Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Қодир ЖЎРАЕВ: Парламентлараро ҳамкорликни ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари белгилаб олинди

Қодир ЖЎРАЕВ: Парламентлараро ҳамкорликни ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари белгилаб олинди

Бугунги кунда Ўзбекистон ташқи сиёсатида, энг аввало, қўшни мамлакатлар билан ўзаро муносабатларни мустаҳкамлашга устувор аҳамият қаратилмоқда. Хусусан, Тожикистон билан алоқаларимиз тобора юксалиб бораётганини яққол кузатишимиз мумкин.

Маълумки, Ўзбекистон ва Тожикистон Марказий Осиёдаги бир-бирига чамбарчас боғланган мамлакатлар ҳисобланади. Сўнгги уч йил давомида мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ташаббускор сиёсати ва дадил саъй-ҳаракатлари туфайли икки мамлакат ўртасидаги ўзаро муносабатлар қайта тикланди. Айниқса, Ўзбекистон раҳбарининг 2018 йил 9-10 март кунлари Тожикистонга амалга оширган ташрифи билан икки томонлама алоқалардаги янги саҳифа очди.

Ҳозирда икки мамлакат ўртасида саноат, энергетика, транспорт, қишлоқ хўжалиги ва бошқа йўналишларда ўзаро манфаатли кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда. Агар 2018 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 64 фоизга (390 млн. АҚШ доллари) ошган бўлса, жорий йилнинг 8 ойи мобайнида бу кўрсаткич 22 фоизга (304,4 млн. АҚШ доллари) ортди.

Чегарадош ҳудудлар ўртасида маданий-гуманитар соҳада алмашинувлар кенгаймоқда. Ҳар икки миллатнинг дўстлик ришталари қайта тикланди ва мустаҳкамланди. Расмий статистик маълумотларга қараганда, биргина жорий йилнинг 9 ойи мобайнида 5,1 миллион ортиқ фуқаро ўзаро борди–келди қилишган.

Параллел равишда парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлашга ҳам муҳим аҳамият қаратилмоқда. Куни кеча Тожикистон Республикаси Олий Мажлиси Вакиллар палатаси Раиси Шукуржон Зуҳуров бошчилигидаги делегациянинг юртимизга ташрифи бу алоқаларни янада жонлантирди. Ташриф мобайнида икки мамлакат парламентарийлари ўртасида очиқ ва дўстона руҳда қатор учрашувлар бўлиб ўтди ва унда ўзаро манфаатли алоқаларни янада ривожлантириш истиқболлари кенг муҳокама қилинди.

Тожикистон парламенти раисининг давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилиниши Ўзбекистон – Тожикистон алоқаларини янада юксак поғонага кўтаришга, парламентлараро муносабатларга янги руҳ бағишлашга мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади.

Ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Тожикистон Республикаси парламенти қуйи палатаси ўртасида парламентлараро ҳамкорлик тўғрисидаги Битим мзоланди. Битимда парламентлараро ҳамкорликни ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари бирма–бир санаб ўтилган. Айниқса, парламент делегациялари алмашинувини доимий йўлга қўйиш, қонун ижодкорлиги ва назорат-таҳлил фаолияти юзасидан ўзаро тажриба алмашиш масалаларига катта эътибор қаратилган.

Чунончи, ҳар иккала парламент қўмиталари ва комиссиялари, депутатлик гуруҳлари, девонлари ўртасида доимий ҳамкорликни йўлга қўйиш, қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш амалиётини, парламент фаолияти тажрибасини ўрганиш мақсадида ўзаро делегациялар алмашиш каби истиқболли йўналишлар Битимда ўз аксини топди.

Битимда Ўзбекистон ва Тожикистонда ташкил қилинадиган халқаро конференция ва форумларда икки мамлакат парламентарийларининг иштирокини таъминлаш ҳам ҳамкорликнинг муҳим йўналиши сифатида эътироф этилган.

Битимда, шунингдек, ўзаро манфаат касб этувчи халқаро масалалар юзасидан маслаҳатлашувлар ўтказиш, халқаро ташкилотлар ва конференциялар доирасида ҳамкорликни амалга ошириш ҳамда бир-бирига кўмаклашиш алоҳида қайд этилган, биргаликдаги фаолият самарадорлигини ошириш мақсадида парламентлараро ҳамкорликнинг доимий амал қилувчи механизмини йўлга қўйиш мумкинлиги кўрсатиб ўтилган.

Мазкур Битим, шубҳасиз, икки мамлакат ҳамкорлигини янада ривожлантириш йўлида парламентларнинг фаоллигини оширишда, айниқса, сўнгги уч йил давомида савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, инвестициявий ва технологик, маданий-гуманитар, транспорт-коммуникация ҳамда бошқа соҳаларда эришилган келишув ва битимларни ўз вақтида, сифатли бажарилиши устидан парламент назоратини ўрнатишда муҳим аҳамият касб этади.

Хулоса сифатида шуни эътироф этиш жоизки, сўнгги йилларда ўзбек-тожик муносабатларини мустаҳкамлаш сари муҳим қадамлар қўйилди. Ўзаро муносабатларда мисли кўрилмаган ижобий ўзгаришлар содир бўлди. Мамлакатлар етакчиларининг бевосита саъй-ҳаракатлари, сиёсий иродаси туфайли ўртада конструктив ҳамкорлик муҳити юзага келган ана шундай бир шароитда биз депутатларнинг асосий вазифаси қайта жонланган ўзаро дўстлик ва яхши қўшничилик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, икки халқни бир-бирига янада яқинлаштиришдан иборат. Зеро, ўзбек-тожик биродарлиги Марказий Осиёда яхши қўшничилик, тинчлик, хавфсизлик ва барқарор тараққиётнинг муҳим омили ҳисобланади.

Қодир ЖЎРАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати


Кўришлар сони: 65

Депутатлар минбари

Янгиликлар

14.10.2019
Парламентлараро иттифоқнинг 141-Ассамблеясида Ўзбекистон делегацияси иштирок этяпти

Унда парламент аъзолари томонидан гендер тенгликни яхшилаш, ёшларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, депутатларнинг...

14.10.2019
Давлат бюджети парламент томонидан қонун асосида қабул қилинади

Айни кунларда парламент қуйи палатасида бир қатор қонун лойиҳалари маромига етказилмоқда. Хусусан,...

14.10.2019
Қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда давлат тили қоидаларига амал қилинадими?

Жамиятдаги муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга соладиган омил бу қонунлардир. Шундай экан, ...

Тадбирлар тақвими