Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Жаҳонгир ШИРИНОВ: Ислоҳотларни олиб боришда фуқаролик жамияти институтларининг роли ошмоқда

Жаҳонгир ШИРИНОВ: Ислоҳотларни олиб боришда фуқаролик жамияти  институтларининг роли ошмоқда

Ўзбекистонда азал-азалдан жамоатчилик институтлари, асосан ўзини ўзи бошқариш органлари – маҳаллалар кўринишида намоён бўлган. Бугунги кунда юртимизда халқаро ҳуқуқнинг умумқабул қилинган принциплари ва нормаларига тўла жавоб бера оладиган ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг фаолиятини самарали ташкил этишга зарур шароитлар яратишга қаратилган қонунчилик базаси яратилган. Хусусан, мустақиллик йилларида нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятига оид қонунчиликнинг шаклланиши ва ривожланишини тўртта босқичга бўлиш мумкин.

Биринчи босқич 1991-2002 йилларни ўз ичига олиб, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини ташкил этишга оид қонунчиликнинг шаклланиш даври ҳисобланади.

Иккинчи босқич 2003-2009 йилларни ўз ичига олиб, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатларини ҳамда уларнинг моддий-техник салоҳиятини янада кучайтириш билан изоҳланади.

2010-2016 йилларни қамраб олган учинчи босқичда фуқаролик жамияти институтларини янада ривожлантириш ҳамда уларнинг давлат органлари билан тенг ҳамкорлик ўрнатишининг ҳуқуқий асосларини яратиш даври бўлди.

Тўртинчи босқич 2017 йилдан бугунги кунга қадар бўлган даврни ўз ичига олиб, либераллаштириш босқичи ҳисобланади ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотларининг жамоатчилик назоратининг реал субъектига айлангани билан изоҳланади.

Бугунги кунда фуқаролик жамияти институтлари давлат органларининг шунчаки тенг ҳамкори эмас, балки уларнинг устидан назорат ҳам қилмоқда. Албатта, бундай назорат фуқароларнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этишга оид конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқаришга, давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашга, улар мансабдор шахсларининг жамият олдидаги масъулиятини оширишга қаратилгандир.

Шу мақсадда, 2018 йилда “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди.

Таъкидлаш лозимки, 2018 йил 4 май куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ролини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.

Мазкур Фармон билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгаши ташкил этилди, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини ташкил этишни соддалаштиришга қаратилган қоидалар ўрнатилди, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлган ҳар қандай қонун ҳужжати лойиҳасини Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси билан келишилиши шарт қилиб қўйилди.

Президентимизнинг куни кеча қабул қилинган “Мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий соҳадаги ислоҳотлар устидан жамоатчилик назорати самарадорлигини, шунингдек, фуқароларнинг демократик ўзгартиришлардаги фаоллигини оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг энг юқори чўққисига кўтарилганини кўрсатади.

Мазкур қарорда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонунни қайта кўриб чиқиш тавсия этилган. Дарҳақиқат, мазкур қонуннинг қабул қилинганига кўп вақт ўтмаган бўлса-да, бироқ амалиётда жамоатчилик вакиллари томонидан мансабдор шахслар фаолияти устидан назоратнинг турли янги замонавий шаклларига аллақачон ўтилди.

Бу ҳолат бевосита юртимизда “очиқ давлат” сиёсатини олиб боришнинг йўлга қўйилгани билан боғлиқдир. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳамда қатор давлат органлари виртуал қабулхоналарининг ташкил этилгани халқ билан мулоқотнинг янгича услуби бўлди, десак хато эмас.

Бугунги кунда ҳар бир мансабдор шахснинг ножўя хатти-ҳаракати, унинг ким бўлишидан қатъи назар, ижтимоий тармоқларда жамоатчилик томонидан кенг муҳокама қилиб борилмоқда. Турли теледастур ва ток-шоулар орқали аҳоли ўз муаммоларини тўғридан-тўғри мансабдор шахслар олдига қўймоқда. Натижада, давлат органлари барча учун очиқ тузилмага айланишни бошлади, уларнинг фаолияти ҳақиқий жамоатчилик назорати остига тушди.

Шу сабабли “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонунда айнан замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда олиб бориладиган таъсирчан жамоатчилик назорати шакллари ҳамда уларни амалга оширишнинг аниқ механизмлари очиб берилиши керак. Қолаверса, давлат органлари ва ташкилотлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари фаолияти, уларнинг муайян соҳадаги ишлар ҳолатини яхшилашдаги иштирокини ҳам қонун даражасида мустҳакамлаш талаб этилади.

