Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Ўзбекистон халқаро майдондаги имижини мустаҳкамламоқда

Ўзбекистон халқаро майдондаги имижини мустаҳкамламоқда
Ўзбекистон халқаро майдонда ўз нуфузини юксалтириш йўлидан бормоқда. Мамлакатимиз изчиллик билан ислоҳотларни амалга оширар экан, миллий рейтингимизни белгилаётган агентликлар уларни муносиб баҳоламоқда.

Бу хусусда “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Элдор ТУЛЯКОВ ЎзА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди.

– 2017-2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган чора-тадбирларни изчил амалга оширишдан мақсад ҳам, биринчи навбатда, халқаро майдонда юртимизнинг имижини мустаҳкамлаш ва рейтингини оширишга қаратилган. Стратегия доирасида қабул қилинган «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили» Давлат дастурида Ўзбекистоннинг имижини мустаҳкамлаш концепциясини ишлаб чиқиш, жозибадорлигини ошириш масалалари устувор аҳамият касб этади.

Жаҳонда Ўзбекистоннинг нуфузи юксалиб борар экан, давлатимиз юритаётган сиёсатнинг устувор йўналишлари халқаро жамоатчилик томонидан эътироф этилади, тактик ва стратегик аҳамиятга молик ташқи сиёсий масалаларда юртимизга хайрихоҳлик бўлганлар сафи кенгаяди, жамиятни модернизациялаш ва иқтисодиётни ислоҳ қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларимиз кенг қўллаб-қувватланади, инвестицион муҳит янада яхшиланади.

Мамлакатда янги босқичдаги ўзгаришлар бошлангунга қадар тегишли йўналишлар бўйича миллий рейтингларимизни юксалтиришга хизмат қиладиган, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг халқаро мезон ва стандартларга мувофиқлигини баҳолайдиган яхлит тизим яратилмаган эди. Халқаро майдондаги нуфузимизни ошириш нечоғли муҳим эканини ўз фаолиятининг дастлабки кунларидаёқ таъкидлаган Шавкат Мирзиёев бу борада қатор ғояларни илгари суриб, барча зарур ташкилий-ҳуқуқий чораларни белгилаб келмоқда. Президент вазифасини бажаришга киришган илк даврдаёқ очиқлик сиёсатини устувор йўналиш сифатида эълон қилди. Бунинг натижаси ўлароқ, Ўзбекистон дунё ҳамжамияти учун очилиб бормоқда.

Бугун жисмоний бўладими, юридик бўладими, исталган шахс, хусусан, халқаро рейтинг агентликлари мамлакатимизда амалга оширилаётган ўзгаришлар юзасидан ўзига керакли ахборот ва маълумотларни эмин-эркин олиши мумкин. Бу, ўз навбатида, “ёпиқ давлат“ тамғасидан халос этади, жаҳон миқёсидаги турли рейтингларда қуйига тушиб кетишнинг олдини олади.

Шу билан бирга, ташқи сиёсат соҳасида дунёдаги барча давлатлар, аввало, қўшни мамлакатлар билан яхши қўшнилик, дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларини ривожлантиришга устувор эътибор қаратилиб, ўзаро тенглик ва манфаатдорликка асосланган, очиқлик ва хайрихоҳлик руҳидаги конструктив, прагматик сиёсат юритилмоқда. Ҳозирги кунда Ўзбекистон дунёнинг 166 дан ортиқ давлати билан савдо-иқтисодий алоқаларни йўлга қўйгани бу фикрнинг ёрқин далилидир. Умуман, ташқи сиёсатда амалга оширилаётган диверсификация Ўзбекистоннинг халқаро имижи юксалишида муҳим роль ўйнамоқда.

Қолаверса, Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилаётган қатор йирик халқаро ташаббуслар жаҳон ҳамжамиятининг эътирофига ва дастагига сазовор бўлиб, бу омил ҳам Ўзбекистоннинг нуфузини оширишга салмоқли ҳисса қўшаяпти. Хусусан, давлатимиз раҳбари 2017 йили БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида жаҳон ҳамжамиятини мамлакатимизнинг замонавий ривожланиш тенденциялари билан таништириш баробарида, кўплаб муҳим ташаббусларни илгари сурди. Ўтган йили уларнинг иккитаси амалга оширилди. Яъни, БМТ Бош Ассамблеясининг “Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш” (2018 йил 22 июнь) ва “Маърифат ва диний бағрикенглик” (2018 йил 12 декабрь) тўғрисидаги резолюциялари қабул қилинди. Умуман олганда эса, 2018 йилда Ўзбекистоннинг 10 та муҳим халқаро ташаббуси тўлиқ рўёбга чиқди.

