Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Қодир ЖЎРАЕВ: Ватан ҳимояси ҳар бир фуқаронинг муқаддас бурчидир

Қодир ЖЎРАЕВ: Ватан ҳимояси  ҳар бир фуқаронинг муқаддас бурчидир

Айни кунларда мамлакатимиз бўйлаб Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 28 йиллиги ҳамда 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни кенг нишонланмоқда. Ушбу байрам арафаси соҳада рўй берган ўзгаришлар, эришилган ютуқ ва натижаларни сарҳисоб қилган ҳолда, олдимизда турган вазифаларни аниқлаштириб олиш учун қулай фурсатдир.

Таъкидлаш жоиз, ўтган чорак асрдан кўпроқ вақт мобайнида мамлакатимизда мустаҳкам Қуролли Кучлар тизимини яратиш бўйича принципиал вазифалар амалга оширилди. Энг аввало, ҳарбий соҳа ислоҳотлари билан боғлиқ стратегик мақсадларга эришишнинг муҳим ҳуқуқий асоси яратилди. Конституциямизнинг 52-моддасида Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилиш — Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг бурчи экани алоҳида белгилаб қўйилди. Асосий қомусимизда Ўзбекистон Қуролли Кучларининг ҳуқуқий мақоми ҳам аниқ белгилаб берилган. Унга кўра, Қуролли Кучлар Ўзбекистон суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги, юртимиз аҳолисининг осуда ҳаёти ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ташкил қилиниши қайд этилган.

Бош Қомусимиздаги ушбу прогрессив нормалар кейинчалик тинчлик, осойишталик ва барқарорликни таъминлашга хизмат қилувчи бир қатор қонун ҳужжатларида ҳам ўз аксини топди. Хусусан, “Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси тўғрисида”ги, “Фуқаро муҳофазаси тўғрисида”ги, “Терроризмга қарши кураш тўғрисида”ги, “Мудофаа тўғрисида”ги, “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари резервидаги хизмат тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсий фаолияти Концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қонунлар шулар жумласидандир.

Шунингдек, ислоҳотларнинг янги даврида мамлакатимизнинг мудофаа ва хавфсизлик тизими билан боғлиқ ўта муҳим “Мудофаа доктринаси тўғрисида”ги (янги таҳрирда), “Давлат божхона хизмати тўғрисида”ги, «Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси тўрисида»ги, «Фуқароларнинг жамоат тартибини сақлашдаги иштироки тўғрисида»ги қонунлар қабул қилинди. Чунончи, 2018 йил 9 январда Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев ташаббуси асосида ишлаб чиқилган «Ўзбекистон Республикасининг Мудофаа доктринаси тўғрисида»ги Қонун муҳим аҳамиятга эга бўлиб, унинг янгиланиши миллий манфаатларимизга нисбатан вужудга келиши мумкин бўлган хавф-хатар ва таҳдидларга муносиб жавоб бериш зарурати билан чамбарчас боғлиқдир.

Доктринанинг 6-бандида глобаллашув давом этаётган ва халқаро муносабатларнинг тизими ўзгариб бораётган шароитларда жаҳондаги ҳарбий-сиёсий вазият халқаро ва минтақавий хавфсизликка хавф-хатар ҳамда таҳдидлар кўлами кенгайиб бораётгани — геосиёсий қарама-қаршиликнинг кучайиши, можаролар, танг вазиятларни куч ишлатиб ҳал этишга бўлган ёндашувнинг устунлик қилиши, куч ишлатиш, шу жумладан, оммавий қирғин қуролини қўллаш эҳтимоли ошгани, ҳарбийлаштириш, халқаро терроризм ва экстремизм фаоллашгани, ахборот макони ва кибермаконда ўзаро кураш кучайгани билан тавсифланади.

Янгиланган Мудофаа доктринасининг очиқ тарзда эълон қилиниши мудофаа сиёсатимиз очиқлигининг яққол тасдиғидир. Унда асосий эътибор мамлакатимиз мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаш, ташқи сиёсатимизнинг мослашувчанлик ва очиқлиги, энг асосийси, қўшни давлатлар билан дўстона ва амалий муносабатларнинг ривожланаётгани каби муҳим омилларга қаратилган ҳолда, Ватанимиз суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини таъминлаш йўлидаги устувор вазифалар белгилаб олинган.

