Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Атроф-муҳитнинг ифлосланиши табиатнинг заифлашувига сабаб бўлмоқда

Атроф-муҳитнинг ифлосланиши табиатнинг заифлашувига сабаб бўлмоқда

Ер юзида инсон пайдо бўлган дастлабки даврларда унинг табиатга кўрсатадиган таъсирининг салбий оқибатлари табиатнинг ўзини-ўзи янгилаш ва тиклаш хусусияти натижасида бартараф этилган. Бу хусусият сув, тупроқ, атмосфера ҳавоси, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг табиат учун ёт бўлган моддаларни ўзлаштириши, парчалаши, қайта ишлаши ва умуман зарарсизлантириши каби ўта муҳим вазифани тўлиқ бажариши натижасида амалга ошган. Аммо кейинчалик аҳоли сонининг, унинг моддий ва маънавий эҳтиёжларининг ўсиши унинг табиатга бўлган таъсир кучи ва кўламининг кучайишига ва кенгайишига олиб келди.

Бу, ўз навбатида, табиатнинг ўзини-ўзи янгилаш ва тиклаш қобилиятини сусайтирди, уни издан чиқарди ва баъзан қайта тикланмайдиган салбий ҳолатларнинг шаклланишига сабаб бўлди.

Ўсимликлар дунёси саноат корхоналари, автотранспорт воситалари ва умуман инсон фаолияти туфайли ажратиладиган заҳарли газларни ўзлаштириш ва қайта ишлашга, тупроқ қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган заҳарли моддаларни нейтраллашга, ҳайвонот дунёси эса заҳарланган ва зарарланган муҳитда яшашга, атмосфера эса бутун тирикликни турли зарарли нурлардан ҳимоя қилишга ожиз бўлиб қолди. Охир оқибат “глобал экологик муаммолар” деб юритиладиган шундай масалалар пайдо бўлдики, бир пайтлар ўзини ҳамма муаммоларни ҳал қилишга қодир, ақл-заковатда тенгсиз санаган инсоният жамияти бундай муаммоларнинг ечимини топиш ва бартараф этишга имконсиз бўлиб қолди.

Шу асосда айтиш мумкинки, бугунги ва келажак авлоднинг табиатдан баҳраманд бўлишидек орзу-истакларининг барбод бўлишига инсоннинг ўзи сабабчи десак, хато бўлмайди.

Маълумки, касалланган ҳар қандай тирик организм каби заифлашган табиат ҳам ўз вазифасини тўлақонли бажара олмайди. Шу сабабли бугунги кунда у инсоннинг ёрдамига ўта муҳтож. Афсуски, мазкур масалага нисбатан қарашлар ва ёндошувларнинг хилма-хиллиги глобал экологик муаммоларни ҳал этишнинг янада мураккаблашувида намоён бўлмоқда.

Ўзбекистон шароитида узоқ йиллар давомида деҳқончиликда инсон саломатлиги ва умуман табиат учун зарарли бўлган ва ҳозирги вақтда таъқиқланган турли заҳарли кимёвий воситалардан фойдаланиш, минерал ўғитларни меъёридан ортиқча қўллаш етиштириладиган маҳсулот сифатининг пасайишига, ҳайвон турларининг нобуд бўлишига ва инсон саломатлигига жиддий зиён етказди. Афсуски, бугунги кунда ҳам шундай таъқиқланган кимёвий воситаларни қайсидир йўллар билан топиш ва деҳқончилида қўллаш амалиёти учраб турибди.

Инсон саломатлигида муҳим аҳамиятга эга бўлган ичимлик сувини муҳофаза қилиш масалалари ҳам ечимини кутаётган долзарб муаммолардан бирига айланиб улгурди. Ҳанузгача етарли даражада тозаланмаган оқава сувларнинг ер остига ва сув ҳавзаларига оқизилиши натижасида този ичимлик сувларининг ифлосланиши содир бўлмоқда. Қайд этиш лозимки, марказлаштирилган канализация тизими мавжуд бўлмаган жойларда баъзан оқава сувларнинг тўғридан-тўғри экин ўғит сифатида экин далаларига ва гулзорларга оқизилиши қайд этилмоқда. Мазкур ҳолат кўп ҳолларда санитария-эпидемиология назорати марказларининг мутасаддилари томонидан назоратга олинмайди. Холбуки, етарли даражада тозаланмаган оқава сувлар турли юқумли ва бошқа касалликларнинг ўчоғи саналишини кўпчилик яхши билади, аммо унинг етказадиган фойдаси ва зарарини ўлчаш кўчиликнинг хаёлига ҳам келмайди.

Ҳар қандай бунёдкорлик фаолиятини амалга оширишда табиат билан ҳисоблашиш масаласига ҳанузгача етарли даражада эътибор қаратилмаслиги табиатнинг юқорида қайд этилган қонуниятларнинг амал қилишини чеклайди.

Сув, тупроқ, атмосфера ҳавоси, ҳайвонот ва ўсимлик дунёси, қазилма бойликлар табиат объектларининг барчаси бир авлод учун эмас, балки Ер сайёраси тургунга қадар фойдаланиш учун нафақат инсон балки бутун борлиқ учун яратилган. Уларнинг камайиб кетиши, йўқолиши ва ифлосланишида ҳар биримизнинг иштирокимиз борлигини ҳамда айбдорлик ҳиссини сезишимиз ва буни авлодларимизга нисбатан кўрсатилаётган худбинлик сифатида баҳолашимиз лозим бўлади.

 

Фахриддин ХОЛБОЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси депутати,

Экоҳаракат депутатлари гуруҳи аъзоси


Кўришлар сони: 608

Депутатлар минбари

Янгиликлар

14.10.2019
Парламентлараро иттифоқнинг 141-Ассамблеясида Ўзбекистон делегацияси иштирок этяпти

Унда парламент аъзолари томонидан гендер тенгликни яхшилаш, ёшларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, депутатларнинг...

14.10.2019
Давлат бюджети парламент томонидан қонун асосида қабул қилинади

Айни кунларда парламент қуйи палатасида бир қатор қонун лойиҳалари маромига етказилмоқда. Хусусан,...

14.10.2019
Қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда давлат тили қоидаларига амал қилинадими?

Жамиятдаги муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга соладиган омил бу қонунлардир. Шундай экан, ...

Тадбирлар тақвими