Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Шуҳрат ШАРАФУТДИНОВ: Иқтисодиётни либераллаштириш — муҳим жараён

Шуҳрат ШАРАФУТДИНОВ: Иқтисодиётни либераллаштириш — муҳим жараён

Юртимизда 2017 йилдан бошлаб, иқтисодиётимизни либераллаштириш бўйича кенг кўламли ишлар, чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Натижада, тадбиркорликни, бизнесни чекловчи, жумладан, чет эл валютаси билан боғлиқ масалалар ечилди, импорт божларининг юқорилиги ва оширилган солиқ ставкалари каби омиллар бартараф этилмоқда.

Албатта, бозор иқтисодиётига ўтиш, иқтисодиётни либераллаштириш — узлуксиз, доимий жараён ва у такомиллашиб бораверади. Мамлакатимизда иқтисодиётни либераллаштириш корхоналарни давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш, рақобатни ривожлантириш, миллий иқтисодиётнинг барча жабҳасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни кенг кўламда тараққий эттириш орқали амалга оширилмоқда.

Шундай бўлса-да, ривожланган иқтисодиётга эришгунгача бўлган бу жараён давомида аҳолининг эътирозларини келтириб чиқарувчи баъзи омиллар борки, у ҳам бўлса, истеъмол нархларининг ошиши, юқори инфляция ва миллий валютанинг қадрсизланиши масалалари билан боғлиқдир. Давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра, 2019 йилнинг 9 ойлигида инфляция даражаси 9,7 фоизни ташкил қилиб, ушбу кўрсаткич прогноз параметрларидан 2,5 фоизга юқори бўлди (2018 йилнинг январь-сентябрь ойларида – 8,1 фоиз). Шу жумладан, озиқ-овқат маҳсулотлари 8,4 фоизга, ноозиқ-овқат товарлари 8,8 фоизга ва хизматлар 13,7 фоизга ошган. Мисол учун, нон маҳсулотлари нархи ўртача 7,7 фоизга ошган ва бу жаҳон бозорида буғдой сотиб олиш нархларининг ошгани билан боғланмоқда. Яқин қўшни давлатлар билан солиштирганимизда, буғдой уни нархи Ўзбекистонда-10,1 фоизга ошган бўлса, Қирғизистонда-15,4 фоизга, Қозоғистонда-26,9 фоизга ошганини кўришимиз мумкин.

Йил якунига қадар инфляция даражаси яна бироз кўтарилиши кутилмоқда (16-17 фоиз) ва бунинг асосий сабаблари этиб, 15 августдан электр энергияси, табиий газ, бензин, суюлтирилган газ ва коммунал хизматлар нархларининг ошиши ҳамда 1 октябрдан бошлаб, айрим турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари учун қўшилган қиймат солиғи бўйича мавжуд имтиёзларнинг бекор қилиниши инобатга олинаётганини кўрсатиш мумкин.

Бу борада энергетика соҳасидаги ўзгаришларга тўхталадиган бўлсак, унинг ички бозордаги нарх-наволарнинг ўзгаришига таъсири катта, албатта. Кундалик ҳаётимизни газ, электр энергияси ва сувсиз тасаввур этиб бўлмайди. Лекин хонадонимизда фойдаланилаётган газ ёки уйимизни, кўчаларимизни ёритаётган электр энергияси, жўмракларимиздан оқиб турган тоза сув билан узлуксиз таъминлаш давлатга қанчага тушиши ҳақида ҳар доим ҳам ўйлайвермаймиз.

Табиий газ ва электр энергиясининг, тегишли равишда ушбу энергия ресурсларининг нархлари ўзаро боғлиқ. Мисол учун, 2017 йилда мамлакатимизда 61 млрд. кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилган бўлса, шундан 48,8 миллиарди табиий газ асосида ишлаб чиқарилган электр энергияси ҳисобланади. Бунга эса, 15,2 миллиард куб метр газ сарфланган. Шу сабабли, табиий газ нархининг ошиши билан электр энергияси нархи ҳам кўтарилади. Бу эса, иқтисодиётда инфляция кўрсаткичларига таъсир қилмасдан қолмайди. Мавжуд иссиқлик электр станциялари ва иссиқлик электр марказларининг аксарияти ўтган асрда барпо этилган, улар ўз хизмат муддатини ўтаб бўлган. Улардан ортиқча фойдаланиш тармоқда икки баравар кўп ёқилғи сарфланишига олиб келади. “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти қувватларининг 80 фоизи эскиргани боис, замонавий технологияларни жорий этиш орқали уларни модернизация қилиш зарур. Бу соҳани ривожлантириш бўйича ҳам катта кўламда ишлар олиб борилмоқда. Шу билан бирга, айтиш лозимки, мазкур соҳани монополиядан халос этиш нархларнинг эркинлашишига, кўрсатилаётган хизматлар сифатининг ошишига ва рақобатбардош бўлишига хизмат қилади.

