Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Янги таҳрирдаги Солиқ кодекси кучга кириши билан нималар ўзгарди?

Янги таҳрирдаги Солиқ кодекси кучга кириши билан нималар ўзгарди?

Парламентнинг қуйи палатасида янги таҳрирдаги Солиқ кодекси узоқ давом этган муҳокамалардан сўнг қабул қилиниб, Президентимиз томонидан имзоланди ҳамда матбуотда эълон қилинди.

Хўш, жорий йил 1 январдан кучга кирган янги таҳрирдаги Солиқ кодексида қандай ўзгаришлар бўлди ва улар халқимизга нима наф беради?

Бу борада Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг фикри билан қизиқдик.

Мақсуд ҚУРБОНБОЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:

— Янги таҳрирдаги Солиқ кодексида мамлакат тараққиётининг таянчи бўлган инсофли, ҳалол солиқ тўловчиларни рағбатлантириш, яширин фаолият юритаётганларнинг қонуний ишлаши учун шарт-шароит яратишга хизмат қиладиган нормаларга ўрин берилди. Бундан кўзланган мақсад фуқароларимиз солиқдан қочиш эмас, балки уни вақтида тўлашдан манфаатдор бўлишига эришишдир.

Кодексни қабул қилиш жараёнида депутатлар унинг ҳар бир нормаси иқтисодиётнинг барча жабҳасида макроиқтисодий барқарорликка эришиш, пировардида, мамлакат ривожи ҳамда халқ манфаатлари устуворлигини таъминлаш нуқтаи назаридан кўриб чиқилганини алоҳида эътироф этиш жоиз.

Кодексда депутатлар тегишли мутахассислар, экспертлар билан биргаликда солиқ муносабатлари билан боғлиқ қоида ва нормалар қўлланилишини енгиллаштириш, ундаги зиддиятлар, тушунмовчиликларни тугатиш, инсофли солиқ тўловчилар манфаатларини ҳимоялаш, солиқ назорати шакл ва механизмларини соддалаштириш юзасидан амалий таклифлари билан фаол иштирок этдилар. Шунингдек, солиқ объектлари ва солиқ тўловчиларнинг ҳисобини юритиш, ушбу муносабатларда инсон омили таъсирини камайтиришни таъминлайдиган ахборот-комуникация технологияларини кенг жорий этиш каби муҳим масалаларга жиддий эътибор қаратилди. Биргина мисол. Солиқ тўловчиларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш ва уларга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чораларини янада камайтириш, шунингдек, қонунчилик техникаси талабларидан келиб чиқиб, солиқ органлари томонидан киритилаётган молиявий санкцияларни кўзда тутувчи 10 дан ортиқ модда Кодексдан чиқариб ташлангани диққатга моликдир.

Абдурашид ТЎХТАБОЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:

Янги таҳрирдаги Солиқ кодексида солиқ органларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланган ҳолда, уларнинг жавобгарлиги ҳам кучайтирилди.

Кодексда асосий воситалар объектлари, шу жумладан, кўчмас мулк объектлари харид қилинганда (барпо этилганда) қўшимча қиймат солиғи (ҚҚС) бирйўла ҳисобга олинишини назарда тутувчи тартиб жорий этилиши билан солиқни тўлаш тартиблар ҳам соддалаштирилди. Шунингдек, қўшилган қиймат солиғини қайтариб бериш тизими тубдан ўзгартирилди. Яъни, батафсил камерал текширув ўтказилганидан кейин ҚҚС бўйича “манфий” қолдиқ суммасини қайтариш ҳуқуқи тақдим этилади.

Кодексда солиқ турлари 13 тадан 9 тагача камайтирилди. Шунингдек, ягона ер солиғи, давлат божи, божхона тўловлари ва тадбиркорлик фаолиятининг айрим турлари бўйича қатъий белгиланган солиқ турлари бекор қилинди.

Шунингдек, янги таҳрирдаги Солиқ кодексида солиқ тўловчилар учун таҳлика-таҳлил асосида солиқ назоратининг янги тартиби (камерал текширув, сайёр текширув, солиқ аудити) жорий этилди. Таҳлика-таҳлил дастури фаолият кўрсатаётган барча хўжалик субъектларини муайян мезонлар асосида, хавфлилик даражасига қараб, инсон омилисиз, автоматлаштирилган ҳолда 3 та сегментга (яшил йўлак, сариқ йўлак, қизил йўлак) ажратади.