Бугунги кунда мазкур доктрина асосида Қуролли Кучларимизнинг жанговор салоҳиятини юксалтириш, замонавий қурол-яроғ ва техникалар билан таъминлаш, ҳарбий хизматчиларнинг жисмоний, интеллектуал тайёргарлигини юксалтириш бўйича улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ҳарбий қисм ва бўлинмаларнинг моддий-техника базаси мустаҳкамланиб, полигонларда тизимли равишда ўқув машғулотлари ўтказилмоқда.

Мамлакатимизда 2018-2021 йилларда қўшинларни замонавий қурол-яроғ билан таъминлаш, ҳарбий техникаларни таъмирлаш, модернизация қилиш бўйича катта қадам ташланди. Айниқса, ҳарбий ҳаво кучларини ривожлантириш, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини мустаҳкамлаш, махсус операциялар кучларини энг янги техника ва аслаҳа билан таъминлашга қаратилган муҳим чора-тадбирлар амалга оширилди. Бу борада қатор хорижий давлатлар билан ҳарбий-техникавий ҳамкорлик юқори даражада йўлга қўйилди.

Шунингдек, ҳарбий хизматчиларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш масаласига ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 майда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбийлари ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига асосан, ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари учун республика олий таълим юртларига 5 фоизлик давлат гранти асосида қабул квотаси ажратилди. Бугун ҳарбийларнинг 700 нафардан зиёд фарзандлари олий таълим муассасаларида шу имтиёздан фойдаланиб таҳсил олмоқда.

Бундан ташқари, ҳарбийларни уй-жой билан таъминлаш, оила аъзоларини қўллаб-қувватлаш учун муносиб шарт-шароитлар яратилмоқда. Хусусан, имтиёзли кредитлар асосида 2017 йилда 56 та, 2018 йилда 74 та, 2019 йилнинг ўзида ҳарбий хизматчилар учун 116 та кўп қаватли уй фойдаланишга топширилди. Қисқа давр ичида 6 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчи оилаларининг яшаш шароитлари яхшиланди.

Кучли ижтимоий ҳимоя, ўз навбатида, офицер ва аскарларимизнинг фидойилик, бурчга садоқат билан хизмат қилиш, ўзининг профессионал тайёргарлигини ошириб бориши учун замин яратмоқда. Кўрилаётган комплекс чора-тадбирлар натижасида ватан ҳимоячиларининг ҳарбий хизматга бўлган ёндашуви тубдан ўзгарди. Ҳарбий қисмларда масъулият ва интизом мустаҳкамланди. Барча ҳарбийлар қалбида ўз Ватани билан фахрланиш ва ғурурланиш ҳисси янада ортди.

Бир сўз билан айтганда, ўтган давр мобайнида мамлакатимиз хавфсизлиги ва барқарорлиги, унинг сарҳадлари дахлсизлигини таъминлаш бўйича тактик ва стратегик вазифаларни самарали ҳал этишга қодир бўлган, замонавий, ҳаракатчан, ҳар томонлама яхши қуролланган армияни ташкил этиш бўйича ўзининг кўлами, миқёсига кўра улкан ишлар тизимли ва босқичма-босқич равишда амалга оширилди.