Президентимизнинг юқоридаги қарори билан нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат рўйхатидан ўтказишда ундириладиган давлат божи миқдори сезиларли даражада камайтирилди. Хусусан, 2020 йил 1 январдан бошлаб республика, вилоятлараро нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун давлат божи ставкаси базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 бараваридан 3 бараваригача, вилоят нодавлат нотижорат ташкилотлари учун 2 бараваридан 1 бараваригача пасайтирилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, туман (шаҳар), шаҳарча, қишлоқ ва овул ҳудудида фаолият юритадиган нодавлат нотижорат ташкилотини ташкил этиш учун муқаддам давлат божи миқдори худди вилоят нодавлат нотижорат ташкилоти сингари тўланар эди. Эндиликда эса, фаолиятини туман (шаҳар), шаҳарча, қишлоқ ва овул ҳудудида олиб борадиган нодавлат нотижорат ташкилотини давлат рўйхатдан ўтказиш учун давлат божи ставкаси базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи миқдорида белгиланди.

Соҳадаги яна бир муаммолардан бири бу нодавлат нотижорат ташкилотларини маҳаллий бюджетлар ҳисобидан қўллаб-қувватлаш тизимининг йўлга қўйилмагани эди. Жумладан, 2014 йилда қабул қилинган “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги қонунда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш учун маҳаллий бюджетлардан маблағ ажратилиши мумкинлиги белгиланган. Бироқ Бюджет кодексининг 71-72-моддаларида маҳаллий бюджетларнинг харажатлари кўрсатилган бўлиб, унда нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш харажатлари назарда тутилмаган.

Қонунчиликдаги бундай “оқ доғ”лар бир неча йиллардан буён нодавлат нотижорат ташкилотларини маҳаллий даражада қўллаб-қувватлаш имконини бермас эди. Президентимизнинг юқоридаги қарори билан ушбу масала узил-кесил ҳал этилди. Яъни, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтлари учун давлат грантлари, субсидиялар ҳамда ижтимоий буюртма маблағлари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, шунингдек, туман ва шаҳарлар бюджетларининг харажатларига қўшилиши белгиланди.

Қарорда “O‘zbekiston” телеканалида фуқаролик жамиятини ривожлантириш соҳасидаги вазифаларни кенг кўламда тушунтириш ва тарғиб қилиш, аҳолини ташвишга солаётган долзарб масалаларни муҳокама қилиш учун доимий фаолият юритувчи “Jamoatchilik fikri” таҳририятини ташкил этиш назарда тутилди.

Яна бир муҳим масалалардан бири бу нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини тартибга солувчи қонунларни унификация қилишдир. Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини фақатгина ташкил этиш масаласида 10 га яқин қонун ва қонуности ҳужжатлари мавжуд. Соҳада қонунчиликнинг бундай тарқоқ ҳолда бўлиши, авваламбор, уларни ўзлаштиришда қийинчиликлар келтириб чиқарар ҳамда қонун ҳужжатлари орасида турли номувофиқликлар вужудга келтирар эди.

Шу сабабли, қарорда Ўзбекистон Республикасининг Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги кодекси лойиҳасини тайёрлаш назарда тутилмоқда. Албатта, бундай кодекс соҳани ҳуқуқий тартибга солишда бир қатор қонуности ҳужжатларини қисқартирган ҳолда тўғридан-тўғри ишлайдиган қонун ҳужжатига айланади.

Ислоҳотлар олиб борилар экан, албатта, шу соҳада фаолият олиб борувчи кадрлар масаласи, айниқса, уларнинг касб даражасини ошириш масаласи ҳам долзарб бўлиб қолади. Шу сабабли, қарор билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси билан биргаликда 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарларини қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш курсларини мунтазам равишда ташкил этиши белгиланди.

Умуман олганда, давлатимиз раҳбарининг юқорида номи қайд этилган қарори, авваламбор, фуқароларнинг ижтимоий фойдали фаолиятдаги иштирокини кенгайтиришга, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишга, уларнинг барқарорлиги ва мустақиллигини таъминлашга, муҳим давлат қарорларини қабул қилишда фуқаролик жамияти институтларининг роли ва таъсирини кучайтиришга қаратилгани билан алоҳида аҳамият касб этади.

Жаҳонгир ШИРИНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати


Кўришлар сони: 65

Депутатлар минбари

Янгиликлар

14.10.2019
Парламентлараро иттифоқнинг 141-Ассамблеясида Ўзбекистон делегацияси иштирок этяпти

Унда парламент аъзолари томонидан гендер тенгликни яхшилаш, ёшларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, депутатларнинг...

14.10.2019
Давлат бюджети парламент томонидан қонун асосида қабул қилинади

Айни кунларда парламент қуйи палатасида бир қатор қонун лойиҳалари маромига етказилмоқда. Хусусан,...

14.10.2019
Қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда давлат тили қоидаларига амал қилинадими?

Жамиятдаги муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга соладиган омил бу қонунлардир. Шундай экан, ...

Тадбирлар тақвими