Хавфлилик даражаси паст бўлган (яшил йўлакча) корхоналарга нисбатан ҳеч қачон солиқ текширувлари амалга оширилмайди ва ушбу корхоналарга юқори даражадаги солиқ хизматлари кўрсатилади.

Хавфлилик даражаси ўртача бўлган (сариқ йўлакча) корхоналарга нисбатан фақат камерал солиқ текшируви амалга оширилади ва ушбу корхоналарга хато-камчиликларини бартараф этиш бўйича ҳисоботини тузатиш имкони берилади ҳамда уларга нисбатан молиявий ва маъмурий жарималар қўлланилмайди.

Солиқларни тўлашдан бўйин товлаш, бухгалтерия ҳужжатларини ва ҳисобварақ-фактураларини сохталаштириш ҳолатлари аниқланган хавфлилик даражаси ўта юқори бўлган (қизил йўлакча) корхоналарга нисбатан солиқ аудити текшируви тадбирлари амалга оширилади. Ўз-ўзидан аниқки, бундай корхоналар доимий назоратда бўлади.

Ушбу тадбирлар солиқ назоратини амалга оширишнинг шаффофлигини таъминлаб, юзага келиши мумкин бўлган коррупция ҳолатларининг олдини олишга хизмат қилади.

Комилжон ЭРНАЗАРОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:

— Тадбиркорлик субъектлари манфаатларини инобатга олган ҳолда, солиқ органларига таҳлика-таҳлил асосида камерал солиқ текширувлари, сайёр солиқ текширувларини ва солиқ аудитини тайинлаш ҳуқуқини берадиган солиқ назоратини амалга оширишнинг янги, такомиллаштирилган тартиби жорий этилмоқда.

Солиқ органлари томонидан солиқ текширувлари фақат Кодексда назарда тутилган ва уларни ўтказиш тартибини белгилайдиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинганидан кейин ўтказилиши белгилаб қўйилди. Хусусан, Солиқ кодексига биноан, солиқ текширувларининг бир нечта тури ўрнатилмоқда. Хусусан, камерал солиқ текшируви (солиқ тўловчининг ҳисоботини солиқ органида ўрганиш ва уни божхона органлари, банклар, энергетика корхоналари, кадастр ва бошқаларнинг маълумотлари билан солиштириш), бунинг натижасида солиқ тўловчи солиқ ҳисоботига тузатишлар киритиши ёки асослантирилган сабабларни кўрсатиши керак.

Камерал солиқ текширувини ўтказиш учун солиқ органи раҳбарининг (раҳбар ўринбосарининг) буйруғи бўлиши шарт. Шу билан бирга, камерал солиқ текшируви доирасида солиқ органининг мансабдор шахсига солиқ тўловчидан маълум бир солиқни ҳисоблашнинг тўғрилигини тасдиқлаш учун зарур ҳужжатларни талаб қилиш ҳуқуқи берилади, холос. Камерал солиқ текшируви натижалари бўйича молиявий санкциялар қўлланилмайди, лекин пеня ҳисобланиши мумкин.

Сайёр солиқ текшируви (солиқ тўловчининг айрим кўрсаткичларини жойига чиққан ҳолда ўрганиш)нинг мақсади эса, фақат фактларни қайд этишдан иборат. Сайёр солиқ текшируви солиқлар ва йиғимларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш ҳамда бошқа мажбуриятлар бажарилиши масалаларида маълумот тўплаш учун амалга оширилади. Бунда сайёр солиқ текширув натижалари бўйича солиқлар қўшимча ҳисобланмайди ва молиявий санкциялар қўлланилмайди.

Солиқ аудити – катта ҳажмдаги айланмаларда юқори даражада рискка эга бўлган солиқ тўловчи томонидан солиқ қонунларига риоя этилишини ҳар томонлама ўрганишдан иборат бўлиб, солиқларни тўлашдан бўйин товлаш хавфи ва солиқ тўлаш билан боғлиқ бошқа омиллар мавжуд бўлганда уларни таҳлил қилиш асосида тегишли солиқ тўловчиларда ўтказилади. Солиқ аудити натижаларига кўра қўшимча солиқлар ҳисобланиши ва молиявий санкциялар қўлланилиши мумкин.