Шу билан бирга, мамлакатимиз Қуролли Кучлари тизимидаги ислоҳотларнинг навбатдаги босқичида ҳали амалга ошириш зарур бўлган қатор вазифалар борлигини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим. Минтақамиз ва бутун жаҳондаги бугунги бесаранжом, тез-тез ўзгараётган ҳарбий-сиёсий вазият, айниқса, Афғонистондаги ҳозирги мураккаб ҳолат ва у билан боғлиқ тарзда хавфсизликка қарши реал ва эҳтимол тутилаётган хавф-хатарларнинг кучайиб бораётгани Қуролли Кучларимизнинг ҳарбий тайёргарлиги ва жанговор қобилиятини муттасил ошириш, мамлакатимиз хавфсизлигини таъминлаш, унинг давлат чегараларини ҳимоя қилиш ва қўриқлаш борасидаги чораларни янада кучайтиришни тақозо этади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Бугунги кунда дунёнинг айрим минтақаларида тобора кескинлашиб бораётган қонли можаро ва зиддиятлар, терроризм ва экстремизм хавфи биздан доимий огоҳ ва ҳушёр бўлишни талаб этмоқда. Бу борада Ўзбекистон чегараларининг хавфсизлиги ва дахлсизлигини таъминлаш, мамлакатимиз мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш, юртимиз остонасига ҳеч қандай бало-қазони яқин келтирмаслик каби ҳал қилувчи вазифалар ҳамиша диққатимиз марказида бўлади”.

Бу борада, айниқса, Президентимизнинг 2017 йил 20 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикаси Мудофаа саноати Давлат қўмитасини ташкил этиш тўғрисида»ги Фармонида кўзда тутилган чора-тадбирларни ҳаётга изчиллик билан татбиқ этиш биз учун ўта муҳим аҳамиятга эга. Ушбу ҳужжат орқали мамлакатимиздаги барча турдош корхоналарни бирлаштирган Мудофаа саноати бўйича давлат қўмитаси ташкил қилиниши миллий мудофаа саноат комплексини шакллантириш йўлидаги биринчи ва муҳим қадам бўлди. Галдаги вазифа – мазкур комплексни изчил ривожлантиришдан иборат. Зеро, мудофаа саноат комплексининг бунёд этилиши яқин келажакда миллий армиямизни қурол-яроғ ва ҳарбий техника билан таъминлаш, шунингдек, қўшимча иш ўринларини яратиш, ҳозирда хориждан валютага сотиб олинаётган кўплаб маҳсулотларни ўзимизда ишлаб чиқариш имконини беради.

Шунингдек, ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашга доир ишлар самарадорлигини ошириш ва фаоллаштириш, бу борадаги таълим-тарбия ишларига мамлакатимиз фуқароларини, давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотларини ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини янада фаол жалб этиш ва ёшлар онгига ватанпарварлик, мардлик туйғуларини сингдириш ҳам энг муҳим вазифаларимиздан бири ҳисобланади.

Таъкидлаш жоиз, Қуролли Кучларимиз тизимидаги ислоҳотларнинг навбатдаги босқичи янги сайланган депутатлик корпуси зиммасига ҳам бир қатор масъулиятли вазифаларни юклайди. Биз депутатлар парламент назоратининг таъсирчан механизмларини қўллаган ҳолда қабул қилинган қонунлар, фармон ва қарорларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши устидан тизимли мониторинг ишларини йўлга қўйишимиз лозим.

Миллий армиямиз, Қуролли Кучларимизни ислоҳ қилиш борасида белгиланган вазифаларнинг изчил амалга оширилиши Ўзбекистон суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги, юртимиз аҳолисининг осуда ҳаёти ва хавфсизлигини таъминлаш, давлатимизнинг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш, армиямизнинг жанговор қудрати ҳамда салоҳиятини янада юксалтиришга хизмат қилади.

 

Қодир ЖЎРАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати


Кўришлар сони: 507

Депутатлар минбари

Янгиликлар

24.01.2020
Гулшана ХУДОЁРОВА: Президентнинг таълим-тарбияга ғамхўрлиги замирида катта ҳикмат бор

Бугунги Мурожаатномада кўтарилган энг устувор ғоя ҳам барча соҳалардаги ўзгариш ва янгиланишлар,...

22.01.2020
Депутатлар Вазирлар Маҳкамаси аъзолигига номзодларни кўриб чиқдилар

Парламентнинг ҳозирги ривожланиш босқичида давлатимиз раҳбарининг тавсиялари билан амалиётга жорий...

22.01.2020
Фракция Ҳукумат аъзолигига номзодларни маъқуллади(ми?)

Депутатлар кун тартибидаги масала юзасидан ўз муносабатларини билдириб ўтишди. Номзодларнинг ҳаётий...

Тадбирлар тақвими