Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Азамат ПАРДАЕВ: Аҳоли ва иқтисодиётни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш — муҳим вазифа

Азамат ПАРДАЕВ: Аҳоли ва иқтисодиётни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш — муҳим вазифа

Президентимизнинг 2019 йил 9 июлда қабул қилинган “Аҳоли ва иқтисодиётни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш, нефть-газ тармоғини молиявий соғломлаштириш ва унинг бошқарув тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарои Ўзбекистонда аҳоли ва иқтисодиётни энергия ресурслари билан таъминлашда, шунингдек, нефть-газ тармоғи ҳамда бошқарув тизимини янгича ташкил этилишида тарихий ҳужжат бўлди.

Айтиш жоизки, кўп йиллар давомида одамларни қийнаб келаётган, энергия етказиб бериш корхоналари эса, муаммоларнинг ечимини топа олмасдан қийналиб юрган жуда кўп жиҳатлар мазкур қарор билан ҳал этилмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг нефть-газ тармоғини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилгани ва унинг амалга оширилиши механизмларининг белгилангани эса, соҳанинг халқаро талаблар асосида тизимли ривожланиш босқичига кирганидан далолат беради. Бунда газ-транспорт тизимини модернизация қилиш, табиий газни қазиб олиш, қайта ишлаш, етказиб бериш ва сотишни ҳисоб-китоб ва назорат қилиш ишларини такомиллаштириш масалалари бугун аҳолини қийнаб келаётган асосий муаммоларнинг ечилишига, иқтисодиёт тармоқларининг жадал ривожланишига асос бўлади.

Яна бир жиҳат шуки, концепцияни амалга ошириш учун халқаро молия институтлари, хорижий молия ташкилотлари ва консалтинг компанияларини жалб қилиниши энда соҳада эскича бошқариш тизимидан воз кечилиб, ривожланган давлатлар тажрибалари асосида янгича тараққиёт қадамлари қўйилади.

Тизимдаги ортиқча бўғинларни қисқартириш орқали “Ўзбекнефтгаз” АЖга “Ўзбурғинефтгаз” АЖ, “Ўзнефтгазқазибчиқариш” АЖ, “Ўзнефтмаҳсулот” АЖ, “Ўзнефтгазмаш” АЖларни қўшиш, “Ўзтрансгаз” АЖни “Ўзбекнефтгаз” АЖ таркибидан чиқариш ҳамда “Ҳудудгазтаъминот” АЖни ташкил қилиш каби структуравий ўзгаришлар бугунги кунда амалиётда кузатилаётган муаммолар, ечимини кутаётган масалалар асосида янги самарали тизимни яратилишига асос бўлди.

“Ўзтрансгаз” АЖ энди ягона оператор сифатида табиий газни газ қазиб олувчи ва қайта ишловчи ташкилотлар, шу жумладан, қўшма корхоналар ва хорижий компаниялардан харид қилиб олади, тўғридан-тўғри шартномалар асосида магистраль газ қувурига уланган истеъмолчиларга, шунингдек, “Ҳудудгазтаъминот” АЖ билан комиссия шартномалари асосида газ тақсимлаш тармоқларига уланган истеъмолчиларга табиий газни сотади.

“Ҳудудгазтаъминот” АЖ эса, газ тақсимлаш тармоқларини ва тегишли ускуналарни хавфсиз эксплуатация қоидаларининг норматив талабларига риоя қилган ҳолда эксплуатация қилади, суюлтирилган газни харид қилади, етказиб беради, сақлайди ҳамда аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига сотади.

Қарор билан газ таъминоти объектларини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида газ тақсимлаш тармоқлари ва тегишли ускуналарни эксплуатация қилиш, истеъмолчиларга табиий газни сотиш функцияларини бажариш учун хусусий операторлар бошқарувига босқичма-босқич бериш имкониятлари яратилмоқда. Бу, ўз навбатида, соҳада тартиб-интизом, аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини узлуксиз газ билан таъминлаш борасида бозор механизмларининг жорий этилишига асос бўлади, ишлатилган газ учун тўлов интизоми мустаҳкамланади.

Қарорда яна бир муҳим жиҳат борки, бу табиий газни ва суюқ углеводородларни қазиш, қайта ишлаш, ташиш, узатиш ва сотишнинг барча босқичларида ресурслар ҳисобини юритиш бўйича электрон ускуналарни қўллаш орқали уларнинг алоҳида ҳисоби юритилишини жорий этиш белгиланган бўлиб, бу, энг аввало, ресурсларнинг иқтисод қилинишига, аниқ ҳисоб-китобларнинг шаклланишига асос бўлади.

