Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Нурия АЙТЖАНОВА: Қўмита аҳоли соғлиғини сақлаш борасида қандай амалий ишлар қилди?

Нурия АЙТЖАНОВА: Қўмита аҳоли соғлиғини сақлаш борасида қандай амалий ишлар қилди?

Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичида ижтимоий соҳадаги давлат сиёсатининг энг асосий йўналишларидан бири сифатида аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатиш учун соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш вазифаси белгиланди. Шу боис, Ўзбекистон Республикаси Президентининг соҳадаги жиддий муаммоларни бартараф этиш ҳамда уни бугунги кун талаблари даражасида юксалтиришга қаратилган ўндан ортиқ фармони, қарор ва фармойишлари қилинди. Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 7 декабрдаги мамлакатимиз тиббиёти тараққиётида янги даврни бошлаб берган Фармони билан тасдиқланган “2019–2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш Концепцияси”нинг қабул қлииниши диққатга молик иш бўлди.

Очиғини айтиш керак, аҳолига ҳар томонлама малакали тиббий хизмат кўрсатиш ва керакли дори-дармон воситалари билан таъминлаш борасида бир қатор камчиликлар мавжуд эди. Ушбу камчиликларни бартараф этиш, соҳада депутатлик, парламент ва жамоатчилик назоратининг самарали механизмларини жорий этиш мақсадида Президентимизнинг ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси ташкил этилган эди.

Хўш, қўмита ўзига юзлатилган вазифаларни қай даражада уддаламоқда?

Айтиш жоиз, биринчи навбатда, қўмита фаолиятининг асосий йўналишлари белгилаб олинди. Булан соғлиқни сақлаш соҳасининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, мамлакатимиз ҳудудларига чиққан ҳолда, жойларда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш аҳволини танқидий-таҳлил қилиш, соҳани тартибга солиш билан боғлиқ амалдаги қонунларнинг ижросини назорат-таҳлил тартибида ўрганиш, самарали парламент назоратини жорий этиш ва ниҳоят аҳоли соғлигини сақлаш, замонавий тиббий ёрдам кўрсатиш борасидаги камчиликларни аниқлаб, уларнинг ечимини ишлаб чиқиш борасида амалий таклифлар тайёрлашдир.

Энди амалий ишларга тўталадиган бўлсак, жорий йилнинг ўтган йрим ярим йили давомида қўмита қонун ижодкорлиги, қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш орқали соҳанинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш борасида муайян ишларни амалга оширди. Бир гуруҳ депутатлар томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисидаги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди ва қабул қилинди. Мазкур ҳужжатнинг қабул қилиниши фуқароларнинг репродуктив ҳуқуқларини таъминлаш, оилада бахт ва фаровонликка эришиш, мамлакатимизда соғлом оилани шакллантириш, шунингдек, хусусий тиббиётнинг ривожлантириш учун зарур бўлган бозор механизмларини жорий этишнинг ҳуқуқий асосларини яратди.

Қўмита томонидан ҳозирги кунда Вазирлар Маҳкамаси томонидан киритилган “Гўдаклар ва кичик ёшдаги болаларнинг овқатланиши тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишга тайёрланди. Лойиҳанинг номидан ҳам кўриниб турибдики, у бугунги кунда ниҳоятда муҳим аҳамият касб этадиган болаларни гўдаклик даврида тўғри овқатлантиришни шакллантириш ва кичик ёшдаги болаларнинг жисмоний саломатлиги ривожланишини таъминлашнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлайди.

Давлатимиз раҳбари томонидан Қонунчилик палатаси олдига қўйилган вазифаларнинг ижроси доирасида депутатлар, шу жумладан, қўмита аъзолари жорий йилнинг 24 январь – 18 март кунлари ҳудудлар кесимида барча туман ва шаҳарларни қамраб олган ҳолда, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш ҳамда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш борасида жойларда амалга оширилаётган ишларнинг ҳолатини ўрганди ва таҳлил қилди.

