Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Қаҳрамон ЭРГАШЕВ: Электр, газ ва сув ҳисоблагичлари қиёслов кўригидан 8 йилда ўтказилади

Қаҳрамон ЭРГАШЕВ: Электр, газ ва сув ҳисоблагичлари қиёслов кўригидан 8 йилда ўтказилади

Мамлакатимизда фуқароларга давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизими тубдан ислоҳ қилиниб, изчиллик билан такомиллаштирилмоқда. Бу аҳолининг ҳаёт сифати, мамлакатнинг инвестиция иқлими, ишчанлик муҳитини яхшилаш имконини бермоқда.

Жорий йилнинг 20 август куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Юридик ва жисмоний шахсларнинг электр энергияси, табиий газ, ичимлик ва иссиқ сувни ҳисобга олиш ускуналарини (ҳисоблагичларни) ечиш, қиёслашдан ўтказиш ва ўрнатиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Таъкидлаш жоиз, ушбу ҳужжат давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 12 декабрдаги “Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ давлат хизматлари кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида ишлаб чиқилган.

Мазкур ҳужжат билан аҳолига бар қатор қулайликлар яратиляпти. Бугунги кунга қадар электр энергияси, табиий газ, ичимлик ва иссиқ сувни ҳисобга олиш ускуналарини (ҳисоблагичларни) ечиш, қиёслашдан ўтказиш ва ўрнатиш учун ариза берувчилар ҳудудий коммунал ташкилотлар биносига келиб, ҳужжатларни топшириб, бир неча кунгача бўлган муддатда ҳисобга олиш ускуналарини (ҳисоблагичларни) ечиш, қиёслашдан ўтказиш ва ўрнатишда ҳужжатларни расмийлаштириш бўйича мураккаб тартиб-таомиллардан ўзлари ўтишга мажбур эдилар. Бу эса, ўз навбатида, ушбу масалада аҳолига ортиқча оворагарчилик ҳолатларини юзага келтираётган эди.

Эндиликда, ушбу қарор билан 2019 йил 1 ноябрдан бошлаб аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг энергия манбаларини ҳисобга олиш приборларини қиёслаш билан боғлик ишларни амалга ошириш учун мурожаатлари Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали қабул қилинади.

Илгари ҳисоблагичларни ечиш учун ҳудудий энергия таъминот корхоналарига, ҳисоблагични қиёслашдан ўтказиш учун метрология хизматларига, ҳисоблагич носоз деб топилса, таъмирлаш корхоналарига ва яна бир бор ҳудудий энергия таъминот корхоналарига ҳисоблагичларни қайта ўрнатиш учун мурожаат қилинар эди.

Яна бир муҳим ўзгариш бу ҳисоблагичларни қиёслаш даврийлиги билан боғлиқ. Янги тартибга асосан, ҳисоблагичларнинг қиёслашлараро муддатлари икки бараварга узайтирилди — электр, газ ва сув ҳисоблагичлари жисмоний шахслар учун 8 йил, юридик шахслар учун 4 йил қилиб белгиланди.

Янги тартибга биноан, ҳудудий таъминот корхоналари ҳисобга олиш ускунасини даврий текширувдан ўтказишнинг амал қилиш муддати тугашидан 30 кун олдин талабгорнинг ҳисобга олиш ускунасини даврий текширувдан ўтказиш зарурлиги ҳақида ёзма равишда огоҳлантириш бериши зарурлиги белгилаб қўйилди.

Яна бир муҳим масала — ҳисобга олиш ускунаси талабгорнинг айбисиз вақтинчалик бузилганда ёки қиёслашдан ўтказиш учун ечиб олинганда, етказиб берилган электр энергияси учун ҳисоб-китоб Бюрони хабардор қилган ҳолда, ҳисобга олиш бузилишига ёки қиёслашдан ўтказишга қадар бўлган олдинги уч ҳисоб-китоб ойидаги ўртача сарф бўйича аниқланади. Ҳисоб-китобнинг бундай тартиби бир ойдан ортиқ қўлланилиши мумкин эмас. Ҳисобга олиш ускунаси бир ой муддатда ўрнатилмаган ҳолларда ҳисоб-китоб ўртача суткалик сарф бўйича амалга оширилади.

Хулоса қилиб айтганда, соҳада амалга оширилаётган тизимли ишлар аҳолининг давлат хизматларидан кенг фойдаланишини таъминлаш, уларни кўрсатиш билан боғлиқ вақт ва молиявий харажатларни камайтириш имконини беради.

Қаҳрамон ЭРГАШЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати


Кўришлар сони: 693

Депутатлар минбари

Янгиликлар

24.02.2020
Депутатлар ўрганишидан сўнг қумқўрғонликларнинг муаммолари ечиладиган бўлди

Сайлов якунланди. Депутатлар сайланди. Шу билан, депутатлар берган ваъдаларини унутдими? Энди улар...

21.02.2020
Қонун лойиҳаси мутахассислар иштирокида муҳокама қилинди

 2020 йил 21 февраль куни «Ўзбекзаргарсаноат» уюшмасида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг...

21.02.2020
«MeningFikrim.uz» веб-портали орқали тушган жамоат мурожаати юзасидан брифинг ўтказилди

2020 йил 21 феврал куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати...

Тадбирлар тақвими