Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Мавлудахон ХЎЖАЕВА: Депутатларнинг парламент сўрови ўз натижасини берди

Мавлудахон ХЎЖАЕВА: Депутатларнинг парламент сўрови ўз натижасини берди

Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимида босқичма-босқич, кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, онкологик касалликлар билан оғриган беморларни даволаш, уларга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш борасида сезиларли ишлар қилинмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 4 апрелдаги «2017—2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида онкология хизматини янада ривожлантириш ва аҳолига онкологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ушбу соҳадаги муаммоларнинг аниқ ечимига йўналтирилгани билан аҳамиятлидир.

Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар давомида аҳолига онкологик тиббий ёрдам кўрсатишнинг ягона вертикал интеграциялаштирилган тизими яратилган.

Таъкидлаш жоиз, онкологик хасталиклар нафақат мамлакатимизда, балки дунё миқёсидаги мураккаб муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Статистика маълумотларига кўра, сўнгги йилларда дунёнинг кўпгина мамлакатларида онкологик хасталиклар билан касалланиш кўрсаткичлари ошиб бормоқда. Касалликнинг сўнги босқичларида бўлган умидсиз оғир беморларга паллиатив ёрдамни (беморлар ҳолатини енгиллаштиришга, оғриқни қолдиришга, умрини узайтиришга қаратилган тадбирлар мажмуини) кўрсатувчи хосписларни ташкил этиш бугунги кунда долзарб вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.

Айнан мазкур масала давлатимиз раҳбари томонидан 2018 йил                             9 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотлар натижадорлиги муҳокамасига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида кўтарилган ва уни ҳал этишга доир қатор вазифалар белгилаб берилган эди. Шунга кўра, вилоят онкология муассасалари тузилмасида паллиатив ёрдам бериш бўйича бўлимлар, шунингдек, Тошкент, Фарғона, Самарқанд ва Урганч шаҳарларида, жами тўртта минтақалараро хосписларни ташкил этиш лозим эди.

Бироқ бугунги кунда мазкур масала юзасидан Ҳукумат қарори ўз вақтида қабул қилинмагани туфайли, ушбу муассасалар фаолиятини йўлга қўйиш ишлари эътибордан четда қолди. Уни ташкил этиш ва фаолиятини ўз вақтида йўлга қўйиш умидсиз оғир аҳволда бўлган, ўзгалар қарамоғисиз қолган беморларга зарур ёрдам, шу жумладан, психологик ёрдам кўрсатилишида муҳим тиббий-ижтимоий аҳамият касб этади.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан жорий йилнинг 18 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Абдуҳакимовга “Ўзбекистон Республикасида онкологик беморларга тиббий ёрдам кўрсатишни янада такомиллаштириш, хусусан, минтақалараро хосписларни ташкил этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида”ги парламент сўрови юборилган эди.

Парламент сўрови юборилган кундан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ушбу масала алоҳида эътиборга олиниб, сўровда кўрсатилган муаммоларни ижобий ҳал этишнинг ҳуқуқий асослари белгилаб олинишига эришилди. Яъни, жорий йил 25 октябрда Вазирлар Маҳкамасининг “Онкологик хизматни янада ривожлантириш ва онкологик касалликларнинг кечки босқичларини бошидан ўтказаётган беморларга тиббий-психологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур қарор билан “Онкологик хизматни янада ривожлантириш ва онкологик касалликларнинг кечки босқичларини бошидан ўтказаётган беморларга тиббий-психологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар дастури”, Ўзбекистон Республикасида нуклеар тиббиётни ривожлантириш концепцияси тасдиқланди.

Ўзбекистон Республикасида нуклеар тиббиётни йўналтирилган тарзда ривожлантириш беморларга ташхис қўйиш, уларни даволаш ва кузатиш усулларини такомиллаштириш, онкологик касалликларга чалинган беморларнинг ногирон бўлиб қолиш ва вафот этиш кўрсаткичларини пасайтириш орқали янги пайдо бўлган хавфли ўсма аниқланган беморлар ҳаётининг давомийлиги ҳамда сифатини оширишни таъминлашга қаратилган комплекс ташкилий-амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқиб, босқичма-босқич амалга ошириш каби масалалар Концепциянинг асосий йўналишлари этиб белгиланди.

Қарорга кўра, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳудудий филиалларининг мавжуд қувватлари доирасида 20 ўринга мўлжалланган паллиатив тиббий ёрдам кўрсатиш бўлимлари ташкил қилинади. Қарорнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, Самарқанд, Фарғона, Хоразм вилоятларида ва Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги ташкилотларни оптималлаштириш давомида тугатиладиган тиббиёт муассасалари ёки бўлинмалари негизида 50 тадан ўринга мўлжалланган тўртта ҳудудлараро хоспис ташкил этилади.

Ҳудудлараро хоспислар онкологик ва юқумли бўлмаган бошқа касалликларнинг ўтказиб юборилган босқичини бошидан кечираётган беморларни стационар ҳамда амбулатория шароитида, шунингдек, уйда тиббий даволаш имконияти бўлмаганда, уларга тиббий-психологик ёрдам кўрсатадиган мустақил тиббиёт муассасалари сифатида ташкил этиладиган бўлди.

Ҳудудлараро хоспислар ва паллиатив тиббий ёрдам кўрсатиш бўлимлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети, жисмоний ва юридик шахсларнинг хайрия маблағлари, шунингдек, қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан сақланиши белгилаб қўйилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси билан биргаликда икки ой муддатда ҳудудлараро хоспислар тўғрисидаги низом ишлаб чиқиладиган бўлди. Мазкур қарор билан онкологик касалликнинг сўнги босқичларини бошдан кечираётган умидсиз, оғир беморларга давлатимиз томонидан эътибор ва ғамхўрлик янада кучайтирилиши юксак инсонпарварликнинг ёрқин намунасидир.

Шу ўринда айтиш мумкинки, халқ вакиллари бўлган депутатларимиз томонидан бу муаммонинг ижобий ҳал этилишига эришилгани ҳам парламент назорати кучайтирилганидан далолатдир.                       

Мавлудахон ХЎЖАЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати


Кўришлар сони: 198

Депутатлар минбари

Янгиликлар

11.12.2019
Ўзбекистон — Япония: алоқаларни янада ривожлантириш масалалари муҳокама этилди

Ушбу тадбирни ўтказишдан мақсад Ўзбекистон — Япония ўртасидаги парламентлараро ва маданий-гуманитар...

09.12.2019
ДЕПУТАТЛАР УЗОҚ МУҲОКАМАЛАРДАН СЎНГ ЯНГИ ТАҲРИРДАГИ СОЛИҚ КОДЕКСИНИ ҚАБУЛ ҚИЛДИЛАР

Мажлисида депутатлар эътиборига иккинчи ўқишда ҳавола этилиб, муҳокама марказида бўлган долзарб ...

09.12.2019
Махсус иқтисодий зона иштирокчиларига ҚҚСдан енгилликлар белгиланмоқда

2019 йил 9 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар “Махсус...

Тадбирлар тақвими