Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Козим ТОЖИЕВ: Тез тиббий ёрдам машиналари ҳайдовчиларига қандай ҳолларда маъмурий чора кўрилмайди?

Козим ТОЖИЕВ: Тез тиббий ёрдам машиналари ҳайдовчиларига қандай ҳолларда маъмурий чора кўрилмайди?

Бугунги кунда мамлакатимизда соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ қилиш, давлат дастурларини амалга ошириш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган ва изчил чора-тадбирлар амалга оширилиши натижасида аҳолига давлат томонидан кафолатли бепул тиббий ёрдам беришни таъминлайдиган шошилинч, кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам кўрсатишнинг яхлит тизими ташкил этилди. Айниқса, шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишнинг самарадорлигини ошириш, замонавий асбоб-ускуналар ва малакали кадрлар билан таъминлаш, шошилинч тиббий ёрдам беришнинг замонавий, юқори технологик самарали тизимини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шу билан биргаликда, аҳолига кечиктириб бўлмайдиган шошилинч тез тиббий ёрдам кўрсатиш масалаларида ўз ечимини кутаётган қатор муаммолар ҳам сақланиб қолмоқда. Жумладан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари жойлардаги амалий мулоқотлар ва таҳлиллари натижасида тез тиббий ёрдам машиналарининг тез, белгиланган муддатда чақирувларга етиб бориши, беморни шифохонага етказишига тўсиқ бўлаётган объектив сабаблар ҳам мавжудлиги кузатилди.

Хўш, бу объектив сабаб нималардан иборат?

Депутатларга тез ёрдам машиналари ҳайдовчилари махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидаларини (белгиланган тезликни ошириш, светофорнинг таъқиқловчи чироғига бўйсунмасдан ўтиш ва ҳк.) бузганлиги бўйича айрим ҳолатларда жавобгарликка тортилаётганини билдирди.

Депутатлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тақдим этилган маълумотларни таҳлил қилганида, махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали тез тиббий ёрдам хизмати ҳайдовчилари томонидан 2017 йилда 339 та шундай ҳолат аниқланган бўлса, 2018 йилда 968 та, 2019 йилнинг биринчи чорагида эса, 350 тадан ошиб кетгани маълум бўлди.

Тез тиббий ёрдам хизмати кўрсатиш мақсадида зудлик билан кетаётган ҳолда шундай қоидабузарлик содир этган дея баҳоланган ҳуқуқбузарликлар учун 2017 йилда 16 нафар, 2018 йилда 110 нафар тез тиббий ёрдам ҳайдовчиси жарима тўлаган. 2019 йил 1 март ҳолатига кўра, 89 та шундай ҳолат билан боғлиқ ҳал этилмаган, муаммоли ҳолат сифатида баҳоланаётган ишлар мавжуд.

Бу эса, тез тиббий ёрдам автомашиналари ҳайдовчиларининг асосли эътирози ва норозилигига сабаб бўлмоқда. Натижада, тез тиббий ёрдам кўрсатилиши зарур бўлганда ҳам, уларнинг светофорнинг тақиқланган чироғида кутиб туриш, белгиланган тезликдан оширмасдан ҳаракатланиши оқибатида беморга ўз вақтида ёрдам кўрсатиш имконияти пасаймоқда.

Шундан келиб чиққан ҳолда, парламент Қонунчилик палатаси депутатлари қонунчиликка ўзгартиш киритиш таклифи билан чиқди. Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 8 августдаги Фармони билан тасдиқланган “Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепцияси”га мувофиқ, қонунларнинг тўғридан-тўғри амалиётга қўлланишини таъминлаш мақсадида қонунчиликка қўшимча киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Депутатлар ташаббуси билан тайёрланган қонун лойиҳасига асосан, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 171-моддаси “Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали тезкор ва махсус хизмат транспорт воситалари ҳамда улар кузатиб келаётган транспорт воситалари томонидан йўл ҳаракати қоидаларига мувофиқ имтиёздан фойдаланган ҳолда содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар қайд этилган ҳолларда ҳайдовчиларнинг кечиктириб бўлмайдиган хизмат вазифаларини бажарганликларини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилганда охирги зарурат ҳолатида содир этилган деб топилади ва маъмурий иш ушбу Кодекснинг 271-моддасига мувофиқ тугатилади”, деган мазмундаги бешинчи қисм билан тўлдирилмоқда.

Тўғри, тез тиббий ёрдам машиналарининг ҳайдовчилари кечиктириб бўлмайдиган хизмат вазифаларини бажараётиб, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш шарти билан йўл ҳаракати қоидаларининг талабларидан четга чиқишлари мумкинлиги Ички ишлар вазирининг 2011 йил 31 майдаги буйруғига билан тасдиқланган Йўл ҳаракати қоидаларининг бузилишига доир маъмурий ишларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги йўриқноманинг 45-бандида белгиланган бўлса-да, эндиликда бу қонун даражасида мустаҳкамланмоқда. Яъни, айрим қонуности ҳужжатларидаги нормаларни қонунда акс эттириш орқали тўғридан-тўғри ишлайдиган ҳуқуқий механизмлар амалиётга жорий этилмоқда.

Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши келгусида тез ёрдам машиналари ҳайдовчиларининг иш самарадорлигини оширади. Асосий мақсад эса, беморга ўз вақтида ёрдам кўрсатилиб, уларни шифохонага етказишгача бўлган ўлим хавфининг олди олинади. Тез тиббий ёрдам хизматини кўрсатувчи транспорт воситалари ҳайдовчиларнинг эса, асоссиз юридик жавобгарлигига барҳам берилади.

Козим ТОЖИЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати


Кўришлар сони: 146

Депутатлар минбари

Янгиликлар

20.08.2019
Истиқлол ёшларини чорлаётган буюк майдон

Йигирма саккиз йил — бир фарзанднинг дунёга келиши, улғайиши, кучга тўлиши ва ўзлигини англаган ...

20.08.2019
Истиқлолнинг иқтидорли ёшлари: шахсий фаоллик ва самарали натижа

Қайд этилганидек, мустақиллик йилларида ёшлар масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Президе...

20.08.2019
Қўмитада Адлия вазирлигининг ахбороти эшитилди

Ахборотда қайд этилганидек, қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини ...

Тадбирлар тақвими