишда муҳим омил экани диққат марказида бўлди. Оила институтини мустаҳкамлашга қаратилган қонунлар, давлат ва ҳудудий дастурлар ҳамда бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини таъминлашда тегишли давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан биргаликда таълим муассасалари фаоллигини янада оширишга эътибор қаратилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Оила ва аёллар масалалари бўйича комиссияси ҳам ўз фаолиятини янги мезонлар асосида ташкил этди. Бу борада комиссия аъзолари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони, 2018 йил 7 июндаги “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастурини амалга ошириш тўғрисида”ги қарори ижросини жойларга чиқиб ўрганди. Хусусан, комиссия аъзолари ва депутатлар бевосита жойларда, яъни, мунтазам равишда туманларимизда бўлиб ўтаётган учрашувларда оилаларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, эҳтиёжманд ва ёш оилаларнинг уй-жой билан таъминланиши, тадбиркорликка қулай шароитлар яратилиши, янги иш ўринларининг очилиши каби кўтарилаётган масалаларни фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатларларга асосланган ҳолда ўргандилар.

Шунингдек, комиссия аъзолари чекка ҳудудларга ҳам чиқиб, иш олиб борди. Жумладан, 2018 йилнинг июль ойида Сурхондарё вилоятининг Узун ва Сариосиё туманларида “Ҳар бир оила — тадбиркор”, “Обод қишлоқ” дастурлари доирасида олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишилди. Ушбу жараёнларда аҳоли бандлигини таъминлаш, ўз тадбиркорлигини бошлаш ниятида бўлган хотин-қизлар билан мулоқот қилинди, уларга етарлича ҳуқуқий кўникма ҳамда амалий ёрдамлар берилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан 2018 йил 27 июнда тасдиқланган “Ўзбекистонда оила институтини мустаҳкамлаш концепцияси”да оила институтини мустаҳкамлашнинг институционал ва ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, мазкур концепциянинг амалга оширилиши юзасидан “Йўл харитаси” ишлаб чиқилган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Оила ва аёллар масалалари бўйича комиссияси томонидан Президентнинг мазкур қароридан келиб чиқадиган вазифаларга бағишлаб тадбир ўтказилди. Унда ҳозирги вақтда оила мустаҳкамлигини таъминлаш жараёнида давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари ва фуқароларнинг яқин ҳамкорлигини ҳамда фаоллигини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга экани қайд этилди. Шу маънода, Ўзбекистонда оила институтини мустаҳкамлаш концепциясида оила институтини мустаҳкамлашнинг институционал, ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, ижтимоий шерикликни кучайтириш, замонавий оилани ривожлантириш масалалари бўйича фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар олиб бориш, демографик ривожланишни рағбатлантириш, оила фаровонлиги даражасини ошириш, унинг тарбиявий-таълим салоҳиятини мустаҳкамлаш, жамиятда анъанавий оилавий қадриятларни сақлаш, оилаларда маънавий-ахлоқий муҳитни яхшилаш, шунингдек, оилаларга таъсирчан методик, консультатив ва амалий ёрдам кўрсатишнинг самарали тизимини яратиш кўзда тутилган.

Муҳокамалар давомида Концепциянинг мазмун-моҳияти ва уни амалга оширилиши юзасидан ишлаб чиқилган “Йўл харитаси” иштирокчилар эътиборида бўлди. “Йўл харитаси”да белгиланган чора-тадбирлар қаторида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни, уларнинг оила институтини мустаҳкамлаш ҳамда ривожлантиришга таъсири нуқтаи назаридан таҳлил қилиш ва баҳолаш, ҳуқуқни қўллаш амалиётини, ривожланган хорижий давлатлар тажрибасини ўрганиш юзасидан олиб борилган тадқиқотлари натижалари асосида оила институтини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш соҳасида мустаҳкам ҳуқуқий асосни яратиш белгилангани диққатга молик. Шу боис, Концепцияни тўлақонли амалга ошириш юзасидан аниқ таклиф ва мулоҳазалар ўртага ташланди.

