Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Мавлудахон ХЎЖАЕВА: Аҳолини иш билан таъминлаш борасида қандай янги механизмлар жорий этилади?

Мавлудахон ХЎЖАЕВА: Аҳолини иш билан таъминлаш борасида қандай янги механизмлар  жорий этилади?

Аҳоли бандлигини таъминлаш масаласи давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Халқаро меъёрларда белгилангани каби юртимизда ҳам ҳар бир шахснинг меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқлари қонун ҳужжатларида мустаҳкамлаб қўйилган. “Ҳаракатлар стратегияси” доирасида жорий йилнинг ўтган даври мобайнида тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, янги иш ўринларини яратиш орқали ишсизликни камайтириш, оилалар фаровонлигини юксалтиришга қаратилган қатор амалий ишлар бажарилди.

Лекин қўлга киритилган ижобий ютуқлар билан бирга, бу борада ҳали ўз ечимини кутиб турган муаммолар ҳам оз эмас.

Амалдаги “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинганига йигирма йилдан ортиқ вақт ўтди. Шу сабабли, ундаги қоидалар эскириб, бугунги кун талабига мутлақо жавоб бермай қолди.

Масалан, амалдаги қонунда меҳнат бозори янги воситалари яъни, тадбиркорликни рағбатлантириш, ўзини-ўзи банд қилиш, шахсий томорқа хўжаликларини ривожлантириш ва ишсизларни касб-ҳунарга ўқитиш, иш стажини ҳисобга олишда ахборот тизимларидан фойдаланиш каби механизмалар акс эттирилмаган. Қонунда молиявий институтлар, яъни Жамоат ишлари, Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқаролар ҳуқуқлари ва манфаатларини қўллаб-қувватлаш ва бошқа жамғармаларнинг фаолияти соҳалари белгилаб берилмаган. Шунингдек, янги иш ўринларини ташкил этиш, касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малака ошириш бўйича давлат буюртмаси механизмлари кўрсатилмаган. Иш берувчиларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш қоидалари акс этмаган.

Бугунги кунда тўланиб келинаётган ишсизлик нафақалари ҳамда ишсизларга касбга тайёрлаш, малакасини ошириш даврида (минимал миқдори 152 минг сўм) тўланадиган стипендия ҳажми ва миқдорининг камлиги ишсизларнинг иш қидириш давридаги эҳтиёжларини қопламаяпти. Шунингдек, кейинги 20 йил давомида меҳнат бозорида жиддий ўзгаришлар рўй берди, хусусан, иш билан банд бўлганлар сони 1,5 баробар (8,8 млн. дан 13,5 млн. нафаргача киши)га кўпайди, иш берувчилар сони эса 4,5 баробар (203,2 мингдан 928,9 минггача)га ортди.

Юқоридаги муаммоларни ҳал қилиш мақсадида, “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид давлат Дастурига кўра, янги таҳрирдаги “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси тегишли вазирлик ва идоралар томонидан Қонунчилик палатаси депутатлари иштирокида ишлаб чиқилди. Лойиҳа жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Парламент қуйи палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан ўтказилган давра суҳбатида лойиҳани такомиллаштиришга қаратилган таклифлар ҳам ишлаб чиқилиб, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига тақдим қилинди.

Жорий йилнинг 16 октябрь куни мазкур қонун лойиҳаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тегишли тартибда Қонунчилик палатасига киритилди ва биринчи ўқишда қабул қилинди.

Қонун лойиҳасининг асосий жиҳатлари шундаки, у тўғридан-тўғри амал қилувчи хусусиятга эга бўлиб, 3 та қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 12 та Фармон ва қарорида ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг бандлик ва меҳнат бозорини тартибга солиш, меҳнат миграциясини ташкил этиш бўйича қабул қилинган 40 дан ортиқ меъёрий ҳужжатларида кўзда тутилган ҳуқуқий нормаларни ўзида жамлаган.

Қонун лойиҳасида бандлик соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий принциплари, йўналишлари ва воситалари аниқ очиб берилган.

Алоҳида янги моддаларда бандликни таъминлашда хусусий бандлик агентликлари иштироки, янги иш ўринларини ташкил этишни рағбатлантириш, жамоат ишлари, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари, микрокредитлаш дастурларини молиялаштириш, меҳнат мигрантларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармалари маблағларидан самарали фойдаланиш тартиблари белгилаб берилган.

Лойиҳада Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, унинг таркибий бўлинмалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда бошқа тузилмаларнинг бандлик соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш, бандлик дастурларини шакллантириш, меҳнат бозорини баҳолаш, янги иш ўринларини яратиш, аҳолини ишга жойлаштиришдаги ваколатлари қайта кўриб чиқилиб, тўлдирилган, кенгайтирилган.

Шунингдек, банд бўлмаган аҳолини ҳисобга олиш, рўйхатдан ўтказиш, фаол иш қидираётган ишсизларга нафақа тайинлаш ва тўлаш шартлари батафсил, ҳаволаки нормаларсиз баён этилган.

Алоҳида янги бобда фуқароларнинг хорижда ишлаш ҳуқуқи, чет элда ишлаш тартиби, меҳнат мигрантларининг кенг қамровли маълумотлар базасини шакллантириш, уларнинг хорижга кетишдан олдинги тайёргарлиги, моддий-ижтимоий ҳимояси каби муҳим масалалар акс эттирилган.

Қонун лойиҳаси билан биринчи марта иш билан таъминлашнинг самарали ва истиқболли йўналишлари – касбий малака ва компетенцияни ривожлантириш миллий тизими, ишга жойлаштириш, иш стажини ҳисобини юритиш, меҳнат дафтарчалари ва шартномаларининг электрон ҳисобини юритишни назарда тутувчи “ягона миллий меҳнат тизими” дастурий комплекси жорий этилмоқда.

Уларнинг киритилиши бандликни таъминлашнинг зарурий шарти ҳисобланади. Чунки ходимларни ёллаш, сертификатлаш, малакасини оширишга бўлган талабларни аниқлаш, шунингдек, бандлик ва меҳнат миграциясини тартибга солиш, меҳнат бозори тўғрисида тўлиқ маълумот тўплаш ва олишга имкон беради. Айниқса, рақамли иқтисодиётга ўтиш шароитида жуда муҳим чора-тадбирларни амалга оширишга кўмаклашади.

Бугунги кунда Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан мазкур қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнлари қизғин давом этмоқда.

Ушбу ҳужжат меҳнат муносабатлари соҳасидаги муаммоларни қонуний ҳал қилиш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишларнинг самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Мавлудахон ХЎЖАЕВА ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати



Кўришлар сони: 191

Депутатлар минбари

Янгиликлар

19.11.2019
2020 йил учун Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқиш учун тайёрланмоқда

Қонун лойиҳасида биринчи ўқишдан сўнг “Парламент ажратмалари” тушунчаси матндан чиқариб ташланиши...

19.11.2019
Маҳаллий бюджет мустақил бўлгани яхши, аммо...

Дарҳақиқат, қўмиталар, ишчи гуруҳларида кечаётган қизғин муҳокамаларда мамлакатимизда кам таъминланган,...

19.11.2019
“Адолат” СДП фракциясининг қайси таклифи инобатга олинди?

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг 2019 йил 19 ноябрда ўтказилган...

Тадбирлар тақвими