Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Наримон УМАРОВ: Очиқлик ва шаффофлик — демократия мезони

Наримон УМАРОВ: Очиқлик ва шаффофлик — демократия мезони

Жамиятда кечаётган демократик ислоҳотларнинг изчиллигини таъминлаш ва янада чуқурлаштириш, аҳолининг мамлакат ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий ҳаётида фаол иштирок этишига замин яратишда оммавий ахборот воситалари фаолиятининг эркинлигини таъминлаш, уларни одамлар ўз фикр-мулоҳазаларини эмин-эркин ифода этадиган холис ва тезкор минбарга айлантириш муҳим аҳамият касб этади. Чунки, инсоннинг ахборот олиш, ахборотни ва шахсий фикрини тарқатиш ҳуқуқи ва эркинлиги мамлакатимизда демократик жамият асосларини барпо этишнинг муҳим шартидир.

Жамият янгиланаётган даврда фуқаролар мамлакат ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий ҳаётида юз бераётган ўзгаришлардан, қабул қилинаётган қарорлар, келгуси учун мўлжалланаётган ижтимоий дастурлар, уларнинг мақсад-моҳиятидан ўз вақтида хабардор бўлмоғи зарур. Бундай хабардорлик, биринчи навбатда, уларнинг ижтимоий фаоллигига, ташаббускорлигига ижобий таъсир кўрсатади, мамлакат олдида турган муҳим вазифаларни ҳал этишда янада фаол иштирок этишга даъват қилади.

Юртимизда оммавий ахборот воситалари фаолиятининг ҳуқуқий асосини таъминлайдиган, демократик талаб ва стандартларга мос келадиган қонунчилик базаси яратилган. “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши одамларнинг ўзлари истаган ахборотни ҳеч бир монеликсиз олиш, айни чоғда, ахборотни муҳофаза қилиш, шахс, жамият ва давлатнинг ахборот борасидаги хавфсизлигини таъминлаш имконини бермоқда. Ҳар бир сиёсий партиянинг бевосита ўз нашрига эга бўлиши эса, миллий матбуотда фикрлар хилма-хиллигини таъминлашга, соғлом рақобатни юзага келтиришга сезиларли даражада ҳисса қўшди. Натижада миллий матбуотимиз саҳифаларида муҳим ва долзарб мавзулар ёритилиб, кейинги пайтларда айниқса танқидий мушоҳадалар, баҳс-мунозара муҳити юзага келди.

Жамият ҳаётини демократлаштиришда оммавий ахборот воситалари ва давлат ҳокимияти органлари ҳамда сиёсий партиялар, тузилмалар ўртасидаги муносабатларни янги шароитларга мос равишда йўлга қўйиш, таҳририятларга ўтказилиши мумкин бўлган босимларни бартараф қилиш, давлат ҳокимияти фаолияти устидан жамоатчилик назоратининг яхлит тизимини ташкил қилиш, бунинг учун эса, ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларни янада мустаҳкамлаш бирламчи вазифа бўлиб қолди. Бунинг боиси шуки, мамлакатнинг кенг қамровли ҳаётига оид ахборотларнинг етарли даражада бўлмаслиги, суст ёритилиши одамлар орасида ҳар хил миш-миш, уйдирма ва бўҳтонларнинг тарқалишига олиб келади ва бу нарса умумижтимоий муҳитга салбий таъсир кўрсатади. Аксинча, оммавий ахборот воситалари аҳолини зарур ахборотлардан ўз вақтида хабардор қилиб турса, муҳим янгиликларни холис шарҳлаб борса, асоссиз, ғаразли миш-мишларга ўрин қолмайди. Шунга эришилса, бундан давлат ҳам, жамият ҳам наф кўради. Шундай экан, давлат ва бошқарув органларининг жамоатчилик билан алоқасини мустаҳкамлаш мақсадида вазирлик, идора, сиёсий партиялар ва бошқа турли ташкилотларда матбуот хизматларининг ташкил этилиши ижобий янгиликлардан бири бўлди. Ўтган йиллар давомида жамоатчилик билан алоқа ўрнатишнинг бу формасини йўлга қўйиш борасида муҳим тажрибалар тўпланди.