Тадбир давомида мамлакатимиздаги замонавий тараққиёт негизида жамият ҳаётида рўй бераётган замонавий ўзгаришларга мувофиқ тарзда, “Йўл харитаси”да такомиллаштирилиши кўзда тутилган қонун ҳужжатлари, хусусан, Оила кодекси, Ўзбекистон Республикасининг “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги ва “Кексалар, ногиронлар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож бошқа қатламларига ижтимоий хизмат кўрсатиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича қонун ижодкорлиги фаолияти доирасида ўзаро ҳамкорликда олиб бориладиган келгуси ишлар режалаштириб олинди.

Шунингдек, 2018 йил июлда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш борасидаги ишларнинг бугунги ҳолати, бу борада ички ишлар органлари ва бошқа давлат идораларининг масъулиятини янада ошириш, тизимда мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида аёллар масаласига алоҳида эътибор қаратилганди. Бу борада оғир ижтимоий вазиятдаги, шу жумладан, қамоқ жазосини ўтаб қайтган аёллар билан бўлиб ўтган мулоқотлар ҳам ҳали талайгина ишлар амалга оширилиши зарурияти юқорилигини кўрсатди.

Шу ўринда айтиш жоизки, ижтимоий реабилитация ва мослаштириш марказларининг ташкил қилиниши ўз вақтида қабул қилинган қарор бўлди. Ушбу марказларнинг тезкор равишда ташкил қилиниши ва унда назарда тутилган ишларда давлат ва жамоат ташкилотлари, сиёсий партиялар, фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари ва фуқароларимизнинг ўзаро ҳамкорлигиннг самарали ташкил қилиниши қанчалик муҳим экани учрашувлар жараёнида яна бир неча бор такрорланди.

Таъкидлаш жоиз, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Оила ва аёллар масалалари комиссияси Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат  Мирзиёев томонидан белгилаб берилган вазифаларнинг ижросини ўз вақтида ва самарали таъминлаш, шунингдек, оилани мустаҳкамлашга, оналик ва болаликни муҳофаза қилишга, аёлларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга, уларнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий фаоллигини оширишга, соҳага оид қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга, ушбу йўналишдаги давлат дастурларини ҳаётга изчил татбиқ этишга, оила ва хотин-қизлар масалаларига оид Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларининг бажарилишини таъминлашга кўмаклашиш мақсадини кўзда тутади.

Шу боис, комиссия томонидан амалий тадбирларда адлия ва суд органлари вакиллари бўлган мутахассисларни жалб қилган ҳолда, оилани мустаҳкамлаш ҳамда сақлаш, оиланинг, айниқса, никоҳ тузиш, никоҳдан ажралиш масалаларига оид ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш масалаларига доимий эътибор қаратилади.

Ажримлар, уларнинг оқибатларининг олдини олиш мақсадида қонунчилик ва амалиётда таъсирчан чора-тадбирларни ишлаб чиқилиши мақсад қилинган тадбирларда оила институтига оид қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш масалалари муҳокама қилиб келинмоқда. Никоҳ ва оилани сақлаш ҳамда мустаҳкамлашда давлат органларининг нодавлат ташкилотлари, таълим муассасалари билан ўзаро шериклик муносабатларига оид масалалар ҳам кўриб чиқилмоқда.

Давлатимиз раҳбари Олий Мажлис Сенатининг 20-ялпи мажлисидаги нутқида “Аёлга бўлган ҳурмат-эътибор – бу, аввало, оилага, жамият келажагига бўлган ҳурмат-эътибор ифодасидир”, деган эди. Юртбошимиз мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий ва социал фаоллигини ошириш, уларнинг турли соҳа ва тармоқларда ўз қобилияти ҳамда имкониятини рўёбга чиқариши учун шарт-шароит яратиш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига сўзсиз риоя қилинишини таъминлаш, оналик ва болаликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, шунингдек, оила институтини мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширишга алоҳида тўхталиб, бир қатор таклифларни илгари сурди.

