Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Қодир ЖЎРАЕВ: Ўзбекистон–Қозоғистон: ҳамкорлик изчил давом этади

Қодир ЖЎРАЕВ: Ўзбекистон–Қозоғистон:  ҳамкорлик изчил давом этади

Маълумки, Ҳаракатлар стратегиясида Марказий Осиёдаги қўшни давлатлар, хусусан, Қозоғистон билан ўзаро муносабатлар Ўзбекистон ташқи сиёсатининг энг устувор йўналиши сифатида қайд этилган. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки мамлакатимизнинг ҳаётий муҳим манфаатлари бизга қўшни мамлакатлар билан чамбарчас боғлиқдир.

Кейинги 2–3 йилдан бери Ўзбекистон–Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорлик юқори суръатларда ривожланмоқда. Асрлар давомида ёнма–ён, қуда-анда бўлиб яшаган халқларимиз ўртасидаги борди-келди алоқалар кўз ўнгимизда фаоллашмоқда. 2018 йилда мамлакатларимизнинг товар айланмаси ҳажми 3 миллиард АҚШ долларидан ошди, бу 2017 йилга нисбатан қарийб 50 фоизга кўп. Яқин йиллар ичида ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини камида 5 миллиард долларга етказиш режалаштирилмоқда.

Мамлакатларимиз етакчи компания ва корхоналари ўртасида кооперация асосида истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Транспорт соҳасида янги автобус ва темир йўл йўналишлари очилди, шаҳарлар ўртасидаги авиақатновлар кўпайтирилди, юк ташиш ҳажми ортмоқда.

Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик билан бирга илмий–техникавий ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамда минтақавий хавфсизликни таъминлаш соҳасида алоқалар сезиларли даражада ривожланмоқда. Биргина мисол, ўтган йили Қозоғистонда Ўзбекистон йили муваффақиятли ўтказилди. Унинг доирасида Қозоғистоннинг турли ҳудудларида 200 дан зиёд тадбирлар ташкил этилди. Жорий йил эса мамлакатимизда Қозоғистон йили деб эълон қилинган. Албатта, бундай тадбирлар халқларимизнинг ёдида бир умрга муҳрланиб қолади.

Қозоғистон мамлакатимизнинг ҳеч қандай ҳарбий-сиёсий блокларга қўшилмаслик, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш тамойилларига асосланган ташқи сиёсатини изчил қўллаб-қувватлаб келмоқда. Чунончи, Қозоғистон мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Маслаҳат Кенгашини ташкил қилиш ғоясини қизғин қўллаб–қувватлаб, унинг илк учрашувини 2018 йилнинг март ойида Қозоғистон пойтахтида ташкил қилди. Мазкур маслаҳат учрашувида Марказий Осиёнинг барча бешта республикалари раҳбарлари иштирок этдилар ва минтақавий ҳамкорликнинг асосий устувор йўналишлари ва келгуси режаларни белгилаб олдилар.

Ўзбекистон ҳам, ўз навбатида, Қозоғистоннинг минтақада тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини ва конструктив таклифларини қўллаб келмоқда. Жумладан, мамлакатимиз Қозоғистоннинг 2017-2018 йилларда БМТ Хавфсизлик кенгашига муваққат аъзоликка сайланишини маъқуллаб овоз берди.

Олий Мажлис вакили сифатида мен, айниқса Ўзбекистон ва Қозоғистон парламентлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларининг тобора кенгайиб бораётганлигини ижобий баҳолайман. Кейинги икки йил ичида икки мамлакатнинг олий вакиллик органлари ўртасидаги алоқалар анча жадаллашди. Олий Мапжлисда 9 нафар Қонунчилик палатаси депутати ва Сенат аъзоларидан иборат Ўзбекистон-Қозоғистон парламентлараро дўстлик гуруҳи тузилди. Худди шундай гуруҳ Қозоғистон парламентида ҳам ташкил этилди. Ўзбекистон парламенти Қонунчилик палатаси депутатлари турли тадбирларда иштирок этиш учун бир неча бор Қозоғистон Республикасида бўлди. Ўз навбатида, Қозоғистон парламенти аъзолари ҳам бир неча бор Ўзбекистонга ташриф буюрди.