Бугунги кунда кўпгина ташкилотларнинг ахборот хизматлари оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиб, қатъий режа асосида жамоатчиликни ўз фаолиятларига доир муҳим ахборотлар билан таъминлаб келмоқда. Аммо, очиқ айтиш керакки, ахборот хизматлари ҳамма жойда ҳам талаб даражасида фаолият олиб бормоқда, дейиш қийин. Шу маънода давлатимиз раҳбарининг “Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбилар тўғрисида”ги қарори ҳар жиҳатдан катта аҳамиятга эга бўлди.

Қарорда ахборот хизматларининг асосий вазифалари аниқ белгилаб берилган. Жумладан, улар давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти ҳақида оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар, расмий веб-сайтлар орқали аҳолига мунтазам равишда, тезкор суръатда ахборот етказиб туришлари, давлат органлари ва ташкилотларнинг ижобий имижини шакллантириш, айни чоғда, турли сўровлар, учрашувлар, матбуот анжуманлари, брифинглар, медиатурлар ўтказиш орқали жамоатчилик фикрини ўрганишлари зарур бўлади.

Жамоатчилик билан алоқа ҳар икки томон учун ҳам манфаатли бўлиб, ташкилот фаолиятини матбуот орқали тарғиб қилишга ҳам хизмат қилади. Шу боис, оммавий ахборот воситаларида ташкилот раҳбарларининг чиқишларини уюштириш ҳам асосий вазифалардан бири ҳисобланади. Бунинг учун, энг аввало, ахборот хизматларини ҳар жиҳатдан малакали кадрлар, замонавий техника воситалари билан таъминлаш, фаолиятини тўғри ташкил этиш зарур бўлади. Қарорда таъкидланганидек, ахборот хизматларига ўз ваколатларига кирмайдиган вазифаларни юклашга йўл қўйилмайди.

Таъкидлаш жоизки, оммавий ахборот воситалари мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг тобора фаол иштирокчисига айланиб бормоқда. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон “Адолат” СДП ўз Сайловолди дастурида ОАВнинг мустақиллиги ва эркинлигини янада мустаҳкамлаш, олиб борилаётган ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ислоҳотларнинг очиқ ва ошкоралигини таъминлашда уларнинг фаоллигини ошириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти устидан жамоатчилик ва парламент назоратини, ҳокимият ва жамоатчиликининг изчил алоқасини таъминлашда ОАВ ролини кучайтириш,  медиа соҳасининг ҳуқуқий, моддий-техник базасини янгилаш, уни технологик модернизация қилиш, журналист касби нуфузини ошириш, соҳа ходимларининг меҳнатини моддий-маънавий рағбатлантиришга доир бир қатор вазифаларни илгари сурган.

Бу вазифаларни амалга оширишда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, жамоат ташкилотларининг матбуот хизматлари фаолиятини замон талаблари мос тарзда ташкил этиш тараққиётимиз учун сув билан ҳаводай зарур. Президентимизнинг мазкур қарори шу жиҳатдан ҳам дастурий мақсадларимизга ҳамоҳанг бўлиб, мазкур ҳужжат ижросини таъминлаш сиёсий партиямиз кўзлаган мақсадларни рўёбга чиқаришда ҳам муҳим омил ҳисобланади.

Бунда биз ижрони, аввало, ўз ташкилотимиздан бошлаш, партия тизимида матбуот хизмати фаолиятини тубдан такомиллаштириш, бу борада зарур шарт-шароитлар яратиш, кадрларнинг малакасини ошириш, профессионал даражада ишлашига эришишга доир аниқ вазифаларни белгилаб олдик.

Наримон УМАРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикери ўринбосари,

“Адолат” СДП фракцияси раҳбари


Кўришлар сони: 70

Депутатлар минбари

Янгиликлар

16.07.2019
«Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси жамоатчиликка ҳисобот берди

Қайд этилганидек, фракция аъзолари барча йўналишдаги фаолиятида асосий эътиборни амалий ишларга ...

15.07.2019
Вазифалар ижроси ислоҳотларнинг амалда тўлақонли натижаси кафолати

Қўмита 2019 йилнинг олти ойида Қонунчилик палатасига киритилган қирқдан ортиқ қонун лойиҳаларига...

13.07.2019
Қўмита самарали фаолият олиб борди(ми?)

Қўмита ўтган олти ой давомида давлат ва жамият қурилишини бошқариш, фуқаролик жамияти институтларини...

Тадбирлар тақвими