Бозор иқтисодиётига ўтиш даврида аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш жуда муҳим ҳисобланади. Жорий йилнинг январь-июль ойларида ўтган йил шу даврига нисбатан аҳолини ижтимоий қўллаш мақсадида бюджет харажатлари 67 фоизга оширилган, ўртача ойлик иш хақи эса, 2019 йил июнь ойига ўтган йилга нисбатан 28 фоизга кўпайтирилган.

Шунингдек, ҳукумат томонидан ички бозорни асосий турдаги истеъмол товарлари билан тўлдириш ҳамда нархлар барқарорлигини таъминлаш бўйича бир қатор устувор вазифалар белгилаб олинган. Жумладан, қишлоқ хўжалигида 300 минг гектар атрофида фойдаланишга қайтариладиган ерларда асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда асосий эътибор чорвачилик соҳаси учун зарур озуқа экинларини жойлаштиришга қаратиш, республикамизда фаолият кўрсатмаётган 16 мингга яқин кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолият кўрсатмаслигининг асосий сабабларини аниқлаш ҳамда улар фаолиятини тиклаш тадбирлари белгиланган. Шунингдек, республика ҳудудларида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан ишлаб чиқарилган озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат товарларининг улгуржи ҳамда чакана савдоси амалга ошириладиган йирик савдо комплекслари давлат-хусусий шериклик тамойили асосида ташкил этиш, нарх-наво барқарорлигини таъминлаш бўйича концепция ишлаб чиқиш кўзда тутилган. 2019 йилда белгиланган инвестиция дастурини бажариш, айрим лойиҳалар ўрнига умумий қиймати 11,1 млн. АҚШ доллари миқдорига тенг 3 та янги лойиҳани йил якунига қадар ишга тушириш чораларини кўриш ҳам шулар жумласидандир.

Бир нарсани аниқ айтишимиз мумкинки, мамлакат ҳаётидаги бугунги ўзгаришлар ўз ҳолига ташлаб қўйилмаган. Балки, давлатимиз раҳбари, ҳукуматимиз томонидан амалга оширилаётган ва олдиндан башорат қилинган мамлакат иқтисодиётини янада ривожлантиришнинг аниқ стратегиси маҳсули десак, муболаға бўлмайди.

Мухтасар қилиб айтганда, биз мамлакатда ривожланган иқтисодиётни таъминлашга интилар эканмиз, кундалик ҳаётимизга таъсир кўрсатувчи, бизга унча ҳам ёқмайдиган нархларни эркинлаштириш давридан ҳам ўтишимиз керак бўлади. Чунки, нархларнинг мажбуран, давлат томонидан бошқарилишини тугатиш, монополиянинг ҳар қандай кўринишига йўл қўймаслик ва рақобат муҳитини қўллаб-қувватлаш, шахсий мулкни ҳурмат қилиш каби тамойиллар амалга оширилган очиқ, кучли фуқаролик жамияти, конституциявий парламент демократияси, эркин бозор иқтисодиёти шароитидагина аҳоли турмуш шароитининг бир хил юқори даражаси таъминлаган, эркин ва бахтли одамлар яшайдиган қудратли, салоҳиятли давлатга айлантиришга эришиш мумкин.

 

Шуҳрат ШАРАФУТДИНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

 


Кўришлар сони: 407

Депутатлар минбари

Янгиликлар

22.01.2020
Депутатлар Вазирлар Маҳкамаси аъзолигига номзодларни кўриб чиқдилар

Парламентнинг ҳозирги ривожланиш босқичида давлатимиз раҳбарининг тавсиялари билан амалиётга жорий...

22.01.2020
Фракция Ҳукумат аъзолигига номзодларни маъқуллади(ми?)

Депутатлар кун тартибидаги масала юзасидан ўз муносабатларини билдириб ўтишди. Номзодларнинг ҳаётий...

22.01.2020
Ҳаракатлар режасида кўзда тутилган вазифаларнинг ижроси парламент назоратида бўлади

Йиғилишда дастлаб, фракция аъзолари номзодларнинг истиқболга мўлжалланган мақсадли кўрсаткичлар ...

Тадбирлар тақвими