Абдуғани УМИРОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:

Янги таҳрирдаги Солиқ кодексида тадбиркорлик субъектлари учун ягона солиқ тўлови ўрнига айланмадан солиқ тўлови жорий этилди. Шу билан бирга, бир қатор махсус солиқ режимлари бекор қилинди. Масалан, бозорлар учун уларни умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтказган ҳолда, 2020 йил 1 январдан бошлаб, аввалги солиқ тўлаш тартиби (даромаднинг 50 фоизи) ўрнига янгилари жорий қилинди. Энди бозорлар умумдавлат солиқларини (агар реализация ҳажми 2019 йилда 1 миллиард сўмдан ошган бўлса), жумладан, юридик шахслардан олинадиган ер солиғи, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ, қўшилган қиймат солиғи ва 20 фоизли оширилган ставкада фойда солиғини тўлайди. Реализация ҳажми 2019 йилда 1 млрд. сўмдан кам бўлганда, айланмадан солиқни, шунингдек, юридик шахслардан олинадиган ер солиғи, юридик шахсларнинг мол-мулк солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни тўлайди.

Концерт-томоша фаолияти билан шуғулланувчи жисмоний шахслар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлаш тартиби жорий этилди. Шунингдек, концерт-томоша фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахслар учун эса, айланмадан солиқ (реализация ҳажми 2019 йилда 1 млрд. сўмдан кам бўлганда) ёки умумбелгиланган тартибда тўланадиган солиқлар (реализация ҳажми 2019 йилда 1 млрд. сўмдан ошганда) киритилди.

Шу билан бирга, ушбу фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқи учун олинадиган давлат божининг миқдори деярли 4 бараварга камайтирилди.

Бундан ташқари, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари умумбелгиланган солиқ тўлашга ёки айланмадан солиқ тўлашга ўтказилмоқда. Шунингдек, ушбу тоифадаги солиқ тўловчилар учун фойда солиғининг ноль ставкаси белгиланиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш учун ишлатиладиган мол-мулк қисми бўйича мол-мулк солиғидан ва томчилатиб суғориш тизими жорий этилган ерлар учун ер солиғидан имтиёзлар сақлаб қолинмоқда.

Адҳам НАЗИРҚУЛОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:

— Янги таҳрирдаги Солиқ кодексини ишлаб чиқиш ва қабул қилишда солиқ юкини камайтириш, солиққа тортишни соддалаштириш ва солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштиришни масалаларини ҳал этиш вазифаси белгиланган эди. Шунга кўра, кодекс орқали солиқ органларининг солиқ тўловчининг солиқ қарзини ундиришни унинг дебиторига қаратиш ҳуқуқи бекор қилинди. Солиқ органларининг ортиқча тўланган ёки ортиқча ундирилган солиқларни ўз вақтида қайтариш учун жавобгарлиги кучайтирилди. Ортиқча ундирилган солиқ ва молиявий санкциялар суммаларини, ушбу суммаларни ундириш (тўлаш) даврида амалда бўлган Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкасидан келиб чиқиб ҳисобланган фоизларни инобатга олган ҳолда, қайтариш тартиби белгилаб қўйилди.

Айнан шу тартибда, ортиқча тўланган солиқ суммасини ўз вақтида қайтариш ва ортиқча ундирилган солиқ суммасини ҳисобга олиш (қайтариш) механизми жорий этилди. Шу билан бирга, солиқ суммасини қайтаришда ҳар бир кечиктирилган кун учун солиқ органи томонидан солиқ тўловчига фоиз тўлаш назарда тутилган.

 

 


Кўришлар сони: 529

Депутатлар минбари

Янгиликлар

24.01.2020
Гулшана ХУДОЁРОВА: Президентнинг таълим-тарбияга ғамхўрлиги замирида катта ҳикмат бор

Бугунги Мурожаатномада кўтарилган энг устувор ғоя ҳам барча соҳалардаги ўзгариш ва янгиланишлар,...

22.01.2020
Депутатлар Вазирлар Маҳкамаси аъзолигига номзодларни кўриб чиқдилар

Парламентнинг ҳозирги ривожланиш босқичида давлатимиз раҳбарининг тавсиялари билан амалиётга жорий...

22.01.2020
Фракция Ҳукумат аъзолигига номзодларни маъқуллади(ми?)

Депутатлар кун тартибидаги масала юзасидан ўз муносабатларини билдириб ўтишди. Номзодларнинг ҳаётий...

Тадбирлар тақвими