Айниқса, ўтган ҳафтада Қозиғистон Республикаси Парламенти Мажилиси Раиси Н. Нигматулин бошчилигидаги делегациянинг Ўзбекистонга ташрифи ва унинг Президент Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилиниши парламентлараро муносабатларда ўта муҳим воқелик ҳисобланади. Мамлакатимиз раҳбари мазкур учрашувда икки мамлакат парламентлари ўртасидаги алоқаларни янада чуқурлаштириш бўйича ўзининг қатор таклифларини илгари сурди, нафақат миллий парламентлар даражасида, балки уларнинг қўмиталари даражасида ҳам фаол алоқаларни йўлга қўйиш, парламентлараро дўстлик гуруҳлари фаолиятини жонлантириш лозимлигини қайд этди.

Албатта, ушбу муҳим таклифлар истиқболда икки мамлакат парламентлари ўртасида жонли мулоқотни йўлга қўйишда чуқур аҳамият касб этади. Парламентдаги қўмиталар ва парламентлараро дўстлик гуруҳлари ўртасида амалий ҳамкорлик ўрнатиш яқин истиқболда халқларимизни бир–бирига янада яқинлаштириш, турли соҳаларда ҳамкорликни чуқурлаштириш, Ўзбекистон ва Қозоғистон давлат раҳбарларининг олий даражадаги ташрифлари давомида савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, инвестициявий ва технологик, маданий-гуманитар, транспорт-коммуникация ва бошқа соҳаларда эришилган аҳдлашувларни ўз вақтида ҳаётга жорий қилиш имконини беради.

Шу ўринда куни–кеча қўшни мамлакатда бўлиб ўтган йирик сиёсий воқеа –Президент сайловига ҳам алоҳида тўхталиш мақсадга мувофиқдир. Қозоғистон фуқароларининг 77,4 фоизи иштирок этган мазкур сайловда президентликка номзодлардан бири – амалдаги президент, “Нур-Отан” партиясидан Қосим-Жомарт Тоқаев сайловчилар 70 фоиздан ортиғининг овозини тўплаб, Президентликка сайланди. Қозоғистон халқи унинг номзодини кенг қўллаб-қувватлаб, унга овоз бериши ушбу мамлакатда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг изчил давом эттирилиши учун муҳим асос бўлиб хизмат қилади.

Қосим-Жомарт Тоқаевнинг Қозиғистон Республикаси Президенти лавозимига сайланиши, шубҳасиз, ўзбек–қозоқ алоқаларининг янада мустаҳкамланишига ва юқори поғонага кўтарилишига хизмат қилади. Қосим-Жомарт Тоқаев ҳозирги кунга қадар икки мамлакат ўртасида алоқаларнинг изчил ривожланишига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келаётган сиёсатчи ва давлат арбоби ҳисобланади. У қардош халқларимиз ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик ришталарини мустаҳкамлаш, стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш, кўп қиррали амалий ҳамкорликни кенгайтириш тарафдори сифатида изчил ҳаракат қилмоқда. Унинг фикрича: “Бутун Марказий Осиёдаги иқтисодий ривожланиш, барқарорлик ва хавфсизлик Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг фаол ҳамкорлиги ҳамда жаҳон аренасидаги биргаликдаги саъй-ҳаракатига боғлиқдир.”

 

Қодир ЖЎРАЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар

ва парламентлараро алоқалар қўмитасининг аъзоси


Кўришлар сони: 1318

Депутатлар минбари

Янгиликлар

21.08.2019
Ветеринария ва чорвачилик соҳасидаги ислоҳотлар халқимизга нима беряпти?

Шу ўринда бир маълумот. Юртимиз аҳолисининг асосий озиқ-овқат товарлари, аввало гўшт, сут ва қишлоқ...

21.08.2019
Истиқлол юксалишдир

Айни кунларида мамлакатимизда энг улуғ айёмлардан бири — Мустақиллик байрамининг ўзига хос шукуҳи...

20.08.2019
Истиқлол ёшларини чорлаётган буюк майдон

Йигирма саккиз йил — бир фарзанднинг дунёга келиши, улғайиши, кучга тўлиши ва ўзлигини англаган ...

Тадбирлар тақвими