Шу ўринда дунё рейтингларида мавқеимизни мустаҳкамлашга қаратилган яна бир янги йўналишни таъкидлаб ўтиш жоиз. Яъни, Ўзбекистоннинг хориждаги, чет мамлакатларнинг Тошкентдаги элчихоналари, халқаро ташкилотлар билан бевосита фаол ҳамкорлиги йўлга қўйилди. Бу тузилмалар билан жуда яқиндан, креатив ёндашувларга таянган ҳолда иш олиб борилаяпти, давлатимизнинг халқаро имижини мустаҳкамлаш борасида уларнинг фикр-мулоҳазалари ўрганилаяпти, тажрибаси ўзлаштирилаяпти, таклиф-тавсиялари амалиётга жорий этилаяпти.

Албатта, давлатнинг имижига ишлаб чиқарилаётган маҳсулот ва товарлар, кўрсатилаётган хизматлар сифати ҳам таъсир қилади. Шу боис бугун юртимизда жадал суръатларда ривожланаётган хусусий сектор соҳасида жаҳон стандартларига жавоб берувчи рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва юқори даражада сервис хизматлари кўрсатишни йўлга қўйиш бўйича чора-тадбирлар белгиланган. Мақсад “Made in Uzbekistan” брендини дунёга танитишдир.

Яна бир муҳим жиҳат – Ҳаракатлар стратегияси доирасида қабул қилинган 2019 йилги Давлат дастурида экология йўналишида белгиланган қатор чора-тадбирлар ижроси мамлакатимизнинг рейтинги юқорилашида муҳим аҳамият касб этади. Шундан келиб чиқиб, Биологик хилма-хилликни сақлаш бўйича стратегия ҳамда Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш концепциясини ишлаб чиқиш назарда тутилмоқда. Шунингдек, Оролбўйи минтақасида янги муҳофаза этиладиган, жумладан, трансчегаравий табиий ҳудудларни ташкил қилиш, ҳудудда экологик инновациялар ва технологиялар зонасини яратиш, санитария-тозалаш хизматлари фаолиятини янада кенгайтириш каби саъй-ҳаракатлар изчил амалга ошириб борилмоқда.

Табиийки, давлатнинг жаҳондаги обрў-эътиборини белгилашда коррупцияга қарши курашиш даражаси ҳам алоҳида ўрин тутади. Шу маънода, кейинги икки йилда Ўзбекистонда бу иллатга қарши кескин ва муросасиз курашиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Жумладан, 2017 йил 4 январда “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун, шунингдек, Президентнинг мазкур соҳага оид қатор фармон ва қарорлари қабул қилинди. 2019-2020 йилларда коррупцияга қарши кураш бўйича давлат дастури ишлаб чиқилди ва тасдиқланди. Унга кўра, 2019 йил 1 июлдан бошлаб давлат органлари фаолиятида юзага келиши мумкин бўлган коррупция эҳтимолини вақти-вақти билан мажбурий равишда баҳолаб бориш механизми йўлга қўйилди. Шунингдек, муайян тоифадаги давлат хизматчиларининг мулки ва даромадларини декларация қилиш тизими босқичма-босқич жорий этилмоқда. 1 августдан капитал қурилиш ва олий таълим секторларида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳасига старт берилади. Бу лойиҳа 2020 йил 1 апрелдан бошқа соҳаларга ҳам босқичма-босқич жорий этилади.

Бир сўз билан айтганда, ҳозирги кунда Ўзбекистонда ўндан ортиқ халқаро рейтинг ва индекслар бўйича турли даражадаги дастурлар ишлаб чиқилиб, мақсадли йўналиш сифатида амалга оширилмоқда. Дастлабки натижалар шуни кўрсатмоқдаки, масалан, “Бизнес юритиш” рейтингида Ўзбекистон 190 мамлакат орасида 2012 йилдаги 166-ўриндан 2017 йилда 74-ўринга кўтарилиб, энг қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш кўрсаткичи бўйича ислоҳотчи мамлакатларнинг биринчи ўнлигидан жой олди. Ўзбекистон 2022 йилгача Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг “Бизнес юритиш” ҳисоботидаги жаҳон мамлакатларининг биринчи йигирмалиги даражасига мос келадиган энг қулай шарт-шароитларни яратишга ҳаракат қилмоқда. Бу мақсад Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 13 июлдаги “Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг “Бизнес юритиш” йиллик ҳисоботида Ўзбекистон Республикасининг рейтингини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ўз ифодасини топган.

