Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Қаҳрамон МИРЗАЕВ: Тадбиркорлик субъектларини тузишга имконият мавжуд, бироқ уни тугатиш...

Қаҳрамон МИРЗАЕВ: Тадбиркорлик субъектларини тузишга  имконият мавжуд, бироқ уни тугатиш...

Мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантиришга катта эътибор берилиб, бюрократик тўсиқлар олиб ташланмоқда, соҳадаги камчиликларга ечим топилмоқда. Яратилган шароитлар туфайли ҳозирда тадбиркорлик субъектларини ташкил қилиш учун бир неча соат кифоя қилмоқда.

Яна бир масала борки, бу ҳам бўлса, турли сабаблар туфайли тадбиркорлик субъекти фаолиятини тўхтатишига тўғри келади. Энди тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтиш бир масала-ю, фаолиятни тўхтатиш яна бир масала. Бошқача айтганда, қонунчиликда тадбиркорлик субъектларини тузишга имконият мавжуд, бироқ уни тугатиш механизмлари ниҳоятда мураккаб, қийин ва жуда кўп вақт талаб қиладиган жараёндир. Бунинг учун анча-мунча бюрократик тўсиқларга дуч келишни қўя турайлик, маълум бир вақтдан сўнг фаолиятни қайта бошлаш учун яна ҳамма ҳаракатни бошидан бошлаш лозим. Тадбиркорликка қўл уришга қарор қилган минглаб фуқаролар рўйхатдан ўтмай фаолият юритишни афзал кўраётгани ҳам шунда.     

         Олий Мажлис Қонунчилик палатасида иккинчи ўқишда кўриб чиқилган “Тадбиркорлик субъектларини тугатиш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси айни муаммоларни бартараф этиш мақсадида ишлаб чиқилган. Ундаги нормалар тадбиркорлик субъектлари фаолиятини тугатиш жараёнларининг тартиб-таомилларини янада соддалаштириш, унинг шаффофлигини оширишга қаратилган.

         Қонун лойиҳаси билан Фуқаролик ва Солиқ кодексларига ҳамда “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги, “Хусусий корхона тўғрисида”ги, “Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”ги, “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунларга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

         Мазкур қонун лойиҳасига кўра, тадбиркорлик субъектларини тугатишни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган деб ҳисоблаш учун асос бўладиган муддат тўққиз ойни ташкил этиши белгиланмоқда. Яъни, эндиликда тадбиркорлик субъекти шунча муддат фаолият юритмаса, бу уни тугатиш учун асос бўлиб хизмат қилади. Илгари бу муддат уч ойдан олти ойгача этиб белгиланган эди. Тўққиз ойлик муддат эса мавсумий фаолият билан шуғулланадиган тадбиркорлик субъектларига анча енгиллик яратади.

         Шу билан бир қаторда, лойиҳада молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган корхоналар давлат солиқ хизмати органининг тақдимномасига асосан, рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан тадбиркорлик субъектларининг ягона давлат реестридан уч йил муддатга ҳаракатсиз режимга ўтказилиши кўрсатилмоқда. Ҳаракатсиз режимга ўтказилган корхоналар фаолияти уч йил давомида тикланмаган тақдирда рўйхатдан ўтказувчи орган уларни тадбиркорлик субъектларининг ягона давлат реестридан чиқариб юборади.

         Илгари қонунчиликка асосан тугатиш корхонанинг ўзи томонидан ихтиёрий равишда ёки суднинг қарорига кўра амалга оширилар эди. Ушбу қонуннинг қабул қилиниши билан энди учинчи институтга яъни рўйхатга олувчи идорага тугатиш ваколати ҳам берилмоқда. Бунинг энг афзал томони ҳаракатсиз режимга ўтказилган тадбиркорлик субъекти уч йил ичида рўйхатдан ўтказувчи органга мурожаат этса, унинг фаолияти қайта тикланади. Бу эса, тадбиркорларимизга анча қулайлик яратади. Улар қайтадан янги корхона ташкил этиши шарт эмас. Бундан ташқари, қонун лойиҳаси билан тадбиркорлик субъектлари давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан бир йил ичида устав фонди таъсис ҳужжатларида назарда тутилган миқдорда шакллантирилмаган тақдирда уларнинг фаолиятини тугатишни назарда тутувчи норма чиқариб ташланмоқда.

         Бир сўз билан айтганда, ушбу қонуннинг қабул қилиниши тадбиркорлик субъектларига яратилаётган шарт-шароитларнинг мантиқий давоми бўлади десак муболаға бўлмайди.

 

 

Қаҳрамон МИРЗАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати


Кўришлар сони: 177

Депутатлар минбари

Янгиликлар

18.11.2019
Ишсизлик нафақасининг миқдори ошадими?

2019 йил 18 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси...

18.11.2019
Давлат бюджети: 9 ой сарҳисоби депутатларни қониқтирдими?

Ўтган давр мобайнида мамлакатимизнинг ялпи ички маҳсулоти қарийб 361,8 трлн. сўмни ташкил этган ...

16.11.2019
2020 йил Давлат бюджети муҳокамаси қандай ўтди?

Бугунги кунда ушбу савол ўта долзарб бўлиб турибди. Чунки, жорий йилнинг ниҳояланишига ҳам бир ойдан...

Тадбирлар тақвими