Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Баҳром ОБИДЖОНОВ: Эътироф — ижодкор учун энг катта мукофот

Баҳром ОБИДЖОНОВ: Эътироф  — ижодкор учун энг катта мукофот

Сўнгги икки-уч йил мамлакатимиз оммавий ахборот воситалари фаолиятида туб бурилиш даври бўлди десак, муболаға қилмаймиз. Телеведение ва радионинг мазмун-мундарижаси ўзгарди, хусусий телеканаллар кўпайди. Интернет нашрлари жадал ривожланиб, ўзининг миллионлаб аудиториясини топди. Шунинг баробарида, сўз эркинлиги янада кучайиб, эфирга узатилаётган кўрсатув ва эшиттиришлар, чоп этилаётган мақолаларнинг сифати, таъсирчанлиги ортди.

Муҳтарам Юртбошимизнинг Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан соҳа ходимларига йўллаган байрам табригида ҳам бундай ижобий ўзгаришлар, журналистларимизнинг фаоллиги алоҳида тилга олингани ижодкорларга ғурур ва ифтихор бағишлайди.

“Кейинги пайтларда мамлакатимиз оммавий ахборот воситаларида ҳаётимиздаги ижобий ўзгаришлар таҳлили ошиб бораётгани алоҳида эътиборлидир. Чунки бундай тенденция ислоҳотларимиз самараларини оширишга, жамоатчилик назоратини, фуқароларимизнинг ижтимоий фаоллигини кучайтиришга хизмат қилади”, дейилади табрикда.

Давлат раҳбарининг бу эътирофи, албатта, оммавий ахборот воситаларининг бугунги фаолиятига берилган юксак баҳодир.

Шу ўринда бундай ютуқларга айнан муҳтарам Юртбошимиз томонидан соҳага қаратилаётган юксак эътибор натижасида эришилаётганини ҳам алоҳида таъкидлаш ўринли.

Қайд этиш зарурки, сўнгги йилларда ОАВни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, хусусан, соҳанинг қонунчилик асосларини мустаҳкамлаш, журналистлар тайёрлайдиган олий ўқув юртини ташкил этиш, таҳририятларнинг моддий-техник базасини кучайтириш борасида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилди.

Мустақиллик йилларида мазкур соҳада 10 дан ортиқ қонун ҳужжатлари қабул қилинган бўлиб, улар ОАВ фаолиятини самарали ташкил этишга муҳим ҳуқуқий асос бўлмоқда. Бу каби саъй-ҳаракатлар натижаси сифатида оммавий ахборот воситаларининг сон ва сифат кўрсатгичлари тобора юксалиб бормоқда. Ислоҳотлар моҳиятини кенг жамоатчиликка етказишда, аҳоли кайфиятини кўтаришда, уларни тараққиётимиз йўлида сафарбар этишда асосий рол ўйнамоқда.

Маълумки, Ўзбекистондаги оммавий ахборот воситалари умумий миқдорининг 64,4 фоизи нодавлат тузилмалари ҳисобланади. Ҳозирги кунда миллий телеканаллар тармоғи кенгайиб бораётгани ҳам фикримизга ёрқин мисолдир. Масалан, «Mahalla», «Дунё бўйлаб», «Маданият ва маърифат», «Оилавий», «Ўзбекистон-24», «Кинотеатр», «Болажон», «Менинг юртим» – «MY5», «Uzreport TV», «Milliy», «Zo`r-TV», «Sevimli», «Футбол-ТВ» каби янги телеканаллар очилиб, ўз мухлисларига эга бўлди.

Мустақил ОАВ фаолияти самарадорлигини ошириш, амалга оширилаётган ўзгаришларнинг очиқлиги ва шаффофлигини кучайтиришда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди томонидан ҳар йили ўтказиладиган грант танловлари ҳам катта аҳамият касб этади.

Айтиб ўтиш жоизки, Жамоат фонди томонидан ўтказиладиган грант танловларида иштирок этган ва ютган ОАВ сони ҳам йилдан-йилга ўсиб бормоқда. Ўз навбатида, ОАВ фаолиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш учун ажратилаётган грант маблағлари суммаси ҳам тегишли равишда ортяпти.

Умуман, сўнгги йилларда мамлакатимизда оммавий ахборот воситалари давлат ва халқни бир-бирига боғлайдиган мустаҳкам кўприкка айланди. Бугун журналистларимиз жамиятимиздаги ҳар қандай муаммони адолатли ва холис тарзда қўрқмай қаламга олишмоқда. Аҳамиятлиси эса, айнан журналистиканинг таъсири билан жуда кўплаб муаммоларга ижобий ечим топиляпти.

Президентимиз соҳа ходимларини самимий табриклаш баробарида оммавий ахборот воситаларининг моддий-техник базасини, кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, миллий матбуотимиз халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллашига эришиш, интернет журналистикасини ривожлантириш, ноширлик иши, китоб савдоси, обуна масалаларида бозор механизмларини кенг жорий этиш, очиқлик ва соғлом рақобат муҳитида ишлашни йўлга қўйиш бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини ҳам билдириб ўтди. Бу эса, ўз навбатида, оммавий ахборот воситаларининг эркинлигини янада мустаҳкамлаш, журналистларнинг машаққатли меҳнатини муносиб баҳолаш ва рағбатлантириш борасида олиб бораётган хайрли ишлар изчил давом этишидан дарак беради.

Қалам аҳли учун маънавий рағбатдан, эътирофдан ортиқроқ мукофот йўқ. Кўз нури, қалб қури ила ёзилган мақолалар, тайёрланган кўрсатувлар муштарийлар ва телетомошабинлар томонидан юқори баҳоланиши, эътироф этишилиши ижодкор кўнглини осмон қадар юксалтириб юборади.

Айниқса, давлатимиз раҳбарининг соҳа ходимларига табрик йўллаши, уларнинг машаққатли меҳнати ва изланишларини юксак баҳолаши, эътироф этиши барча қалам аҳлига ғурур-ифтихор, янги куч-ғайрат, ижодий кўтаринкилик бахш этди.

Баҳром ОБИДЖОНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

журналист


Кўришлар сони: 120

Депутатлар минбари

Янгиликлар

16.07.2019
«Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси жамоатчиликка ҳисобот берди

Қайд этилганидек, фракция аъзолари барча йўналишдаги фаолиятида асосий эътиборни амалий ишларга ...

15.07.2019
Вазифалар ижроси ислоҳотларнинг амалда тўлақонли натижаси кафолати

Қўмита 2019 йилнинг олти ойида Қонунчилик палатасига киритилган қирқдан ортиқ қонун лойиҳаларига...

13.07.2019
Қўмита самарали фаолият олиб борди(ми?)

Қўмита ўтган олти ой давомида давлат ва жамият қурилишини бошқариш, фуқаролик жамияти институтларини...

Тадбирлар тақвими