Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Абдуғани УМИРОВ: Банк хизматлари ва кредит — тадбиркор учун долзарб аҳамиятга эга масала

Абдуғани УМИРОВ: Банк хизматлари ва кредит — тадбиркор учун долзарб аҳамиятга эга масала

Мамлакатимизда бизнес юритиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, тадбиркорликка ҳар қандай тўсиқларга муросасиз бўлиш, инвестициявий жозибадорликни оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар жадал суръатларда олиб борилмоқда.

Тадбиркорларни ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга қаратилган бир қатор енгилликлар, қулайликларни ўз ичига олган меъёрий ҳужжатлар қабул қилиниб, уларда текширишларнинг барча турлари бекор қилиниб, айрим фаолият турларига рухсат бериш тартиблари тубдан қисқартирилди. Жумладан, тадбиркорлик фаолиятини давлат рўйхатидан ўтказиш, турли рухсатномалар олиш ва бошқа кўплаб хизматлар тартиб-қоидалари соддалаштирилди. Бу борада қулайлик яратиш учун Давлат хизматлари агентлиги ва унинг жойлардаги марказлари ташкил этилди. Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Бизнес-омбудсман) лавозими жорий қилинди.

Албатта, олиб борилаётган ислоҳотлар ўз натижасини бермоқда. Мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти таркибида кичик бизнеснингг улуши қарийб 60 фоизини, саноат маҳсулотлари ҳажмининг учдан бирини, қишлоқ хўжалиги маҳсулотининг 98 фоизини ташкил этиши ва кўпгина вилоятларда экспортнинг 70-90 фоизи айнан кичик бизнесга тўғри келиши ана шу ислоҳотлар натижаси бўлди.

Президентимиз томонидан 23 июль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам асосий эътибор айнан кичик бизнес ва тадбиркорликни янада ривожлантириш масалаларига қаратилгани бежиз эмас.

Йиғилишда саноат соҳасидаги кичик бизнес субъектлари ва йирик корхоналар ўртасида кооперацияни кенг йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланиб, тадбиркорлик субъектлари ва йирик саноат корхоналари ўртасида кооперация деярли йўқлиги, бунинг оқибатида эса, юртимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ва бутловчи қисмлар импорт қилинаётгани таъкидланиб, қишлоқ хўжалиги машинасозлиги, электротехника, қурилиш материаллари, кимё, автосаноат корхоналари билан кичик бизнес ўртасида саноат кооперациясини йўлга қўйиш вазифаси юклатилди.

Бу борада кооперация ярмаркалари ўтказиш, маҳсулот ва хизматлар ўз эгасини топиши учун “Ягона электрон кооперация биржа портали”ни ташкил этиш муҳимлиги таъкидланди.

Шу билан бирга, тадбиркорларнинг бино-иншоотларини бузиш ва бунинг учун компенсация тўлаш борасида, хусусан, мол-мулкни бузиш ва компенсация тўлаш тартибларининг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш вазифаси қўйилди.

Видеоселектор йиғилишида таъкидланганидек, тадбиркорлик ривожига тўсиқ бўлаётган муаммолардан яна бири – лойиҳаларни амалга ошириш учун зарур бўладиган маблағларнинг, яъни банклар томонидан кредит маблағларини ажратиш жараёнларида бўладиган бюрократлик тўсиқлар, сансалорлик ҳолатларига барҳам берилмаганидир.

Хусусан, бугунги кунда ҳам кредит олиш истагидаги тадбиркорнинг мурожаати 3 босқичда, яъни туман – вилоят – республика даражасида кўриб чиқилиши натижасида, бу жараён айрим ҳолларда ойлаб чўзилиб кетиш ҳоллари мавжуд.

Шу боис, банкларда кредит ажратиш масалаларини бир ва икки поғонага ўтказиш, 70-100 нафар ходим ишлайдиган филиаллар ўрнига 10-15 нафар штатдан иборат ихчам банк хизматлари марказларини кўпайтириш лозимлиги таъкидланди.

Бундан ташқари, бугунги кунда тадбиркорликни ривожлантириб, сифатли маҳсулот ишлаб чиқариш учун зарур маблағларга бўлган эҳтиёжни қоплашда банклар томонидан ажратиладиган кредит фоиз ставкаларининг юқорилиги ҳам ўз таъсирини кўрсатмоқда.

Шу сабабли, кредитлар бўйича кафолат бериш ва фоизларни қисман қоплаш мақсадида ташкил қилинган тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси фаолиятини янада кучайтириш ва жамғарма имкониятларидан самарали фойдаланиш муҳимлиги таъкидланди.

Бу борада Президентимиз томонидан жорий йилнинг 23 июлида қабул қилинган “Микромолиявий хизматлар оммабоплигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳам бу соҳада ҳали-ҳануз сақланиб қолаётган тўсиқларни бартараф этиш, хусусан, тадбиркорларнинг кредит маблағларига бўлган эҳтиёжларини қоплашга қўшимча имконият яратиши билан аҳамиятлидир.

Хусусан, қарор билан 2019 йил 1 августдан бошлаб микрокредитнинг энг юқори миқдори  – 300 миллион сўмгача ва микролизинг миқдори – 600 миллион сўмгача оширилиши тадбиркорларнинг маблағга бўлган эҳтиёжини қоплашга хизмат қилади.

Шунингдек, мазкур қарор билан “Нобанк кредит ташкилотлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни лойиҳасини ишлаб чиқилиши микромолиявий хизматлар кўрсатиш ва уларнинг истеъмолчилари ҳуқуқини ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиши билан аҳамиятлидир.

Эндиликда тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантириш агентлиги ташкил этилиб, янги агентлик мазкур соҳани янада ривожлантириш бўйича давлат сиёсатини ишлаб чиқиши ва тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси фаолиятини ҳам мувофиқлаштириб бориши белгиланмоқда.

Хулоса ўрнида айтсак, мамлакат иқтисодиётнинг жадал ривожланишига, аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш, бюджет тушумларини кўпайтириш борасида энг муҳим йўл бу, албатта, тадбиркорлик ва кичик бизнесни жадал ривожлантиришдир.

Абдуғани УМИРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси


Кўришлар сони: 125

Депутатлар минбари

Янгиликлар

20.08.2019
Истиқлол ёшларини чорлаётган буюк майдон

Йигирма саккиз йил — бир фарзанднинг дунёга келиши, улғайиши, кучга тўлиши ва ўзлигини англаган ...

20.08.2019
Истиқлолнинг иқтидорли ёшлари: шахсий фаоллик ва самарали натижа

Қайд этилганидек, мустақиллик йилларида ёшлар масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Президе...

20.08.2019
Қўмитада Адлия вазирлигининг ахбороти эшитилди

Ахборотда қайд этилганидек, қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини ...

Тадбирлар тақвими