Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Шерзод ҚУЛМАТОВ: “Ҳукумат соати” нега қолдирилди?

Шерзод ҚУЛМАТОВ: “Ҳукумат соати” нега қолдирилди?

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ўтказилиши керак бўлган “Ҳукумат соати”да долзарб масала юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирининг ахбороти эшитилиши керак эди. Аммо у қолдирилди.

Нега?

Шаҳарларда оилавий поликлиникалар ўз мақомига кўра, бирламчи тиббиёт муассасалари ҳисобланади. Шаҳарда яшовчи аҳоли биринчи навбатда ўзи бириктирилган оилавий поликлиникага мурожаат қилиши табиий. Лекин улар мурожаат қиладиган мазкур муассасада умумий амалиёт шифокоридан ташқари тор доирадаги мутахассис бўлмаса, ўзингиз айтинг, бунда қандай қилиб бирламчи малакали тиббий ёрдам олиши мумкин.

Президентимиз топшириғига биноан, Тошкент шаҳридаги барча оилавий поликлиникалар умумий амалиёт шифокоридан ташқари 10 та йўналиш бўйича тор доирадаги мутахассис билан таъминланган. Бу билан шаҳар аҳолисига катта қулайлик яратилди.

Қишлоқлардаги оилавий поликлиникалар ҳам умумий амалиёт шифокорларидан ташқари 5 тадан тор доирадаги мутахассис билан таъминланди. Оилавий поликлиникаларда тез ёрдам бригадалари ташкил қилинган ҳолда, аҳолига яқинлаштирилиб, қулайлик яратилгани ҳақида-ку айтмаса ҳам бўлади.

Бу йўналишда яна бир муаммо турган эди. Яъни, Тошкент ташқари мамлакатимизнинг бошқа шаҳарларидаги оилавий поликлиникаларда тор доирадаги мутахассислар йўқ, улар учун ҳатто штат бирлиги ҳам кўзда тутилмаган.

Яъни, беморлар тор доирадаги мутахассисга кўриниш учун шаҳарлардаги кўп тармоқли марказий поликлиникаларга боришга мажбур бўлмоқда.

Бу айтишга осон. Лекин аҳоли қанчалик ноқулайликларга учраётгани, қанчалик қийинчилигу машаққатга дучор бўлаётганини ўзингиз ўйлаб кўринг.

Ушбу масала Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан бир ярим йилдан буён кўтариб келиняпти, барча даражадаги масъул идоралар олдига, хусусан, биринчи навбатда Соғлиқни сақлаш вазирига масала қўйилди. Жорий йил бошида ҳатто Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Абдуҳакимовга айни масала юзасидан парламент сўрови юборилди.

Лекин масала ҳал бўлмай ётибди.

Шу масала бўйича “Ҳукумат соати” ўтказилиши ва унда Соғлиқни сақлаш вазириинг ахбороти эшитилиши керак эди.

Аммо “Миллий тикланиш” демократик партиясининг фракцияси аъзолари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгашига қатъий талаб қўйиб, Соғлиқни сақлаш вазири ҳамма масала молиявий маблағларга бориб тақалишини пеш қилиб, яна “сувдан қуруқ чиқиб кетишини” айтди.

Парламент қуйи палатаси Кенгаши узоқ давом этган тортишувлардан сўнг “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг таклифини инобатга олган ҳолда, уни маъқуллади.

Дарҳақиқат, ҳозирда ҳамма тор доирадаги мутахассислар кўп тармоқли марказий поликлиникаларда фаолият юритади. Баъзи жойларда керагидан ортиқ тор доирадаги мутахассис бор. Шуларнинг штат бирлигини шаҳарлардаги оилавий поликлиникаларга олиб бериш наҳотки шунча қийин? Аниқ ҳисоб-китоб асосида ақл билан тақсимот қилинса, масаланинг бир томони албатта ечилади-ку?

Албатта, “Ҳукумат соати”нинг кейинга қолдирилиши масалага қайтилмаслигини англатмайди. Боиси, фракциянинг фикрига кўра, фақатгина Соғлиқни сақлаш вазирини эшитган билан масала ҳал бўлиб қолмайди. Шу боис, масаланинг молиявий томонларини ечиш учун Молия вазирлиги, бошқа мутасадди вазирлик ва идоралар, керак бўлса, Ҳукумат масъулларини ҳам чақириб, бу борада парламент назоратининг янада таъсирчан воситасини қўллашга келишиб олинди. Яъни, яқин кунларда айни масала юзасидан “Парламент эшитуви” ўтказиладиган бўлди.

Шерзод ҚУЛМАТОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси депутати


Кўришлар сони: 91

Депутатлар минбари

Янгиликлар

14.10.2019
Парламентлараро иттифоқнинг 141-Ассамблеясида Ўзбекистон делегацияси иштирок этяпти

Унда парламент аъзолари томонидан гендер тенгликни яхшилаш, ёшларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, депутатларнинг...

14.10.2019
Давлат бюджети парламент томонидан қонун асосида қабул қилинади

Айни кунларда парламент қуйи палатасида бир қатор қонун лойиҳалари маромига етказилмоқда. Хусусан,...

14.10.2019
Қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда давлат тили қоидаларига амал қилинадими?

Жамиятдаги муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга соладиган омил бу қонунлардир. Шундай экан, ...

Тадбирлар тақвими