Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Малакали кадрлар ҳаммага керак

Малакали кадрлар ҳаммага керак

Мамлакатимизда таълим тизимининг барча бўғинларида, жумладан, олий ва ўрта махсус таълим тизимини модернизация қилиш, илм-фанни ривожлантириш, ўқитишнинг замонавий шакл ҳамда технологияларини жорий этиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида Олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимини тубдан такомиллаштириш, соҳада давлат бошқаруви самарадорлигини янада ошириш, тизимдаги муассасаларнинг сифатли фаолият юритишини таъминлаш орқали юқори малакали мутахассислар тайёрлашни ташкил этишга оид қатор фармон ва қарорлар қабул қилинди. “Таълим тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг янги таҳрирдаги лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Ўтган давр мобайнида иқтисодиётнинг реал сектори ва ижтимоий соҳа эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда, ҳудудларда янги, жумладан, етакчи хорижий олий таълим муассасалари ташкил этилди, замонавий ўқув босқичлари жорий этилиб, талаб юқори бўлган бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди. Республикада 114 та олий таълим муассасаси мавжуд бўлиб, шундан 93 таси маҳаллий ҳамда 21 таси хорижий олий таълим муассасаси, уларнинг филиаллари ҳисобланади. Жумладан, кейинги уч йилда янги 6 та олий таълим муассасаси, 17 та филиал ва 14 та хорижий олий таълим муассасаси филиали ташкил этилди.

Кадрлар буюртмачилари таклифлари асосида Олий таълим йўналишлари ва мутахассисликлари классификаторига 329 та таълим йўналиши ва 582 та магистратура мутахассислиги киритилган. Шунингдек, 2019/2020 ўқув йилида 59 та олий таълим муассасасида сиртқи таълим, 10 та олий таълим муассасасида кечки таълим шакли жорий этилган. Натижада республика бўйича олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабалар сони бакалавриат таълим йўналиши бўйича 410 минг, магистратура мутахассислиги бўйича эса 13 минг нафарни ташкил қилиб, сўнгги уч йилда 1,7 бараварга ошган.

Шу билан бирга, 2019/2020 ўқув йили учун қабул параметрлари 121 мингтани ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 18 фоизга, 2016 йилга нисбатан эса 92 фоизга ошган. Республиканинг 16 та олий таълим муассасасида 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурлари асосида кадрлар тайёрлаш фаолияти йўлга қўйилган.

Бугунги кунда Ўзбекистонда таълимга бюджетдан ажратилаётган маблағ ЯИМга нисбатан 6,5 фоиз атрофида бўлиб, айрим халқаро ҳамкорлик давлатларига (Тожикистонда 5,2 фоиз, Белорусияда 4,8 фоиз, Россияда 3,8 фоиз, Туркманистонда 3,0 фоиз, Қозоғистонда 2,95 фоиз) нисбатан анча юқори.

Мамлакатимизда олий таълим тизимини ривожлантириш, битирувчиларни олий таълимга қамраб олинишини кўпайтириш, ёшларнинг касб эгаллашини таъминлаш борасидаги амалий саъй-ҳаракатларга кўплаб мисоллар келтириш мумкин.

Бироқ бугун олий таълим тизимида мавжуд имкониятлар битирувчилар эҳтиёжларини қондиряптими? Бундай таълим муассасаларида ўқув жараёни бугунги кун талабига жавоб берадими?

Албатта, йўқ. Тўғри, охирги уч йилда битирувчиларни олий таълим билан қамров даражаси сезиларли ошди. Аммо амалдаги ўқув жараёни бугунги кун талабига тўла жавоб бермайди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 8 октябрдаги
Фармони билан Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш Концепцияси тасдиқланди. Мазкур Концепцияда олий таълимни тизимли ислоҳ қилишнинг устувор йўналишлари — замонавий билим ва юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга эга, мустақил фикрлайдиган юқори малакали кадрлар тайёрлаш жараёнини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, олий таълимни модернизация қилиш, илғор таълим технологияларига асосланган ҳолда, ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш борасида стратегик вазифалар белгилаб берилди.

Мазкур вазифалар соҳада мавжуд муаммоларни бартараф этишга, соҳани замонавий стандартлар даражасида ташкиллаштиришга қаратилган. Жумладан, олий таълимда давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш, ҳудудларда давлат ва нодавлат олий таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш асосида, 2030 йилгача олий таълим билан қамров даражасини 50 фоиздан ошириш кўзда тутилган.

Дарҳақиқат, айни пайтда дунё миқёсида аҳолининг 2 миллиардга яқинини
ёшлар ташкил этади, уларнинг аксарияти ривожланаётган мамлакатлар, жумладан, Марказий Осиё ҳиссасига тўғри келади. Таҳлилчиларнинг фикрича, бу кўрсаткич яқин ўн йил ичида яна кўпаяда ва бунда ҳам туғилишнинг ортиши минтақамиз ҳиссасига тўғри келади. Дунё аҳолисининг ёшлар ҳисобига кўпайиши, ўз навбатида, иқтисодий-ижтимоий ривожланиш учун ҳам имкониятдир.