Айни пайтда давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 25 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинглар ва индекслардаги ўрнини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида“ги қарорига мувофиқ, халқаро рейтинглардаги ўрнимизни мониторинг қилиш ва баҳолаш бўйича миллий тизим яратилмоқда. Дастлабки босқич сифатида тадқиқот институтларига халқаро рейтинг агентликлари бириктирилиб, улар зиммасига халқаро рейтингларнинг методологик ва бошқа таркибий қисмларини аниқлаш, амалдаги қонунчиликка мослаштириш, паст кўрсаткичларга сабаб бўлаётган асосий омилларни аниқлаш вазифаси юклатилди.

Халқаро кредит рейтингларидаги ўринни яхшилаш, авваламбор, давлатнинг иқтисодий салоҳиятини бутун дунёга танитади. Маълумки, ҳозир дунёда юздан ортиқ рейтинг агентлиги мавжуд. Ўзбекистон “S&P”, “Fitch”, “Moodyʼs” каби етакчи агентликлар билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиши натижасида ўтган йилнинг декабрь ойида “барқарор“ рейтингига эришди. Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти рейтингида олтинчи ўриндан бешинчи поғонага кўтарилди.

Албатта, давлатнинг халқаро имижини юксалтиришда инвестицион жозибадорликни ошириш, хорижлик инвесторлар учун барча зарур шарт-шароит ва имкониятларни яратиб бериш муҳим ўрин тутади. Шу боис инвестиция соҳасига оид норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштиришга давлат томонидан алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Президентнинг 2019 йил 5 февралдаги “Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг “Бизнес юритиш” йиллик ҳисоботида Ўзбекистон Республикасининг рейтингини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида мамлакатни хорижлик инвесторлар учун янада жозибадор ҳудудга айлантириш, юртимизнинг халқаро майдондаги нуфузи ва инвестицион имижини кескин юксалтиришга хизмат қиладиган вазифалар белгиланган бўлиб, асосий стратегик мақсад мамлакатда инвесторлар учун халқаро стандартларга мос келадиган қулай ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитларни яратишдир.

Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг иқтисодий кўрсаткичларини яхшилаш, жумладан, амалдаги инвестицияларни ҳимоялаш тўғрисидаги 45 битимни инвентаризация қилиш, “Инвестициялар тўғрисида”ги қонун лойиҳасига асосий қоидалар – молиявий-иқтисодий статистиканинг транспарентлигини таъминлаш талабларини жорий этиш, давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш, вазирлик ва идоралар фаолиятига “Комплайанс” тизимини жорий этиш, “Мерос” жамғармасининг Иқтисодий эркинлик индекси тузувчилари билан мулоқотини фаоллаштириш, коррупцияга қарши курашда ривожланган давлатлар тажрибасини ўрганиш ва бошқа масалалар бўйича илғор халқаро амалиётдан келиб чиққан ҳолда қонунчиликни такомиллаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Айни пайтда “Давлат хизматлари тўғрисида” ва “Стратегик режалаштириш тўғрисида”ги қонунлар, Жаҳон банкининг “Worldwide Governance Indicator” Давлат бошқаруви индикатори тузувчилари билан узвий ҳамкорлик ўрнатишни кўзда тутувчи қатор норматив ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш бўйича саъй-ҳаракатлар якунланиш арафасида турибди. Коррупцияга қарши кескин кураш чораларини кўриш, шунингдек, “Давлат молиявий назорати тўғрисида”ги қонун, Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти ва Истанбул ҳаракатлар режаси тавсиялари қоидаларига асосланган Ўзбекистон бизнесининг аксилкоррупция хартияси ва миллий аксилкоррупция стратегияси лойиҳаларини ишлаб чиқиш, мансабдор шахсларнинг мол-мулки ва даромадлари декларацияси механизмларини босқичма-босқич жорий этиш, давлат харидлари механизмларини такомиллаштириш бўйича амалий чора-тадбирлар ҳаётга жорий этиб борилмоқда.

Бинобарин, Ўзбекистонни дунёга танитиш, халқаро майдондаги имижини юксалтириш фақат ва фақат халқ фаровонлиги, мамлакатнинг барқарор тараққиёти ҳамда давлат куч-қудратининг мустаҳкамланишига хизмат қилади.


Хуршид ҚОДИРОВ



Кўришлар сони: 215

Депутатлар минбари

Янгиликлар

20.08.2019
Истиқлол ёшларини чорлаётган буюк майдон

Йигирма саккиз йил — бир фарзанднинг дунёга келиши, улғайиши, кучга тўлиши ва ўзлигини англаган ...

20.08.2019
Истиқлолнинг иқтидорли ёшлари: шахсий фаоллик ва самарали натижа

Қайд этилганидек, мустақиллик йилларида ёшлар масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Президе...

20.08.2019
Қўмитада Адлия вазирлигининг ахбороти эшитилди

Ахборотда қайд этилганидек, қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини ...

Тадбирлар тақвими