Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Абдиғани УМИРОВ: Янги қонун аввалгисидан нимаси билан фарқ қилади?

Абдиғани УМИРОВ: Янги қонун аввалгисидан нимаси билан фарқ қилади?

Жисмоний шахслар чет эл нақд валютасини Ўзбекистонга олиб кириши чекловларсиз амалга оширилади, нақд чет эл валютасини олиб чиқиш эса 100 миллион сўм эквивалентдан ортиқ бўлмаган суммада бўлиши керак.

Бугун банкоматлардан истаган вақтимизда нақд пул ечиб олишимиз мумкин. Бунинг учун кеча-ю кундуз ишловчи банкоматлар мавжуд. Зарурат туғилганда хориж валютасини банклар орқали сотишимиз ёки харид қилиш имкониятига эгамиз. Ваҳоланки, илгари бу каби имкониятларни тасаввур қилишимиз ҳам мушкул эди.

Бу — кейинги йилларда мамлакатимизда молия-банк тизимини такомиллаштириш, валютани тартибга солиш, валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси, албатта. Маълумки, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 2 сентябрдаги “Валюта сиёсатини эркинлаштиришга доир биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига кўра, Ўзбекистонда эркин валюта олди-сотдиси амалиёти жорий қилинди.

Шунингдек, мазкур ҳужжатда илғор хорижий тажрибани ўрганган ҳолда, “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги қонунни янги таҳрирда ишлаб чиқиш вазифаси ҳам қўйилди. Бу бежиз эмас. Зеро, валютани тартибга солиш бўйича амалдаги қонунда валюта операцияларининг барчаси тўлиқ назарда тутилмаган ва бўшлиқлар мавжуд эди. Бу эса қонун нормаларидан тўлақонли фойдаланиш имкониятини чеклаган ҳолда, амалиётда, асосан, қонуности ҳужжатларининг татбиқ этилишига сабаб бўлаётганди.

Янги таҳрирдаги қонун Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банкининг экспертлари иштирокида АҚШ, Франция, Буюк Британия, Россия, Қозоғистон, Озарбайжон, Беларусь ва бошқа мамлакатларнинг тажрибаси асосида ишлаб чиқилди. Бундан ташқари, қонун кенг омма муҳокамасига ҳам қўйилиб, жараёндаги фикрларга эътибор қаратилди.

Валюта олиб кириш чекловларсиз амалга оширилади

Янги таҳрирдаги қонун аввалгисидан бир қатор янги меъёрлар ва механизмлар билан тўлдирилгани билан аҳамиятлидир. Хусусан, унда валютани тартибга солиш ҳамда валютани назорат қилиш тизимининг ягоналиги белгилаб қўйилди. Бу борада давлат сиёсатини амалга оширишда иқтисодий чораларнинг устуворлиги акс эттирилди.

Қонунда мамлакатимиз ҳудудида чет эл валютасини сотиб олиш ва сотиш белгиланиб, бу фақат Ўзбекистон Республикаси банклари орқали амалга оширилиши баён этилган. Ўзбекистон Республикаси валютасининг чет эл валютасига нисбатан курсини аниқлашда фақат бозор механизмларидан фойдаланилади.

Таҳлиллар шуни кўрсатдики, аксарият давлатларда нақд валютани олиб чиқишда чекловлар амал қилади. Мисол учун, АҚШ, Россия, Қозоғистонда 10 минг долларгача, Буюк Британия, Австрия, Бельгия, Францияда 10 минг еврогача нақд валютани чекловларсиз олиб чиқиш мумкин. Бундан ошган қисмига деклорация тўлдирилади.

Хорижий тажрибага мувофиқ, эндиликда жисмоний шахслар чет эл нақд валютасини Ўзбекистон Республикасига олиб кириши чекловларсиз амалга оширилади. Ўз навбатида, чет эл нақд валютасини олиб чиқиш чекловларсиз 100 миллион сўм эквивалентдан ортиқ бўлмаган суммада бўлиши керак. Бу амалиётлар юридик шахслар томонидан амалга оширилиши эса тақиқланади. Нақд валютани белгиланган эквивалентдан ортиқ суммада олиб чиқиш Вазирлар Маҳкамасининг тегишли тартибига мувофиқ амалга оширилади.

Мажбурий тўловлар фақат сўмда ундирилади

Эндиликда Ўзбекистонда товарлар, ҳисоб-китоблар ва бошқа хизматлар миллий валютада амалга оширилади. Бунда жисмоний ва юридик шахсларни валюта курси ўзгариши билан боғлиқ хатарлардан ҳимоя қилиш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, миллий валютанинг мавқеини кучайтириш мақсадида давлат божлари, йиғимлар ва бошқа мажбурий тўловлар фақат сўмда ундирилади. Шунингдек, товар ва хизматлар учун нархлар ҳамда жамиятларнинг устав капиталига қўйиладиган минимал талаблар ҳам фақат миллий валютада ўрнатилади.

Резидент ва норезидентлар томонидан чет эл валютасидаги ўз маблағларини эркин тасарруф этиш кафолатланади. Қонун билан валюта операциялари билан боғлиқ бир қатор рухсат бериш тартиботлари бекор қилинди. Масалан, жисмоний шахслар томонидан хорижда чекловларсиз ҳисобварақлар очишга рухсат берилди. Яъни эндиликда сиз бирор бир давлатда ҳисобварақ очмоқчи бўлсангиз, бунинг учун Марказий банкдан рухсат олишингиз шарт эмас.

Худди шундай, авваллари хорижга чиқиб, қайтишда ҳисоб варақларидаги қолдиқларни ёпиш керак бўларди. Бироқ буни назорат қилишнинг иложи йўқ эди. Албатта, назорат қилиб бўлмайдиган тартиб бўлиши мантиқсизлик эмасми? Энди бундай чекловга барҳам берилди.

Ўзгаришлар валюта “қора бозорига” таъсир қилмайдими?

Асло! Мисол учун, валюта тартибга солинган кейинги йилларда унинг банк орқали олди-сотдиси камайгани йўқ. 2018 йилда жисмоний шахслардан 2,7 миллиард доллар валюта сотиб олинган бўлса, 1 миллиард доллар сотилган. Жорий йилнинг ўтган даврида эса 2,8 миллиард жисмоний шахслардан харид қилинган бўлса, 1,2 миллиард валюта сотилган.

Шу каби янгиликлар ва ўзгаришлар туфайли қонуннинг янги таҳририда валюта операцияларининг амалиётдаги мавжуд турлари қамраб олинди ҳамда қонунчиликдаги ҳавола қилувчи нормалар максимал даражада қисқартирилди. Мазкур қонун тўғридан-тўғри амал қилувчи ҳужжат бўлади.

 

Абдиғани УМИРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати


Кўришлар сони: 115

Депутатлар минбари

Янгиликлар

19.11.2019
«Миллий тикланиш» ДП фракцияси ўз позициясини билдирди

Тадбирда «Миллий тикланиш» демократик партиясининг дастурий мақсадларига уйғун тарзда белгиланган...

19.11.2019
Бюджет маълумотларининг очиқ ва шаффоф бўлишида фуқаролар фаол қатнашади

Амалдаги қонунчиликка кўра, Давлат бюджети лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Регламентига...

18.11.2019
Ишсизлик нафақасининг миқдори ошадими?

2019 йил 18 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси...

Тадбирлар тақвими