Бунда ёшларнинг муайян касб ёки ҳунар эгаси бўлиши муҳим ўрин тутади. Ҳозирги тезкор давр талаблари асосида янги касблар деярли ҳар куни пайдо бўлади, эскилари эса, ўз долзарблигини йўқотади ёки ўзгаради. Маълумотларга қараганда, айни пайтда турли соҳа ва тизимларда мавжуд бўлган 57 та касб йўқолиш арафасида турган бўлса, 186 та янги касб меҳнат бозорида зиддиятни келтириб чиқармоқда.

Демак, таълимни ривожлантириш, ёшларни касб-ҳунарга йўналтириш, янги авлод кадрларини тайёрлашга жиддий эътибор қаратиш талаб этилади. Бироқ жаҳоннинг илғор тажрибаларига назар солсак, сифатли таълим бепул бўлиши мумкин эмаслигини кузатамиз ва илғор олий таълим муассасалари босқичма-босқич ўз-ўзини молиялаштиришга ўтаётганига амин бўламиз.

Бугунги кунда давлат бюджетидан молиялаштириладиган олий таълим муассасаларида ўқитишнинг контракт шаклидан, шу жумладан, оширилган тўлов-контракт асосида тушган маблағлар олий таълим муассасалари харажатларининг ўртача 68 фоизини қоплайди, холос, қолган харажатлар давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади.

Маълумки, тўлов-контрактдан тушган маблағлар контракт асосида таълим олаётган талабаларга стипендиялар тўлаш, талабаларни ижтимоий муҳофаза қилиш доирасида уларга моддий ёрдам кўрсатишга, олий таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга, замонавий ўқув, илмий-тадқиқот ва лаборатория жиҳозлари ҳамда ўқув қуроллари билан таъминлашга, шунингдек, олий таълим муассасаси фаолиятини амалга оширишини таъминлаш учун зарур бўлган бошқа харажатларни қоплашга сарфланади. Олий таълим муассасаларида ўқитишнинг контракт шаклидан, шу жумладан, оширилган тўлов-контракт асосида тушган маблағлар сарфланиши очиқ ва шаффоф бўлиб, олий таълим муассасалари сайтида ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг сайтида ойма-ой жойлаштириб борилмоқда.

Бундан ташқари, олий таълим муассасалари талабалари учун стипендия ўртача миқдори белгиланаётгани мавжуд маблағларни талабалар ўртасида тақсимлашдан келиб чиқади. Бу табақалаштирилган стипендия йўқ бўлди, энди талабаларда ҳеч қандай рағбатлантириш йўқ, дегани эмас, албатта. Ўзлаштиришда яхши кўрсаткичларга эришган, жамоат ишларида фаол талабалар стипендияларига устама фоиз қўшиб ҳисобланади.   

Ўз навбатида, биз депутатлар — Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзолари барча соҳа ва тармоқларнинг барқарор ривожланишига муносиб ҳисса қўшадиган, меҳнат бозорида ўз ўрнини топа оладиган юқори малакали кадрларни тайёрлаш, алоҳида иқтидорга эга, фаол талабаларни рағбатлантириш бўйича иқтидорли талабаларни қўллаб-қувватлаш фондини ташкил этиш мақсадга мувофиқ, деб ўйлаймиз.   

Зеро, мамлакатимизда жадал суръатлар билан амалга оширилаётган ислоҳотлар Ватанимиз истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир бўлган, юрт равнақи йўлида муносиб ҳисса қўшувчи, замонавий, мустақил фикрлайдиган, юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга эга, билимли ҳамда юқори малакали кадрлар тайёрлаш давр талабидан келиб чиқиб, устувор вазифалардан бири сифатида мунтазам тараққий этиб бориши учун ҳаётий заруратдир.

Зумрад БЕКАТОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати


Кўришлар сони: 281

Депутатлар минбари

Янгиликлар

11.12.2019
Ўзбекистон — Япония: алоқаларни янада ривожлантириш масалалари муҳокама этилди

Ушбу тадбирни ўтказишдан мақсад Ўзбекистон — Япония ўртасидаги парламентлараро ва маданий-гуманитар...

09.12.2019
ДЕПУТАТЛАР УЗОҚ МУҲОКАМАЛАРДАН СЎНГ ЯНГИ ТАҲРИРДАГИ СОЛИҚ КОДЕКСИНИ ҚАБУЛ ҚИЛДИЛАР

Мажлисида депутатлар эътиборига иккинчи ўқишда ҳавола этилиб, муҳокама марказида бўлган долзарб ...

09.12.2019
Махсус иқтисодий зона иштирокчиларига ҚҚСдан енгилликлар белгиланмоқда

2019 йил 9 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар “Махсус...

Тадбирлар тақвими