Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Қаҳрамон ЭРГАШЕВ: Бюрократик тўсиқ ва сарсонгарчиликка чек қўйилади

Қаҳрамон ЭРГАШЕВ: Бюрократик тўсиқ ва сарсонгарчиликка чек қўйилади

Ҳар бир инсоннинг, керак бўлса, ҳар бир давлатнинг асосий мақсадларидан бири, шубҳасиз, фаровон ҳаётни таъминлаш, тараққиётга эришиш ҳисобланади. Бунга эса, фақат баландпарвоз гаплар билан эмас, аввало, шароит, имконият ва қулайлик яратиш орқалигина етиш мумкин.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Президент этиб сайланганидан бери куюниб айтадиган бир гапи бор: халқимизни рози қилишимиз керак!

Тан олайлик, кундалик ҳаётимизда одамларга енгиллик беришдан кўра, уларга тўсиқ бўладиган, халақит берадиган омиллар оз эмас. Эътибор берсак, вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа давлат ташкилотларида эскирган бюрократик усулларда иш юритиш ҳали-ҳануз сақланиб қолаётган эди. Ҳужжатлар айланмасига замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш даражасининг пастлиги, қоғозбозлик ҳажмининг юқорилиги, энг ачинарлиси, амалий аҳамиятга эга бўлмаган кўплаб йиғилиш ва мажлислар ўтказиш амалиёти одамларнинг тинкасини қуритиб юборган, десак хато эмас.

Ана шундай бир шароитда жорий йилнинг 9 декабрь санасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Бюрократик тўсиқларни янада қисқартириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига замонавий бошқарув тамойилларини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилингани ўзининг амалий аҳамияти билан диққатга молик иш бўлди.

Мазкур ҳужжат давлат томонидан тартибга солиш ва давлат хизматларини кўрсатиш сифатини янада такомиллаштириш, маъмурий тартиб-таомилларни қисқартириш, давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти самарадорлигини ошириш, бир сўз билан айтганда, бюрократик тўсиқларни бартараф этишни кўзда тутадиган бир қатор муҳим вазифаларни ўзида қамраб олган.

Хусусан, 2020 йил 1 январдан бошлаб маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг алоҳида функция ва ваколатларини тегишли давлат бошқаруви органларининг ҳудудий бўлинмаларига ўтказиш кўзда тутилган. Ўз навбатида, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг бир қатор функция ва ваколатлари чиқариб ташланади.

Бундан ташқари, давлатимиз раҳбарининг ушбу қарори билан 2020 йил 1 январдан бошлаб давлат органлари ва ташкилотларининг 28 турдаги маълумотнома-ҳужжатларни фуқаролардан талаб қилишига, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан уларнинг берилишига йўл қўйилмаслиги қатъий белгиланди.

Бу нимани англатади? Бу фуқароларимиз 28 турдаги бюрократик тўсиқ ёки сарсонгарчиликдан халос бўлганини англатади.

2021 йил 1 январдан эътиборан давлат органлари ва ташкилотлари, уларнинг таркибий бўлинмалари ўртасида ҳужжат айланиши ва ҳисоботларни юритиш фақат электрон кўринишда шакллантириладиган ҳамда амалга ошириладиган бўлди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ҳужжатлари билан тузилган алоҳида идоралараро коллегиал органларнинг айримлари ваколатларини тегишли давлат органлари ва ташкилотларига ўтказган ҳолда, 2020 йил 1 январдан бошлаб уларни тугатиш кўзда тутилгани ҳам диққатга сазовор.

Умуман, қарор билан бюрократик тўсиқларни қисқартириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига замонавий бошқарув тамойилларини жорий этиш бўйича "Йўл харитаси" тасдиқлангани ўз вақтида қабул қилинган ғоятда муҳим чора, катта, фойдали иш бўлди.

Бюрократия ҳеч қачон, ҳеч кимга фойда келтирмаган. У ишни ҳам, тараққиётни ҳам орқага тортади, холос. Шу маънода, бюрократик тўсиқларни янада қисқартириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига замонавий бошқарув тамойилларини жорий этишга қатъий қарор қилингани эртанги тараққиётимиз сари ташланган яна бир муҳим қадамлардан бўлди.

 

Қаҳрамон ЭРГАШЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати


Кўришлар сони: 355

Депутатлар минбари

Янгиликлар

24.01.2020
Гулшана ХУДОЁРОВА: Президентнинг таълим-тарбияга ғамхўрлиги замирида катта ҳикмат бор

Бугунги Мурожаатномада кўтарилган энг устувор ғоя ҳам барча соҳалардаги ўзгариш ва янгиланишлар,...

22.01.2020
Депутатлар Вазирлар Маҳкамаси аъзолигига номзодларни кўриб чиқдилар

Парламентнинг ҳозирги ривожланиш босқичида давлатимиз раҳбарининг тавсиялари билан амалиётга жорий...

22.01.2020
Фракция Ҳукумат аъзолигига номзодларни маъқуллади(ми?)

Депутатлар кун тартибидаги масала юзасидан ўз муносабатларини билдириб ўтишди. Номзодларнинг ҳаётий...

Тадбирлар тақвими