Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Шуҳрат ТУРСУНБОЕВ: Таълим тизими янги қонунга муҳтож

Шуҳрат ТУРСУНБОЕВ: Таълим тизими янги қонунга муҳтож

Айни кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида иқтисодий ислоҳотларни мустаҳкамлаш, ижтимоий соҳанинг устуворлигини таъминлаш, аҳоли фаровонлиги, турмуш даражасини оширишга ҳамда фарзандларимизнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтиришга қаратилган қонун лойиҳалари маромига етказилмоқда. Мана шундай ҳужжатлардан бири — “Таълим тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг янги таҳрирдаги лойиҳасидир.

Таъкидлаш жоиз, мамлакатимизда таълим тизимидаги ислоҳотлар — мактабгача таълим муассасаларида 6 ёшдан 7 ёшгача таълимнинг мажбурий этиб белгиланиши, 11 йиллик мажбурий умумий ўрта таълимнинг жорий этилиши, уларнинг битирувчиларига мураккаб бўлмаган касбларнинг берилиши, академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларида таълим бериш муддати ва мазмунининг ўзгариши, мулкчилик ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, юридик шахсларга барча таълим турлари бўйича нодавлат таълим хизматларини кўрсатишга рухсат берилиши, ривожланган хорижий давлатларнинг таълим соҳасидаги илғор тажрибаларини миллий таълим тизимига жорий этилаётгани “Таълим тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини янги таҳрирда қабул қилишни тақозо этмоқда. Шундан келиб чиқиб, мазкур лойиҳа ташаббускорлари томонидан қонун лойиҳасида бир қатор янги нормалар, тушунчалар ва моддалар акс эттирилиб, парламент қуйи палатасига киритилди.

Куни кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида ушбу қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.

Хўш, янги қонун лойиҳасининг қандай афзалликлари бор?

Амалдаги қонун 5 та боб, 34 та моддадан иборат бўлса, янгиси 12 та боб, 73 та моддани қамраб оляпти. Қонун лойиҳасида катта ёшдагилар таълими, махсус таълим, инклюзив таълим, якка тартибда педагогик фаолият билан шуғулланиш, давлат – хусусий шериклик, таълим соҳасига инвестицияларни киритиш, таълим соҳасидаги давлат назорати, таълим муассасаларининг ўзини-ўзи баҳолаши, таълим иштирокчиларининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ўз аксини топмоқда.

Янги таҳрирдаги қонун лойиҳасида таълим олувчиларни таълим олиш ёки педагог кадрларни таълим фаолияти билан боғлиқ бўлмаган бошқа ишларга жалб этишнинг тақиқланиши ва бунда раҳбарларнинг жавобгарлиги белгиланяпти.

Яна бир муҳим масала. Йиллар давомида мактабдан ташқари таълим турига турли ташкилотларни қўшиб келдик. Ҳаттоки, турли тўгараклар, секцияларни ўз ичига жамлаган ташкилотларнинг ичида мусиқа, санъат, спорт мактабларини ҳам мактабдан ташқари таълим, деб ҳисобланди. Аслида буларнинг барчаси мактаблардир. Чунки, уларнинг барчасида қўшимча таълим берилади. Шунинг учун лойиҳага бир қатор янги нормалар киритилди.

Эътиборлиси, лойиҳага инклюзив таълим тушунчаси ҳам сингдирилди. Ҳар бир боланинг таълим олишдаги тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш ҳар қандай дискриминация ва камситишларнинг олдини олишга хизмат қилади. Шунингдек, лойиҳада амалдаги қонунда, умуман, қонунчиликда кўзда тутилмаган янги қоидалар — юртимизда ёшидан қатъи назар, катта ёшдагилар умри давомида билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаб бориш имкониятлари ҳам қонун билан мустаҳкамланяпти.

Лойиҳада махсус таълим бу ҳозирги махсус ихтисослаштирилган таълим эмас, балки мудофаа, хавфсизлик ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш йўналишида махсус мутахассисларни тайёрлаш таълими, деб белгиланмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши таълим тизимидаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш, тизимни тубдан такомиллаштириш ва таълимни халқаро ҳамжамият билан уйғунлашган ҳолда олиб бориш учун кенг имкониятлар яратади.

                                  

Шуҳрат ТУРСУНБОЕВ,

Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси,

Меҳнат ва ижтимоий масалалар

қўмитаси раиси ўринбосари


Кўришлар сони: 93

Депутатлар минбари

Янгиликлар

21.09.2019
Халқаро шартномаларнинг ижроси ўз вақтида бажариляпти

Тадбирда халқаро шартномалар нормаларининг ўз вақтида бажарилишини таъминлаш, шунингдек, турли соҳалардаги...

20.09.2019
Депутатлар Фарғонада тадбиркорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилдилар

Сессия ошкора, қизғин мунозаралар ва ишчанлик руҳида ўтди. Унда туман ва шаҳарлардаги тадбиркорлик...

20.09.2019
Қабул қилинган қонун ҳақида мутухассисларнинг фикри қандай?

Куни кеча парламент қуйи палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар мамлакат ижтимоий-сиёсий, ...

Тадбирлар тақвими