Ушбу таклифлардан келиб чиқиб, «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги, «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари қабул қилиниши жараёнида комиссия томонидан бир қатор жамоатчилик муҳокамалари ҳамда туркум тадбирлар ташкил этилди. Мазкур тадбирларда қайд этилганидек, бундай чоралар гендер тенглигини таъминлаш, хотин-қизларни дискриминация қилинишининг барча шаклларига барҳам бериш, зўравонлик қурбони бўлган ёки уларга нисбатан бўлган ҳуқуқбузарликдан жабрланган аёлларга ижтимоий-психологик ёрдам кўрсатиш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда аёллар билан ишлашга ихтисослаштирилган махсус бўлимлардаги ишларнинг ташкил этилиши хотин-қизлар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқаришга йўналтирилган. Шунингдек, қабул қилинган қонунларда акс эттирилган нормаларнинг бажарилиши юзасидан таъсирчан парламент ва жамоатчилик назоратининг ўрнатилиши, шубҳасиз, Ўзбекистонда ҳуқуқий демократик жамият ривожига хизмат қилувчи кучли омилдир.

Бундан ташқари, мазкур соҳадаги ҳуқуқни қўллаш амалиётига тааллуқли бўлган масалалар, мавжуд нормаларнинг халқаро стандартларга мослиги, Ўзбекистон аъзо бўлган соҳага тегишли халқаро ҳуқуқий ҳужжатлардаги қоидаларнинг миллий қонунчиликка имплементация қилиниши масалалари муҳокама этилди. Берилган таклифлар асосида мазкур йўналишда амалга ошириладиган тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самараси ўлароқ, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг вазифалари қайта кўриб чиқилди, туман (шаҳар) хотин-қизлар қўмиталари тузилмасида хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис лавозими жорий этилди, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ва унинг ҳудудий бўлинмалари, Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ташкил этилди, шунингдек, “Мўътабар аёл” кўкрак нишони таъсис этилди, Зулфия номидаги Давлат мукофоти лауреатларини қўллаб-қувватлашнинг янги тизими яратилди.

Дарҳақиқат, сиёсий жараёнларда ҳам аёлларимиз фаоллиги ортиб бормоқда. Парламент тарихида илк бор янги чақириқ Қонунчилик палатасида депутат хотин-қизлар сони 48 нафарни ёки 32 фоизни ташкил этди. Бу Юртбошимизнинг “Ҳозирги кунда ҳар бир хотин-қиз демократик жараёнларнинг кузатувчиси эмас, балки фаол ва ташаббускор иштирокчиси бўлмоғи шарт” деган сўзининг амалдаги тасдиғидир.

Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, жамиятдаги мавқеини мустаҳкамлаш, илғор ғоя ҳамда ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш масалаларига давлат сиёсати даражасида эътибор берилмоқда.

 

Абдураҳим ҚУРБОНОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси депутати


Кўришлар сони: 916

Депутатлар минбари

Янгиликлар

24.01.2020
Гулшана ХУДОЁРОВА: Президентнинг таълим-тарбияга ғамхўрлиги замирида катта ҳикмат бор

Бугунги Мурожаатномада кўтарилган энг устувор ғоя ҳам барча соҳалардаги ўзгариш ва янгиланишлар,...

22.01.2020
Депутатлар Вазирлар Маҳкамаси аъзолигига номзодларни кўриб чиқдилар

Парламентнинг ҳозирги ривожланиш босқичида давлатимиз раҳбарининг тавсиялари билан амалиётга жорий...

22.01.2020
Фракция Ҳукумат аъзолигига номзодларни маъқуллади(ми?)

Депутатлар кун тартибидаги масала юзасидан ўз муносабатларини билдириб ўтишди. Номзодларнинг ҳаётий...

Тадбирлар тақвими