Ҳужжатда қазиб олиниши қийин бўлган конларда углеводород хом ашёсини қазиб олишга дунёнинг йирик нефть-газ компанияларини жалб қилиш, ишлаб чиқилган конларда замонавий технологиялар асосида углеводород хом ашёси қазиб олишнинг унумдорлигини ошириш, “Рақамли кон” концепциясини амалга ошириш асосида иш фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий қилиш орқали “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан 2024 йилга келиб углеводород хом ашёси, шу жумладан, табиий газ қазиб олиш ҳажмини 42,3 миллиард метр кубга, суюлтирилган газни эса 1,5 миллион тоннага етказиш, шу билан иқтисодиёт тармоқлари, аҳолининг эҳтиёжларини тўлиқ қондириш, шунингдек, компаниянинг даромади ортишини назарда тутган топшириқлар берилган.

“Ўзтрансгаз” АЖ учун — газ транспорт тизимининг “заиф” жиҳатларини бартараф этиш ва унинг транзит салоҳиятини ривожлантириш, газ қувурлари ва компрессор станцияларини, қуриш, реконструкция қилиш, юқори босимли газ тақсимлаш пунктларида табиий газ оқимларининг мониторинги ва бошқаруви тизимини ҳамда автоматлаштирилган назорат тизимларини жорий этиш белгиланган.

“Ҳудудгазтаъминот” АЖ учун — табиий газни истеъмолчиларга етказишда йўқотишларни, фаолият кўрсатаётган газ тақсимлаш пунктлари ҳамда тармоқларини модернизация ва реконструкция қилиш, 2022 йилга қадар табиий газни назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимини барча турдаги истеъмолчилар учун тўлиқ жорий этиш орқали камайтириш вазифалари белгиланган.

Қарор билан мавжуд геофизик ва бурғилаш ускуналари, чуқур илм талаб қиладиган технологиялар, дастурий маҳсулотлар ҳамда зарур махсус ва автотранспорт техникасини босқичма-босқич модернизация қилишни ҳисобга олиб, 2020 йилдан бошлаб углеводород хом ашёси бўйича олиб бориладиган геология қидирув ишларини молиялаштириш манбалари этиб Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари белгилангани пировардида мамлакатнинг иқтисодий ўсиши, барқарор ривожланиши ҳамда одамлар турмушининг янада яхшиланишига катта туртки бўлади.

Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2020 — 2022 йилларда Ўзбекистон Республикасида энергия самарадорлигини ошириш дастури қабул қилиниши эса, қуёш панеллари ва сув иситкичлар, шунингдек, истеъмолчилар учун энергия самарадор қозонлар ўрнатишни, уларни харид қилиш харажатларини қисман субсидиялаш, ностандарт газ горелка жиҳозларини замонавий ва энергия самарадор газ горелка жиҳозлари билан алмаштириш, энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш, энергия самарадорлиги дастурларини ишлаб чиқиш масалаларига асосий турктки бўлади.

Қувонарлиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитасининг мазкур соҳада қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан Ҳукуматга берган таклифлари, ўтказилган назорат-таҳлил фаолияти асосида тайёрланган таҳлиллар, парламент сўровлари асосида қабул қилинган қарорларда ўрин олган тавсиялар мазкур қарорда ўз аксини топган. Қўмита келгусида ҳам мамлакатимизда ушбу соҳани ривожлантириш юзасидан олиб борилаётган ишларда яқиндан кўмакдош бўлади.

Азамат ПАРДАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг

Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси

раиси ўринбосари


Кўришлар сони: 672

Депутатлар минбари

Янгиликлар

16.10.2019
Тилга эътибор парламентдан бошланмоғи лозим

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Девонида турли соҳа мутахассислари билан тажриба алмашиш ва малака...

16.10.2019
Парламентлараро Иттифоқ Ассамблеяси сессиясида “Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсати” мавзусида тақдимот ўтказилди

Аввал хабар берганимиздек, парламентимиз аъзоларидан иборат Ўзбекистон делегацияси Сербия пойтахти...

15.10.2019
Мактабгача таълим тизимига хусусий секторни фаол жалб қилиш қандай натижа беради?

Мутахассисларнинг фикрича, инсон ўз умри давомида оладиган барча ахборот ва маълумотнинг 70 фоизини...

Тадбирлар тақвими