Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Конституция – барқарор иқтисодий ривожланиш асоси

Конституция – барқарор иқтисодий ривожланиш асоси

Ўзбекистонда инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш, инсон, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари олий қадрият ҳисобланадиган фуқаролик жамиятини қуриш, эркин бозор иқтисодиётини шакллантиришнинг энг муҳим қоидалари аввало Бош қомусимиз нормаларида мужассамланган.

Мамлакатимизда Конституция туфайли фуқаролар ва миллатлараро тотувлик таъминланиб, ҳаётимизнинг барча жабҳаларида салмоқли ютуқларга эришилди, хусусан иқтисодиёт соҳасида ҳам катта ўзгаришлар содир бўлмоқда. Шубҳасиз, буларнинг барчасида Асосий қонунимиз мустаҳкам ҳуқуқий кафолат бўлиб хизмат қилмоқда.

Мамлакатимизнинг мустақил тараққиёт йилларида иқтисодиёт тармоқларида эришилган барча марралар, унинг барқарор суръатларда ўсиши, аввало, Конституциямизнинг ҳаётбахш қудрати ва салоҳиятини, унда мужассам бўлган принциплар, қоида ва нормаларнинг нақадар чуқур ўйлангани, ҳар томонлама мустаҳкам асосга эга эканини яққол намоён этади.

Айнан Бош қомусимиз бугунги кунда юртимизда мустақил, суверен демократик давлат барпо этиш, кўп укладли бозор иқтисодиёти таркибида хусусий мулк устуворлигини мустаҳкамлаш, унинг ҳимоясини кафолатлаш, шунингдек, инсон манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият ҳисобланган фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг асосий ҳуқуқий пойдеворига айланди. 

Мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётини, сиёсий жиҳатдан қурилишининг асосий томонларини тартибга солиш бўйича тамоман янгича ёндашувни белгилаб берган Конституциямизнинг 53-моддасида “Бозор муносабатларини ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади. Давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқи устунлигини ҳисобга олиб, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилигини ва ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза этилишини кафолатлайди”, деб аниқ белгиланган.

Шунингдек, Конституциянинг 36-моддасида “ҳар бир шахс мулкдор бўлишга ҳақли” экани қатъий белгиланиб, шахснинг мулкка бўлган ҳуқуқи конституциявий норма даражасига кўтарилди ҳамда муҳим иқтисодий-ижтимоий ҳуқуқлардан бири сифатида эътироф этилди. Бошқача айтганда, хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясида бўлиб, мулкдор фақат қонунда белгиланган ҳолларда ва тартибдагина ўз мулкидан маҳрум этилиши мумкинлиги мустаҳкамлаб қўйилган.

Умуман олганда, жамият ҳаётининг барча жабҳасида пайдо бўладиган ижтимоий муносабатларни ривожлантириш, халқ фаровонлигини таъминлашга йўналтирилган кенг кўламли иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишни мулксиз тасаввур этиб бўлмайди. Демак, мулк билан боғлиқ ижтимоий муносабатларсиз ишлаб чиқариш ва хўжалик юритиш жараёнлари ўз мазмунига эга эмас. Ушбу муносабатларда давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқи устунлигини ҳисобга олиб, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги ҳамда ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза этилишини кафолатлайди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Конституциямиз қабул қилинганининг 25 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида “Тадбиркорлик фаолиятининг эркинлиги, хусусий мулк дахлсизлигини амалда таъминлаш бундан буён ҳам давлат сиёсатида устувор йўналиш бўлиб қолади” дея таъкидлаган эди. Давлатимиз раҳбари Конституциямизнинг бу қоидаларига амал қилиш бозор иқтисодиётини жадал ривожлантириш бўйича олиб бораётган барча ишларимизнинг мазмун-моҳиятини белгилаб беришини, тадбиркорлик йўлида пайдо бўладиган тўсиқларни бутунлай олиб ташлаш масаласи давлат раҳбарининг доимий эътиборида экани, “тадбиркор йўлига тўсиқ бўлишни давлат сиёсатига хиёнат” деб қабул қилиш кераклигини қайд этганди.

Бош қомусимизда мустаҳкамлаб қўйилган бош мақсад, принцип ва қоидаларни амалга ошириш учун кичик бизнес, хусусий тадбиркорлик ва фермерлик ҳаракатини изчил ривожлантириш мамлакатни янада ривожлантириш борасида давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.

Конституция меъёрлари асосида қатор қонун ҳужжатларнинг қабул қилиниши мамлакат иқтисодиёти рақобатбардошлигини таъминлаш, ишлаб чиқарувчилар ҳамда тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқ ва манфаатларининг самарали таъминланишида муҳим аҳамият касб этганини қайд қилиш жоиз.

Бу борада, аввало, иқтисодиёт соҳасида давлат аралашувини мумкин қадар қисқартириш, солиқ, божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш, солиқ юкини босқичма-босқич камайтириш, кўплаб рухсат берувчи тартибларни бекор қилиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яратиш, инвестиявий жозибадорликка эришишнинг ҳуқуқий асослари янада такомиллаштирилишига муҳим эътибор қаратилмоқда.

