Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари ва манфаатлари ишончли ҳимоя қилинади

Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари ва манфаатлари ишончли ҳимоя қилинади

Ҳозир Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган 700 мингдан ортиқ шахс, шу жумладан 100 мингдан ортиқ 16 ёшгача болалар ҳаёт кечирмоқда. Уларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини муносиб ҳимоялашга катта эътибор қаратилиб, қонун ҳужжатларида мустаҳкамлаб қўйилган. Бу йўналишда айниқса уларнинг ижтимоий муҳофазасини кафолатлайдиган қатор қонунлар қабул қилинган. Жумладан, 1991 йил 18 ноябрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонун ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда уларни ҳимоя қилиш механизмлари мустаҳкамлаб қўйилган муҳим ҳуқуқий ҳужжатдир.

Айтиш жоизки, 2017 йил 1 декабрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони қабул қилиниши бу борадаги ишларни янги босқичга кўтарди. Мазкур Фармон билан тасдиқланган “Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури” доирасида тегишли вазирликлар вакиллари ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари иштирокида «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан парламент қуйи палатасига киритилди.

Айни вақтда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан мазкур қонун лойиҳасини палатанинг навбатдаги ялпи мажлисига биринчи ўқишга киритишга тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.

Хўш, мазкур қонун лойиҳасини тайёрлашнинг зарурати нимадан иборат эди?

Ўзбекистон Республикасида ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг таҳлили қонун ижодкорлиги фаолиятида икки йўналиш — ногиронликнинг «ижтимоий модели» ва «тиббий модели» тамойиллари мавжудлиги ҳақида хулоса қилиш имконини беради.

«Ижтимоий модель» ногиронликка нисбатан ижтимоий ёндашувни мустаҳкамлаб беради ва унга кўра, инсон соғлиғи бузилиши сабабли эмас, балки, энг аввало, у тўқнаш келадиган тўсиқлар туфайли ногиронлиги бўлган шахс ҳисобланади. Айни вақтда «тиббий модель» ногиронликни касаллик ва меҳнатга лаёқатсизлик сифатида баҳолайди.

Давлат ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга катта эътибор қаратмоқда, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи, турли имтиёзларни тақдим этувчи қонунлар, қонуности ҳужжатлари қабул қилинмоқда. Бошқа тарафдан қонун ҳужжатларида ногиронликнинг тиббий тушунчаси устунлик қилмоқда, бу эса, ногиронлиги бўлган шахсларга жамият ҳаётида фаол иштирок этишга имкон бермаяпти.

«Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонун ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий хизматларга, ижтимоий ёрдамга бўлган ҳуқуқларини, фойдалана олиш мумкин бўлган жисмоний муҳитни ва бошқаларни кафолатлайди. Бироқ мазкур қонуннинг қоидалари декларатив тусга эга.

«Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунга кўра, «ногирон» тушунчаси ногиронлиги бўлган шахсларни аҳолининг ижтимоий ёрдам ва ҳимояга махсус ҳуқуқлари бўлган алоҳида тоифаси қаторига киритади. Ана шундай тарзда хусусан тиббий моделга асосланган камситувчи муносабат шаклланади.

Ногиронликнинг мавжуд тушунчаси ногиронлиги бўлган шахсларда қолган қобилиятларнинг мавжудлигига эмас, балки муайян қобилиятларнинг йўқотилишига (тўлиқ ёки қисман) эътиборни қаратади. Мазкур ҳолат уларнинг потенциалини намоён қилишга ва инсоннинг асосий ҳуқуқларига риоя этилишини, имкониятларнинг тенглигини таъминлаш ҳамда жамият ҳаётининг барча соҳаларида тўлиқ иштирок этишини кафолатлашга имкон бермайди.

Қонун асосан ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий ҳуқуқларини тартибга солади, аммо ҳуқуқлари жами спектрини қамраб олмайди.

Шу муносабат билан ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларининг барча жабҳаларини қамраб оладиган «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги қонунни ишлаб чиқиш зарурати юзага келди.

Қонун лойиҳаси БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси талабларини имплементация қилишни ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида замонавий услублар, халқаро стандартларни жорий этишни назарда тутади.

Қонун лойиҳаси ногиронлиги бўлган шахсларнинг тенглигини таъминлаш ва уларни камситишга йўл қўймаслик, уларни ижтимоий-сиёсий ҳаётга жалб этиш, таълим олиш ва ишга жойлашиш имкониятларини таъминлаш каби бир қатор вазифаларни ҳал этишга хизмат қилади.

«Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги қонуннинг қабул қилиниши бир қатор вазифаларни ҳал этишга хизмат қилади. Жумладан, ногиронлиги бўлган шахслар учун қулай жисмоний муҳит - бинолар, транспорт, ахборот ва алоқалардан фойдаланиш, шунингдек, улар учун ижтимоий, иқтисодий, маданий муҳит, соғлиқни сақлаш ва таълим хизматларининг турли турларидан фойдаланиш учун имконият яратади. Уларни камситишнинг ҳар қандай шаклига барҳам берилади. Шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларнинг таълим олиш ва ишга жойлашиш имкониятини таъминлаш, ижтимоий-маданий ҳаётда фаол иштирок этиши, дам олиш ва спорт билан шуғулланиш имкониятини оширишга ёрдам беради. Бундан ташқари, ногиронликни белгилашни такомиллаштиришга хизмат қилади.

Мавлудахон ХОДЖАЕВА,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва

ижтимоий масалалар қўмитаси раиси


Кўришлар сони: 908

Депутатлар минбари

Янгиликлар

07.12.2019
Автомобиль йўлларини ўзбошимчалик билан қазиганларга жабогарлик белгиланяпти

Таъкидланганидек, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш, муҳандислик...

07.12.2019
Солиқ тўловчиларга бир қатор имтиёзлар берилмоқда

Фракция аъзоларининг фикрича, корхоналарнинг ўз маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган илмий-тадқиқот...

07.12.2019
Соддалаштирилган тартибдаги нотариал ҳаракатлар жорий этилади

Депутатлар томонидан таъкидланганидек, бугунунги кунда давлат нотариал идоралари аҳолига тез ва си...

Тадбирлар тақвими