Ўрганишлар давомида сурункали касалликларга чалинган қарийб 42,9 минг нафардан зиёд фуқаро ва эҳтиёжманд оилалар аъзолари тиббий кўрикдан ўтказилди. Улардан 6 240 нафарига амбулатор, 2 812 нафарига туман, 1 465 нафарига вилоят ва 261 нафарига республика соғлиқни сақлаш муассасаларида даволаниш учун йўлланмалар берилди. 277 нафар беморда юқори технологик жарроҳлик амалиёти амалга оширилди.

Ўрганишлар якунларига бағишланган Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг сессияларида унинг натижалари танқидий муҳокама қилиниб, мутасадди раҳбарларнинг ахборотлари эшитилди.

Шу билан бирга, Қонунчилик палатаси томонидан соғлиқни сақлаш соҳасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширишга, кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини ва аҳоли саломатлиги кўрсаткичларини оширишга тўсқинлик қилаётган муайян муаммоларни бартарф этиш бўйича 52 та банддан иборат Чора–тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, изчил бажарилмоқда, кўплаб амалий ишлар давом эттирилмоқда.

Хусусан, парламент назорати доирасида ушбу чора-тадбирлар асосида Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида ўтказилган навбатдаги «Ҳукумат соати»га “Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларининг ўзаро интеграциялашган ҳолда фаолият юритишини яхшилаш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида”ги масала киритилди ва соғлиқни сақлаш вазирининг бу борадаги ахбороти эшитилди. “Ҳукумат соати” якунлари бўйича мамлакатимиз ҳудудларида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларининг ўзаро интеграциялашган ҳолда фаолият юритишини яхшилаш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар ҳамда республикамизда аҳолига кўрсатилаётган тиббий-санитария ёрдами сифати ва самарадорлигини ошириш борасида белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида, сифатли бажарилиши устидан қатъий депутатлик назоратини ўрнатишга келишиб олинди.

Шунингдек, ҳисобот даврида республика ҳудудларида биттадан туман ва шаҳарда тиббий хизмат кўрсатиш аҳволини намунали тарзда ташкил қилиш бўйича қатор амалий ишларга қўл урилди. Жумладан, намуна сифатида Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳри ва Боёвут тумани белгилаб олиниб, мавжуд тиббиёт муассасаларининг ташкилий тузилмаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутахассислари билан бирга қайта кўриб чиқилди. Бу жараёнда тиббиёт муассасаларида ахборот–коммуникация тизимини яхшилаш мақсадида тиббиёт муассасаларига жами 7,21 км. узунликдаги оптик толали алоқа кабели ётқизилди, бирламчи тиббиёт тизими учун 80 та компьютер жамланмаси ва 15 та веб-камера етказиб берилди. Натижада, “электрон поликлиника” автоматлаштирилган ахборот тизимига маълумотларни тезкорлик билан киритиш ва ундан фойдаланиш самарадорлиги ортишига эришилди.

Амалий ишлар доирасида Гулистон шаҳар ва Боёвут тумани тиббиёт муассасаларига замонавий рентген аппарати, УТТ, ЭКГ ва бошқа тиббий жиҳозлар ҳамда 200 дан зиёд патронаж сумкалари етказиб берилди.

Хулоса қилиб айтганда, қўмита тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ишлар устидан парламент ва депутатлик назоратини самарали ўрнатиш, жойлардаги соҳага оид муаммо ва камчиликларни ўз вақтида аниқлаб, уларни бартараф этишга амалий кўмак кўрсатишни тизимли йўлга қўйиш мақсадида амалий ишларни изчил жавом эттирмоқда.

Нурия АЙТЖАНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати


Кўришлар сони: 47

Депутатлар минбари

Янгиликлар

16.07.2019
«Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси жамоатчиликка ҳисобот берди

Қайд этилганидек, фракция аъзолари барча йўналишдаги фаолиятида асосий эътиборни амалий ишларга ...

15.07.2019
Вазифалар ижроси ислоҳотларнинг амалда тўлақонли натижаси кафолати

Қўмита 2019 йилнинг олти ойида Қонунчилик палатасига киритилган қирқдан ортиқ қонун лойиҳаларига...

13.07.2019
Қўмита самарали фаолият олиб борди(ми?)

Қўмита ўтган олти ой давомида давлат ва жамият қурилишини бошқариш, фуқаролик жамияти институтларини...

Тадбирлар тақвими