Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Шерзод ҚУЛМАТОВ: Очиқлик ва соғлом рақобат муҳитида ишлашни йўлга қўйиш — давр талаби

Шерзод ҚУЛМАТОВ: Очиқлик ва соғлом рақобат муҳитида ишлашни йўлга қўйиш — давр талаби

Бугун 27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев соҳа ходимларига байрам табригини йўллади.

Давлатимиз раҳбари ўз табригида мамлакатимиз матбуот ва оммавий ахборот воситалари вакилларини қутлар экан, ахборот майдонидаги турли баҳс ва тортишувлар, аввало ҳаққонийлик ва холислик тамойилларига асосланиши, қонун доирасида бўлиши, шахсий хусуматга, сохта обрў орттириш воситасига айланиб кетмаслиги, инсон шахси ва шаънини таҳқирлашдан йироқ бўлиши, бундай салбий ҳолатларга бизнинг медиа майдонимизда ўрин бўлмаслиги кераклигини таъкидлади.

Бу, бежиз эмас, албатта. Чунки ахборот тарқатишда ахборот манбасини чуқур ўрганмай, арзон обрў-эътибор қозониш мақсадида саёз ва юзаки материаллар тайёрлаб, оммага тақдим этиш ҳолатлари ҳам учрамоқда. Жиноятчиликни ёритишда айбсизлик презумпциясига риоя этмаслик, ортиқча тафсилотларга берилиш орқали жиноятчиликни тарғиб қилиб қўйиш, шахсга ўзбошимчалик билан жазо бериш, самосуд ҳолатларини ёритишда шахс­нинг обрўси ва қадр-қимматини камситиш, вояга етмаганлар тўғрисидаги ахборотни тарқатишда бола ва инсон ҳуқуқлари принциплари бузилишига йўл қўйилмоқда. Мазкур ҳолатлар келгусида жамиятда кутилмаган нохуш ижтимоий оқибатларни келтириб чиқариши, олиб борилаётган ислоҳотларга нисбатан аҳоли ўртасида ишончсизлик ҳиссини пайдо қилиши, давлат органлари ва фуқаролар ўртасидаги муносабатларга салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Бу борада соҳа вакиллари замонавий медиа майдонда ахборот тарқатишга доир муҳим жиҳатларга, журналистларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, блогерликнинг ҳуқуқий асослари, ахборот ҳаққонийлиги масалаларига алоҳида эътибор қаратишлари, соҳага оид қонунчиликдан пухта хабардор бўлишлари зарур.

Шунингдек, Президентимиз ўз табригида барча даражадаги раҳбарларни танқиддан қўрқмай, оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилишга чақирди. Бу халқ билан мулоқотнинг самарали воситаси бўлиб, бундай мулоқот тараққиётимизни таъминлайдиган энг асосий омиллардан бири эканлигини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбари эътироф этганидек, ҳаётимиздаги бугунги улкан ўзгаришлар, ислоҳотларимиз мантиғи барчадан янгича ишлашни, янги ғоя ва ташаббуслар билан майдонга чиқишни талаб этмоқда. Шу маънода, оммавий ахборот воситаларининг моддий-техник базасини, кадрлар салоҳиятни мустаҳкамлаш, миллий матбуотимиз халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллашига эришиш, интернет журналистикасини ривожлантириш, ноширлик иши, китоб савдоси, обуна масалаларида бозор механизмларини кенг жорий этиш, очиқлик ва соғлом рақобат муҳитида ишлашни йўлга қўйиш бўйича кўп ишлашимиз керак.

Бугун оммавий ахборот воситалари орасида интернет сайтлар тезкорлиги ва барча учун қулайлиги билан ажралиб турибди. Шу боис уларнинг, айниқса, ахборот аудиторияси тобора кенгайиб бормоқда. Мамлакатимизда интернет нашрларининг эркин фаолият юритишини таъминловчи шарт-шароит ва ҳуқуқий асос барпо этилган. Айни дамда оммавий ахборот воситаси сифатида рўйхатдан ўтган веб-сайтлар ва блогерларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ривожланиши учун зарур шароит яратиш, тармоқдан тўғри фойдаланишни ташкил этиш, яқиндан ёрдам бериш, улар олдида турган муаммоларни бартараф этишга кўмаклашиш олдимизда турган муҳим вазифалардан биридир.

Шу билан бирга, интернет журналистикаси соҳасида қалам тебратадиган етук журналист кадрлар тайёрлаш, ахборот сайтларида эълон қилинаётган материаллар сифати ва ҳаққонийлигини назорат қилиш зарур.

Таъкидлаш жоизки, Президентимизнинг Фармони билан бир гуруҳ матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳамда блогерлар давлатимизнинг фахрий унвон ва мукофотлари билан тақдирлади. Кутилмаган мукофот, эътироф ва эътибордан айниқса блогерлар ниҳоятда мамнун бўлишди. Мамлакатимизда ҳукм сураётган ва тобора мустаҳкамланиб бораётган очиқлик сиёсати янги-янги ижодкорларни кашф қилади, келгусида давлат мукофотларини олган блогерлар сони тобора кенгаяди.

Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси ўз Дастури ва сайловолди Платформасида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, давлатимиз раҳбарининг табригида билдирган фикрларини қўллаб-қувватлайди, ахборот таъминоти соҳасидаги вазифаларини амалга ошириш орқали уларнинг ижросини таъминлашда фаол иштирок этади.

Шерзод ҚУЛМАТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Миллий тикланиш” ДП фракцияси аъзоси


Кўришлар сони: 1404

Депутатлар минбари

Янгиликлар

18.10.2019
“Метрология тўғрисида”ги қонун одамлар муаммосини ҳал этадими?

Ўзбекистонда миллий метрология тизимини янада такомиллаштириш, соҳага ривожланган давлатлар тажрибасини...

18.10.2019
Симурғ маконига элтадиган қонун лойиҳалари

Ҳазрат Алишер Навоийнинг “Лисон ут-тайр” асарида ибратли бир ҳикоят келтирилган. Қушлар ижтимоий ад...

18.10.2019
Депутатлар Бош вазирга парламент сўровини юборишга қарор қилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2019 йил 18 октябрда ўтказилган мажлисида қатор қонун лойиҳалари...

Тадбирлар тақвими