Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Акмал САИДОВ: “Волонтёрлик фаолияти тўғрисида”ги Қонун бизга нега керак эди?

Акмал САИДОВ: “Волонтёрлик фаолияти тўғрисида”ги Қонун бизга нега керак эди?

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2019 йил 6 ноябрда ўтказилган навбатдаги йиғилишида «Волонтёрлик фаолияти тўғрисида»ги қонун лойиҳаси бирйўла уч ўқишда қабул қилинди. Мазкур ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 майдаги «Мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ролини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони  ижросини таъминлаш мақсадида парламент қуйи палатаси депутатлари томонидан ишлаб чиқилган.

Хўш, қонуннинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти нимада? Унга қанчалик зарурат бор эди? Ҳужжат нималарни назарда тутади?

Ўзбекистонда кўнгиллилик ҳаракати кенг ривожланган. Лекин ҳозирга қадар бу масала умуман ҳуқуқий тартибга солинмаган. Бу эса, ушбу қонун лойиҳасини ишлаб чиқишнинг энг асосий сабаби бўлди. Шу туфайли, қонундан кўзланган мақсад ҳам юртимизда кўнгиллилар фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш, нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолиятининг самарадорлигини ошириш, мамлакатда фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш, волонтёрлик фаолиятини замон талаблари асосида йўлга қўйишни таъминлаш ҳамда ривожлантиришдан иборат этиб белгиланди.

Бугунги кунда 80 дан зиёд мамлакатда йирик профессионал волонтёрлик ташкилотлари мавжуд. Давлатлар томонидан катта ёрдам кўрсатилаётгани боис, кўнгилиллар сектори жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг муҳим таркибий бўлагига айланиб бормоқда. Кўнгиллилар ўз фаолияти давомида қатор муҳим ижтимоий хизматларни кўрсатади, улар муайян товарларни ишлаб чиқаради, ўз манбалари ҳисобидан жамиятнинг эҳтиёжманд қатламларини қаноатлантиради, давлат органларининг айрим вазифаларини зиммасига олади ва бу бюджет маблағларини иқтисод қилишга имкон беради. Кўнгиллилик, айниқса, ёшларни жамият ҳаётига фаол киришиш жараёнларига кўмаклашишга, зарур иш тажрибасини тўплашга, меҳнат бозори талаблари бўйича малака ва кўникма ҳосил қилишга, ижтимоий муносабатларда уларнинг фаоллигини оширишга туртки беради.

Юқорида айтганимиздек, гарчи ушбу фаолият қонун ҳужжати билан тартибга солинмаган бўлса-да, у амалда юртимизда ҳам тобора ривожланиб келмоқда. Мамлакатимизда кўнгиллилик ижтисоий-иқтисодий, сиёсий тараққиёт бобида катта салоҳиятга эга институт сифатида тараққий этиб бормоқда. Боиси, кўнгиллилик фаолияти халқимизнинг онгига ва менталитетига чуқур сингиб кетган кўп асрлик қадриятларга эга. Хусусан, «ҳашар», «жамоавий кўнгиллилик» кабилар волонтёрликнинг кенг тарқалган кўринишларидан бири ҳисобланади.

Бундан ташқари, айрим социологик тадқиқотлар натижаларига кўра, қарийб 90 фоиз нодавлат нотижорат ташкилотлар ўз фаолиятини амалга оширишда кўнгиллилардан унумли фойдаланади. Уларнинг энг фаоллари – Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи, Қизил ярим ой жамияти, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ҳисобланади.

Давлат ҳокимияти органлари ҳам йирик халқаро конференциялар, семинарлар, спорт мусобақалари ва бошқа оммавий ижтимоий-сиёсий тадбирларга кўнгиллиларни таржимон, кузатувчи сифатида фаол жалб қилади.

Кўнгиллилар фаолияти қатор ижтимоий тармоқлар орқали ҳам фаоллашиб бормоқда. Масалан, «Facebook» ижтимоий тармоғида «волонтёры.uz» гуруҳи бўлиб, унинг аъзолари сони 12 мингдан ортиқни ташкил қилади. Гуруҳ аъзолари хайрия тадбирлари, акциялари ҳамда ёрдам кўрсатиш бўйича ўзаро маълумотлар алмашади. Улар йўқолган инсонларни излашга, ҳудудларни чиқиндилардан тозалашга, эгасиз ҳайвонларни ҳимоя қилиш, эҳтиёжмандларга дори-дармон сотиб олишга ва қиммат тиббий операцияларни бажариш учун маблағ йиғишга ҳамда бошқа беғараз ёрдам тадбирларини амалга оширишга кўмаклашиб келмоқда.

2017 йилда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Ўзбекистон ёшларининг бутунжаҳон ассоциациясини тузди. Бу ассоциациянинг асосий фаолияти кўнгиллилик билан боғлиқдир.

Қайд этиш лозимки, мамлакатимизнинг кўнгиллилар фаолияти ривожланган давлатлардан фарқли томони ушбу фаолиятни амалга оширишни тартибга солувчи қонуннинг йўқлигидир. Мазкур ижтимоий фаолият тури, фақатгина «Ҳомийлик тўғрисида»ги қонунда қисман ёритилган. Ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатларининг миллий базасидаги ҳужжатлар сон 46 мингдан ортиқ бўлиб, 12 та меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатда «волонтёр» тушунчаси мавжуд.

Шу тариқа, мамлакатимизда шундай ҳолат юзага келдики, қонуний асосга эга бўлмасдан туриб кўнгиллилар фаолияти ривожланган. Бундай кўринишдаги қонунчиликдаги бўшлиқлар турли тоифадаги шахсларга, шунингдек, юртимиз ёшларини мазкур йўналишда давлат сиёсати ва миллий менталитетимига мос келмайдиган қадриятлар асосида «бирлаштириш»га фаол ҳаракат қилувчи хорижликларга «кенг майдон» яратиб беради.

Мазкур қонун лойиҳасинниг қабул қилиниши кўнгиллилик фаолиятини ташкил этиш ва амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни қонуний тартибга солади, кўнгиллилик фаолияти тўғрисида ягона қонуний тушунчалар мажмуини шакллантиради, кўнгиллилик фаолиятини янада фаоллаштиришни рағбатлантиради.

Акмал САИДОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг

Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар

ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш

органлари қўмитаси раиси


Кўришлар сони: 175

Депутатлар минбари

Янгиликлар

18.11.2019
Ишсизлик нафақасининг миқдори ошадими?

2019 йил 18 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси...

18.11.2019
Давлат бюджети: 9 ой сарҳисоби депутатларни қониқтирдими?

Ўтган давр мобайнида мамлакатимизнинг ялпи ички маҳсулоти қарийб 361,8 трлн. сўмни ташкил этган ...

16.11.2019
2020 йил Давлат бюджети муҳокамаси қандай ўтди?

Бугунги кунда ушбу савол ўта долзарб бўлиб турибди. Чунки, жорий йилнинг ниҳояланишига ҳам бир ойдан...

Тадбирлар тақвими