Биргина мисол. Мамлакатимизнинг инвестициявий муҳитини янада яхшилаш, адолатли рақобат тамойилларини жорий этишни таъминлаш, янги солиқ ислоҳотларини тизимли жорий этиш ҳамда солиқлар ва божхона тўловлари бўйича имтиёзлар бериш амалиётини тартибга солиш мақсадида жорий йил 27 июнда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Солиқ ва божхона имтиёзлари берилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилингани мамлакатимизда олиб борилаётган солиқ ислоҳотларининг ўта муҳим иккинчи босқичини бошлаб берди, десак асло муболаға бўлмайди.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолиятига боғлиқ бўлмаган режали текширувлар, шунингдек 42 турдаги фаолиятга лицензиялар ва рухсатномалар бериш бекор қилинди ҳамда 25 фаолият тури учун лицензия ва рухсатнома бериш муддатлари қисқартирилди, соғлом рақобатни чекловчи якка тартибдаги солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда афзалликларини тақдим этиш амалиёти бекор қилинди, шунингдек рақобатбардош ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, соғлом рақобат муҳитини қўллаб-қувватлаш, ички бозорни сифатли истеъмол товарлари билан таъминлаш мақсадида божхона-тариф тизими такомиллаштирилди. Шунингдек, соғлом рақобат муҳити ривожланишини рағбатлантириш, бизнес учун тенг шароитлар яратиш бўйича комплекс чора-тадбирлар белгилаб олинди ҳамда монопол корхоналар томонидан ишлаб чиқариладиган 27 турдаги юқори ликвидли товар, хомашё ва материалларни фақат биржа савдолари орқали сотиш механизми жорий этилди, 20 та эркин иқтисодий зона, 135 та кичик саноат зонаси ташкил этилиб, фаолият кўрсатаётган кичик бизнес субъектлари сони 229,7 мингдан 262,9 минга ёки 14,5 фоизга кўпайди.:

Конституциямизда мустаҳкамланган бош мақсад, принцип ва қоидалар асосида мамлакатда молия-кредит соҳаси қоидаларини ҳам халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш йўлидан борилмоқда.

Пул-кредит тизими такомиллаштирилиши, аввало, кичик бизнес, хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш ҳамда ишлаб чиқаришни модернизация қилишни изчил давом эттириш орқали мамлакатни янада тараққий топтиришга хизмат қилмоқда. Натижада, юртимизда хусусий тадбиркорликни, ишлаб чиқаришни ривожлантириш бўйича қулай ишбилармонлик муҳити яратилмоқда.

Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг банк тизимига ишончини кучайтириш, банклар билан тадбиркорлик субъектлари ўртасида самарали, ўзаро манфаатли муносабатларни таъминлаш борасида мавжуд тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ҳуқуқий асослар такомиллаштирилмоқда.

Бу борада муҳим ва тарихий ўзгаришлардан бири валюта сиёсатини эркинлаштириш, миллий валютамизнинг барқарорлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар натижасида иқтисодиётга хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш, экспорт салоҳиятини ошириш, замонавий, экспортга йўналтирилган ишлаб чиқаришларни ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини барқарор ривожлантиришга замин яратди.  

Амалга оширилган аниқ чоралар натижасида, аввало, валюта муомаласи соҳасининг ҳаддан зиёд маъмурий тартибга солингани, алоҳида хўжалик юритувчи субъектлар учун имтиёз ва преференцияларнинг асоссиз равишда тақдим қилингани, бизнес юритишда тенг бўлмаган шарт-шароитларнинг вужудга келгани каби иқтисодиётимиз ривожига жиддий тўсиқ бўлиб турган салбий ҳолатларга тўлиқ барҳам берилди. Валюта операцияларини амалга оширишда резидентлар ва норезидентларнинг чет эл валютасидаги маблағларини эркин тасарруф этиш ҳуқуқларини ҳамда валюта операцияларининг барча йўналишида очиқликни таъминлашга эришилди.

Бозор тамойиллари асосида валюта ресурслари оқимининг самарадорлигини ошириш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш учун қулай инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, шунингдек, ташқи савдода валюта сиёсатининг рағбатлантирувчи ролини ошириш мақсадида миллий валютанинг хорижий валютага нисбатан айирбошлаш курсини аниқлашда фақатгина бозор механизмларини қўллаш орқали талаб ва таклифдан келиб чиққан ҳолда белгиланмоқда.

Бир сўз билан айтганда, Конституциямизда яратилган ҳуқуқий замин негизида мамлакатимизда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган стандартлари ва нормаларига тўла мос бўлган давлат бошқаруви ҳамда ҳуқуқий тизим ташкил топди, иқтисодиёт ривожланишининг самарали механизми яратилди.

Асосий қонунимиз ислоҳотларнинг босқичма-босқич амалга оширилишида, кўзланган мақсадга эришиш, эркин бозор иқтисодиётини шакллантиришнинг энг муҳим қоидаларини ўзида мужассамлантириб, жамиятимиз ҳаётининг мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори бўлиб хизмат қилмоқда.

Бу эса, асосий мақсадимиз – ривожланган демократик давлатлар қаторига кириш, иқтисодий тизимнинг барқарор ўсишини таъминлаш, ҳаёт сифатини яхшилаш ва жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллаш борасидаги саъй–ҳаракатларимиз янада самарали бўлишига ишончимизни янада оширади.

  

Абдуғани УМИРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати


Кўришлар сони: 232

Депутатлар минбари

Янгиликлар

11.12.2019
Ўзбекистон — Япония: алоқаларни янада ривожлантириш масалалари муҳокама этилди

Ушбу тадбирни ўтказишдан мақсад Ўзбекистон — Япония ўртасидаги парламентлараро ва маданий-гуманитар...

09.12.2019
ДЕПУТАТЛАР УЗОҚ МУҲОКАМАЛАРДАН СЎНГ ЯНГИ ТАҲРИРДАГИ СОЛИҚ КОДЕКСИНИ ҚАБУЛ ҚИЛДИЛАР

Мажлисида депутатлар эътиборига иккинчи ўқишда ҳавола этилиб, муҳокама марказида бўлган долзарб ...

09.12.2019
Махсус иқтисодий зона иштирокчиларига ҚҚСдан енгилликлар белгиланмоқда

2019 йил 9 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар “Махсус...

Тадбирлар тақвими